Боту (1904-1938)

Боту истеъдодли шоир ва жамоат арбоби эди. У ўзининг таржимаи ҳолида: «Мен Боту— Маҳмуд Мақсудович Ходиев 1904 йил 14 майда Тошкентнинг Қалдирғоч маҳалласида маҳсидўз — камбағал оиласида туғилганман…» деб ёзади. Бошланғич таълимни эски усулдаги мактабда олган Боту дастлаб Москвадаги Покровский номли институт қошидаги ишчилар факультетида (1921), сўнгра Москва Давлат дорилфунунининг иқтисод факультетида ўқиб (1921 —1927), олий маълумотли бўлиб етишади.  Шундан кейин у ўша йилларда Республика пойтахти Самарқандга қайтиб, адабий ва ижтимоий фаолият билан машғул бўлади: партия ва давлат муассасаларида фаоллик кўрсатиб, ёшларнинг «Аланга» журналига муҳаррирлик қилади.

Шу даврдан бошлаб унинг шеър ва ҳикоялари, публицистик мақола ва очерклари «Билим ўчоғи», «Инқилоб», «Аланга», «Маориф ва ўқитувчи» сингари журналларда чоп этилади. Унинг «Ҳайит ҳаром бўлди» (1929), «Турсун» (1930) каби ҳикояларида эскилик билан янгилик ўртасидаги кураш, зиддият ўз ифодасини топган.

Унинг «Умид учқунлари» (1925), «Тўлқинларим» (1929) каби тўпламларидаги шеърларида ёш шоирнинг самимий ва ҳаяжонли туйғулари ифода этилган. Энг муҳими, унинг шеърларида порлоқ, озод келажак учун кураш бош мотив даражасига кўтарилган. Шу жиҳатдан унинг «Қўзғолиш», «Исён», «Бизнинг товуш», «У кун», «Ёш юрак тўлқинлари» каби ўнлаб шеърлари эътиборга сазовор.

Боту жамоат арбоби сифатида республикамизда мактаб-маориф, фан ва маданиятни ривожлантиришда жонбозлик кўрсатган. Бироқ, Боту айни пайтда мустабид тузумга садоқат билан хизмат қилиб, Фитрат ва Чўлпон сингари устозларига қарши мафкуравий курашларда иштирок этган. Аммо шунга қарамай, у 1929 йили қамоққа олиниб, Соловеик оролларига сургун қилинган. 1938 йил 8 майда Москвада халқ душмани сифатида отиб ташланган.

Ботудан икки фарзанд қолган бўлиб, уларнинг ҳар иккиси — ўғли Эркли Ходиев ҳам, қизи Наима Маҳмудова ҳам тиббиёт фанлари доктори, профессордир.