Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм. Улуғ тангримиз — Оллоҳга чексиз шукрлар бўлсинким, яқин бир ярим аср давомида озодликнинг ҳаётбахш шарбатига чанқоқ Туркистон аҳлининг кўпчилигига ҳуррият насиб бўлди. Бунинг шарофатидан шонли тарихимизни сохталикнинг ўлакса қобиқларидан тозалай бошладик, маънавиятимизни яхши ниятлар-ла тафтиш қилмоқдамиз, улуғларимиз меросидан чин инсоний қадриятларни уларга амал қилиш учун изламоқдамиз. Бу саъй-ҳаракатлардан олинажак натижалар маънавий камолотни хоҳ онгли, хоҳ онгсиз равишда моддий ривожланишдан олийроқ деб тушуниб келган бизнинг ихлосли халқимиз учун ҳаво ва сувдек зарур, шу бугунда. Шеърий меросидан намуналар берилаётган муаллиф — Алихонтўра Соғуний фаолияти ва ижоди билан танишув ҳам мазкур фикрга айнан далил бўлади, иншооллоҳ! «Ҳар ишга охирида баҳо берилур. Барча ишнинг асоси туганчисидир», деган ҳадиси шарифнинг ҳақлигига тасдикан отамиз раҳматли ҳақида халқимиз даставвал ул кишининг ижодий меҳнатлари самаралари билан таниша туриб, тасаввур ҳосил қила бошлади. Ваҳоланки, таржимаси чуқур комусий билим ва игна билан кудук қазишдек беадад сабрни талаб қилувчи Амир Темур Тарағай Баҳодир ўғли каламига мансуб «Темур тузуклари», Аҳмад Донишнинг «Наводир-ул вақое», Дарвешали Чангийнинг «Мусиқа рисоласи» асарларининг ўзбекчага ўгирилиши она Туркистон фозила маданиятини сақлаб қолиш йўлида холис бажарилган улкан хизматнинг дебочаси эди. Улардан баҳраманд бўла олганлар, ушбу ишни энг олий мақомда бажарувчи фақат кучли алломагина эмас, балки забардаст тарихий шахс эканлигини пайқай бошладилар. Бундай мушоҳадаларни қандайдир сирли қилиб қўяётган сабаблардан бири яна шунда эдики, муаллиф тўғрисида эл орасида бир томондан «комил диний олим», «маршал ота», «хитойлик генерал», «уйғурларнинг ҳибс қилинган подшоси» деган, иккинчи томондан «советлар душмани», «панисломист, пантуркист», «сиёсий кочоқ», «Сталиннинг яқини», «КГБ билан ҳамкор», «ўзбек совет разведкачиси» каби овозалар юрарди. Ҳукумат идораларида масъул бўлиб ишлаб юрганлар эса Алихонтўра ҳақида, одатда, сукут сақлардилар.
Алихонтўра фаолияти ҳақида АҚШ, Туркия, Хитой, Русия каби турли мамлакатларда чоп этилган илмий-тарихий асарларда анча маълумотлар келтирилган. Улар, бизнинг билишимизча, йирик камчиликлардан холи эмас. Ҳаққоний ва холисона мақолалар сўнгги 1-2 йил ичида Ўрта Осиё жумҳуриятлари, хусусан, Ўзбекистон вақтли матбуотида эълон қилина бошлади. Афсуски, уларда ҳам қатор ноаниқликларга йўл қўйилди. «Тарих ҳақида қоғоз қоралаганда, илм одобига кўра бир оғиз сўз ҳам ортиқча қўшмаслик ё камайтмаслик фарз», деган отамиз кўрсатмаларига риоя айлаб ҳамда қайд этилган қусурларни бартараф этишни ҳам кўзда тутиб, қуйидагиларни маълум қилишга киришдим. Умид қиламанки, бул — отамиз ҳакида шу кунгача бизда эълон қилинган таржимаи ҳолий мақолаларнинг тўлиқроғи бўлажак.
Тарихдан маълумки, 1881 йили Туркманистондаги Кўк қалъа истеҳкомини конли жанглардан кейин чор қўшинлзри ишғол қилдилар ва бу билан чорак аср, балки ундан ҳам кўп, сурункали босқинчилик урушларидан сўнг бутун Туркистон мустамлакага айлантирилди. Ватанимиз ўз эркидан ажраб, қуллик зулматига чўмган худди шу даврда Қирғизистондаги Тўкмоқ шаҳрида наврўз куни ўзбек оиласида иккинчи ўғил — менинг отам Алихонтўра таваллуд топдилар. Оналарининг исми — Норбуви, афсус, улар ҳақида билганларим ҳозирча жуда оз.
Оталари Шокирхонтўра асли андижонлик, нақшбандия сулукига мансуб диний олим бўлиб, Шокирхўжа эшон номи билан ҳам машҳур эдилар. Катта бувамиз Мухаммадхўжа, уларнинг оталари Мирниёзхўжа ва шу йўсинда йигирма нечанчи бувамиз Қилич Бурҳон эканлар, буларнинг мақбаралари ҳозир ҳам Ўзган шаҳрида қад кўтариб турибди.
Икки оғиз сўз Тўқмоқ шаҳри ҳақида. Ушбу кент кадимий турк бешикларидан ҳисобланған, қорахонийлар даврида пойтахт бўлган мўътабар Боласоғун шаҳри қалмоқлар билан тенгсиз қурашда хароб бўлгач, унинг шундоқ ёнгинасида барпо бўлди. Гўё бевақт вафот қилган онаси тепасида қайғуга чўмган ҳассакаш фарзанд каби. Отам ўз шаҳарларининг ўтмишдаги ноёб ва шонли тарихини чуқур билган ҳолда, жуда эъзозлардилар ва унинг табаррук номини кейинчалик ўзларига тахаллус қилгандилар. Совет шарқшунос олимларлари «Боласоғун борми ё йўқми?» деб тортишиб юрган йилларда отамиз бизларни ўз она шаҳарларининг харобаларига олиб борганлар, у ерларни кезганмиз, 70 минг киши шаҳид бўлган экан, уларнинг муборак қонлари тўкилган ерларда тиз чўкиб ўтириб, қуръон тиловат қилиб, бахшида қилганмиз. Кези келганда, шуни айтиб қолмоқчиманки, биз ўзбеклар, яъни, ўзбек турклари 1924 йилда белгилаб берилган «истон»лар чегараларидагина яшаб келмаганмиз, балки бутун Ўрта Осиё кенгликлари ва ундан ташқарида жавлон урган, улуғлик шан-шавкатидан бахраманд бир халқмиз. Агар санай бошласам, бизнинг ҳозирги жумҳуриятимиздан сиртда бўлган тарихий шаҳар — кентларимиз ичкаридагилардан кўп бўлса кўпки, оз эмас, машҳурлиги ҳам кам эмас. Ўзидан Тўқмоқни нишон қилиб қолдирган Боласоғун ҳам Тироз (Авлиё ота), Туркистон, Фороб, Хўжанд, Ҳирот, Сайрам (Сарём) каби ана шундай турклик масканларидан эди.
Отамизнинг болалик ва ўсмирлик йиллари… Бунинг баёнини бир лирик чекиниш руҳида бошлаш истаги туғилди, зеро ўқувчиларга бу маъқул бўлажак. Тасаввур қилайлик, ўтган аср охиридаги саҳни кенг, боғ-роғли ўзбек ҳовлиси. Ер тандирга ўт қаланган, бувимиз нон ёпиш тараддудида, беш яшар ўғиллари — Алихонтўра она атрофида уймалашиб юрибди. Она бир зум уйга кириб чиққунча гўдак йўқолади. Бирданига томирда қонни тўхтатадиган фарёд эшитилди:— «Вой дод, бола нобуд бўлди, куйди!» Оёқ яланг югуриб чиққан Шокирхонтўра ер тандир томон отилди. Кўзига гўё туш аралаш қизиган тандир ичида, чўғ устида типирчилаб турган, ғужанак бўлиб олган фарзанди кўринади. Тортиб оладилар. Хоҳ ишонинг, хоҳ ишонманг — бола соппа-соғ, куйганликдан деярли асорат йўқ эди. Воқеага шоҳид бўлган оқсоқоллар дедиларки:— «Каромат содир бўлди, иншооллоҳ! Бу ўғил ўтда куймас, сувда чўкмас Ватан ўғлони бўлажак, ғариб динимизга қувват бергусидир!»
