Исломбек Турсунов. Туркистон ва ташқи дунё (1992)

Собиқ иттифоқдаги барча жумҳуриятлар томонидан давлат мустақиллиги эълон қилиниши уларга туташ бўлган минтақаларда сиёсий вазиятни ўзгартириб юборди. Бу аҳвол айниқса бешта мустақил давлатни ўз ичига олган Туркистонга тааллуқлидир. 1991 йил охирига келиб, бу ерда одатдагидек бўлмаган сиёсий мувозанат сезила бошлади.

Туркистон жўғрофий жиҳатдан улкан қитъа ўртасидаги ўлка саналади. Бундан ташқари бу ер дунёдаги учта йирик маданият: шимолдаги христиан, шарқдаги будда, жанубдаги ислом маданияти туташган жойдир. Бу сиёсий мувозанат 1865 йилда Россия Туркистонни босиб олиши билан бузилган эди. Шундан бери минтақада мунтазам танглик ҳолати кузатилиб келинди. Эндиликда инсоният тарихидаги энг сўнгги империя тугаганидан кейин бу одатдагидек бўлмаган сиёсий мувозанат собиқ, лекин таг-туги билан йўқ бўлиб улгурмаган империянинг маълум доираларида ташвиш туғдира бошлади. Бу биринчи навбатда Россия билан иттифоқни узмаслик кераклиги ҳақидаги даъватларда ўз ифодасини топяпти. Бу эса ўз навбатида халқ оммасининг кенг қатламлари орасида мустақиллигимизга шубҳа билан қараш кайфиятини туғдирди. Фақат Ўзбекистон мустақиллигини жаҳоннинг юздан ортиқ давлати тан олиб, у Бирлашган Миллатлар Ташкилотига қабул қилингандан кейингина бундай шубҳа-гумонларга ўрин қолмади.

Халқ орасида пайдо бўлган шубҳа-гумонларнинг бошқа сабаби ҳам бор. Одатда ҳар бир давлат мустақиллигини эълон қилиши билан ташқи сиёсат йўлини баён этиши керак. Бизда эса бундай қилинмади.

Хўш, 135 йилдан сўнг ўз мустақиллигига эришган Туркистон давлатларининг ташқи сиёсати қандай бўлиши керак? Бугунги кунда бу масаланинг мазкур ўлкада яшаётган халқлар учун нечогли катта аҳамиятга эга эканлигини баҳолаш қийин.

1648 йилдаги Вестфаль яраш битимини эслайлик. У Оврўпадаги узоқ давом этган ва кўп қон тўкилган, дунё тарихига ўттиз йиллик уруш деган ном билан кирган урушнинг якуни бўлган эди. Диний ва сиёсий тусда бўлган бу урушга Оврўпанинг барча давлатлари жалб этилган эди. Қитъада тинчликни барқарор қилган Вестфаль шартномаси инсоният тафаккурининг мўъжизаси ва ҳозирги халқаро ҳуқуқнинг чинакам пойдевори бўлган эди. Вестфалдаги яраш битими икки диний соҳага — протестантлар ва католикларга бўлиниб кетган Оврўпада ислоҳотлар жараёнини барқарор қилди. Жуда жанжалли бир вазиятда мустаҳкам тинчлик ўрнатишга муваффақ бўлинди. Вестфаль шартномаси унинг барча қатнашчиларининг «ҳудудга эгалик қилиш ҳуқуқини ва устунлигини» тан олибгина қолмай, балки диний эътиқоди ва давлат тузуми шаклидан қатъий назар барча Оврўпа давлатларининг тенг ҳуқуқлигини қайд этди.

Эндиликда собиқ Иттифоқ жумҳуриятлари ўртасидаги ҳар қандай битим улар ташқи сиёсатига даҳлдор бўлади. Агар 1991 йилда ноябрь ўрталарида кўпчилик жумҳуриятлар у ёки бу даражада равшан ва қатъий қилиб, ўз ташқи сиёсат йўлларини белгилаб олган бўлсалар, Туркистон минтақасидаги давлатларнинг ташқи сиёсати ҳозирча муаллақ бўлиб турибди, дейиш мумкин. Дарҳақиқат, Туркистон ҳозир ўз тарихининг энг масъулиятли даврини бошдан кечиряпти. У ўз мустақил ташқи сиёсатини белгилаб олиши керак.

Бизнингча, агар Туркистон ташқи сиёсатида Шимол билан сиёсий иттифоқ йўли давом этказиладиган бўлса, яна сиёсий мувозанат бузилади м 6у минтақада ишончсизлик муҳити ҳумкрон бўлади. Бу мувозанат бузилишининг Туркистон учун оқибатлари эса қувонарли бўлмайди. Сабаби, халқаро муносабатларда бир гуруҳ давлатларнинг сиёсий иттифоқи иккинчи бир гуруҳ давлатга қарши туришни билдиради. «… Шу боисдан агар маълум миқдордаги давлат бир оила бўлиб бирлашса, у ҳолда бу иттифоқ индивид сифатида қарши томонни яратиши ва ўзига душманни юзага келтириш керак», деб ёзади Гегель «Ҳуқуқ фалсафаси» асарида. Бошқача айтганда, Туркистон бундан буён шимолдан жанубга томон бўладиган ҳарбий юришларда кўприк вазифасини ўтамаслиги керак. Бундай ҳарбий юришлар қандай натижалар билан тугаши эса Афғонистонда ўн йилдан ортиқ давом этган, миллионлаб бегуноҳ кишиларнинг умрини ҳазон қилган қонли уруш яққол кўрсатди.

