Бир бор экан, бир йўқ экан, илгари замонда бир чол билан кампир бор экан. Улар узоқ вақт фарзандсиз умр кечириб, эри элликка, хотини эса қирққа кирганда бир ўғил кўришибди. Эр-у хотин ўғилни тарбиялай бошлашибди. Бола ўсиб улғайибди. У мактаб ёшига етгач, яхши домлага беришибди. Боланинг зеҳни ўткир экан, саводи тез чиқа бошлабди, ҳар хил китоблар ўқибди, тушунмаган нарсаларини домласидан ёки бошқа бирор кишилардан сўраб олишга ҳаракат қилибди. Шундай қилиб, бола йигирма ёшга тўлгач, яхшигина илмга эга бўлибди.
Бир кун болага бир чол йўлиқибди, анча суҳбат қилибди, унга кўп насиҳатлар берибди, кўпгина сирли сўзларни ўргатибди, мендан сенга ёдгорлик бўлсин, деб болага бир гиламча берибди. Бола олийҳиммат чолдан:
— Бобо, бу гиламчани нима қиламан, бунинг қандай сири бор?— деб сўраган экан, чол гиламчанинг сирини айтиб берибди.
— Энди сен катта бўлиб қолдинг, уйланишинг керак, ота-онангга айтгин, сени уйлантириб қўйишсин. ”Менга подшоҳнинг қизини олиб беринглар!” дегин, бошқа қизни олиб беришмоқчи бўлишса, йўқ, деб айтгин, — дебди.
Бола чол билан хайрлашибди…
Гиламчанинг сири бундай экан: унинг устига чиқиб ўтириб: “Эй гиламча, чолнинг ҳурмати, мени фалон жойга етказгин!” деса, кўзини юмиб-очгунча ўзини ўша ерда кўрар экан.
Гиламчани қўлига олиб:
— Эй гиламча, чолнинг ҳурмати учун кичкина рўмолча бўл! — деб гиламчани бир қоқса, кичкина рўмолча бўлар экан.
Чол кетгандан сўнг, бола гиламчанинг сирларини бир неча марта синаб кўриб, қаноат ҳосил қилибди. Кечқурун овқатдан кейин чол билан кампирга:
— Мен катта бўлиб қолдим, энди мени уйлантириб қўйинглар, — деган экан, чол билан кампир:
— Хўп болам, эртадан бошлаб тўй ҳаракатига тушамиз, — дейишибди.
— Менга кимнинг қизини олиб берасизлар?
— Кимнинг қизи чиройли, одобли, ота-онали, тагли-тахтли бўлса, шунинг қизини олиб берамиз.
— Йўқ, менга подшоҳнинг қизини олиб берасизлар, — дебди бола.
— Подшоҳнинг қизини дейсанми, болам, бизлар бир камбағал бўлсак, подшоҳга қандай қилиб қуда бўламиз, у қизининг қалинига қанча дунё сўрар, унга бизнинг қудратимиз етмайди-ку, худога шукр, сенинг ақлинг, идрокинг жойида, ҳамма нарсага ақлинг етади-ку! — дебди чол.
— Ота, сиз подшоҳнинг қизига совчиликка боринг, у сизга нима жавоб қайтарар экан, сўнгра шунга қараб иш тутамиз, — дебди.
— Болам, подшоҳ қизини подшоҳзодага беради, бизга ўхшаган камбағалнинг совчи бўлиб келганини эшитиши билан жаллодга буюради.
— Йўқ, ота, сиз қўрқманг, аввал боринг!
— Хўп болам, — деб ваъда қилибди чол.
Эртаси кечқурун:
— Ҳа ота, бордингизми? — дебди бола.
— Йўқ, болам, қўрқдим, — дебди чол. Қўрқиб-қўрқиб, ниҳоят, учинчи куни чол азонда бориб подшоҳнинг эшигини супуриб келибди.
Эртасига яна эшигини супураётганда подшоҳнинг мулозимлари чолни ушлаб саройга олиб кирибдилар ва подшоҳ олдига йўллабдилар:
Подшоҳ ғазаб билан чолга қараб:
— Ҳа, чол, нима қилиб юрибсан? — дебди.
