Ҳунарли йигит

Бир бор экан, бир йўқ экан, қадим замонда бир шаҳарда бир чол билан кампир бор экан. Уларнинг Маматбой деган битта-ю битта ўғли бор экан.
Кампирнинг ота мерос бир ҳовлиси бор экан. Чол-кампир бу ҳовлини уч юз тиллага сотишибди ва маслаҳатлашиб ўғлини савдо ишига ўргатмоқчи бўлишибди.
Чол ўғлини чақириб:
— Болам, биз энди қариб, куч-қувватдан қолдик. Сен мана бу юз тиллани олиб, савдогарчилик қилгин, – дебди.
Бола юз тиллани белига тугиб, йўрға эшакни миниб: «Ҳайё-ҳай», деб сафарга жўнабди.
Юриб-юриб бир шаҳарга етибди. Қараса, бозорга яқин бир жойда одамлар тўпланишиб турган эмиш, тўда яқинига бориб одамларнинг биридан: «Нима гап?» деб сўраса, у одам:
— Бу ер илм берадиган жой. Кимки юз тилла тўласа, бир йил ичида илм ўрганиб чиқади, — дебди.
Бизнинг Маматбой ҳам илм ўрганишни ҳавас қилиб юрар экан. Бу гапни эшитгач: «Савдо ишидан нима фойда, ёшликда илм ўрганиб олиш керак» деб, юз тиллани тўлабди. Ҳавас билан астойдил ўқий бошлабди. Орадан бир йил ҳам ўтибди. Маматбой, зеҳни баландлик қилиб, домласидан ҳам ўзиб кетибди.
Энди уйига қайтмоқчи бўлибди. Аммо ҳеч нарсаси қолмаган, қўйингчи, эшагини ҳам сотиб юборган экан. Нима қилишини билмай ҳайрон бўлиб турганида, домланинг раҳми келиб унга бир эшак берибди. Бир ярим ой деганда Маматбой уйига келибди. Кўпдан бери кутиб ўтирган ота-онаси ўғлини кўриб жуда қувонибди. Ҳол-аҳвол сўрагандан кейин, кампир:
— Болам, юкинг орқада келяптими? — деб сўрабди. Бола индамабди. Бир фурсат ётиб, дамини олгандан кейин ота-онасига:
— Хафа бўлмасангизлар бир гап айтаман, — дебди. Улар-. — Майли, айт, болам, — дейишибди.
Шунда бола ўз бошидан кечирган ҳамма ҳодисаларни айтиб берибди. Чол-кампир бир оз ранжибди.
Орадан бир ҳафта ўтибди. Улар ўзларича маслаҳатни, бир жойга қўйиб, болага яна юз тилла берибдилар. Аммо бошқа нарсага сарф қилмагин, деб тайинлаб уни савдога жўнатибдилар. Бола чўл-биёбонлар, тоғ-тошлар ошиб, ахири бир шаҳарга етибди. Қараса, бир жойда одамлар тўпланишиб турган эмиш. Бола суриштирибди. Улардан бири: «Бу ер чолғу ўргатадиган жой, кимки юз тилла тўласа, бир йилда ажойиб созанда бўлиб чиқади», дебди.
Бола ўйлаб туриб: «Ота-онам уришса уришар; илм ўргандим, энди буни ҳам ўрганиб қўяй», деб юз тилла тўлаб мактабга кирибди. Орадан бир йил ўтибди. Боланинг зеҳни ўткир экан, сал фурсатда устозидан ҳам ўзиб кетибди.
Устози боланинг жуда уқувли бўлгани, аммо кетишга ҳеч пимаси қолмаганидан бир той билан йўлга керакли озиқ-овқат бериб, уни жўнатибди. Бола уч ҳафта деганда уйига етиб келибди. Бир йилдан бери кўз тутиб, зориқиб ўтирган ота-она ўғлини кўриб жуда севинишибди. Кампир боласидан ҳол-аҳвол сўраб бўлиб:
— Болам, юкинг кейинда келяптими? — деб сўрабди. Бола нафасини ростлаб олгандан кейин, воқеани айтиб бсрибди. Буни эшитган чол билан кампир хафа бўлишибди, болани қаттиқ койишибди.
