Озиқ-овқатлар

Бир қўйим бор,
Туриб семирар.
(Хамир)

Оқ қўйим бор,
Сўйсам қони йўқ.
(Хамир)

Юмалатсам жони йўқ,
Юлиб олсам қони йўқ.
(Хамир)

Муштлаб-муштлаб урарлар,
Мунча гуноҳ қилибман.
Ўтга солиб ёқарлар,
Мунча оси бўлибман.
Мунча мени хорларлар,
Билмам нима қилибман.
Мунча мени севарлар,
Қандай ширин бўлибман.
(Хамир, нон)

Хом солдим,
Пишиқ олдим.
(Ёпган нон)

Совуқ кириб,
Иссиқ чиқар.
(Епган нон)

Оқ отдим,
Қизил олдим.
(Ёпган нон)

Еттиси бир ерга йиғилса,
Бешиси бир ерга йиғилади.
(Палов)

Қоронғи уйда шивир-шивир.
(Шовла)

Қозон ичида оппоқ қор.
(Ширгуруч)

Кўприк устида бир тутам похол.
(Угра)

Қудуққа сочимни ёйдим.
(Угра)

Ип эшиб қудуққа ташладим.
(Угра)

Кесдим,
Қудуққа ташладим.
(Угра)

Бир кийигим бор,
Бир жойда туриб диркиллар.
(Гўшт)

Есам тишимга киради,
Емасам тушимга киради.
(Гўшт)

Букдим,
Қудуққа ташладим.
(Чучвара)

Бир қозондан қирқ туя сув ичар.
(Чучвара)

Минг қўйим сувга тушди.
(Чучвара)

Қуда бувам қудуққа тушди,
Қулоқлари шалпиллаб тушди.
(Чучвара)

Маталим матти,
Қулоғи қатти.
Қозонга солсам,
Тикрайиб ётди.
(Чучвара)

Ош пиширдим, тузи йўқ.
(Сумалак)

Жуммоқ қўйдим, жубин топ,
Жумалай бойнинг отин топ.
Тағи қўйдим, тағи топ,
Тотли бийнинг отин топ.
(Сумалак)

Сув эмас, суюқ,
Қор эмас, оқ.
(Сут)

Олтмиш икки айбни оқ ёпар.
(Қатиқ)

Паловнинг остида,
Сувнинг устида.
(Зиғир мой)

Ўзи оппоқ, қор эмас,
Нон бўлмайди, ун эмас.
(Шакар)

Жуммоқ қўйдим жуп-жупгина,
Томизиғи тол-толгина,
Толқон берсанг, очаман.
(Пашмак)

Бир ўрдакка бир чимдим.
(Чой)

Тор кўчага ўт тушди,
Бора боргунча куйиб тушди.
(Иссиқ чой ичиш)

Чайналади, чайналади, ютилмайди.
(Сақич)