Ҳар бир давлат ташқи сиёсатининг шаклланишида иқтисоднинг аҳамияти катта. Ташқи сиёсатнинг миқёси давлатнинг иқтисодий қудратига мутаиосиб бўлади. Туркистон китьа ичидаги минтақа саналади, бу эса унинг иқтисодиётидаги ғоят заиф томондир. Шу боисдан бу жўғрофий чекланганлик унинг ташқи сиёсатига сезиларли таъсир кўрсатади.

Туркистон ташқи сиёсатида жаҳон савдосида фаол иштирок этиш муҳим қоида бўлиши керак. Халқаро савдода эса 80 фоиздан ортиқ юк океанлар орқали ташилади. Туркистон учун океанга чиқишнинг энг қисқа йўли — жанубдаги қўшни мамлакатлар ҳудудидан ўтади. Шундай экан, бизнингча, ташқи сиёсатимизни шимолдаги қўшнимизнинг хоҳиш-иродасига мослаштиришга интилсак, бугун бўлмаса, эртага биз учун жанубдаги савдо йўллари беркилиб, жаҳон иқтисодий кенгликларидан узилиб қолишимиз, осмондан тушгандай берилган мустақиллигимиздан айрилиб, яна Россиянинг хом ашё манбаига айланиб қолишимиз мумкин. Маълум ҳудуд билан чекланган ва ўзида дунё бозори нафасини сезмайдиган иқтисодиёт эса қеч қачон ривожланмайди.

Халқаро муносабатларнинг моҳияти шундан иборатки, у мутлақ мустақил давлатларнинг иродаси билан белгиланади ва бу демак, ташқи сиёсатда хаафсизлик масаласи ғоят муҳим аҳамият касб этади. Биз бугунги мустақиллигимиз шароитида нигоҳимизни шимолга ўгирсак ва Россиянинг ҳарбий қудратига таянган ҳолда иш тутсак, нисбатан осон йўлни танлаган бўламиз. Бу осон йўл эса эртага бизни чинакам миллий тараққиётдан маҳрум қилиб қўйиши мумкин.

Россия замонавий қуролларни бошқа жумҳуриятлар ҳудудидан ўз ҳудудига кўчириб олиб кетиб, ўз хавфсизлигини таъминлади ва бир пайтнинг ўзида қўшни давлатларга нисбатан ҳарбий устунликка эга бўлиб олди. Бошқача айтганда, Россия собиқ иттифоқдош жумҳуриятларга нисбатан устамонлик қилди, бунда унга Совет Армияси офицерларининг тўқсон фоизи россияликлар бўлгани қўл келди. Россия томонидан амалга оширилаётган бу ва яна бошқа зўравонлик хатти-ҳаракатлари унинг ташқи сиёсатига ҳамон империячилик кайфиятида юрган шахслар таъсир кўрсатаётганлигини билдиради, мустақил давлатлар уюшмаси истиқболига бўлган шубҳани кучайтиради. Аммо муносабатлардаги мавжуд адолатсизликларга қарамасдан, мустақиллик — Туркистон учун буюк ҳодисадир.

Соф иқтисодий жиҳатдан қараганда ҳам Россия билан иттифоқ фойдали, деб бўлмайди. Сабаби, мазкур мамлакат ҳудуди аҳолисига нисбатан ниҳоятда катта, ноўрин харажатлари кўп. Бу вазият мамлакат аҳолисини мунтазам танг ҳолатда тутиб туради. Қисқаси, Россия оғир карвон, у билан иқтисодий муносабатларни кучайтиришнинг фойдасидан зарари кўп бўлиши мумкин. Бу мамлакат билан иттифоқ бўлиб қўлга киритадиган хавфсизлигимиз эса бизни чинакам тараққиёт йўлидан маҳрум этиши мумкин бўлган шубҳали бир нарсадир.

Таниқли рус файласуфи Николай Бердяев «Россия тақдири» асарида шундай деб ёзади: «Рус халқи улкан кенгликларга жуда осон эга бўлиб олди, лекин дунёдаги энг улкан давлатга бу кенгликларни ташкилий жиҳатдан қовуштириш, унда тартибни сақлаш ва муҳофаза қилиш осон бўлмади. Бунга рус халқи кучининг катта қисми кетди. Рус давлатининг ҳажми рус халқи олдига чоғи келмайдиган вазифаларни қўйиб, уни беқиёс танг аҳволда тутиб турди. Ўз давлатини тузиш ва муҳофаза қилишдек улкан иш рус халқи куч-қувватини қуритди. Эҳтиёжлари ортиқча эркин кучни жуда оз қолдирар эди. Рус кишисининг бутун ташқи фаолияти давлатга хизмат қилишга бахшида бўлар эди. Бу эса рус кишиси ҳаётида нохуш из қолдирди. Руслар қувониш нима эканлигини қарийб билмайдилар, дейиш мумкин. (Ўзи осон босиб олган ерлардаги халқларга ишончсизлиқ унга хос миллий феъл-атвор бўлиб қолди.) Бу табиий, чунки рус халқи мунтазам мустамлака халқлар томонидан қарши зарба берилишини кутиб яшади».

Бундан ташқари ислом мамлакати сифатида мустақил Туркистон олдида тарихан қийин давлат қурилиши вазифаси турибди. Гап шундаки, соф ислом типидаги давлат жаҳон тараққиётининг замонавий талабларига жавоб бермайди. Умуман жаҳондаги давлат тузилиши шакллари орасида ислом давлатини истисно тариқасидаги ўзига хос фавқулодда давлат шакли дейиш мумкин. Бу демак, ушбу масалалар туркумини ҳал қилишда ҳам ҳали иккиланишлар бўлиши мумкин. Бироқ бу ерда шу нарса аниқки, ташқаридан зўравонлик билан олиб келиб тиқиштирилган, шу пайтгача мавжуд бўлган совет давлат тузуми Туркистон жамиятининг руҳий маънавиятига тўғри келмайди.

