Ислом Абдуғаниевич Каримов 1938 йил 30 январда Самарқанд шаҳрида туғилган. Ўрта Осиё политехника институти ва Тошкент халқ хўжалиги институтини муҳандис-механик ва иқтисодчи мутахассисликлари бўйича тугатган.
Тошкент авиация ишлаб чиқариш бирлашмасида муҳандис, етакчи муҳандис-конструктор (1961-1966) бўлиб ишлаган. 1966 йилда Ўзбекистон ССР Давлат план комитетига ишга ўтиб, мутахассисликдан Республика Давлат план комитети раисининг биринчи ўринбосари лавозимигача бўлган йўлни босиб ўтган.
Ислом Абдуғаниевич Каримов 1983 йилда Ўзбекистон ССР Молия министри, 1986 йилда Ўзбекистон ССР Министрлар Совети Раисининг ўринбосари, Республика Давлат план комитетининг раиси этиб тайинланган. 1986-1989 йиллар мобайнида Қашқадарё вилояти партия комитетининг биринчи котиби лавозимида ишлаган. 1989 йилнинг июнидан Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетининг биринчи котиби этиб сайланган.
1990 йил 24 март куни Ўзбекистон ССР Олий Кенгашининг сессиясида Ислом Абдуғаниевич Каримов Ўзбекистон ССР Президенти этиб сайланди. 1991 йил 29 декабрда муқобиллик асосида ўтказилган умумхалқ сайловида Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти этиб сайланган.
Ислом Каримов 1991 йил 31 августда Ўзбекистон Республикасининг давлат мустақиллигини эълон қилди. 1995 йил 26 мартда умумхалқ Референдумида Каримовнинг Президентлик ваколати 1997 йилдан 2000 йилгача узайтирилди. 2000 йил 9 январда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови бўлиб ўтди. Ушбу сайловда Ислом Абдуғаниевич Каримов яна Ўзбекистон Республикасининг Президенти этиб сайланди.
1994 йили Ислом Каримовга Ўзбекистон Фанлар Академияси академиги унвони берилган, шунинг билан, иқтисод, фан ва таълимни ривожланиришга қўшган улкан ҳиссаси учун ўндан ортиқ хорижий мамлакатлар университети ва академияларининг фахрий фан доктори, профессори ҳамда академлигига сайланган.
Ислом Абдуғаниевич Каримов Ўзбекистон Қаҳрамони унвони, «Мустақиллик» ва Амир Темур орденлари билан тақдирланган.