Ўн кундан кейин чол билан кампир иккиси маслаҳат қилишибди. Отаси ўғлини чақириб:
— Болам, бисотимизда атиги уч юз тилла бор эди, икки юз тиллани сарф қилиб келдинг, энди бор-йўғи юз тиллагина пулимиз қолди, шуни эҳтиёт қилиб, ҳар нарсага сарф қилмасдан, арзон моллардан олиб кел, жон болам! — деб яна савдога жўнатибди. Бола ота-онаси билан хайрлашиб, номаълум шаҳарга жўнаб кетибди. Юра-юра бир жойга етибди. Тойи ҳуркиб кетиб, одамлар тўпланиб турган жойга бориб тўхтабди. Бола одамлардан: «Нега тўпланиб турибсизлар?» деб сўраса, улардан бири: «Бу ерда шахмат ўйини ўргатилади. Кимки юз тилла тўласа, шахмат ўрганади», дебди. Маматбой ўйлаб туриб: «Юз тилла бериб илм ўргандим, юз тилла бериб чолғувчи бўлдим, энди яна юз тилладан қочиб буни ўрганмай қолайми? Кел, таваккал, буни ҳам ўрганиб олай», деб аҳд қилибди ва қўлидаги юз тиллани тўлаб, шахмат ўйнашга киришибди. Бир йилда шахмат ўйинини жуда яхши ўрганиб, кейин юртига қайтибди. Кўп йўл юриб, уйига етибди. Ота-онаси боласяни соғиниб кўз тутиб ўтирган экан, у билан кўришиб бўлиб:
— Болам, юкинг қани, орқада келяптими? — деб эшикка чиқиб қараса, яна ҳеч нима йўқ эмиш. Яна ҳайрон бўлишибди. Бола бу сафар шахмат ўйинини ўрганганини айтиб берибди.
Чол билан кампир илгаригидан ҳам баттарроқ хафа бўлишибди. Ночорликдан Маматни бир бойга хизматкор қилиб беришибди. Маматбой жудаям серғайрат, чаққон бола экан, уч кун ўтмасданоқ, бойнинг хизматкорлари орасида танилиб қолибди. Бой ҳам унинг чаққон, ишбилармонлигига қойил қолибди.
Кунлардан бир куни бой узоқ бир шаҳардан бир неча минг йилқи ва қўйларни олиб келаётган экан, дашт-биёбонларда бир қанча кўп юришгандан кейин йилқи-қўйлари чўллаб қолибди. Қидириб-қидириб бир қудуқ топишибди. Қудуқ жуда эски экан. Бой «Ким тушади?» деб сўраса, хизматкорлари чурқ этмабди. Ахири Маматбой: «Бу ишни мен бажараман», деб белига арқон боғлаб, қудуққа туша бошлабди. Қудуқ жуда чуқур экан, тушиб кетаверибди. Ахири оёғи қудуқ тагига тегибди. Қараса, қудуқ таги кенг, ҳамма ер қоронғи, зулмат, куп-қуруқ, сув деган нарса йўқ эмиш. Белидан арқонни ечиб, нарироққа бориб қараса, битта хум турганмиш ва ундан ҳадеб тилла қайнаб чиқаётган эмиш. Бола олиб тушган челагини дарҳол тиллага тўлатиб юқорига узатибди. Бўшаган челак қайтиб тушибди. Шундай қилиб хумдаги тиллани тамом қилибди, кейин арқонга чирмашиб юқори чиқа бошлабди. Шу топда бой: «Болани ҳозир тортиб олсам, у хойнахой тилланинг камида ярмига шерик бўлади. Ундан кўра, бола шу қудуқда ўлиб кетгани яхши», деб арқонни шартта қирқиб юборибди. Бой ҳамма тиллани олиб, йўлга равона бўлибди. Энди гапни боладан эшитинг:
Маматбой кўзини очса, ўзини қудуқда кўрибди. «Аттанг, бой яхшиликка ёмонлик қилди. Ажалим шу ерда экан-да», деб жуда хафа бўлиб ичкарироққа юрибди. Атрофига назар солса, бир ёқда бир эшик кўринибди, эшикдан кириб қараса, ичкариси жуда яхши безатилган бир уй эмиш. Бу уй бир девники экан, унда ўша дев ётган экан. Уйнинг шипида бир қанча чолғу асбоблари осиғлиқ эмиш. йигит девордан бир ғижжакни олиб чала бошлабди. Дев етти йилдан буён касал бўлиб, ҳушсиз ётган экан, ғижжак товушини эшитиб, ўзига келибди. Етти кун деганда тузалиб турибди ва:
— Э бола, сен кимсан? Менга кўп яхшилик қилдинг. Тила тилагингни! — дебди.
Бола қўрқиб кетиб, дарҳол девга салом берибди. Дев алик олиб, унинг бу ерга қандай келганини сўрабди. Бола девга бошидан кечирганларини айтиб берибди. Болага девнинг раҳми келиб:
— Сен мени ўлимдан олиб қолдинг, — дебди. Бола олдин девнинг тилласини қудуқдан чиқариб юборганини ва шу сабабли гуноҳини кечиришини сўрабди. Дев унинг гуноҳини кечирибди. Сўнгра Маматбой:
— Мени ёруғ дунёга олиб чиқиб қўйсанг бас, — дебди. Дев уни елкасига миндириб, бир зумда очиқ ҳавога чиқариб қўйибди- Маматбой дев билан хайрлашиб, йўлга равона бўлибди.
