Аҳмад Табибий (1869-1911)

Аҳмад Табибий (тахаллуси; асл исм-шарифи Аҳмад Али Муҳаммад ўғли, 1869—Хива—1911) — шоир, таржимон, табиб. Хива мадрасаларидан бирида ўқиган. Отасидан ва замонасининг машҳур табиби Яхшимуродбекдан табибликни ўрганган, Муҳаммад Раҳимхон II (Феруз) саройида табиблик қилган. Шеъриятда шуҳрат қозонган.

Ўзбек ва форс-тожик тилларида, мумтоз адабиётнинг анъанавий жанрларида ижод қилган. Шеърларидан 5 девон — «Туҳфат ус-султон», «Мунис ул-ушшоқ», «Ҳайрат ул-ошиқин» (ўзбек тилида), «Миръот ул-ишқ», «Мазҳар ул-иштиёқ» (форс-тожик тилида) тузган. Уларда реал ҳаётни, соф муҳаббатни улуғлаган («Айладинг», «Озоридур» ва б.).

Табибий ўзбек адабиётида мухаммас жанрини ривожлантирган: Навоий, Саъдий, Жомий, Зебуннисо, Мунис, Огаҳий, Мирзо Ғолиб ва бошқанинг ғазалларига 518 та мухаммас боғлаган. Хоразм шоирлари ҳақида «Мажмуат уш-шуарои пайрави Феруз Шоҳий», «Мажмуаи мухаммасоти аш-шуарои Феруз Шоқий» (1909) тазкираларини тузган. Иккинчи мажмуаси, асосан 33 шоир мухаммасларидан ташкил топган. Унда даставвал Огаҳий ғазалларига, сўнг Феруз шеърларига богланган мухаммаслар, кейин эса Ферузнинг «Оромижон нигорим, сарви равон нигорим» ғазалига тахмис, мухаммас ва мусаддаслар келтирилган. Хотима қисмида эса шу тўпламга кирган Умидий, Доий ва Хаёлийнинг вафоти ҳақида хабар, Баёнийнинг «Мажмуат уш-шуарои пайрави Феруз Шоҳий»га ёзган тақризи берилган.

Табибий «Вомиқ ва Узро» қиссасининг ўзбекча шеърий (маснавий) вариантларини яратган (8100 байт). Фузулийнинг «Ҳафт жом» асарини форстожик тилидан ўзбекчага таржима қилган. «Етти равза» номли асар ҳам ёзган. Асарларининг бир неча қўлёзма ва тошбосма нусхалари Ўзбекистон Фанлар Академияси Шарқшунослик институтида сақланади.