Ҳамид Сулаймонов (1910-1979)

Ҳамид Сулаймонов (1910.5.5 — Тошкент — 1979.8.6) — адабиётшунос, матншунос. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби (1964). Филология фанлари доктори (1961), профессор (1971).

Москва кинематография институтини тугатган (1932). Тошкент педагогика институти ўқитувчиси, кафедра мудири ва ТошДУ доценти (1935—50). 50-йилларда қатағонга учраган. 60-йилларда оқланган. Ўзбекистон Фанлар академияси Тил ва адабиёт институти сектори мудири (1962—67), Алишер Навоий номидаги Адабиёт музейи (1967—69) ва Қўлёзмалар институти (1978—79) директори бўлиб ишлаган.

Асосий илмий фаолияти Алишер Навоий лирикасининг текстологик тадқиқотларига бағишланган. Навоий қўлёзмалари библиографиясини тузган (1946—47) ва шоирнинг «Бадое ул-бидоя», «Наводир ун-ниҳоя» девонлари қўлёзмаларини топиб (1959), улар шоир томонидан тузилганлигини исботлаган. «Хазойин ул-маоний» танқидий матнини тузган ва нашр эттирган (1958—60). «Девони Фоний» қўлёзмаларини (Франциядан) топиб, фотонусха асосида нашр эттирган (1965).

Ҳофиз Хоразмийнинг 2 жилдли «Девон»и фотонусхасини Ҳайдаробод (1975, Ҳиндистон)дан Тошкентга олиб келиб (1977), сўз боши ёзиб чоп эттирган (1980).

Хаттотлик ва китобат санъатига оид илмий асарлар ёзган. «Бобурнома»га ишланган расмлар» (1959), «Навоий асарларига ишланган расмлар» (1980, Ф. Сулаймонова билан ҳамкорликда), «Амир Хусрав асарларига ишланган расмлар» (1983, Ф. Сулаймонова билан ҳамкорликда) альбомларини тузган ва чоп эттирган.

Тошкент, Андижон, Қўқон, Самарқанд, Жиззах ш.даги адабиёт музейлари ҳамда Қўлёзмалар институтининг ташкил этилишига раҳбарлик қилган. Беруний номидаги Ўзбекистон Давлат мукофоти лауреати (1979).

Тошкент шаҳридаги кўчалардан бирига Ҳамид Сулаймонов номи берилган.