— Тақсири олам, султони бокарам, камина қулингиз қулчиликка келди, бир… Қулл…ба… чангиз бор… — деб тили тутилиб қолибди.
Шоҳнинг ғазаби келиб, кўзлари косасидан чиқиб кетгудай бўлибди, бирдан:
— Жаллод! —деб бақириб юборибди. Бирдан уч нафар жаллод подшоҳга таъзим қилиб:
— Тиғимиз бурро, тилимиз гўё, кимнинг ажали етди? — деб мунтазир бўлиб турибдилар. Подшоҳ уларга қараб: ”Чолни бу ерга ажал ҳайдаб келган экан, бошини танасидан жудо қилиб ташла, бошқаларга ибрат бўлсин, ҳаддидан ошмасин!” — деб даҳшат қилибди. Жаллодлар чолни судрабдилар. Подшоҳнинг бир донишманд вазири бор экан. Шу вазир чолнинг гуноҳидан ўтишни подшоҳдан сўрабди.
Подшоҳ:
— Нима демоқчисан, шу баччаталоқ чолнинг боласига қизимни берайми? — деб вазирга ўшқирибди.
— Подшоҳи олам, у бечора чолнинг қонини тўкиб нима қиласиз, бир оғирроқ, қийинроқ шарт қўйинг, шу билан йўқ бўлиб кетади, — деб яна таъзим қилибди.
— Бўлмаса, ўзинг унга ўша қийин шартингни айта қол! — дебди подшоҳ. Вазир чолни жаллодларнинг қўлидан ажратиб олиб, унга:
— Ота, ўғлингизга бориб айтинг, шу шаҳарнинг кунчиқар томонида бир қишлоқнинг четида бир тандир бор. Шунинг ичида бир чол билан бир кампир яшайди. Улар ташқарига чиққанда бир хил чопон билан чиқадилар. Болангиз бориб шу чол-кампирдан улар нима учун тандирнинг ичида турадилар, нима учун бошқаларга ўхшаб очиқ жойдан ҳовли-жой қилишмайди ва нима учун улар бир чопон билан ташқарига чиқишади. Чопон бир хилми ёки чопоннинг ўзи бир донами? Ана шуни билиб келса, подшоҳ қизини ўғлингизга беради, — дебди. Чол уйга қайтибди.
Кечки овқатдан кейин чол ўғлига бўлган воқеаларни ва шартларни тушунтира бошлабди. Эрталаб йигит ота-онасидан оқ фотиҳа олиб, сирли гиламда учиб бориб, тандирнинг қаршисига бориб ўтирибди. Пешиндан олдин бир оппоқ соқолли чол эски чопонни кийиб тандирдан чиқибди, ёзилиб, таҳорат қилиб яна кириб кетибди, ундан кейин худди ўша чопонни кийиб бир кампир чиқибди, у ҳам таҳорат қилиб кириб кетибди. Орадан тўрт соатча ўтгач, кечга яқин намозгар олдидан оқ соқолли киши яна чиқиб, таҳорат қилиб, тандирга кириб кетибди. Ундан кейин кампир ҳам чиқиб, яна кириб кетибди.
Эртаси тушга яқин йигит яна келиб пойлабди, оқ соқолли чол чиқиб таҳорат қилиб бўлгандан кейин, йигит унинг олдига бориб салом берибди, кўришибди ва тандирнинг ичида туриши ва кампири билан бир чопон кийиб юришининг сабабини сўрабди. Оқ соқолли чол унга:
— Қўй, болам, ишимдан қолдирма, намозим қазо бўлади, — деган экан, йигит унга маҳкам ёпишиб:
— Ота, айтмасангиз бўлмайди, — деб туриб олибди. Чол йигитнинг сўзини уч-тўрт марта қайтарибди. Қараса, йигит бўш келмайди.
Ўйлаб туриб:
— Менинг бир шартим бор, агар шу шартимнинг уддасидан чиқиб бажарсанг, айтиб бераман, бўлмаса, мени ҳам, ўзингни ҳам овора қилма, болам, — дебди.
— Қандай шарт экан, отажон, айтинг, — дебди йигит.
