Чўлпоннинг яқин дўсти ва шогирдларидан бири Абдулла Алавий 1903 йили Тошкент вилоятининг Пискент туманида зиёли оиласида дунёга келди. Болалик пайтлариданоқ тарих ва адабиёт билан қизиқди, мадраса таълими билангина чекланиб қолмай, хусусий мутолаа йўли билан ҳам билим доирасини беҳад кенгайтирди. Айни пайтда у рус ва немис тилларини ўрганиб, шу тилларда яратилган адабиёт билан ҳам таниша бошлади.
1917 йилдан кейин у дастлаб Пискент, кейин Тошкентда очилган янги мактаб ва билим юртида ўқиди. Сўнг маълум вақт ўқитувчилик қилгач, Ленинградга бориб, олий таҳсил олишда давом этди. Айни пайтда у ердаги дорилфунунларнинг бирида ўзбек тили ва адабиётидан дарс берди. Абдулла Алавий том маънодаги зиёли бўлиб, замондошларининг айтишларига кўра, араб, форс, турк тиллари билан бирга француз ва лотин тилларини ҳам билган. Катта билим соҳиби бўлган Абдулла Алавий Самарқанддаги Педагогика академиясида хизмат қилган кезларида бу ерда тўпланган ўзбек олимлари ва ёзувчилари билан ижодий ҳамкорликда бўлган ва улар ҳурматини қозонган.
Абдулла Алавий ўзбек мумтоз адабиёти, адабиёт назарияси ва янги алифбо масалаларига бағишланган бир неча мақолалар билан бирга ўнга яқин шеърлар ҳам қолдирган. Бу мақола ва шеърлар—миқдор жиҳатидан кўп бўлмаса-да, сифат нуқтаи назаридан катта эътиборга сазовор. Шоирнинг айниқса, янги руҳ билан суғорилган лирик шеърлари 30-йилларда ўзбек шеъриятига янги тароват олиб кирган. У Чўлпондан кейин шеъриятимиздаги лирик ибтидонинг янада теранлашишига ҳисса қўшган. Унинг «Йўловчи», «Эркин саҳоб», «Арслонбобга», «Денгизга» сингари шеърларидаги янги лирик тамойиллар ўзбек шоирларининг кейинги авлоди, хусусан, Рауф Парфи томонидан давом эттирилди ва қутлуғ натижаларга олиб келмоқда.
Абдулла Алавий бармоқ вазнига асосланган ўзбек шеъриятининг бадиий имкониятларини кенгайтирди, ўзбек адабиётидаги сочма (эркин) шеър бошловчилардан бири бўлди. Пскент туманининг Эвалак қишлоғида истиқомат қилган Берди бахши оғзидан «Алпомиш» достонини ёзиб олган (1926).
Абдулла Алавий XX аср ўзбек адабиётининг баланд сиймоларидан бири бўлиши мумкин бўлгани ҳолда авжи ижоди гуллаган паллада оғир хасталикдан сўнг 1931 йил Самарқандда вафот этган. Унинг вафоти Чўлпон сингари шоирларни ларзага солган ва улар Абдулла Алавий вафотига бағишланган марсиялар ёзганлар.