Орадан бир йилча ўтганда бўлган яна бир воқеа: Қурбон ҳайит байрами кунлари эди. Бир тўп болалар қувонишиб, шовқин-сурон солишиб масжид ёнидан ўтиб борардилар. Гуруҳдан биргина бола ажраб, масжид дарвозаси олдида таққа тўхтаб қолади. Ичкаридан «ҳув Оллоҳ, ҳув» мақомида айтилаётган ҳақ таоло зикри унинг борлиғини чулғаб олган, бутун вужуди билан титрарди, кўзларидан дув-дув ёш оқарди. Шу аҳволда зикр давраси томон яқинлашди. Дарвешларнинғ кексаси буни кўриб турган эди, болани ердан азот кўтариб, давра ўртасига олиб қўйди. Шундагина у аста-секин ўзига келиб, норасида ингичка овози билан зикр оқимига қўшилди.
Болаликдан ўчмас хотира бўлиб колган бошқа бир воқеа ҳам диққатга моликдир. Шундоқки, отамиз 10—11 ёшларида бувамиздан бир чиройли қулун ҳадя олган эканлар. Уни меҳр билан парваришлаб боқиб, ювиб-тараб, ўстириб, той бўлиб қолган кезларда, бир кун болалар югуриб келиб дейдиларки: — «Алихон! Ўткинчи қозоқ ўрислари тойингни олиб кетяптилар». Бу ўринда шуни эслатиб кетиш керакки, оқ пошшонинг эркалари ҳисобланган казаклар ўша вақтларда маҳаллий халқнинг хоҳлаган уйига кириб, истаган нарсасини тортиб олаверарди, мол-чорвасию, йилқисини ҳам ҳайдаб кетаверарди. Уларнинг қиличи ва ўқидан, калтагидан омон қолган жабрланувчи эса дардини кимга айтса айтаверсин, барибир бефойда эди.
Бува-бувимизнинг «ҳай-ҳай»лаганига карамай, бундай зулмга чидаёлмаган ота-миз, бошқа отга минасолиб казакларни қувиб етадилар ва жон ҳолатда тойчоқнинг бўйнидан маҳкам қучоқлаб оладилар. Бош-кўзлари мўматалоқ бўлиб, қамчи зарбидан қон шар-шар окаётган бўлса-да, уни тойчоқдан ажрата олмайдилар. Охири, казаклар халойиқ тўпланаётганини кўриб, қўл силтаганча ўлжадан воз кечиб, сўкина-сўкина жўнаб қоладилар.
Отам раҳматлидан бошқа ғаройиб кечмишларни ҳам анча эшитгандим. Бироқ мазкур уч воқеа менинг таҳлили ожизимга кўра, бир мантиқий бутунликка эга. Яъни, ўша, юрт бошига қаро кунлар тушганда, она Туркистонимиз бағрида ўтда куймас, сувда чўкмас, душманга эгилмас фарзандларидан бирини ёруғ дунёга келтирди.
Мана шундай муҳит ҳукм сурган бир даврда, Шокирхонтўра туткунликнинг чиркин руҳи сингиб қолмасин, ҳамда илғор исломий тарбия олишсин деган мақсадда икки ўсмир ўғиллари Олимхон ва Алихонни Макка шаҳрига олиб кетиб, у ерда ўқишга жойлаб, ўзлари ҳам муайян муддат туриб, қайтиб келадилар. Таҳсил йиллари сермаҳсул бўлади. Ўша вақтлари икки ҳарамдаги ўқув юртлари мударрисларининг аксарияти туркистонликлар бўлиб, оталаримиз мусофирликдан кўп ҳам азият кўрмаганлар. Ўрни келганда, айтиб ўтиш керакки, ватандошларимиз асрлар давомида бутун араб оламига билим бериб келганлар ва шу муборак анъана ҳозирги кунгача давом этиб келмоқда. Бу каби улуғ даражада ислом маърифатини тараққий эттириб, жаҳон маданиятига муттасил ҳисса қўшиб келаётган эканмиз, бундан ҳакли равишда фахрланмоғимиз лозим. Падари бузрукворимиз туғма илм ошиғи бўлганликларидан икки ҳарамдаги талабалик йилларида араб, форс, турк тилларини фасоҳат ва балоғат даражасида эгаллай олдилар. Илоҳиёт илмларидан тафсир, ҳадис ҳамда фикҳ (ислом ҳуқуқшунослиги), мантиқ соҳаларида таълим олдилар. Сиёсат ва ҳарбий илмга қизиқиш ҳам ўша даврларда камолига етган бўлиши керакки, дадамлар бўш бўлди дегунча усмонли турк ҳарбий қисмлари жойлашган қароргоҳга кетиб қолаверар эканлар, баъзан эртадан — кечгача аскарий кўрик, ҳарбий машқлар, тўп, аслаҳа-қуролларга маҳлиё бўлиб қолиб кетар эканлар…
Арабистондаги таҳсил маълум даражага етгач, бувамиз ташаббуси билан шу икки ўғиллари ўкишни Бухоронинг амир Олимхон мадрасасида давом эттиришади. Илмга муносабат жиддийлигини шундан ҳам билиш мумкинки, узоқ йиллар Ватанни кўрмаган икки ўғил уйга туширилмаёқ Тошкентдан Бухорои шарифга олиб кетилади. Бу ерда юқорида кайд этилган билимлар билан бир қаторда отам шеърият, мусиқа, жуғрофия, ҳандаса, фалакиёт, тарих, табобат илмларини қунт билан ўргандилар. Талабалик йилларининг серунум бўлганлигининг сабаблари устида тўхталсак, биринчи мусаббиб, албатта, Оллоҳ бўлса, кейингилари, бу ота-онанинг ўз фарзандларини Қуръони каримнинг «Илм олиш ҳар бир мусулмон ва муслима учун фарз», кўрсатмасига астойдил амал қилган ҳолда, билимга жиддий рағбатлантириш ҳамда бунинг самарали натижаси ўлароқ, отамизнинг ўзларигагина хос мутоала услуби ва саъй-ҳаракатларидир. Олинган таҳсилни факат саҳарлаб такрор машқ қилиш, дарс тайёрлаётган вақтда қоринни тўйдириб олмаслик, қийин мавзуларни ўзлаштиришда юқори савияли талабалар билан муҳокама ва мунозара қилиб ҳақиқатни аниқлаш, мударрисларга уларнинг маънавий поклиги, билимининг чуқурлиги ва ўқитишда холислигига қараб баҳо бериш, домлаларга содиқлик, бир сабоқни тўлиғича тушунмай кейингисига ўтмаслик ва шу каби талаблар, дадамнинг ўз сўзларича, мазкур услубнинг коидаларидан эди. Ваҳоланки, фақат Шокирхонтўрамгина эмас, балқи аксарият Туркистон аҳли ўша вақтда зиёсидан умид қилган Бухорои шарифда таълим-тарбия ишлари ўз замонасига кўра жуда ортда эди. Бу ҳақда ўз хотираларида шу мазмунда гаплар бор: «XX аср бошида Бухорода амир тузуми чириб колган бўлиб, ўқув-ўқитув иши ўрта асрлардагидек эди. Икки юздан ортиқ мадрасада дунёвий фанлардан сабоқ бериш йўлга қўйилмаганди. Бу соҳалардаги мударрислар ўз уйларида бекитиқча хусусий дарслар бериб, бошқа касб-корлар билан тирикчилик қилишга мажбур эдилар. Петербургдаги амирнинг ҳомийларини худди шундай аҳвол қониқтирарди. Мадрасаларда хужра сотиб олиб, номигагина муллавачча бўлиш маишат қилишнинг бир турига айланганди. Не-не лаёқатли Ватан болалари ўзларининг бебаҳо умрларини зах ва қоронғу ҳужраларда сермашаққат араб ва форс тилларини ўрганишгагина сарфлаб зое кеткизардилар, чунки, барча ўқув қўлланмаларимиз шу икки тилда ёзилганди. Асосий билимлар қолиб кетиб, кўпчилик талабалар фикҳ фанидан амал-тақал қилиб таҳсил олардиларки, бу бечораларнинг сўнгги мақсади қози бўлиш ва шу орқали осонгина тирикчилик қилиш эди. Биз билан мадрасадош Садриддин Айний ҳам «абадий талабалар»дан бўлиб, ўқишдан ҳафсаласи пир бўлганди, бой муллаваччаларга хизматчи ҳужрадош эди. Оғзидан папирос тушмас, соғлиғини йўқотган, бўш қолди дегунча шахматдан нари кетмасди…
Ўзим ҳам шулар каби чаламулла бўлиб қолмаслик учун мадраса сабоқларини тўла ўзлаштириш билан бир қаторда бошқа фанлардан етук ҳисобланган мударрисларни топиб, ҳақ тўлаб, ҳусусий дарслар олдим. Расмий ва норасмий равишда ман этилган адабиётларни мутоала қилдим, турк ва татар газет-журналларини қўймай ўқиб бордим. Шуни билдим ва иқрор қилдимки, ҳақиқий олим бўлиш учун бешикдан то лаҳадгача бўлган давр ичида тинмай ўқимоқ, ўқимоқ, ўз устида ишламоқ лозимдир».
