Моҳир публицист, лирик қиссалар устаси ва ажойиб ҳажвий ёзувчи Дадахон Нурий 1943 йилда Наманганда туғилган. Тошкент давлат университетининг Шарқ факультетини тамомлаган.
Ҳамза номидаги академик драма театрида рассом, махсус мактабларда ҳинд тили ўқитувчиси, «Гулистон», «Гулхан» журналлари ва Ўзбекистон телевидениесида адабий ходим ва муҳаррир бўлиб ишлаган.
Дастлабки лирик қиссаси — «Оқшом қўшиқлари» (1963). Шундан сўнг ёзувчининг «Бегона» (1968), «Боғларда баҳор» (1969), «Машина Кашмирга боради» (1970—71), «Осмон устуни» (1976), «Шаҳар тегирмони» (1990), «Бегона» (1991) каби китоблари нашр этилган.
У Ўзбекистон Ёзувчилари уюшмасининг Ойбек номидаги мукофотига сазовор бўлган. Адиб яратган «Отга қўнғироқ», «Раддия», «Буйруқ», «Пском осмонида қора булутлар», «Шаҳар ғилдираги», «Тошкентга бомба керакми?», «Мушоҳада», «Биздан кейин нима қолади?», «Ёв чиққон»да нима гап?», «Катта карвон йўлидаги сунъий ғовлар», «Саботаж», «Тўнкарилган дарахт» каби ўнлаб публицистик асарлар ўз мавзуининг долзарблигидан, ҳужжатлилиги ва фош этувчи қуввати билан ҳам ҳозирги ўзбек публицистикасининг ёрқин намуналари бўлиб қолди.
«Хумсондан чиққан пошшо» асари эса адибнинг моҳир ҳажвчи сифатидаги маҳоратидан далолат беради.
Дадахон Нурий эссе, саёҳатнома жанрида ҳам асарлар ёзган («Даричам рўпарасидаги Покистон», 1996; «Азим чинорлар паноҳида», 2005; «Рам соҳибдан ҳаммага салом», 2007). Айниқса ёзувчининг «Бойсун жунглиларидан Канди ўрмонларигача» «тўқилмаган саргузаштлар» китоби кўпчиликда катта қизиқиш уйғотган.
2021 йил 12 июль куни Тошкент шаҳрида вафот этган.