Шилдир-шилдир сув кечар,
Оёғи сувга тегмас.
(Туғилмаган қулун)
Сувдай чопади,
Манзилга етади.
(От)
Тўрт оёқли,
Темир туёқли.
(От)
Тўрт ой, йигирма тўрт юлдуз.
(Отнинг тақаси, михи)
Сувга тушса мингта,
Сувдан чиқса битта.
(Отнинг думи)
Қуён эмас,
Узун қулоқ,
От эмас,
Тўртта туёқ.
(Эшак)
Катта такам бесоқол.
(Эшак)
Тапир-тупир тўртовлон,
Ҳанграгани бировлон.
(Эшак)
Оёғи попик,
Оғзи кўпик.
(Туя)
Оғзи қулқулум,
Узун оёғу калта дум.
(Туя)
Бу ёққа ўтди лоп-лоп,
У ёққа ўтди лоп-лоп.
«Шўра» деди, қўймади,
Ютаверди соплаб.
(Туя)
Ўзи катта,
Думи калта.
(Туя)
Момом кетиб бораётир,
Кулчаси қолиб бораётир.
(Туя оёғининг изи)
Бораверади, бораверади,
Бўйрадай ерни олиб ётади.
(Сигир)
Икки тортар,
Бир йиртар.
(Ҳўкиз, омоч)
Ямоғи бору
Йиртиғи йўқ.
(Сигирнинг оласи)
Кўприк тагида тўртта қозиқ.
(Сигир елини)
Тўшак ости тўрт бўғирсоқ.
(Сигир елини)
Тўрт мерган
Бир қудуққа ўқ отар.
(Сигир соғиш)
Томга таёқ суёвли.
(Мол думи)
Бўпон-бўпон,
Енги ямоқ,
Эски чопон.
Дарди томоқ.
(Туя)
Кичкинтойгина бўйи бор,
Айлантирган тўни бор.
(Қуй)
Буюк тоғнинг бошида
Букри қўчқор ўйнайди.
(Олқор)
Соқоли бор,
Мўйлови йўқ.
(Эчки)
Соқоли бор,
Ақли йўқ.
(Эчки)
Чорва ичида шайтон,
Соқоли узун султон.
(Така)
Ҳамма ётса ҳам
Ҳасан-Аваз ётмайди.
(Эчки шохи)
Олис ердан чанг чиқар.
(Кўпкари)
Ерда юради,
Осмонни кўрмайди.
(Чўчқа)
Кетаверади, кетаверади,
Саватдек ерни олади.
(Ит)
Сояда ётар,
Минг қўй боқар.
(Ит)
Эл ётса ҳам,
Шалпангқулоқ ётмайди.
(Ит)
Кичкинагина қумғон,
Ўтириб кўзини юмғон.
(Мушук)
Мўйлови бор,
Соқоли йўқ.
(Мушук)
Уйдай жойни олар,
Сичқондан қўрқар.
(Фил)
Туя десам, каттакон,
Усти кенг, бир макон.
(Фил)
Йўл-йўл тўни бор,
Одам қўрқар турқи бор.
(Йўлбарс)
Келганда тўрт оёқ,
Кетганда икки оёқ.
(Айиқ)
Далама-дала қидиради,
Қўй билан эчки оҳ уради.
(Бўри)
Гўнг тепада ўт ёнар.
(Бури)
Қашқир минган,
Эшак ўнгарган,
Эчки ҳайдаган,
Туя етаклаган.
(Тулки)
Кечаси овда,
Кундузи уйда.
(Тулки)
Шохлари бор, қўчқордек,
Бўйи мисли дарахтдек.
(Кийик)
Ўзи йўртиқ,
Лаби тиртиқ.
(Қуён)
Сой ичида сариқ эчки.
(Қуён)
Жар бўйида жар қилич.
(Жайра)
Ер тагида қубба игна.
(Типратикан)
Ердан чиқади қозиқ,
Иси жуда сассиқ.
(Юмронқозш)
Токчама-токча,
Азамат хўжа.
(Сичқон)
Ер тагида езнам оти кишнайди.
(Сичқон)
Бир кулранг бузоғим бор,
Уйдагилар ундан безор,
Бозорга олиб борсам,
Топилмайди харидор.
(Сичқон)
Худдибой чўлоқ гўр қазир,
Гўр қазиса ҳам йўл қазир.
(Сичқон)
Тирик келиб, ўликдан ош сўради,
Ўлик туриб, тирикни бўғиб олди.
(Сичқон, қопқон)
Қанотли, сут беради.
(Кўршапалак)
Сувда туғди,
Ерда ўлди.
(Балиқ)
Қаноти бор учмайди,
Қуруқликда юрмайди.
(Балиқ)
Қишда бир жойда,
Ёзда минг жойда.
(Балиқ)
Сув тагида олтин балдоқ.
(Балиқ)
Қамиш таги қалтирар.
(Балиқ)
Жони бор жондан,
Сув ичар қўлдан.
Кўзлари нурдан,
Териси пулдан.
(Балиқ)
Боши бору сочи йўқ,
Кўзи бору қоши йўқ.
Тангаси бор, пули йўқ,
Қаноти бор, учуви йўқ.
(Балиқ)
Сассиқ кўлда ит ҳурар.
(Бақа)
Узоқ сойда ит ҳурар.
(Бақа)
Ҳовуз ёнида Султонбойвачча ўтиради.
(Бақа)
Сув бўйида поччам оти кишнайди.
(Бақа)
Қия-қия ерларда,
Қийма султон ўтирар.
Тирноқлари кумушдан,
Ҳофиз жувон ўтирар.
(Бақа)
Ости тош, усти тош,
Ўртасида чандир бош.
(Тошбақа)
Тоғу тошларда тоштовоқ,
Ичи тўла гўшту ёғ.
(Тошбақа)
Икки тобоқ,
Орасида қашқалдоқ.
(Тошбақа)
Жанзак бобо туяси,
Жар ёқалаб ўтлайди.
(Тошбақа)
Эмаклаган тошни кўрдим,
Тошдан чиққан бошни кўрдим:
(Тошбақа)
Ер устида ўрмалар,
Чопай деса чополмас.
(Тошбақа)
Ер тагида ҳўл гаврон.
(Илон)
Ер тагида ёғли қамчи.
(Илон)
Кўприк остида ёғли ҳасип.
(Илон)
Узун ичак,
Учи тугунчак.
Танаси чипор,
Ўрмондан чиқар.
(Илон)
Ола қамчи уради,
Чумчуқларни сувради.
(Илон)
Узун-узун из қолган,
Зар кокилли қиз борган.
Боши қалтироқ,
Кўзи ғилайроқ.
(Илон)
Қорагина попиш,
Деволга ёпиш.
(Калтакесак)
Ер тагида қизил химич.
(Чуволчанг)