Хуллас, асримизнинг ўнинчи йиллари бошида икки ака-ука Бухорода таҳсилни ниҳоясига етказиб, устозларидан оқ фотиҳа оладилар. Отамиз, ўрганган билимларидан бирини амалий мутахассислик даражасига етказгандилар, у ҳам бўлса машҳур шарқ табобати эди.
Баёнимизнинг шу қисмини юқорида қайд этилганлар билан чегараласак, Алихонтўра талабалик йилларида атрофидаги воқеликдан ажралиб, фақат илм ўрганишга шўнғиб кетган эканлар-да, деган бир қадар ноқис хулосага келиш мумкин. Шунинг учун яна илова қилардимки, мазкур давр ичида отам ёш бўлсалар-да, ғайратли ижтимоий арбоб бўлиб етишиб қолгандилар. Масалан, ул кишининг шахсий намунаси ва ташаббуси билан муллаваччаларнинг мударрислар билан муомаласи жиддий яхшиланиб, кўпчилик мадрасалардаги ўзаро лоқайд муносабатлар ижобий томонта ўзгара бошлади. Бунга эса бир воқеа туртки бўлганди. Ҳар кунги, одатдаги сабоқлар тугаш сўнгида талабалардан бирови етук мударрислардан бирини ул киши йўқ пайтда) кўпчилик ичида жисмоний нуқсонини пеш қилиб «занжий» (негр, қора) деб мазах қилади, ҳақоратлай бошлайди. Отамиз буни тийиб қўймоқчи бўладилар. Ўртада қаттиқ муштлашув чиқиб, иккала муллавачча қонга беланиб, ўлар ҳолатга етсалар ҳам ташлашаверадилар. Уларни ажратишади. Тўполонни эшитиб, бош мударрис яна қайта келади, шогирдлари жим турган ҳолда унинг танбеҳини эшитадилар. Нима сабабдан уруш чиққанини муллаваччалардан бири «гуллаб» кўйгач, ул кишида бир ўзгариш содир бўлади. Турган жойларида тиз чўкиб, мўматалоғи чиқиб кетган шогирди олдига ҳамманинг олдида тиззасида юриб келиб, унинг қўлларидан ўпади. Кўзларида шашқатор ёш, бўғиқ овоз-ла, нидо қилади: «Алихон, буюк олим бўлғусисен! «Қора бўлса ҳам севикли устозим», деб, мен учун уришибсен. Меи сенинг устозинг эмас, мен сенинг қора қулингман!» Устоз, шогирд йиғлашган, тўпланганлар барчаси йиғлаб дуога қўл кўтаришган. Шу кундан эътиборан мадрасада муҳит соғломлаша боради…
Бундан ташкари отамиз Бухородаги барча сунний мазҳабдаги талабаларнинг тан олинган жасур етакчиларидан ҳам эканлар. Ўша вақтлар амир аъёнлари доираларидан бошлаб аҳли Бухорога ёйилаёзган шиаликка кескин равишда барҳам беришда муллаваччаларнинт чиқишлари ҳал қилувчи роль ўйнаган бўлиб, отам раҳматли бу ҳаракатнинг энг олдинги, ҳаётга хатарли сафларида бўлгандилар. Бироқ, кўп ўтмаёк, мазҳабчилик курашлари мусулмонларни асосий душман олдида заифлаштиришини англаб, бу борадаги зиддиятлар кундалик сиёсий аҳвол талаблари олдида учинчи-тўртинчи даражадаги масалалардан деб ҳисоблай бошладилар ва мусулмонлар бирлигини ҳаммадан юқори қўя бошладилар. Мавжуд сиёсий оқим ва партиялар дастурларини синчковлик билан ўрганган бўлсалар-да, биронта-бир фирқа ёки сиёсий ташкилотга аъзо бўлишдан ўзларини тийдилар. Еврупопарастликнинг онгли рақиби бўлганликдан, умуман ғарб социал-демократиясини ва бунинг бўлшевистик рус шаклини энг зарарли, Туркистон учун етти ёт бегона ҳисоблардилар.
Она шаҳарлари Тўқмоққа қайтиб келгач, кенг диний маърифатчилик фаолняти билан холисона шуғулланадилар. Тирикчиликни эса ҳалол отамерос касб — деҳқончилик ҳамда табибчилик билан тебратиб турадилар.
Бу орада биринчи жаҳон уруши бошланиб, чор маъмурияти маҳаллий аҳолини фронт ортида (ёки фронтнинг ўзида) ишлатиш учун мардикорликка сафарбар қила бошлайди. Мана бу сиёсатга қатъий равишда ва очиқдан-очиқ қарши чиқиб, аҳолини оммавий тарзда бўйсунмасликка, ўз фарзандларини мардикорликка бермасликка чақирадилар. Шу баҳона бўлиб, чор махфий полицияси тазйиқ чораларини кўра бошлади, бироқ халқ оммаси ғазабидан чўчиб, отамизга зарар келтиролмади, ўшанда.
1916 йили эса Туркистонда оқ подшо зулмига қарши қатор халқ қўзғолонлари бўлди. Отам қирғизларнинг қуролли чиқишларида фаол қатнашдилар ва улар шафқатсизларча бостирилгач, Қошғарга сиёсий қочқин сифатида кетишга мажбур бўлдилар. 1917 йилги Уктабрь тўнтаришидан сўнг, шўролар бутун дунёга жар солиб ҳурриятлар хақида берган ваъдаларидан умидвор ҳолда, ватанга қайтдилар. Аммо, кўп вақт ўтмаёк реал воқелик бутунлай бошқача бўлиб чикади. Синфий кураш таълимотининг амалдаги кўриниши бўлган қизил террор даҳшат солиш) натижасида маҳаллий аҳолининг ёппасига қирғин қилиниши, диний ва умуман ўқимишли арбобларнинг муттасил равишда йўқотилиши, сунъий очарчилик вужудга келтириб, аҳолини иқтисодий томондан янги хокимиятнинг ҳуқуқсиз қулларига айлантирилиши ва шу каби мудҳиш тадбирларни кўрган ва энг асосийси, аксарият халқдан фарқли ўлароқ, буни чуқур тушунган Отамиз, ўз-ўзидан советларнинг табиий душманига айланадилар. Мана ўша даврларда кечмиш-кечинмаларини хотирлаб ёзган эсдаликларидан кичик лавҳа: «1919 йил охирларида Пишкакка қарашли Қораболта, Оқсу бўлиб, ўн саккиз рус қишлоқлари бирлашган ҳолда коммунистларга карши қўзғолон кўтаришди. Бойликка ботиб ётган Пишкак, Сўқулук дунганлари ҳам тушунмасликдан бу ишга қўшилиб қолдилар. Натижада тортқилик бутунлай улар устларига тушиб, энг оғир зарбалик калтаклар бошларида ушатилди. Шундоқки, беш юз уйликка етмаган Пишкак, Сўқулуқ дунганларидан саккиз юз кишини ҳайдаб келиб, бозор ўртасида пулемётга тутдилар. Булар ичидан ўқ тегмай колган ёки ярадор бўлиб жони чиқмай турганларини қизил аскарлар оралаб юриб, найзалаб ўлдирдилар. Қўзғолончилар маркази бўлган — беш минг чамали аҳолиси бор Оқсу қишлоғи русларидан эса, илгари-кейин бўлиб, ўлим жазоси кўрганлари ўттиздан ошмаган эди.