— Шартим шуки, — дебди чол, — фалон шаҳарнинг қабристонида кичкинагина бир ҳужра бор. Шу ҳужра ичида бир қари чол қоровул бўлиб туради ва кеча-ю кундуз тинмай йиғлайди. Сен бориб шу қариядан ўша ерда унинг кими бор эканини, кеча-ю кундуз йиғлашининг сабабини, тирикчилиги нима билан ўтишини сўрайсан. Ана шуларни билиб келсанг, мен ҳам сиримни айтиб бераман, — дебди.
Йигит сирли гиламчасига ўтириб ўша гўристонга борибди, қарияни пойлабди, иккинчи куни салом бериб қариянинг ҳужрасига кирибди. Қария билан кўришиб, одоб билан кўрсатган жойга ўтирибди.
Қария йигитга савол назари билан қараб:
— Келинг болам, қаердан келаётирсиз, келишингиздан мақсадингиз нима? —деб сўрабди.
— Мен фалон шаҳардан сизнинг таърифингизни эшитиб келдим. Кечадан бери ҳужрангиз қаршисида ўтириб, сизнинг йиғлашингизни кўрдим, энди икки-уч саволимга жавоб беришингизни сўрайман, — дебди.
— Қўй, болам, саволларинг билан бошимни қотирма, мени йиғимдан қолдирма, сенинг саволларинг менга маълум. Бунақа саволлар билан сенга ўхшаганлардан жуда кўпи келишади, лекин биронтаси ҳам мендан жавоб ололмай кетади.
— Ота, мени бошқаларга ўхшатманг, мен сиздан жавоб олмай кетмайман.
— Болам, менинг бир шартим бор, агар шу шартимни бажариб келсанг, мен ҳам айтаман, — дебди чол.
— Жоним билан бажариб келаман, отажон, қани айтинг! — дебди йигит.
— Фалон шаҳарда бир новвой бор, — дебди қария, — Унинг новвойхонасида йигирмата тандир қурилган, ўша тандирларда ҳар куни эрта саҳардан тушгача нон ёпилади. Лекин бирорта нон бировга сотилмайди. Тушдан кейин новвойхона йиғиштирилиб, эрталабдан бери ёпилган нонларни йигирма-йигирма беш аравага ортадилар, энг олдинги аравага нов-войхонанинг эгаси ўтиради ва араваларни ҳайдашга буюради. Шу шаҳардан йигирма чақиримча жойда катта дарё оқади. Аравалар дарёга етгач, новвойхонанинг эгаси ҳамма нонларни дарёга ташлайди-да, араваларни бўшатиб шаҳрига қайтади. Неча йилдан бери бу новвойнинг қиладиган иши шу. Сен новвойдан сўрагин, унинг қўлида етмиш-саксон одам ишлайди, уларга иш ҳақи тўлаш керак, бир кунда юз қопча ун кетади, буларнинг ҳаммасига у пулни қаердан топади ва топганда ҳам дарёга ташлашнинг нима фойдаси бор?
Йигит гиламчаси билан тўппа-тўғри новвойнинг олдига борибди. Новвойларнинг ишини кузатиб турибди. Нонлар ёпилиб бўлгач, араваларга ортибдилар ва дарёга қараб жўнабдилар. Йигит ҳам энг кейинги аравага ўтириб улар билан кетибди. Дарёга етиб боргач, новвойхонанинг эгаси нонларни дарёга ирғита бошлабди ва араваларни бўша-тиб қайтибди.
Эрталаб йигит новвойхонага кириб борибди; қараса катта нонвойхонада йигирмата тандирда нон ёпилаётган эмиш. Новвойхонада ҳамма ўз иши билан машғул. Новвойхонанинг ўртасида баланд супа, супага қир-қизил гилам тўшалган, кўрпача солинган, пар ёстиқлар қўйилган. Шу супада эллик ёшларга борган йўғон гавдали киши ўтирибди. Бу киши новвойхона эгаси эди. Йигит салом бериб, супага чиқибди ва новвойхона эгаси билан кўришибди. Хўжайин дарров йигитга жой кўрсатибди, чой буюрибди.
Йигитнинг олдига иссиқ нонлардан синдириб қўйибди ва нонга таклиф қилибди.
— Келинг, ука, — деб гап бошлабди хўжайин.
