Фарҳод Мусажонов (1933-2013)

Фарҳод Мусажонов — кўп қиррали ижодкор. У носир, драматург ва киносценаристдир. 1933 йилнинг 19 декабрида Тошкентда таваллуд топган. 1956 йилга келиб, Тошкент Давлат университетининг шарқ факультетини муваффақиятли тугатган. Республика радиоси, телевидениеси ҳамда «Ўзбекистон маданияти» газетаси, «Ғунча» ва «Шарқ юлдузи» журналларида ишлаган. «Ўзбекфильм» (1967) студиясида хизмат қилган.  1968—1970 йилларда Москвада сценаристлар Олий курсида ўқиган. 1976 йиллари «Ўзбекфильм»да турли лавозимларда, «Ўзбеккино» акционерлик компаниясида хизмат қилган.

Ф. Мусажонов адабий ижодининг бошланиши 50-йилларнинг ўрталарига тўғри келади. Ўз ижодини болаларга шеър ва ҳикоялар ёзишдан бошлайди. Биринчи «Дарадаги қишлоқда» ҳикояси 1956 йилда чоп бўлган. Унинг «Офтобни қувалаб», «Бўш келма, Алиқулов!», «Бир қултум булоқ суви» каби қиссалари ва олтмишга яқин ҳикоялари дунё юзини кўрган.

Ҳозиргача унинг «Ҳамлет» (1984), «Боғ кўча (1987) каби ҳикоя ва қиссалардан иборат 30 га яқин тўплами нашр этилган. Айни чоғда у «Бу кўзларга ишонса бўлади», «Зўраки кашанда» каби катталар учун ҳам асарлар яратган. Бундан ташқари, у драматург сифатида «Оқ кабутар», «Нажот истаб», Ҳамза театрида қўйилган «Олифта», «Хизматингга ҳозирман», «Талваса» (Муқимий театри саҳналаштирган) каби драмалар яратган.

Шунингдек, «Жазирама офтоб остидаги уй», «Бировнинг боши», «Миноралар остидаги цирк», «Кўзларим йўлингда», «Ҳувайдо», «Аския», «Қизиқчи», «Сўнмас зиё» каби сценарийлар муаллифи ҳамдир. Булардан ташқари у кўплаб ҳажвий ҳикоялар, интермедиялар, болалар учун ранг-баранг жанрда асарлар ҳам яратган. Жумладан, «Офтобни қувалаб», «Бўш келма, Алиқулов!», «Бир қултум булоқ суви» каби китобларини эслаш мумкин. Унинг «Душанба, нонуштадан сўнг» (1974), «Боғ кўчамни қўмсайман» (1977), «Қилич ва шамшир», «Кўргулик», «Қилич ва соз» (2000), «Лафз» (2003) каби қиссалари ўз ўқувчисига эга.

Истеъдодли болалар адиби, драматург ва сценарист Ф. Мусажонов «Шуҳрат» медали билан тақдирланган (2000). 2013 йил 28 май куни Тошкент шаҳрида вафот этган.