Эркин жамиятнинг ҳар қандай давлат тузуми ўз ахлоқига муносиб бўлишга интилади. Мабодо давлат тузуми ташқаридан келтирилган бўлса, демак, халққа бегона бўлса, у ҳеч қачон унинг равнақига ва камолотига хизмат қилмайди ва эртами-кечми халқ миллий руҳини қаноатлантирадиган ҳолатга келади. Ана шундагина давлат тузуми замини динида бўлган жамият ахлоқига мувофиқ бўлади ва халқи ўз виждонига мувофиқ яшай бошлайди.

Ҳар қандай жамият дунёвий ҳуқуқий давлатга интилиши керак, лекин уни иелом жамиятида қарор топтириш осон иш эмас. Ҳар ҳолда халқ давлат тузуми ўз фаолияти натижаси эканлигини ҳис қилиши керак. Бу халқига манзур бўлишни истайдиган ҳар қандай давлат олдига қўйиладиган оддий талабдир.

Аслида давлат ҳам аҳлоқдир, фақат у алоҳида шаклда — қонунлар шаклида ифодаланади. Хўш, Туркистон ҳозирги мавжуд давлат тузуми масалаларини оқилона ҳал этиш учун қайси халқлар билан яқиндан ҳамкорлик қилиши керак? Ўз-ўзидан шундай жавоб пайдо бўлади: Туркия билан яқиндан ҳамкорлик қилиш керак. Шу маънода ҳозирги пайтда Ўрта Осиёдаги кўпчилик давлатлар, биринчи навбатда Ўзбекистон, тараққиётнинг Туркия моделини танлаб, бу мамлакат билан сиёсий, иқтисодий, маданий алоқаларни кучайтираётганликлари ғоят таҳсинга лойиқ ҳодисадир.

Туркия ислом дунёсида ўзида ғарб намунасидаги дунёвий ҳуқуқий давлатни барқарор қилган ва жаҳондаги тараққий этган мамлакатлар сафига қўшилган ягона мамлакатдир. Бу жараён чинакам ижтимоий-сиёсий ҳаракат бўлди ва Туркия тарихида бутун бир асрни эгалладики, мана шунинг ўзи муаммонинг қийинлиги ва жиддийлигини кўрсатади. Хуллас, бундан буён бу давлат билан муносабат Туркистон учун устун даражада аҳамиятга эга бўлиши керак.

Туркистон ташқи сиёсати учун унинг ички ҳолати билан боғлиқ муаммолар ҳам муҳим аҳамият касб этади. Бу ерда биз ташқи сиёсат ҳақидаги мулоҳазаларимизда Туркистон таркибига кирган мустақил давлатлардан бири — Қозоғистон, Ўзбекистон, Тожикистон, Қирғизистон ёки Туркманистонни эмас, балки ягона субъект — Туркистонни назарда тутаётганлигимиз тасодифий эмас. Туркистон, инқирозга учраган марксизм-ленинизм назариясида айтилганидек, ўлка тарихан қолоқ бўлганлиги, ижтимоий-иқтисодий формациянинг қандайдир ноаниқ босқичида турганлиги ва аҳолисииинг асосий кўпчилиги бир синфга мансублиги учун ягона бўлган эмас, аксинча, бу оллоҳнинг иродаси бўлган. Бошқача айтганда, сув анча тақчил бўлган экологик система шуни тақозо этган. Мустамлакачилар бу вазиятни тушунган ҳолда, бўлиб ташлаб, ҳукмронлик қил, шиорига биноан, ўлкани ҳудудларга ва миллатларга ажратиб ташладилар. Ўлкадаги икки катта дарё — Амударё ва Сирдарё сувини тала-тала қилиш ҳам аслида ана шундан кейин бошланди. Шунинг учун ҳам биз ўлкани тарихий номи билан Туркистон деб атаяпмиз.

Ҳа, Россия бундан 125 йил аввал ўлкани мустамлака қилиб олгач, унинг ижтимоий ва табиий бирлигини йўқотиш учун ҳамма ишни қилишга улгурди. Бироқ эндиликда бу вазият тарих бўлиб қолаётганга ўхшайди. Бугунги кунда Туркистон халқларининг тарихий, миллий, диний бирлиги қай аҳволда бўлмасин, мустақил давлатларнинг пайдо бўлганлиги мавжуд воқеликдир, у ўзгармас бўлиб қолиши керак. Бу ерда бошқа нарса муҳим. Ташқи кучлар воситасида амалга оширилиб келинган бўлиб ташлаш ва орага низо солиш жараёни тобора кенг миқёс олиб кетмаслиги ва келгусида бу ер танглик ўчоғига айланмаслиги учун, ўлканинг ҳаётий зарурат бўлган бирлигини тиклаш ва қўллаб-қувватлаш мақсадида Туркистондаги мустақил давлатларнинг ташқи сиёсати, аввало ўзаро алоқаларда, ундан кейин эса кенг минтақа миқёсида бош йўналишлар бўйича бир хил бўлиши керак. Буни аниқ қандай амалга ошириш мумкин? Ёки ташқи сиёсат йўлини белгилашда нима энг муҳим бўлиши керак? Шубҳасиз, энг муҳими миллий тараққиёт ғояси бўлиши керак.