— Сизнинг таърифингизни эшитиб келган эдим, эшитганларимнинг ҳаммаси тўғри экан. Эшитишимга қараганда, сиз шу ишни йигирма беш йилдан бери қилар экансиз. Шунча пулни қаердан топасиз ва нима учун давлатингизни сувга оқизасиз. Шуни айтиб берсангиз, — дебди.
— Эй, укам, сизга пул керак бўлса, берай, бошқа нарса керак бўлса, уни ҳам айтинг, лекин бу воқеадан оғиз очманг! — дебди.
— Амаки, мен бир мақсадга қадам қўйганман, шу мақсадимга албатта етишим керак. Мақсадимга етишимнинг бир калити сизнинг жавобингиз бўлади, шунинг учун мени хурсанд қиларсиз деб ишонаман.
Новвойхонанинг эгаси бироз жим тургач:
— Менинг бир шартим бор, шуни билиб келсангиз, мен ҳам айтаман, бўлмаса овора бўласиз, укам! — дебди.
— Хўп, айтинг, у нима шарт экан? — дебди йигит.
— Фалон шаҳарда бир эгарчи бор. Шу эгарчи бир йилда бир дона эгар ясайди, эгар битгач, уни бировга минг тангага сотади. Эгарни олган одам пулни беради ва ўн-ўн беш қадамча юриб узоқлашгач, пулга қараб туриб эгарчининг ранги ўзгаради, кўзлари чақнаб кетади-да, ўрнидан ирғиб туриб, эгар олганни чақиради. Эгар олган қайтиб келгач, ундан эгарни қайтариб олади ва пулини қайтариб беради.
— Ҳа, амаки, нима бўлди?
— Эгарнинг бир жойида чаласи бор экан.
— Майли, пул сизда турсин.
— Йўқ, керак эмас.
Эгар олган ҳайрон қолади.
Эгарчи эса, эгарни олиб дўконига қайтади-да, эгарни тўнканинг устига қўйиб тешаси билан уриб майда-майда қилиб ташлайди. Шу эгарчи бир йилда бир дона эгар ясар экан, нима учун синдиради: ҳеч бўлмаса ўзининг меҳнатига ачинса бўлмайдими? Эгарни-ку синдиради, яна нима учун ясайди, барибир ясаган эгарини синдиради. Шунинг сабабини билиб келсанг! — дебди.
Йигит гиламчага ўлтириб эгарчининг олдига борибди. Эгарчи эгарни битказиб, пардозлаётган экан. Икки кундан кейин эгар тайёр бўлибди. Эгарчи дўкон олдидаги пешайвонга чиқиб, эгарининг у ёқ-бу ёғига қараб завқ билан ўз ҳунаридан хурсанд бўлиб ўлтирибди.
Дўконнинг олдидан ўтганлардан баъзилари эгарга харидор бўлар, уни қўлларига олиб кўрар ва қиммат экан деб эгасига қайтариб, ўз йўлларига қараб кетишар эканлар.
Шу аҳволда уч-тўрт кун ўтибди. Йигит ҳам эгарчини кузатиб юра берибди. Бешинчи куни бозор куни бўлибди, тушга яқин бир бойвачча келиб:
— Қани, ота, эгарингиз неча пул? — дебди.
— Минг танга, мулла, — дебди эгарчи.
— Жуда қиммат-ку, ота! — деса.
— Молига ҳам қаранг, ука! — дебди.
— Минг тангага кўп нарса олса бўлади. Ота, сиз бир эгарни минг танга дейсиз-а? — дебди.
— Ишқибоз бўлсангиз, меҳнатни қадрласангиз оласиз, ука, бўлмаса эгасиники, — дебди эгарчи.
— Сал келтириб айтинг, — дебди харидор.
— Бўлгани шу, мулла, қимматлик қилса олмай қўя қолинг, — дебди эгарчи.
Ниҳоят, кўп талашганларидан кейин ишқибоз йигит минг тангага эгарни олибди. Пулни санаб бериб, эгарни олиб кетибди. Пулни қўлига олиши билан эгарчининг кўзлари олайиб, ранги оқариб кетибди ва ўрнидан туриб бойваччани чақирибди. У қайтиб келгач: “Эгарни менга беринг, пулингизни олиб туринг!” — дебди эгарчи.
