Бир бор экан, бир йўқ экан, бир бобо бор экан. У бутун жониворларнинг тилини билар экан. Бир куни баҳор вақтида ҳўкизи билан эшаги ер ҳайдабди. Эшаги чарчаб қолиб, ҳўкизга қарабди ва шундай деб ўргатибди:
— Ҳўкиз, сен касал бўл. Бобо бизни азонда қўшга олиб чиқмасин.
Ҳўкиз чўп емай ётибди. Бобо эшакнинг айтган сўзларини эшитган эди. У ўша куни: — Қассобни олиб келиб ҳўкизни сўйдираман, у чўп емаяпти, — деб чиқиб кетибди. Бобо кетгач, ҳўкиз эшакка:
— Энди нима қиламиз? Мени сўядиган бўлди. Энди сенинг сўзингга кирмайман, овқат ейман, — дебди. Буни эшитган бобо илжайиб қўйибди. Бобонинг илжайганини кўриб, хотини:
— Нега куласиз? — деб сўрабди. Бобо ҳеч нарса деярини билмасдан, бир оғиз дебди: — Эртага саволингга жавоб бераман. Бобонинг хотинига ваъда қилганини хўроз эшитиб қолибди. Хўроз айтибди:
— Э, хўжайиним битта хотинини сўзига кириб, эртага айтаман, — деб ваъда қилди. Мен бўлсам сир айтаман деб, ўнта товуққа ҳам ваъда қилмайман. Агар хўжайин-бобо эртага шу сирини айтса, ўлади. Хотиннинг кушандаси — бир таёқ. Хотини нега кулдинг, деб сўраганда, жавоб бермай, яхшилаб жазосини бериб урса, иккинчи сўрамайдиган бўлади. Бобо хўрознинг «Мен ўнта товуқни бошқаряпман-у, бобо бир хотинини ҳам бошқаролмайди», деганини эшитибди. У бир яхши таёқни тайёрлаб қўйибди.
Эртасига хотини яна қистаб сўраган вақтида яхшилаб хотинини урибди. Шундан сўнг хотини энди сендан сир сўрамайман, деб қасам ичибди. Бобо сирини айтмабди. У ўлмай қолибди. Шунинг учун ёмон хотиннинг жазоси таёқ, дейдилар.