Давлат, миллат, инсон — булар биринчи навбатда руҳдирлар, уларнинг мақсади эса эркдир. Руҳ ушбу мақсадни ўз фаолияти орқали амалга оширади. Совет ҳокимияти йилларида биз руҳ сўзини инсоннинг ҳақиқий моҳиятини ифодаловчи ибора сифатида қўллашни унутиб юбордик, эндиликда ҳамма нарса ўрнига қўйиляпти. Миллатнинг камолоти узоқ давом этадиган тарихий жараёндир ва бу жараённинг ниҳояси шундан иборат бўладики, у ўзини камолга етган руҳ сифатида тан олади. Ўзини ана шундай руҳ сифатида тан олишгина миллий маданиятнинг чўққиси саналади ва чексиз борлиқни чинакамига эгаллашга йўлни очиб беради. Бироқ миллий тараққиёт бутун жаҳон тарихида рўй беради ва ҳеч бир давлат ўз тараққиёт ғоясини бошқа давлатлар билан муносабатларсиз амалга ошира олмайди. Сабаби, ҳар қандай ажралиш миллат учун ҳалокатли бўлиб, унинг умуминсоний тараққиётини тўхтатиб қўяди. Ташқи сиёсат нимага амал қилиши керак: хавфсизлик манфаатларигами ёки тараққиёт ғояларигами?

Гап шундаки, булар бир медалнинг икки томонидир, бирисиз иккинчисини тасаввур этиб бўлмайди. Тараққиётсиз хавфсизлик хаёлий бир нарсадир. Сиртдан вақтинчалик, тез ўзгарадиган вазиятга боғлиқдай ва фақат тасодифий воқеалардан иборат булиб кўринадиган ташқи сиёсат, аслида фавқулодда барқарор бир нарсадир. У ғоят ташкилий йўсинда бўлиб, ўзи учун мутлақ мақсадга — миллий манфаатларга хизмат қилади. Ўзбекистон Совет Социалистик Жумҳуриятида ҳам ташқи ишлар вазирлиги бор эди. Лекин аслида бу вазирликнинг саёҳатлар бюросидан фарқи кам эди — ходимлари асосан Москвадан юборилган чет эллик юқори мартабали меҳмонларга жумҳуриятнинг диққатга сазовор жойларини кўрсатиш билан шуғулланишарди.

1991 йил сентябрдан бошлаб ташқи ишлар вазирлиги мустақил Ўзбекистон жумҳурияти ҳукумат идораларк орасида етакчи ўринлардан бирини эгаллайдиган бўлиб қолди. Ташқи сиёсат давлатнинг алоҳида соҳасида — ҳукуматда ижод қилинади, Ташқи сиёсатнииг яширин мантиқидан, унинг ички заруриятидан жамоатчилик кўпинча хабарсиз бўлади ва у мунозара мавзуига айланади. Халқаро муносабатларнинг оддий ҳаётда енгил муҳокама қилиниши шунинг учун ҳам тўғри асосда бўладики, бу муҳокамалар давлатларнинг мутлақ мустақиллнги фикрига асосланади. Бироқ бу фикр олға бормайди ва давлат ғоясига сингдирчлмайди, Бу эса жамоатчилик ўртасида аниқ сиёсий ҳодиса атрофида турли хил миш-мишларнинг мавжуд бўлишининг асосий сабабидир. Сиёсат тушунчаси давлатга даҳлдор ҳодисаларга қўлланилиб, бунда қонун ва давлат конституцияси орқали ифодаланган умумий ғояларнинг амалдаги кундалик ижроси кўзда тутилади. Ташқи сиёсатга кандайдир иккинчи даражали иш деб қарамаслик керак. Ташқи сиёсат ички сиёсат билан мустаҳкам боғланган ва жамиятнинг равнақига хизмат қилишга даъват этилгандир. Ҳозирги даврда жаҳондаги тараққиёт суръатлари жадаллашаётганлиги муносабати билан бу икки соҳа тобора қўшилишиб кетаяпти.

Одатда мунозараларда дввлат фаолиятини одамлар ўртасидаги муносабатга ўхшатишади. Бу ўхшатишдан фойдаланганда давлатлараро муносабатларнинг ҳақиқий табиатини англаш мумкин. Давлат ва инсои иродага, тафаккурга, эҳтиёжга, эга. Фарқи шундаки, инсон ирода эгаси сифатида субъектив, тасодифий, ўткинчидир ва хатти-ҳаракатлари у яшаб турган давлат қонунлари билан маълум даражада белгилаб қўйилган бўлади. Айни пайтда давлат эса тугал бир ҳосиладир, ўз билимларини қонунларнинг барқарор шаклларида ифодалайди ва шу боисдан ирода сифатида мутлақ мустақилдир. «Давлат устидан суд бўлмайди, уларнинг муносабатлари нари борганда ҳакамлар судьялиги ва воситачилар томонидан, бу ҳам бўлса онда-сонда, яъни ўзига хос ирода билан бошқариб борилади», деб ёзади Гегель «Ҳуқуқ фалсафаси» асарида.

Бундан давлатлар ўртасидаги муносабатда мутлақ зўравонлик бўлиши мумкин, дегач хулоса чиқадики, бу анча кенг тарқалган фикрдир. Бироқ тэшқи сиёсат тўғрисида бундай тасаввурга оддий кишилар эгалар ва улар таҳминан шундай фикр юритадилар: давлат мутлақ мустақил иродадан иборат, давлатлар ўртасидаги ташқи муносабатлар уларнинг алоҳида иродаси асосида қурилади; давлатлар ўртасидаги муносабатларнинг қай йўсинда бўлиши асосан куч билан белгиланади; бутун жаҳон тарихи баҳслар, можаролар, урушлар, дипломатик найрангларнинг беҳисоб манзарасидан иборатдир.