Маматбой тез-тез юриб бойга етиб олибди ва билмас киши бўлиб, яна илгаригидек бойнинг хизматини қилаверибди. Буни кўрган бойнинг эси чиқиб кетибди. У ҳам қўрққандан ноилож ўзини билмасликка солиб юраверибди-ю, болани йўқ қилиш пайига тушибди.
Бой хотинига қуйидагича хат ёзибди:
«Мендан сизларга кўпдан-кўп салом. Яқинда бориб қоламан. Жон хотин, мен боргунча шу хатни олиб борган болани ўлдириб юбор. Сабабини борганимда айтаман».
Хатни тахлаб, муҳрини босиб: «Энди буни ким уйга етказади?» деса, ҳеч ким индамабди, чунки бой олдинроқ бошқа хизматкорлари билан тил бириктириб қўйган экан.
Хатни охири Маматбой олиб кетибди. Юра-юра бир ерга етганида ўйлабди: «Э, мен қанча овора бўлиб илм ўрганган эдим, бунинг дуойи саломини бир ўқиб кўрмайманми?» деб хатни очиб қараса, гап ҳалигидай.
Хатни дарров йиртиб ташлабди-да, ўрнига қуйидаги хатни ёзибди:
«Рафиқам Ғилмоннисога.
Дуойи саломдан сўнг андоғ маълум ва равшан бўлсинким, мен бу ўлкада эсон-омон юрибман. Насибам бўлса, яқинда бориб қоламан. Ушбу юборган хизматкор бола Маматбой жуда эпчил экан, барака топсин, мен буюрган энг муҳим ишларни якка ўзи муҳайё қилди. Давлатимизнинг ортишига сабабчи бўлди. Маматбойни яхшилаб кутиб ол, дарҳол катта қизимизни шунга тўй қилиб бер, токи мен борганимда куёв бўлиб кутиб олсин».
Маматбой хатни ўхшатиб ёзибди ва хат охирига бой номидан имзо чекибди. Маматбой бир ҳафтада етиб келиб, хатни бойнинг хотинига берибди. Хотин хатни ўқиб: «Ўзлари айтибдилар, тўй қилмаса бўлмас экан», деб эртасигаёқ тўй-томоша қилиб, катта қизини Маматбойга берибди. Бир неча кун деганда, бой ҳам етиб келибди. Эшикдан уни қизи билан куёви яхшилаб кутиб олишибди. Бойнинг жони ҳиқилдоғига келибди-ю, аммо сир бой бермапти, ўзини зўрға тутиб юрибди. Йигит ҳам билмас киши бўлиб, қайнатасининг ҳурматини бажо келтириб юраверибди. Орадан бир неча кун ўтгандан кейин бой хотинини чақириб:
— Сен нима иш қилиб қўйдинг? —  деб уни койибди. Хотини:
— Ўзингиз айтибсиз-ку! — деб хатни кўрсатган экан, бой:
— Бу мен ёзган хат эмас, оббо қурғур-эй, мендан ҳам уста экан, — деб қойил қолибди. Лекин Маматбойни йўқ қилишни кеча-ю кундуз ўйлаб юраверибди.
Кунларнинг бирида йигитнинг эсига ота-онаси тушиб: «Хотиним билан бир бориб келай», деб бойдан ижозат сўрабди. Юриб-юриб бир катта шаҳарга келибдилар. Маматбой ўша шаҳар подшосининг саройи ёнидан ўта туриб, дарвозага кўзи тушибди, дарвоза тепасига осилган бир неча одамни кўрибди. Суриштирса, подшонинг бир гўзал қизи бор экан. У шахматга жуда уста экан. «Кимки ўйинда мени ютиб чиқса, ўшанга тегаман», деб шарт қўйган экан. Ҳалигилар шахмат ўйинида ютқазган кишиларнинг таналари экан.
Маматбой ўйлаб туриб: «Икки ҳунарим мени икки марта ўлимдан олиб қолди, учинчиси ҳам бекор кетмас. Кел, таваккал, шу ўйинни ҳам ўйнаб кўрай», деб, шоҳ қизи ёнига борибди. Қиз уни менсимагандек бўлиб қабул қилибди.
Ўйин бошланибди. Қиз ҳам, йигит ҳам бир-биридан сира қолишмабди. Уч кун деганда қиз ютқазибди. Қиз билан отаси Маматбойнинг шахматга усталигига қойил қолишибди. Подшо йигитга қизини бермоқчи бўлган экан, йигит унамабди. Ота-онасини шаҳарга олдириб келиб, камбағал, бева-бечора, етим-есирларга мурувват қилиб турибди.
Маматбойнинг қайнатаси кунлардан бир кун Маматбойга арзга келибди. Лекин куёвини танимабди. Куёв қайнатасининг арзини обдан эшитиб бўлиб, кейин бойнинг бутун қилган ишларини ўзига айтиб берибди. Бой жуда ёмон аҳволга тушиб, йигитнинг оёғига йиқилиб, ўз қилмишларига тавба қилибди.
Шундай қилиб Маматбой мурод-мақсадига етибди.