Ҳуройимнинг сўроғига жавоб
Султонхон деган подшо умрининг охирида Ҳуройим деган қизга уйланмоқчи бўлади. Султонхон Ҳуройимга совчи юборибди.
Ҳуройим қалинимга:
Ўнта улоқ,
Йигирмата бўри,
Ўттизта йўлбарс,
Қирқта тулки,
Элликта нўхта,
Олтмишта ахта,
Етмишта сарғалдоқ,
Саксонта чақалоқ,
Тўқсонта тумалоқ,
Юзта жумалоқ берсин
ва шу сўзимнинг маъносини айириб берсин дебди. Подшо фикр қилиб, Ҳуройимнинг ақлли эканлигини айтади. Бу топишмоқнинг маъноси кишининг ҳаётига боғлиқлигини айтади. Киши:
Ўнда улоқдай бўлади,
Йигирмада бўридай бўлади,
Ўттизда йўлбарсдай бўлади,
Қирқда тулкидай бўлади,
Элликда нўхталанган отдай ақли расо бўлади,
Олтмишда ахталанган отдай қайтиб қолади.
Етмишда сарғалдоқдай тилда бору дилда ҳеч нарса бўлмайди,
Саксонда гўдак боладай бўлиб қолади.
Тўқсонда уйдан чиқмай думалоқ бўлади,
Юзда бергилигидан наргилиги ўнғайлироқ бўлиб қолади.
Султонхон Ҳуройимнинг сўроғига жавоб бергандан кейин, Ҳуройим унга турмушга чиқиб, Рустамхон деган бир ўғил туғади.
Боланинг жавоби
Бир бор экан, бир йўқ экан, қадимги замонда бир мақтанчоқ подшо бор экан. Бу подшо, «Юртда мендан бошқа ақлли одам йўқ», деб юрган экан.
Бир кун подшо овга чиқибди. Тушгача ов қилибди, ҳеч ови юришмабди. Кейин бир болани учратибди. Подшо болага қараб:
— Ҳой бола, бизни меҳмон қилмайсанми? — дебди.
Бола:
— Жоним билан, ёшулли,— дебди.
Шунда подшо:
— Бизларни нима сўйиб меҳмон қиласан? — деб сўрабди. Бола:
— Топсак бирни, топмасак иккини сўямиз,— деб жавоб берибди.
Подшо боланинг жавобидан ҳайрон қолибди. Кейин вазирларига:
— Бу боланинг гапида бир хосият бор, буни бир синаб кўрамиз,— дебди.
Подшо одамлари билан боланинг уйига борибди. Бола подшони, унинг одамларини яхшилаб меҳмон қилибди. Подшо боладан:
— Бола, сен нечта қўй сўйдинг? — деб сўрабди. Шунда бола:
— Бирни топмадик, шунинг учун иккини сўйдик,— деб жавоб қайтарибди. Подшо яна таажжубланиб:
— Бирни топмасанг, иккини қаердан топиб сўясан? — дебди.
— Бизнинг бир бўғоз совлиғимиз бор эди. Бошқа бир қўй тополмай шу бўғоз қўйни сўйдик. Ўзини сўйгандан кейин, боласи ҳам ўлди. Ана, иккисини сўйдик, деганнинг маъниси шу,— дебди ҳалиги бола.
Подшо буни эшитиб, боланинг ақлига ҳайрон қолибди. Кейин уни ўз саройига олиб кетибди. Бу бола ўқиб доно бўлибди, кейин подшо уни ўзига бош вазир қилиб олибди.
Маликанинг топишмоғи
Бир бор экан, бир йўқ экан, қадим замонда бир подшо бўлган экан. Унинг Соҳибжамол деган бир қизи бор экан. Унинг бир шеърий топишмоғи бор бўлиб, кимки топишмоғимнинг мазмунини айтиб берса, ўшанга тегаман. Кимки тополмаса, жаллодга калласини олдираман, дер экан. Ҳар томондан шаҳзодалар, бекзодалар, бойваччалар келиб унинг топишмоғини тополмай каллаларидан жудо бўлаверибдилар.
Ўша мамлакатнинг кунчиқар томонидан бир хароба кулбада битта кал қари онаси билан яшар экан. У бу хабарни эшитиб:
— Ўша қизнинг топишмоғига мен жавоб бераман,— дебди.
Онаси қўрқиб, кални юборишга унамабди.
— Қанчадан-қанча шаҳзодалар, бекваччалар ва бойваччалар тополмаганини сен топармидинг, — деб қарғаб берибди. Кал охири онасини унатибди. Онаси ўғлига кўмоч қилиб берибди. Шундан кейин кал подшонинг саройи томон борибди. Кал подшонинг тахти тагига бориб уч кун ётибди. Шунда маликанинг канизакларидан бири кални кўриб қолиб, сўрабди:
— Сен бу ерда нега ётибсан? Сенга бу ердан бошқа ётадиган жой йўқми?
Шунда кал:
— Мен маликанинг топишмоғини топгани келдим,— дебди.
Канизак маликага калнинг гапини айтибди.
Малика: «Олиб келинглар!» —дебди. Кални унинг ҳузурига олиб кирибдилар. Малика унга топишмоқни айтибди:
Узоқ ерда ўт қўюр-о,
Ани топинг, Ахлантоз.
Сассиқ сойда ит ҳурар-о,
Ани топинг, Ахлантоз.
Чорбоғимда жуфт чинор-о,
Ани топинг, Ахлантоз.
Эшигимда қўш мунгуз-о,
Ани топинг, Ахлантоз.
Қора толим бутоқсиз-о,
Ани топинг, Ахлантоз.
Оққина қўзим суяксиз-о,
Ани топинг, Ахлантоз.
Шунда кал маликанинг шеърий топишмоғига шу жавобни айтибди:
Узоқ ерда кўюр-о,
Бўри кўзи, ойимқиз.
Сассиқ сойда ит ҳурур-о,
Қурбақалар, ойимқиз.
Чорбоғингда жуфт чинор-о,
Ота-онанг, ойимқиз.
Эшигингда қўш мунгуз-о,
Ини-оганг, ойимқиз.
Қора толинг бутоқсиз-о,
Қора сочинг, ойимқиз.
Оққина қўзинг суяксиз-о,
Қўш аноринг, ойимқиз, — деб жавоб берибди кал.
Шунда малика, шу кал топишмоғимнинг жавобини топди, деб канизакларга айтибди. Канизаклар дарров чопарларга хабар қилибди. Чопарлар тезда подшога хабар қилибдилар.
Подшо чопарларга суюнчи берибди. Подшо қирқ кечаю-қирқ кундуз тўй қилиб, маликани калга берибди ва кални ўзига ўнг қўл вазир қилиб олибди. Кал малика билан муроду мақсадига етибди.