Ташқи сиёсатни чуқурроқ тушуниш учун эса давлатнинг моҳиятини билиш лозим бўлади. Давлатнинг табиати инсониятнинг бутун тарихи мобайнида жумбоқ бўлиб қолди. Дарҳақиқат, табиатнинг ажойиб ижоди бўлмиш инсонни ҳайратомуз бир йўсинда бирлаштирган давлат ягона бир тирик нарсадир. Инсоннинг адашишлари натижасида юзага келадиган ҳар хил ғовларга қарамасдан, асрлар оша ҳаракат қилиб, ўзининг ички қурилишидаги ўзгармас принципларни сақлаб келаяпти. Давлатнинг айнан шу принциплари воситасида авлоддан авлодга инсон моҳиятининг рўёбга чиқарилиши таъминланиб келинаяпти.

Давлат одамларнинг механик бирлашувидан иборат эмас. Бундай содда тушунча унинг чинакам моҳиятини бузиб, тушунарсиз қилиб қўяди. Гегель шундай ёзади: «Худонинг табиатда ифодаланадиган донолиги ҳақида кўп гапирилади. Бироқ табиатнинг физик дунёси руҳий дунёсидан устун деб ўйламаслик керак, наинки, руҳ жисмоний ҳаётдан беистисно устундир. Шу боисдан давлатни ер юзидаги илоҳий бир нарса, деб қараш керак ва шуни англаш керакки, табиатни тушуниш қийин бўлганидек, давлатни тушуниш ҳам беадад қийиндир. Шу нарса юксак даражада муҳимки, янги даврда умуман давлатга нисбатан маълум нуқтаи назар пайдо бўлди ва конституцияни муҳокамасига ва уни англашга ҳам шундаи эътибор бериляпти». Давлат сингари руҳий нарсага содда, қўпол ёндошув ижтимоий тарихда тузатиб бўлмас хатоликларга ва ўзгаришларга олиб келади. Буни бизнинг етмиш беш йиллик тарихимиз яхши исботлаб берди.

Давлатга эҳтиёткорлик ва буюк ақл билан муносабатда бўлиш керак, сабаби, у ахлоқий принципларга таянади ва асрлар мобайнида шаклланиб боради. Ҳар қандай давлатнинг камолга етганлиги инсоннинг чинакам табиатини, эркини рўёбга чиқара билишига нақадар қодирлиги билан ўлчанади. Мабодо, биз ҳозирги қийин аҳволда эндигина ўзининг ҳақиқий қиёфасига эга бўлаётган давлатга юзаки ва эски ўлчовлар билан ёндошсак, олға боришимиз даргумон бўлиб қолади. Давлатнинг ҳақиқий руҳинй англашнинг йўқлиги ташқи сиёсатда муқаррар равишда ўз ифодасини топиб, миллий тараққиётнинг асосий тарози бўлган мустақиллигимизни бой бериб қўйишимиз мумкин.

Жумҳуриятимиз бозор иқтисодиётига ўтиб боргани сари ташқи сиёсатнинг аҳамияти ортиб боради. У миллатнинг чинакам қадр-қимматини ифодаловчи ўзига хос кўзгу сингаридир. Тарих Туркистон халқлари ўзларини бутун масъулият билан аиглашлари, ёрқин истиқбол йўлларини белгилаб олишлари учун жуда оз вақт ажратди. Бунинг учун бизга вақт етадими? Аввало узоқ йиллар ҳукмрон бўлган коммунистик мафкура таъсирида ўзининг чинакам моҳиятини— ирода ва руҳият бўлиши лозимлигиии унутган жамоатчилик онгида, тафаккурида кескин бурилиш қилиш керак. Унга етмиш йил мобайнида Россия катта оғамиз, ҳомийимиз ва ҳимоячимиз, деган тушунча зўр бериб сйнгдириб келинган. Бироқ бу сохта ниқоб эканлигини қайта қуриш йиллари ан-чагина кишилар тушуниб етдилар. Россиянинг Туркистонга муносабатининг ҳэниқий моҳияти ўлканинг мўл хом ашё бойликларидан фойдаланишга интилиш билан белгиланади. Тафаккурни ўзгартириш Россия тўғрисидаги хомхаёлдан воз кечишдангина иборат эмас, энг муҳими, дунёқарашдаги эскича тасаввурлардан воз кечишимиз керак. Бу демак, шахсий ҳаётимизни оддийгина кун кечириш деб билмай, ўзнмизни ҳар томонлама камол топтириб боришимиз ва жаҳон даражасига мувофиқ келадиган умуммиллий тараққиётга эришиш зарурлигини англаб етишимиз зарур.

Ташқи сиёсат ёпиқ эшиклар орқасида ижод қилинади, деб ўйлаш расм бўлган. Аслида ташқи сиёсатнинг вақтинча ва ўткинчи масалалари шундай хал этилади. Унинг истиқбол масалалари, яъни миллий мустақиллик йўли эса ошкора, қатъий, иккиланг масдан ва ҳар хил найрангларсиз амалга оширилиши керак.