Сўқулук дунганларининг тузларини тотиб, яхшиликларини кўп кўрган эдим. Уларнинг ичида ишончлик шогирдларим ва дўстларим кўп эди. Бундай вақтларда, бориш хатарлик бўлса ҳам, чидаб туролмай, уч-тўрт шогирдларим билан бир арава киши бўлиб, Сўкулуқ томонга йўл тортдим, яқинлашиб борган сайин бундаги кўз кўрган кўнгилсиз нарсаларни тил сўзлаб, қалам ёзиб чидаёлмайди. Маҳалла кўчасидан ўтаётганимизда, йўл бўйлаб алан-булан қолдиклари, сочилиб ётган нарсалар, куйдирилиб-ёндирилган иморатлар ичида вайрон, талқони чикиб ётган томлари кўзга…. эди. Буларни кўргач, кўзёшимиз қуримасдан шу юрганимизча, мазлумлар қонлари билан бўялган Сўкулук кишлоғига кирдик. Бу воқеа ўтиб, ортидангина борганлигимиз учун мусулмонлар отилган-чопилган кўчалардаги конлар тозаланган бўлса ҳам, бошқа белгилари йўқолмаган эди. Соқчи кишилари бизни бошқа ёқдан келганимизни кўргач, олдимиздан тўсиб идораларига бошладилар. Ўлганларнинг хотин-қиз, етим болаларига аталган бир қанча буюм, кийим-бошларни кўрсатиб, ёрдам учун келганимизни билдирдик. Сўнгра йўл хатларимизни текшириб, бизга рухсат берган бўлсалар ҳам, яна орамизда ишонмаслик пайдо бўлиб, анчагина сўз ўтмиш эди, маълумдирки, маҳкумиятда эзилган, қуролсиз, дудуқ йиллар, ғолибият зулми билан ғурурланиб турган, ҳар бирининг тумшуғидан тўнғиз қурти тушган қуроллик шаҳдам йиллар олдида нима дея олардилар?
Интизомлик аскарларга, куролли кучга, тили бўлак, дини бўлак бир йиғинди, қўли куруқ кишилар қандай карши турсинлар? Табиат оламига Илоҳий томонидан юборилган улуғ пайғамбарлар ҳам шу табиат қонунига бўйсунмасдан бошқа ҳеч чоралари йўкдир. .
Уруш фанларининг конуни бўйича аскарнинг сон-салмоқлари, курол-жабдуқ ва аскарий интизомлари энг бўлмаганда душманникидан тубан ва оз бўлмаслиги биринчи шартдир. Агар шу шароит қўлга келар экан, у ҳолда диний, миллий ҳакоратга бўйсунмасдан душманга қарши куролга қўл суниш, албатта, фарз бўлур. Бундай бўлмаган тақдирда, ўзини ўтга ўринсиз уришдан сақланиб, вақтинча сабр қилишдан бошқа чора йўқдир.
Шу билан ғолиб душман олдидан қандайдир қутулиб чиққанимиздан сўнгра ёрдамга келтирган оздир-кўпдир нарсаларимизни тарқатдик. Ўлганлар оилаларига кўз ёшимиз билан Қуръон ўқиб, кўнгил айтдик. Бу фойдасиз фитнада менинг ўз шогирдларимдан йигирмадан ортиқ киши шаҳид бўлмиш эдилар. Улардан энг катталарининг ёши ўттиздан ошмаган эди…» Табиийки, ўлка халқлари номидан ҳоким бўлиб олганларнинг қаҳрли назари тез орада отамизга ҳам тушди. «Қора рўйхат»га олинганлари маълум бўлиб қолгач, яқин дўстлари ва маҳалла аҳлининг маслаҳати билан яна Қошғорга ҳижрат қилишга тўғри келди. Тахминан бир йилдан сўнг қайтиб келдилар. Бунинг сабабини тушунтириб ўзлари шундай ёзадилар: «Энди бу ерда қанча турган бўлсам, менга ҳамкор бўлгудек, келажак учун қайғурган бир киши бўлсин, кўра олмадим. Афғонистон, Ҳиндистон чегаралари бўшлигидан фойдаланиб у томонларга ўтишимни ўйлаган бўлсам ҳам, ёлғиз бош қайғусида, бола-чақалардан ажраб, суюкли ватанимни душман кўлига ташлаб кетишни ўзимга лойиқ топмадим. Шуни билмак керакким, Қуръоннинг ҳукмига, Расулуллоҳнинг йўлига яхши тушунмай динга хиёнат қилган, икки дунёсидан ажраб ўз ватанида хорлик билан яшаган ёлғон мусулмонлардан илм-фан, маданиятни ўзлаштириб, бутун ҳуқуқларига эга бўлган кофирлар, албатта, ортиқдур. Бу кун Уйғуристонни қоплаган онгсизлик офатини кўргач, у ердан умидим узилиб, ночор, янгидан ўт олаётган фитна ўчоғи ичидаги ўз юртим Тўқмоққа қайтиб келдим. Қарасам, соясидан қўрққан қуёндек ҳар ерда қочиб-писиб юриб кун кўраётган ҳақсиз кишилар ҳам оз эмас эканлар. Шулар қатори мен ҳам шаҳардан четроқ Шўртепа деган дунганлар қишлоғида туриб, деҳқончилик билан кун кечирмоқчи бўлдим».
Бироқ анча кучланиб олган шўролар (Қирғизистонга нисбатан аниқроғи, қизил бўлиб олган ўрислар) ҳокимияти остида аҳоли турмушининг муттасил тубанлашиб, аянчли ҳолга келиши отамизни яна тенгсиз ва хатарли қурашув гирдобига тортди. Бу борадаги фаолиятларининг менга асосан икки йўналиши маълум. Биринчиси — қоғозда бўлса ҳам тан олинган виждон эркинлиги ҳуқуқидан фойдаланиб, Ислом дини ва маданиятини давлат сиёсати мақомидаги жанговор атеизм деб аталган ёввойи даҳрийликнинг сурбетларча хуружидан ҳммоя этиш эди. Буни амалга ошириш учун нақшбандийлик сулуки талабаларидан вақтинча истисно қилиб, халқ талабига биноан Тўқмоқ катта масжидига имом бўлиб ўтадилар ва кўп машаққат, тазйиқларга қарамай катта ҳудудда Ислом таъсирининг кучайишига эришадилар. Айни пайтда, Расули акрам кўрсатмаларига оғишмай риоя қилган ҳолда ўз даврларидаги ижтимоий аҳволни синчковлик билан таҳлил қила бориб ҳамда минбар имкониятларидан яхши фойдаланиб, ахоли сиёсий онгини ёритиш йўлида тинмай саъй-ҳаракатда бўлдилар. Хусусан, Қўқон мухторияти тузилиши ва унинг бўлшевиклар томонидан зўравонларча йўқ қилиниши, босмачилик деб аталиб қолган халқ қуролли ҳаракати ҳақида тарихий фактлар билан далилланган ёзма хотиралари ҳозир ҳам ўз аҳамиятини йўқотган эмас. Отамиз фикрларича, кўзғолончиларда, афсуски, мустақилликка курашишнинг аниқ режаси бўлмаган, йўлбошчилар аксариятининг сиёсий савияси куйи эди ва бунинг натижаси ўлароқ озодлик ҳаракатида бирлик-жипслик мавжуд эмасди. Окибатда советлар ўз қўлимиз билан ўзимизга кишан урдиришга эришганлар.
