Хурмача полвон

Бор экан, йўқ экан, оч экан, тўқ экан. Бир чол-у кампир бор экан. Буларнинг эчкиси кўп экан-у, боласи йўқ экан. Кунлардан бир кун кампир сут пишириб ўтириб: “Менинг болам бўлса эди, сут деса сут берсам, қаймоқ деса қаймоқ берсам, қатиқ деса қатиқ берсам”, дебди. Ўшандан кейин кунлардан бир куни боши ҳам йўқ, оёғи ҳам йўқ, қўли ҳам йўқ бир хурмача ўғил туғибди. Кампир хурмачани тандир устига ташлаб қўяверибди. Чол кампирга:
— Кампир, фарзандим йўқ, дединг, бир хурмача туғдинг, тандир устида ётибди. Шу хурмачани кўрмайлик ҳам, куймайлик ҳам, синдириб ташлайлик, — дебди. Шунда тандир устидан хурмача туриб:
— Эй, ота, сизга нима зарарим тегди, ишга буюрдингиз-у қилиб келмадимми, ё ўроққа айтдингиз-у бормадимми? — дебди.
Чол:
— Мана, фалончи бойнинг ўроғи ўрилмаган, шунга ўроққа чиқсанг бўлмайдими? —дебди.
Хурмача ўроқни олиб, аста-секин бойнинг олдига борибди. Бой:
— Ўрганингга қанча ҳақ оласан? —дебди. Хурмача полвон:
— Шу хурмачани тўлдириб берсангиз бўлади, — дебди. Бой “Озгина ҳақ берар эканман”, деб суюнибди. Хурмача полвон бойнинг ўроғини ўрибди, боғлабди, янчибди, совурибди. Бой келибди-да, енгини шимариб буғдойни қопламоқчи бўлибди. Хурмача полвон бойга:
— Тўхтанг, аввал менинг ҳақимни беринг, кейин қопларсиз, — дебди.
Бой:
— Мен қоплаб кетаверай, ҳақингни кейин бераман, — дебди.
Хурмача полвон:
— Йўқ, олдин ҳақимни беринг! — дебди. Бой:
— Ҳай, сендан қутулай, олдин сенинг ҳақингни бера қолай, ўзим кейин қоплаб оларман, — деб буғдойни ғалвирлаб хурмачага солаверибди. Хирмонда буғдойнинг ярми қолибди. Хурмача тўлмабди, буғдойнинг ҳаммасини солибди, хурмача тўлмабди.
Хурмача полвон:
— Хурмача тўлмади, тўлдириб беринг, — дебди.
Бой:
— Буғдойимнинг барини солдим — тўлмади. Бу хурмача эмас, бир бало экан. Шунча деҳқончилигим кетди, шунда ҳам тўлмади, — деб хафа бўлибди. Хурмача полвон:
— Тўлмаса тўлмас, — деб уйига қайтибди.
— Она! Отамга айтинг, томга чиқиб том тепасини тешсин, — дебди.
Онаси:
— Нима олиб келдинг? —дебди.
Хурмача полвон:
— Буғдой олиб келдим, — дебди.
Онаси:
— Олиб келган буғдойингни товоққа солиб қўявер, қанча кетар эди бу хурмачага, — дебди. Хурмача полвон:
— Товоққа сиғмайди, томни тешинглар, уйни тўлдираман, — дебди.
Отаси томга чиқиб томни тешибди. Хурмача полвон томга чиқиб том тешигидан буғдойни тўкаверибди, уй тўлиб кетибди. Шундай қилиб, чол-у кампир Хурмача полвондан хурсанд бўлишибди. Тинч яшаб муродларига етишибди.