Ташқи сиёсатимизнинг истиқбол йўллари тўғрисидагк мулоҳазалардан шундай хулоса чиқариш мумкин: 1. Туркистоннинг чинакам миллий тараққиёти учун чннакам мустақиллик керак. 2. Туркистон ўзининг жўғрофий-сиёсий ҳолати жиҳатидан сиёсий мувозанат маркази саналади ва айнан шунинг учун ҳам бирон-бир иттифоққа кирмагани маъқул. Бу эса бетарафлик демакдир.

Тарихан халқаро муносабатларда бетарафлик қадим-қадим замонларда ҳам бўлган, лекин ундан фақат уруш пайтида фойдаланилган ва давлатнинг урушаётган ҳар икки томонда ҳам иштирок этмаслигини англатган. Секин-аста у тобора кенгроқ аҳамиятга эга бўлиб бориб, тинчлик даврларида ҳам қўлланила бошланди. XIX асрда, доимий-бетарафлик тушунчаси шаклланди. 1815 йилда Швейцария тарихда биринчи бетараф давлат бўлди. Бетараф давлатнинг ҳуқуқи ва бурчлари расман 1907 йилдаги V Гаага шартномасида белгиланди. Халқаро шартнома ёки ички қонунчиликка мувофиқ равишда сиёсий, ҳарбий иттифоқларда ва ҳар қандай урушларда (ўзини мудофаа қилиши бундан мустасно) қатнашмаслик мажбуриятини олган давлатлар доимий бетараф давлатлар саналади. Бошқача айтганда, бетарафлик халқаро тинчлик ва хавфсизликни таъминловчи халқаро-ҳуқуқий воситадир.

Австрия томонидан 1955 йилда доимий бетарафлик сиёсатининг ишлаб чиқилиши ва қабул қилинишида фаол иштирок этган Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг собиқ бош котиби, Австрия ташқи ишлар вазири Курт Вальдхайм шундай деб ёзган эди: «у (бетарафлик сиёсати) ҳарбий битимлар билан боғланган давлатларнинг сиёсатидан бирмунча мураккаброқдир, чунки бундай давлатлар исталган пайтда ўз иттифоқчилари билан маслаҳатлаша олади ва кўпгина муҳим масалаларни ҳал этганда ўз шериклари билан биргаликда ҳаракат қилади. Бунинг эваэига хавф туғиладиган бўлса, у иттифоқдошлари томонидан ҳимоя қилинади. Бетараф давлатларнинг аҳволи эса мутлақо бошқача. Унинг ихтиёри ўзидадир ва ўз қарорларини мутлақо мустақил равишда, мавжуд вазиятнинг барча омилларини пухта ўргангандан кейин қабул қилишга мажбурдир»,

Доимий бетарафликка шубҳа билан қарайдиганларга шундай эътироз билдириш мумкин: Бизнинг ижтимоий онгимизда шундай бир халқаро ҳуқуқ тўғрисида тасаввур борки бунга биноан давлатлар ўзаро муносабатларга алоҳида ирода сифатида киришадилар ва бинобарин қандайдир бир умумий ҳуқуқ йўқ, деб қаралади. Бу тасаввур ва шунга мувофиқ равишда дунёда юзага келган қарама-қаршилик Совет Иттифоқи сиёсати ва унинг турли хил ижтимоий-сиёсий тузумларнинг муросасизлиги тўғрисидаги мафкураси натижасидир. Бундай иғвогарона ташвиқот халқларни иттифоқда ушлаб туриш учун қулай эди. Бу демак, халқлар ҳали бу қўрқув ҳолатидан руҳий жиҳатдан буткул чиқиб улгурганларича йўқ, ҳозирги пайтда дунёда «замонавий халқаро ҳуқуқ» мавжуд. XX аср бошида пайдо бўлган бу ибора халқларнинг тараққиёт даражасидан қатъий назар давлатлар ўртасида янги тенг ҳуқуқли муносабатларни қарор топтирди ва тинч-тотув яшаш ва ҳамкорлик қилиш мақсадларига хизмат қилаяпти.

Замонавий халқаро ҳуқуқда XX аср охирида жадал суръат ўзгаришлари юз берди ва анча ишончли бўлиб қолди. Ундан аввалги халқаро ҳуқуқ эса «тараққий этмаган» халқларни ҳимоя қилмас ва «тараққий этган» халқлар орасидагина таъсир доирасига эга эди. Бу демак, XX аср охирида собиқ Иттифоқ ўрнида пайдо бўлган янги мустақил давлатлар собиқ «муштумзўрлик халқаро ҳуқуқи» шароитида эмас, балки замонавий халқаро ҳуқуқ шароитида фаолият кўрсатишлари билан ҳам омадлидирлар.

Давлатларнинг бетарафлиги сиёсатчилар тўқиб чиқарган нарса бўлмай, балки бутунжаҳон тарихий жараёнида юзага келган заруратдир. Булар дунёнинг ўзига хос «қиролча»лари бўлиб, дуч келган жойда эмас, балки ер куррасининг маълум жойларида, одатда турли хил жаҳон маданиятлари ва цивилизациялари туташган ерларда пайдо бўлади. Халқлардаги руҳий фарқ — ижтимоий ҳаётдаги барча фарқларнинг асосидир ва шу боисдан, барқарор, ғоят ўзига хос ва муҳим аҳамиятга эга бўлган бу руҳий фарқлар, бир-бирини ўзаро тушунишда халқлардан анчагина куч-ғайратни талаб этади. Австриянинг доимий бетарафлиги шу билан белгиланган эдики, у йирик тарихий маданиятлар: роман-герман, славян ва лотин маданияти туташган ерда жойлашган. Туркистон ҳам учта жаҳон цивилизацияси туташган ерда жойлашган, улардаги фарқ илдизлари эса олис ўтмишга бориб тақалади. Бундан шундай хулоса қилиш мумкинки, Туркистонга бетарафлик Австрияга нисбатан ҳам зарурроқдир.