Отамизнинг қайд этилаётган даврдаги фаолиятлари, фақат дин ҳимоясига қаратилган ҳар қалай очиқ бажарилган ишлар билан чегараланиб қолмаган, албатта. Марҳум Азизапошша опам менга сўзлаб бергандиларки, отамиз қосимовчилар ҳаракати деб номланган ватанларварларнинг яширин фаолиятида ҳам қатнашиб, ушбу ташкилотнинг Пишкак, Тўқмоқ томонлардаги вакили бўлган эканлар. Мен мазкур ҳаракат расмий адабиётда аксилинқилобий деб баҳоланишини ва чекистлар томонидан тор-мор этилган деб қайд қилинганлигиниёқ билганимдан ҳамда отамнинг бу ташкилот доирасида олиб борган ишларидан етарли маълумотим йўқлигидан, бу ўринда тахминий сўзлар билан ортиқча қоғоз қоралашни эп кўрмадим. Фақат таъкидламоқчи эдимки, отамиз мустақиллик учун кураш деганда, аниқ мақсадли яхши ташкил этилган, муайян интизомли ва жонфидолик руҳи билан суғорилган ҳаракатни тушунганлар ва бунинг имконияти бўлар экан, ҳеч вақт четда сукут сақлаб қараб турмаганлар.
Ўттизинчи йилга келиб олтинчи марта ҳибсга олинадилар. Авваллари қисқа муддатли бўлса ҳам, бу сўнггиси ўн йиллик қамоққа ҳукм билан тугайди: Ўша вақтларда, Соловки, Архангельск томонлардаги борса-келмас ҳибсхоналарга жўнатишдан аввал ҳукм этилганлар Тошкент чеккасидаги концентрацион лагерга тиқилар экан. Ана шу йўналишда этап қилинишларига саноқли кунлар қолганда, Оллоҳ ёрдами бўлғайким, Пишкак турмасидан қочишга муваффақ бўладилар. Яшириниб юриб, кўп азоб-машаққатлар чеккан ҳолда, яна чегарадан Шарқий Туркистон (Уйғуристон)га ўтиб кетадилар. Хитой давлатига қарашли бу ўлканинг Ғулжа шаҳрида туриб, маълум вақт ўтгач, яна дўстлар ёрдамида катта пул эвазига оилаларини ҳам чақиртириб оладилар. Асл ният — шунча азоблардан кейин, Туркистондан, умуман, Арабистон томонларга кетиш бўлса-да, бу ердаги сиёсий аҳвол ёмонлашиб, чегара йўллари тақа-тақ бекилганликдан турғун бўлиб колишга тўғри келди. Гап шундаки, ўшал вақтдаги СССР раҳбарлари жаҳон пролетар инқилобини орзу қилибгина қолмай, балки уни сунъий равишда бошқа мамлакатларда келтириб чиқариш сиёсатини амалда қўллардилар. Майдони Ўзбекистондан камида икки баравар катта Шарқий Туркистон Хитойнинг чекка, советларга кўшни ғарбий ўлкаси ўлароқ, ушбу сиёсат синалаётган тажриба майдонига айланганди. Ерли ҳукумат марказни ғафлатда қолдирган ҳолда, СССРда яширин ўқитиб тайёрланган ёхуд қизил мафкурада бўлган советпараст кимсалар қўлига ўтиб қолганди. Бу ернинг барча дўкон ва бозорлари арзон ва асл совет моллари билан лиқ тўлдирилган, ҳамма жойда СССРдаги мисли жаннат каби ҳаёт тарзи ҳакида ташвиқот кучайганди. Айни шу вақтда эса, жаҳондаги биринчи пролетар давлатида каҳатчилик ва очарчилик бўлиб турганди.
Нима бўлса-да, отамиз тез орада илмига амал қилувчи алломалиги, ҳалоллиги, жасур инсон ва ҳожатбарор шифокор — табиблиги туфайли кўпчилик ўртасида обрў-эътибор қозона олдилар. Айниқса, ўзбекларга яқинликда тенги йўқ қардош уйғур халқи ўзининг чин ихлосини дариғ тутмади, балки бошларига кўтарди. Дадамнинг мавқелари, хусусан, барча мусулмрнлар ва бошқа миллатлар ўртасида, ҳам ўзаро ишонч ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашда кўрсатган фидокорликлари натижасида жуда хам кучайиб кетди. Шу мақомга етишгач, омма олдидаги чиқишларида ҳуррият учун курашга кўтарилиш ғояларини очиқ тарғиб қила бошладилар. Худди шу сабабли дадамлар 1937 йили Уйғуристонда диктатор бўлиб олган, аслида советларнинг қўғирчоғи, авантюрист хитой генерали Шэн Шицай томонидан ҳибсга олиниб, судсиз — ҳукмсиз умрбод қамоққа ташланадилар. оилага катта зулм қилиниб, уй-жой мусодара бўлади.
Муштарийларни «1937 йил» санаси сергаклантирди-ёв! Ҳа-да, инқилобни экспорт қилиш биринчи навбатда кизил террорни йўналтириш орқали бошланган. Репрессия аппарати шундай яхши ишлардики, Шарқий Туркистондаги шогирдларига Масковдаги ГПУ (Главное политическое управление) яъни, Бош сиёсий бошқарма, чекистлар идорасининғ ўша вақтдаги номи) отилиши-чопилиши лозим бўлган «Халқ душманлари»нинг рўйхатини тайёрлаб бериб, уни ижро қилишнинг намуналарини жойларга бориб кўрсатганлар. Ана шу тизимда фақат Ғулжа шаҳри бўйича икки юздан ортиқ бахтиқаро совет Туркистонидан кочқин муҳожирлар бўлган. Бир кечада ҳаммалари ҳибсга олиниб, рўйхатга солиштирилса бир одам етишмаган. У ҳам бўлса бизнинг отамиз бўлиб, бу жаллодлар келишидан бир неча дақиқа аввал, катта акам Асилхон сабаб бўлиб уйдан ич кийимда қочган эканлар. Бутун ўлка бўйлаб кидирув эълон қилиниб, маълум вақтдан сўнг чекка бир шаҳарчада айғокчилар томонидан қўлга олинадилар, Шунда ҳам камоққа кела келгунларича, йўл-йўлакай оркаларидан тўппонча ва милтиқ тираб келтиришган экан. Бир чинакам туриш қилган ўзбек ўғлонидан душманларнинг чўчишини каранг!
Хулласи калом, 1941 йил ўзини унча-муича ўнглаёзган марказий хитой ҳукумати томонидан ўтказилган адлиявий тафтишлар натижасида отамиз турмадан чиқиб келадилар, Халойиқ уларни пўлат иродали қаҳрамон сифатида кутиб олади, чунки отамиз ҳуррият учун кураш йўлидан заррача чекинмагандилар.
Бу вақтга келиб, СССР ҳаёт-мамот уруши билан банд, ўлкада иқтисодий ва сиёсий инқироз, Шэн Шицай маъмурияти зил кетган, халқ жунбушга келиб, қуролли чиқишлар бўлиб турган эди. Отамиз тарафдорларини махфий «Озодлнк жамияти» теварагида тўплаб, ватаннарварларнинг ҳаракат бирлигига эришадилар. Ушбу жамият раҳбарлик қилгаи 1944 йил 7-10 ноябрь қуролли кўзғолони натижасида Ғулжа шаҳри озод қилинади. Икки кун ўтибоқ Шарқий Туркистон Ислом жумҳурияти барпо этилганлиги тантанали эълон қилйнди. Отамиз ўн икки вазирликдан иборат инқилобий ҳукумат раислигига якдиллик билан сайланадилар.
