Полиз экинлари ва сабзавот

Хўппа семиз,
Бир туки йўқ.
(Тарвуз)

Узоқдан ялдир-юлдур,
Ёнига келсам қулфи-калит.
(Тарвуз)

Кўккина қўзим, қуванда туриб семиради.
(Тарвуз)

Мен ажаб ҳайронман бир нарсага,
Қозиқда бойловли турибди-ю,
Онаси боласининг қорнида.
(Тарвуз)

Жумбоқ қўйдим, жубин топ,
Юмалоқ бийнинг отин топ.
Тағи қўйдим, тағи топ,
Толли бийнинг отин топ.
(Тарвуз)

Зар-зар тўни бор,
Зарбдан паноҳи бор.
Урди пичоқни,
Унинг не гуноҳи бор.
(Қовун)

Бир уйнинг ичида
тўрт кўрпача ёйиғлик турибди.
Эшиги ҳам йўқ, тешиги ҳам йўқ,
Меҳмон келса очилади.
(Қовун)

Хилла хилойим бор,
Жанда-кулоҳим бор.
Бошимга урдилар пичоқ,
Менинг не гуноҳим бор?
(Қовун)

Бозордан бир нарса ол,
Ҳам ўзинг е, ҳам товуғинг есин,
Ҳам молинг есин.
(Қовун)

Бухородан келган фил,
Орқасидан тасма тил.
(Қовун)

Оппоқ, семиз, мойи йўқ,
Териси қалин, жуни йўқ.
(Ошқовоқ)

Қўшнимнинг арқони деволдан ошиб тушди.
(Ошқовоқ)

Пишмаганда мазали,
Пишганда мазасиз.
(Бодринг)

Майда-майда узунчоқ,
Таши кўк, ичида зирачак,
(Бодринг)

Қат-қат тўнли,
Қарич бўйли.
(Карам)

Қат-қат қулоқ,
Дум-думалоқ.
(Карам)

Ер тагида олтин бош.
(Шолғом)

Ер тагида зар калапуш.
(Шолғом)

Калта бобом ичкарида,
Қулоқлари ташқарида.
(Шолғом)

Ер тагида чакса гўшт.
(Лавлаги)

Ер тагида олтин қозиқ.
(Сабзи)

Сари бобом ичкари,
Соқоллари ташқари.
(Сабзи)

Қизил қиз ер остида,
Сочлари ер устида.
(Сабзи)

Бойнинг ўғли Бойсари,
Соқоллари сап-сари.
(Сабзи)

Ияги ерга қараган,
Соқоли осмонга қараган.
(Сабзи)

Паст-паст бўйи бор,
Етти қават тўни бор.
(Пиёз)

Ер тагида кокилли бачча.
(Пиёз)

Ер тагида оқ сочли бой ётар.
(Пиёз)

Қирқ кўйлаги бор,
Бир тугмаси йўқ.
(Пиёз)

Урмасдан йиғлатар.
(Пиёз)

Ер тагида кумуш кунда,
Шўрва қилсанг келар кунда.
(Пиёз)

Ер тагида юмрон қозиқ.
(Турп)

Бир бармоқча бўйи бор,
Қизил бахмал тўни бор.
(Гармдори)

Қизилгина кўзачак,
Ичи тўла зирачак.
(Гармдори)

Бизлар, бизлар биз эдик,
Бизлар бир талай қиз эдик,
Бизларни уздилар,
Бир ипга туздилар.
(Гармдори)

Ер устида муштдай қуйруқ.
(Қўзиқорин)

Қонга ўхшаш, қони йўқ,
Боласининг сони йўқ.
(Гармдори)