Шу муносабат билан бетарафлик сиёсатининг ўзига хос муҳим томонини таъкидлаб ўтиш лозим бўлади. Бетараф давлатлар можароларнинг иштирок этмайдиган гувоҳлари бўлиб қолмайдилар, аксинча тинчлик сиёсатининг фаол воситачисига айланадилар, юзага келиши мумкин бўлган можароларни тинч йўл билан бартараф этиш лозимлиги ҳақида олдиндан огоҳлантирадилар. Туркистон Россия билан бир давлатни ташкил этган давр тарихи шуни кўрсатдики, Россиянинг, жумладан, ислом дунёсига нисбатан ҳукмронлик сиёсатида Туркистоннинг ҳеч қандай таъсири бўлмади.

Бетарафлик кўпгина халқлар хавфсизлигининг табиий зарурати бўлганлиги сабабли ҳам, у бир тарафлама эмас, балки барча манфаатдор давлатлар томонидан олға сурилади ва ўшалар томонидан доимий бетарафликни қабул қилган давлат хавфсизлиги таъминланади.

Жумладан, 1955 йил 26 октябрда Австрия Миллий Кенгаши (парламенти) томонидан доимий бетарафлик тўғрисида конституция қонуни қабул қилингунга қадар, Гитлерга қарши коалицияга кирган давлатлар томонидан Австрия хавфсизлигини кафолатловчи Москва Меморандуми тузилган эди.

Швейцария бетарафлиги 1815 йилда «Швейцария бетарафлигини ва унинг ҳудуди даҳлсизлигини нисбатан тан олиш ва кафолатлаш» акти билан белгиланган ва бир қатор давлатлар, шу жумладан Россия томонидан ҳам кафолатланган.

Давлат халқаро кафолатга эга бўлганидан кейин ўзига бетарафликнинг халқаро ҳуқуқ нормаларида белгиланган мажбуриятларни олади.

Ҳозирги дунё бундан 50 йил аввалги дунё эмас. У пайтда давлатлар ташқи дунёда амалда ёлғиз эдилар ва фақат ўз куч-имкониятларига таяниб иш юритардилар. Урушдан кейинги йилларда, айниқса, ҳарбий қуролланиш соҳасида мисли кўрилмаган фан-техника тараққиёти юз берганлиги натижасида халқаро муносабатлар асосида сифат ўзгаришлари юз берди. Эндиликда давлатларнинг хавфсизлигини фақат коллектив асосда таъминлаш мумкин.

Иккинчи жаҳон урушидан кейин давлатларнинг умумий хавфсизлигини таъминлашга даъват этилган БМТ пайдо бўлди, Агрессияни таъқиқлаш ҳамма давлатлар учун БМТ Устави асосидаги барча тан олган ва барча учун мажбурий бўлган қоидага айланди. БМТ Уставига биноан халқаро тинчлик ва хавфсизликни сақлаш замонавий халқаро ҳуқуқнинг барча тан олган қоидалари ва нормалари асосига қурилиши ва Бош Ассамблея ҳамда хавфсизлик Кенгаши томонидан амалга оширилиши керак.

Туркистон минтақасидаги мустақил давлатлар ташқи сиёсатида Туркистонни экологик система сифатида сақлаш энг муҳим масалалардан саналади. Бу муқаддас вазифани жаҳон сиёсатининг тебранишларидан ҳоли ва бу минтақада анъанавий тинчликсеварлик ва тотувлик руҳини барқарор қила оладиган ҳамжиҳатликдаги бетарафлик сиёсати шароитидагина амалга ошириш мумкин. Минтақадаги бешта давлатнинг ўзаро келишмасдан қилган ҳар қандай ҳаракати, масалан, улардан биронтасининг ташқи иттифоққа қўшилуви минтақанинг бой, лекин жуда мўрт, барқарор бўлмаган табиатининг ҳалокати билан тугаши мумкин.

Фақат ҳамжиҳатликдаги бетарафлик сиёсатини амалга ошириш йўли билангина Орол фожиасини бартараф этиш мумкин.

Бетарафлик сиёсати туфайли Туркистон жаҳон иқтисодий кенгликларига йўл очади. Ягона иқтисодий ҳудуд тўғрисида Москвадан бўлаётган даъватлар эса Туркистон учун яхшилаб ниқобланган қопқондан бошқа нарса эмас. Туркистон жануб орқали денгизга чиқиш имкониятидан маҳрум бўлса, табиий йўсинда Россиянинг иқтисодий бандисига айланиб қолади. Албатта, иқтисодий алоқалар зарур — бу табиий, лекин у бир йўна-лишда, бирон-бир мамлакатнинг устунлигини таъминлайдиган йўсинда бўлмаслиги керак. Бундай қилиш сиёсий мувозанатни бузади ва мустақиллигимизга путур етказади. Шу муносабат билан иккита мисол келтираман.