Энди, совет ҳукуматининг ҳам муносабати ўзгарганди. Шарқий чегараларига ўша оғир даврда чанкайшичи хитойлар томонидан хавф туғилиб қолмаслиги учун, янги барпо бўлган мусулмон давлатини бекитиқча қўллаб туриш сиёсатига ўтдилар. Жумҳур раис ўлароқ дадамлар етук ижтимоий ва давлат арбоби сифатида иш юргиздилар. Ул киши бошчилигидаги том маънодаги миллий ҳукумат қисқа вақт ичида мустақилликдан умидвор халқ манфаатларига мос бўлган йирик тадбирларни амалга оширди. Ирқ, миллат, жинс, эътиқоддан қатъи назар ҳар бир кишига эркинликлар берилиши, ижтимоий ташкилотлар тузилиши, аҳолидан олинадиган солиқларнинг икки баравар қисқартирилиши, собиқ ҳоким миллат вакиллари иқтисодий негизининг тугатилиши шулар жумласидандир.
Отамиз 1945 йил 8 апрелда барпо қилинган Шарқий Туркистон миллий армиясининг бош ташаббускори эдилар. Демак, Ғулжа қўзғолонидан беш ой ўтиб, тарқоқ, оломон партизан тўплари асосида мунтазам армия тузилишига эришилди. Халқнинг миллий озодлик руҳи ўз раислариники каби юқори эдики, оммавий сафарбарлик эълон қилинган куннинг эртасига яқин юз минг киши аскарликка ёзилишга ҳозирланиб келдилар: Буларнинг кўпчилиги отлиқ бўлиб, уруш жамолғасини кўриб келгандилар. Қурол-аслаҳа Ўзбекистон, Қозоғистон орқали ярим яширин ҳолда СССРнннг тегишли идораларидан нақд олтинга ва молга-мол тарзида сотиб олина бошлади. Хитой қўшинлари билан дастлабки жанглардан сўнг кўплаб туша бошлаган ҳарбий ўлжалар эвазига навқирон миллий армияни қуроллантириш муаммоси ҳам анча енгиллашди. Ушбу инқилобий қўшин ўз ичидан Ғани ботир (уйғур), Фотик ботир (тотор), Усмон ботир, Акбар ботир (икковлони ҳам қозоқ), генерал Палинов (ўрис) каби қатор довюрак, жасур ва моҳир аскарбошиларни етиштириб чиқди, разиялоҳу анҳу.
Алангали қўзғолонлар даврида ва музаффариятни мустаҳкамлашда ҳарбий истеъдодлари тан олинган отамиз жумҳурият қуролли кучларининг суянган тоғи бўлиб, миллий армия жанговар қобилиятини, айниқса, маънавий руҳини кўтаришда жонбозлик кўрсатдилар. Бевосита иштирокларида тузилган ҳарбий операция режалари муваффақиятли бажариларди. Бу ўринда отамизнинг яна бир ноёб хусусиятларини зикр этиб ўтмоқлик лозимки, ул киши ўз даврларининг мисли кўрилмаган нотиқларидан эди. Араб, форс, туркий тилларининг ҳар бир шеваю лаҳжасида булбул каби фиғон-нола қила олардилар ёки арслон каби наъра торта олардилар. Айниқса, она тилларининг ҳали биз тагига етолмаган беадад имкониятларидан фойдаланиб шундайин силлиқ услубда сўзлар эканларки, миллатидан катъи назар, бир оз туркийдан хабари бор тингловчи бемалол тушунаверар экан. Ўша суронли давр воқеаларининг кўпгина шоҳидлари, жумладан, уйгур ёзувчиси Абдуқодир Зуннун шундай гапириб берганди: «Тўрам нутқларини тинглаш учун одатда кўп минглаб одамлар йиғилишарди. Сўз бошлаганларида пашша учса эшитиладигандек жимлик чўкарди. Мавзуни тингловчиларга дарровоқ аён қилиб, унинг асл ҳакиқатини ўз билганларича ёки ҳукумат фармонига кўра эмас, балки Қуръони карим оятлари ҳамда Пайғамбаримизнинг ҳадиси шарифлари асосида исботлардилар. Яна буни ўтмиш ва янги тарихимиздан рад қилиб бўлмайдиган далиллар келтириб мустаҳкамлардилар ва мавзуни, албатта, кундалик воқеликнинг долзарб масалаларига, жумладан, нутқ мавзуига бевосита боғлардилар. Аниқ вазифаларга ўтиб, уларни муваффақиятли бажариш йўлларини кўрсаталардилар ва бунга тингловчиларни кўтаринки бир руҳ билан ишонтирардилар. Ўртада, истиқлол йўлида жонбозлик қилган ва қилаётганларнинг шарафли номлари, албатта, қайд этилар ва эшитувчилар бундан қаттиқ таъсирланардиларки, болахоналарга, дарахтларга, симёғочларга чиқиб олган тингловчилар ҳиссиёт зўридан ўзларини ташлаб юборардилар».
Йигирма бир совет ҳарбий нипюнлари кавалери, ўша пайтда, Шарқий Туркистонга ҳарбий муталассис бўлиб борган тошкентлик Толибжон ака Обидов айтадилар: «Алихонтўрам жаноблари жанг бошланишидан аввал аскарлар олдида нутқ сўзлаганларида, йигитлар кўзларидан ўт чақнар, нутқ тезрок тугасаю жангга отлансалар. Ҳужумга кўмонда бўлганча уларни зўрға тўхтатиб турардик. Жанговар руҳ ва ғалабага ишонч жуда кўтарилиб кетарди. Тўра отам окоп кўрган ҳақиқий аскарбоши эдилар ва мен ҳавас қилган томони – бундай раҳбарларнинг бахтлиси эдилар. Чунки, ҳар бир аскар у кишини чекснз севарди, ҳурматларди, ҳатто илоҳий қувват эгаси деб чинакамига ихлос қўйиб эьзозларди».
Хуллас, миллий армия шиддатли жангларда кетма-кет ғалабаларга эришиб, шон-шавкатга бурканди. Жумладан, 1945 йили ушбу кўшин қисмлари сон жиҳатдан деярли уч баравар оз бўлишига қарамай, марказий Хитой ҳукумати томонидан юборилган, яхши қуролланган саксон минг кишилик армиясини бутунлай тор-мор этди. Халқ ва армия олдидаги хизматлари учун Шарқий Туркистон ҳукумати қарорига биноан отамизга маршал унвони берилди. Тез орада уларни бутун ўлка халқи «Маршал ота» деб атай бошлади.
Энди, Шарқий Туркистон воқеаларининг достони узун бўлганлигидан гапни мухтасар қилсак, иш шу билан тугадики, «Уч вилоят инқилоби» деб номланган отамиз раҳбарлигидаги миллий озодлик ҳаракати Синцзянь (Шарқий Туркистоннинг хитойча номланиши, «Янги ер» демак)нинг қолган қисмида ҳам тезда ғолиб бўлажагидан чўчиган Чан Кайши ҳукумати тинчлик музокаралари олиб боришга мажбур бўлди, Бироқ, воқеаларнинг бундай кетиши, яъни, бир мустақил Туркистон давлатининг қурилиб қолиши янгидан ҳокимиятга келаётган Мао Цзе Дун коммунист ҳукуматига ва буларни ўстириб юзага чиқарган, узоқни кўролмаган советлар мамлакатидаги пири-устозларига ёқмади. Натижада, хоинона тузилган машъум режага кўра отамизни 1946 йил июнида аввал алдов, кейин эса қуролли тазйиқ остида Ғулжадан олиб чиқиб кетдилар. Пинҳона йўқ қилиб юбориш мўлжалланган бўлса-да, бу ишдан Худо асраб, икки йил давомида уй назарбандиси ҳолатида сақладилар. Кейинчалик билсак, миллий армия қисмлари дадамларнинг қайтарилишларини талаб қилишибди. Айниқса, қозоқлардан иборат қўшинлар бунда қатъийлик кўрсатганлари, Усмон ботир бошчилигида анча вақт қуролли қаршилик қилганлари бизга кейинроқ маълум бўлди. Отамиз руҳи ва зурриётлари номидан ўша тенгсиз курашга кирган ва бу йўлда қурбон бўлган қаҳрамон қозоқ биродарларимизга кеч бўлса-да, абадий миннатдорлигимизни изҳор қилиб, ҳотиралари ҳурмати-ҳаққи мангу бош эгамиз.
