Меҳнат, иш қуроллари

Тўрда турган тўрт йигит,
Тўртови ҳам мард йигит.
(Чўп савағич)

Бизнинг уйда тўрт кампир,
Тўртови ҳам мард кампир.
(Савағич)

Қоронғи уйда кўп полвон олишади.
(Чўп савагич)

Бизникида битта киши,
Оғзида қирқта тиши.
(Жун тароғи)

Оққина кучук хов-хов этди,
Қорни тўйиб ағнаб кетди.
(Урчуқ)

Гув-гув этади,
Марғилон кетади.
(Урчуқ)

Чарчамас кампир кўрдим, ёлғиз оёқ,
Оғзига ташлаб олган чўпдан таёқ.
Юрган сари белбоғини қаватлайди,
Берибди унга гўзалликни аямаёқ,
(Урчуқ)

Ғув-ғув этар,
Қорни тўйса юмалаб кетар.
(Урчуқ)

Сарибой акам сақтали,
Икки оти нўхтали.
(Чарх)

Бир ёғига қор ёғади,
Бир ёғига дўл ёғади.
(Ҳалложи)

Икки қўчқор уришар,
Қумалоги тушар.
(Ҳалложи)

У ёққа ўтади қизгина,
Бу ёққа ўтади қизгина,
Қулогига ҳалқа тақиб,
Шилдираб ўтади қизгина.
(Моки)

Ғоз қақиллаб ўтар,
Қаноти шарқиллаб ўтар.
(Моки)

Урдим, гуп этди,
Ер тагига кириб кетди.
(Кетмон)

Сен урмасанг, у урмас.
(Кетмон)

Югуриб, чаққон ўтади,
Тагидагин ўлдириб кетади.
(Кетмон)

Узи жонсиз,
Ишга полвон.
(Кетмон)

Металим матти,
Қулоғи қатти.
Қулоғига қаттиқ тепдим,
Ялпайиб ётди.
(Бел)

Тушган ерини кесар.
(Теша)

Ғит-ғит дейди, ишлайди,
Ерга кукун ташлайди.
(Арра)

Қора туя қалтирайди,
Қобирғаси ялтирайди.
(Арра)

Оғзи йўқ,
Тиши кўп.
(Арра)

Тушган ерини узар.
(Омбур)

Келиб оғзини очар,
Тишлаб олиб қочар.
(Омбур)

Борадир, борадир,
Оёғини кўтариб ётадир.
(Замбил)

Оққина товуқ сомон сочар.
(Паншаха)

Ер тагида ой юрар.
(Омоч)

Ер остида бой боради.
Қулоғида лой боради.
(Омоч)

Ер тагида қуйруқ боради.
(Омоч)

Кетаверади, кетаверади,
Тоғдай жойни бузиб келади.
(Омоч)

Ўзи ернинг тагида,
Кучи ернинг устида.
Ўттиз икки оғайни,
Бир-бирининг устида.
(Чиғириқ)

Йигирма беш оғайни,
Бир-бирининг изида.
(Чиғириқ)

Эгилади, букилади,
Мевалари тўкилади.
(Чиғириқ)

Ёзда юрар,
Қишда ётар.
(Чиғириқ)

Менинг кучугим ҳовуллайди,
Қорни тўқ бўлса айланади.
(Чиғириқ)

Бир қушим бор ажойиб,
Дон чўқийди еёлмайди,
Қанот қоқади, учолмайди.
(Жувоз)

Қоронғи томнинг ичида
Полвон акам икки оёқ билан тепади.
(Жувоз)

Қоронғи саройда бузоқ шиқирлаб оғзидан кўпик сочади.
(Тегирмон)

Ер остида ғолтон гулдирайди.
(Тегирмон)

Қат-қат менинг чўнтагим,
Қатлама менинг чўнтагим,
Етти ердан тўй қелса,
Тўймас менинг чўнтагим.
(Тегирмон)

Кўп ейди, тез ейди,
Майда чайнайди.
Ўзи юта олмайди,
Ўзгаларни тўйдиради.
(Тегирмон)

У нимадир, қув ёғочдан оғзи бор,
У нимадир, ўртасида мағзи бор,
У нимадир, елкасида оғзи бор,
У нимадир, сув остида қимирлар.
(Тегирмон)

Томда туриб карнай чалдим,
Товуши Қўқонга кетди.
(Тегирмон дути)

Бир жумбоғим бор бошдан,
Жони темир, тошдан.
Зуҳра хола, югураверинг,
Уста тош ўлди очдан.
(Тегирмон)