Японияни олайлик. Саноати юксак даражада ривожланган ва ўз хом ашё манбаларига эга бўлмаган бу мамлакат ташқи сиёсат маҳкамаларидан маҳорат билан иш олиб бориш тақозо этилади. Япония амалга ошираётган қуролланишсиз бетарафлик сиёсати шу мақсадни амалга оширишда маълум даражада қўл келаяпти. Мамлакат ташқи сиёсат маҳкамаларининг қарийб бирдан-бир йўли бутун дунёдаги барча мамлакатлар билан иқтисодий алоқаларни кенгайтиришдан, япон моллари учун бозор ахтаришдан ва мамлакатни хом ашё ва ёқилғи билан таъминлашдан иборатки, булар унинг жаҳон миқёсидаги хатти-ҳаракатларига соф иқтисодий тус беради. Мамлакат ташқи сиёсат маҳкамаси Япониянинг ишбилармон доираларига жуда яхши хизмат қиляпти ва бир пайтнинг ўзида ташқи сиёсат вазифаларини ҳал этишда иқтисодий рмиллардан самарали фойдаланяпти.

Ёки Австрияни мисол келтирайлик. 1955 йилда доимий бетарафлик сиёсатини зълон қилган бу мамлакат Оврўпа иқтисодий ҳамжамиятининг асосчиларидан бўлди. К. Вальдхаймнинг таъкидлашича, «бу биринчи навбатда иқтисодий мулоҳазалар билан қилинди, наинки Биринчи жумҳуриятга, унинг иқтисодий жипслигини таъминлаш учун денгиз йўли етишмай турган эди» (Курт Вальдхайм, «Австрия йўли», 116-бет).

Тўғри, ислом давлатининг доимий бетарафлиги ислом оламида ислом принципларидан чекинишдай бўлиб туюлиши мумкин, сабаби, исломнинг ўзига хос томони шундаки, у эътиқод манфаатларини давлатдан жуда кам фарқлай олади. Лекин ҳозирги даврда давлат тузилишининг дунёвий шаклларига мослашиши зарурати муносабати билан исломда юз бераётган ўзгаришлар умумий жараёнида Туркистон доимий бетарафлик ташқи сиёсатида, афтидан, ўзига хос биринчи кашшоф бўлади.

Тарих шуни кўрсатяптики, бошқача руҳдаги цивилизация билан мустаҳкам иттифоқ ҳеч қачон оқилона иш бўлмаган, чунки бунда самимий хайрихоҳлик бўлмайди ва пировардида ҳамма нарса кучли томонга бўйсуниб кетади. Қайта қуриш даврида улкан давлатнинг бошқарувнинг маъмурий-буйруқбозлик усулидан бозор муносабатларига ўтказиш муаммоларини муҳокама. қилиш жараёнида жумҳуриятларнинг иқтисодий шарт-шароитлари тенг эмаслиги ҳақида кўп гап-сўзлар бўлганлиги ҳам тасодифий эмас. Бундан шуни англаш мумкинки, собиқ Иттифоқнинг асосий таянч саноат корхокалари Россияда, Украинада жойлашган, Туркистон жумҳуриятлари эса ўз иқтисодий мустақилликларини оз-моз бўлса-да таъминлайдиган саноатсиз қолдилар.

Туркистоннинг мустақил давлатлари, ислом жамиятлари сингари миллий руҳ, маданиятни қайта оёққа турғазиш учун, замонавий дунёвий, ҳуқуқий давлатни қарор топтириш учун катта йўлни босиб ўтишлари керак. Лекин бу ишни ўзлари, бошқаларни аралаштирмасдан амалга оширишлари лозим. Миллий руҳ эркин эканлигини ҳис этиши лозим, фақат ана шундагина у ўзини англайди ва чинакамига такомиллашади,

БМТ Уставида дунёнинг халқаро тузилиши асосларини белгилар экан, уларга риоя этишда яхши қўшничилик муносабатларидан ташқари, тинчликни қўллаб-қувватлаш учун давлатларнинг ҳамжиҳатликда ҳаракат қилиш қоидасини ҳам кўзда тутади, БМТ Уставининг 52-моддасига биноан минтақалар доирасида халқаро тинчликни қўллаб-қувватлаш имкониятлари қайд этиб ўтилади. Хавфсизликнинг минтақалараро системалари бутун жаҳон хавфсизлик системасининг таркибий қисми бўлиши керак.

Туркистон минтақасида янги мустақил давлатларнинг Найдо бўлиши минтақа хавфсизлигини таъминлаш муаммосига дарҳол ва жиддий муносабатда бўлиш вазифасини қўяди. Шартли равишда Ўрта Шарқ деб номланган бу регион қуйидаги мамлакатларни қамраб олади: Туркистондаги беш давлат, Хитой, Россия, Эрон, Ҳиндистон, Афғонистон, Туркия, Покистон, Озарбайжон. Коллектив хавфсизлик дастурини амалга ошириш бу минтақадаги барча давлатлардан энг юксак даражада дипломатия ишларини кучайтиришни тақозо этади. Бу дастур БМТ раҳбарлигида амалга оширилиши лозим.

Бу ерда биз олға сураётган ташқи сиёсатга назарий қарашлар жумҳуриятимиз раҳбарлигининг юқори Доираларида маъқулланса, мазкур минтақадаги умумий хавфсизликнинг мумкин бўлган вариантларидан бири сифатида БМТга экспертизага юборилиши керак. Оврўпада хавфсизлик ва ҳамкорлик бўйича Хельсинки Шартномаси билан мустаҳкамланган Оврўпада умумий хавфсизлик тажрибаси Ўрта Шарқдаги умумий хавфсизлик ва ҳамкорлик ҳам тантана қилади, деб умид қилишимизга асос беради. Туркистон зиммасига руҳий ва сиёсий мувозанат маркази бўлишдек буюк шараф тушяпти. У бу мувозанатни сақлаш ва тинчлик тимсоли бўлишдек муқаддас бурчини бажариши керак.

“Шарқ юлдузи” журналининг 1992 йил 7-сонидан олинди.