Отамизнинг сўнгги ўттиз йиллик умрлари Тошкентда ўтди. Сиёсий ишлардан мажбурий равишда четлаштирилган бўлсалар-да, илмий, ижодий ва ижтимоий фаолиятни собитқадамлик билан давом эттирдилар. Мақоламиз бошида қайд этилганлардан ташқари машхур венгер шарқшуноси Ҳермон Вамбери асари «Бухоро ёки Мовароуннаҳр тарихи»ни усмонли туркчадан ўзбекчага уйғунлаштириб ўгирдилар. «Тарихи Муҳаммадия», «Туркистон қайғуси» каби катта асарлар яратдилар. Мазкур асарлар келажак авлод маънавиятини таназзулдан асраш, фозила маданиятимиздаги азалий қадриятларни ислом маърифати ва яқин тарих сабоқлари воситаси-ла сақлаб қолиш йўлида қилинган улкан жиҳод деб қарашни тақозо этади. Яна бир ўз асарлари «Шифо-ул илал» («Касалликлар давоси») шарқ табобати кўп йиллик тажрибаси асосида 1937 йилда ёзилган бўлиб, қанча-қанча мусодаралардан омон қолган биз учун топилдиқ рисоладир. Ватан аҳли дуода бўлиб туришларидан умидвормизки, бошқа илмий, ижодий мерослари каби ушбу китобчани ҳам чоп эттириб, халқимизга етказажакмиз.
Отамиз умрларининг сўнгги кунларигача устозлик фаолиятини тўхтатмадилар. Қизил мафкурага хизматкор бўлган ўшал давр конунларикинг таъқибига қарамай, инсоний жасурлик, исломий ижтиҳод, пир-устозларига берган ваъдаларига вафодорлик кўрсатиб, диний ва шунингдек, дунёвий билимлар ўкитишни йўлга кўйиб юбордилар. Шогирд танламадилар, шу учун бўлса керак, отамизнинг кўлларида бир вақтнинг ўзида ҳали харф танламаган талаба билан бир қаторда, илмли ёки дунёвий фанлар номзоди, доктори каби тингловчилар ҳам таълим олаверардилар. Бир универсал ўқитув услубининг соҳиби эдилар. Бу ҳаракатлари зое кетмади. Оқ фотиҳа олган шогирдлари ўз Ватанларига (яъни, Қирғизистон, Қозоғистон, Тожикистон, Доғистон, Ўзбекистон шаҳар-қишлоқларига) қайтгач, устозларининг ишини давом эттириб, диний мактаблар очиб, маърифат тарқата бошладилар. Шу бугунги Ўзбекистон Ислом дунёсининг етакчи намоёндалари сафида отамизнинг шогирдлари ҳақ дин тантанаси йўлида холисона хизмат қилмоқдалар. Дунёвий билим соҳиблари ичида, отамиздан таълим олган ихлосмандлар орасида геолог олимлар кўпроқ эди. Академик Ғани Мавлонов, ҳозирда фан доктори Саидориф Қосимов, қозоқ академиги Оқжон Машанов жанобларини яхши эслайман. Дастлабки зикр қилинган икки устоз — шогирд ўзбек олимлари ҳақикий миллатпарвар, ўз соҳаларида сезиларли янгиликлар киргизган илм эгалари бўлса, Окжон оға форобийшуносликдан керакли йўл-йўриқларни олиб кетиб, қозоқ фани тараққиётида оврупопарастликка чек қўйилишига эришган ажойиб илмий арбобдир. Отамизнинг шарқ табобати борасида етиштириб чиқарган ҳозир машҳур, иқтидорли шогирдларидан Абдулло Бобоев ҳамда Абен Сариоғочий номларини ҳам тилга олмасликнинг иложи йўқ…
Отамиз тарихий аҳамиятга эга бўлган меъморчилик обидаларимизни сақлаб қолиш ҳаракатининг жонбозларидан ҳам эдилар. Менинг ёдимда қолгани шуки, 50-йиллар сўнгида ё 60-йиллар бошида, Тошкентдаги, ҳозирги янги Эскижўва бозори ўрнидаги ерда, яқин 500 йил аввал бино этилган мўътабар Хўжа Аҳрор Вали масжиди бўлиб, шуни гумроҳларча буздилар. Бу каби нохуш ишлар бошқа жойларда ҳам бошланаётганидан ташвишланиб, дадамлар аҳбобларидан (яқин дўстлари шундай номланарди) Каримбой ака Сахибоевни чақириб маслаҳат солдилар. Бу зот севимли шоиримиз Эркин Воҳидовнинғ тоғалари бўлиб, ҳуқуқшуносликнинг пири эдилар. Қарор шу бўлдики, Масковдаги тегишли расмий идораларни хатлар билан «бомбардимон» қилмоқ лозим. Бу тадбир ғарбда ҳам қўлланилишини кейин билдим — «паперканоно», яъни; «қоғоз билан ўққа тутиш» деган махсус атама ҳам бор экан. Бу ҳаракат дарров натижа бермаган бўлса-да, ҳар қалай, бор масжид, мадраса, хонақоҳ ва шу кабиларнинг навбатдаги бузиш компаниясини тўхтата олди.
Ушбу, дарёдан қатра каби мақолам сўнгги қисмини падари бузрукворимни оддий инсон ҳакида тавсифловчи хусусиятларига бағишласам. Шахсий ҳаётда мисли тарки дунё камтар эдилар. Тошкентга келгач, не-не кошоналар таклиф этилса-да, икки оғиз хонаси бор мўъжаз бир ҳовлини — «кулбаи ғариб» қилиб ихтиёр қилдилар. Биз ҳам турмуш фақат шундай бўлиши керак экан деб ўсдик, билсак, Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи вассаламнинг «Фақрий — фахрий» (яъни, «Фақирлигим фахримдир») ҳадиси шарифларига амал қилар эканлар. Умр бўйи советларнинг бир тийинини ҳам олмадилар, ҳукумат нафақа тайинлаганда, ўша заҳоти Тошкент етимхоналаридан бирига ўтказиб юбордилар. Ҳатто, турган ҳовлимиз у кишининг номида эмас, ижарадор мақомида эканмиз. Ҳозиргача аҳвол шу-шу, ўзгарган эмас.
Саховатли эдилар. «Иккита чопоним бўлса, биттасини, унда ҳам янгироғини бировга кийгизсам», деб кўп айтардилар. Қарз сўраб келганларни ҳеч қуруқ қайтармаганлар, уларнинг номларини эслаб қолиш ё ёзиб кўйиш у ёқда турсин, унутиб юборардилар.
Раҳмдил бўлиб, кек сақламас эдилар. Бир мисол. Ўша 1938 йил отамизни тутиб, ортларидан маузер нуқиб қамоққа топширган айғоқчи «Уч вилоят инқилоби» вақтида қўлга тушади. Суд уни ўлимга ҳукм қилиб, халойиқ «Алқасосу минал ҳақ» деб турган-да, отамиз авф қилганлар. «Беш боласи етим қолмасин, яна бунинг онаси туққанида яхши ният билан Муҳаммад деб ном кўйган экан», деб далил келтирган эканлар. «Кечирувчиларни Оллоҳ ҳам авф қилғусидир», ҳадисига шундай амал қиладилар.
Отамиз тақдирнинг не-не синовларидан ўтиб, баракали, серунум ва мазмундор умр кўрдилар. 1976 йил Тошкентда 91 ёшда вафот топдилар. Сўнгги масканлари, васиятларига биноан, Шайх Зайниддин бобо қабристони бўлди, разияллоҳу анҳу. XX аср мазлумлари — Туркистон аҳли истиқлоли, Ислом дини тантанаси йўлида қилган улкаи холисона тарихий хизматларини ва валий каби сиймоларини халқ чуқур ҳурмат, фахр ва миннатдорлик билан ёдда тутиб келмоқда.
Эсдаликларида қалб титратар шундай сатрлар бор: «Мен бу дунёга исломпарастгина эмас, балки инсонпараст бўлиб келдим ва ҳаётим давомида шунга содиқ бўлиб қолдим». Ушбу зот шонли ҳаёт йўллари билан танишар эканмиз, бунга иқрор бўла туриб, Алихонтўра келажаги порлоқ икки Туркистоннинг ғурури, жасур миллий қаҳрамони ҳам эди, дегимиз келади…
…Шеърият илмидан хабардор ва назм қобилиятидан буюрган бўлгандагина, бу соҳада таҳлил йўсинида иш қилиш мумкин, деб ҳисоблаганим учун, ойнома саҳифаларида берилаётган шеърларга баҳо бериш вазифасидан узоқлигимни билдириб, узр сўрайман. Айни пайтда, ушбулар ҳақида анчагина қизиқарли шарҳий аҳамиятга молик маълумотлар мавжуд бўлганлигидан, уларни муштарийларга билдириб қўйиш фойдадан холи бўлмас деб ҳисобладим.
Отам раҳматлининг укубатли ўттизинчи йиллар воқеаларини тасвирлаб, ватандан охирги ҳижрат қилиб кетишлари сабабларини кўрсатиб ёзган хотираларини кўздан кечира туриб, унга илова қилинган бир шеърни ўқиб қолдим. Мазкур шеър сўроқ — илтижо оҳангида «Бормисан?» деб номланган эди. Тасаввуримда: зиндонга тушиб колган, ташқи ёруғ дунёдан бутунлай ажратилган, бошига Кўҳи Кофдек ғам ағдарилган бир оддий инсон гавдаланди. Ёлғиз бир йўл қолган — яратганнинг ўзидан нажот тилаш, бизга қувват ато қилсинким, ўз қўлимиз билан шу «зулм копусин» (дарвозасин) бузиб, озодликка чикайлик деган орзу-ният бор, бу мурожаатда. Тахминимча, мазкур шеър 60-йилда оққа кўчирилган бўлса-да, асли анча илгари ёзилган.
«Уйғон», «Элингни кутқар», «Ватан ва илм» каби шеърларининг ёзилиши саналари ҳақида ҳам гап шу. Булар анча кўтаринки руҳ билан суғорилган, алангали даъват сингари янграйди. Истиқлолга биринчи навбатда имонни саломатлаб ҳамда онгни илм бирла зиёлаганда эришиш мумкинлиги бот-бот таъкидланади. Отамиз, «Ноумид — шайтон» деган ақидага бир умр риоя қилиб келганликларидан ўз келажагига ишонмаган, ҳалол-ҳаромни ажратмаган, эътиқодга бепарво, ўзлигини танишни иетамай, ҳатто болаларини ўтмиш тарихидан, илдизидан бебаҳра қилганларни ёмон кўрардилар. Айниқса, бундайлар зиёлилар орасидан чиққан бўлса, нафратдан қайнаб кетиб, шунда ҳам тушунган-билган кишининг ачиниши билан:— Эҳ, бундай олимларга ҳавас қилган халқимизнинг шўри қурсин! Бу каби зиёлиларнинг иши қийин, чунки улар Ибн Сино ибораси билан айтганда, «мураккаб жоҳиллар» гуруҳига киради, ўзларининг жоҳиллигини англашни хоҳламайдилар,— дердилар. Шу учун муштарийга қарата айтилган «Дема: «Ўзгармас олам, иш битибдур, на бўлғай эртаги кун ким билибдур?» сатрлар бугунги кун воқелиги нуқтаи назаридан карасак, башоратга ўхшайди.
Инсоннинг фундаментал ҳуқуқлари атамасида бир ажойиб тушунчалар мажмуи мавжуд. Бу демак, инсоннинг инсонлигини белгиловчи ҳуқуқларки, буларсиз одам боласи тилсиз, онгсиз ҳайвонга менгзаб, кўринишдагина одам суратида бўлган махлуққа айланади. Ўз ватанига ўзи эга бўлиш, маскан тутиш, ўзгаларга қарам бўлмаслик, эгадорлик, виждон эркинлиги ҳуқуқлари шулар жумласидан бўлиб, буларни талаб қилиш руҳини падаримизнинг «Ҳар ўғил ворис бўлур қолғон отанинг молига, қайси миллат устидан бошқалар ҳокимлик қилса, бундан ўлим яхшироқ, Ватанни севмаганлар мусулмон эмас», каби қалб қўзғатар фикрларидан англаш мумкин. Айниқса, ватанпарварлик мавзуи нақадар кенглиги, унинг ўз тарихига, она тилига, табиатга меҳр билан боғлиқлиги «Темур тузуклари» таржимаси сўзбошида келтирилган «Таржимондан», «Тил ҳақида» шеърларида ҳамда «Қатралар»да лўнда иборалар билан тасвир этилган. Амир Темурдек буюк зотни танқид қилишни (аниқроғи, унга туҳмат тоши отишни) ўзига касб қилиб олган, шонли тарихимизни ерга уриш билан қорин боққан баъзи «олимлар»га қарата, отамиз соҳибқиронни «Биров яхши дерса, биров дер ёмон, улус сўзидан ким қолубдур омон?» дея, барибир ҳақиқат юзага чиқишини таъкидлаганлар.
Имон соғлиги, маънавият поклиги, олий ахлоқ ва шу каби қадриятлар абадийлигини куйлаш, улардан баҳраманд бўлишга даъват ижодларининг муҳим қисмини ташқил этади. Бу орада отамиз илҳомининг битмас-туганмас манбаи Қуръон таълимотига асосланган Исломий маданият дурдоналари бўлган. Мазкур фикрга уйғун «Марсия байтлари»га диққат қилайлик. Ислом фалсафаси ақидасига биноан, дастлабки сатрлардаёқ ҳаёт олами бақосизлиги эслатилиб, имкон бор экан, «эл яхшилигин изла» деб даъват қилинади. Қадриятлар қиёсида бунинг «яшаб қол», «ҳаётдан ўмариб қол» қаби ғофиллар турмуш тарзига пойдевордек бўлиб қолган қоидалардан нақадар устун эканлигини исботлашга ҳожат бўлмаса керак. Яна шуни илова қилардимки, ушбу «Марсия байтлари» дадам пинҳона тутқунликда турган ва ҳали қатл бўлиш хавфи бошларидан аримаган бир пайтда, катта онамиз Тожинисо аямларнинг фожиали бир аҳволда вафот этишлари муносабати билан ёзилганди.
Сўнгги сўзим, бобокалон шоиримиз Машраб Намангоний муборак каламига мансуб «Меърож» (ёки «Расулуллоҳ келади») шеъри ҳақидаким, бу узоқ вақт мобайнида мафкура зўравонлиги натижасида ман этилиб, қатағонга учраган ижод мевасидир. Унга халқимиз ажойиб куй ҳам басталаган. Отамиз келажак авлодга сақлаб қўяйлик деб, уч ака-ука ҳофиз Сўфихоновларни чақиртириб келиб, улар ижросида магнитафонга ёздиргандилар. Мана энди, уни эгаларига топширмоқдамиз, шу кунларга етказгани учун яратганга шукрлар бўлсин.
“Шарқ юлдузи” журналининг 1992 йил 7-сонидан олинди.