— Нима учун, ота? — дебди харидор.
— Бир жойида чаласи бор экан, тузатиш керак, — дебди уста.
— Майли, пул сизда турсин, — деса, — Йўқ, олиб туринг, — деб пулни эгасига топширибди-ю, эгарни дўконига олиб кириб, теша билан майда-майда қилиб ташлабди.
Эртасига янги эгар ишлашга киришибди.
Тушга яқин салом бериб йигит дўконга келибди ва чол билан кўришиб бўлгач:
— Ота, сизнинг ишларингизни эшитиб ишонмаган эдим, келганимга бир ҳафта бўлди, ишингизни кузатиб юрдим. Эшитганларимнинг ҳаммаси тўғри экан, — дебди.
— Болам, менинг тўғримда нима эшитдингиз? — дебди.
— Фалон шаҳардаги новвойдан эшитган эдим. Ота, бир ой эмас, бир йил деганда бир эгар ясар экансиз, сотгандан кейин қайтиб олиб синдирдингиз, яна шундай эгарни ясайсиз, бир кун буни ҳам синдирасиз-ку, ҳеч бўлмаса бир йиллик меҳнатингизга ачинмайсизми? — дебди йигит.
— Қўй, болам, мени ишдан қолдирма!
— Йўқ, ота, мен қўймайман, айтасиз.
— Уни айтишга вақтим йўқ, — дебди уста.
— Келинг, отажон, айта қолинг! — дебди йигит.
Ниҳоят:
— Менинг бир шартим бор, шуни топиб келсанг, мен ҳам айтаман, — дебди уста.
— Майли, ота, айтинг! — дебди йигит.
— Бир шаҳарда Санобар деган подшоҳ бор эмиш, шу Санобар Гул деган қизни беш-олти ёшлик вақтида яхши кўриб, ота-онасини ҳам рози қилиб олибди ва унга яхши энагалар тайин қилибди. Қизнинг тарбияси учун ҳеч нарсани аямабди. Ниҳоят қиз вояга етгач, тўй қилиб олибди. Ҳозир шу бечора Гулни темир қафасга солиб қўйган эмиш. Бу хотинни шундай қийнар экан, қўйиб юборса бўлмасмиди, уни ота-онаси вояга етказиб, ўз муносибига берса бўлмасмиди? Бориб шу сирни билиб келсанг, мен ҳам бу сирларни айтиб бераман, — дебди.
Йигит эгарчи билан хайрлашиб, гиламчага ўтириб Санобаршоҳ шаҳрига равона бўлибди.
Баланд қалъа. Қалъанинг устида соқчи сарбозлар ойболталарини елкаларига қўйиб, ўқ-ёйларини бўйинларига осиб юрган эканлар. Шаҳарда ўн-ўн беш кун юриб, паст-баландни кўриб, яхши-ёмонни ажратиб билиб олибди.
Йигит кўп ўйлаб, Санобаршоҳ ҳузурига кириш чорасини излабди. Ниҳоят, бир деҳқон ёрдамида подшоҳнинг ошхонасига шогирд бўлиб кирибди.
Ошхонада астойдил хизмат қилибди, тез кунда ошпазлик ҳунарини ўрганиб олибди. Меҳнатини аямабди, тиришқоқлик билан ишлабди. Ошпазликдан ташқари сув ташибди, оғир меҳнат қилувчиларга қарашибди. Меҳнатсеварлигидан ҳамманинг ҳурматига сазовор бўлибди. Уни ошхонадагилар яхши кўрибдилар. Бора-бора у Санобаршоҳ ошпазининг ёрдамчиси бўлибди.
Бу вазифада у жону дили билан ишлабди, подшоҳ ейдиган овқатларининг деярли ҳаммасини ўрганибди, ҳатто уста ошпаздан ҳам мазалироқ овқат пиширадиган бўлибди. Катта ошпаз овқатларни йигитга пиширтириб, ўзи уни кузатиб юрар экан.
Кунлардан бир кун уста ошпаз ўртоғиникига тўйга кетибди.
Эртаси куни йигит бор ҳунарини ишга солиб овқатларни пиширибди. Вақт-вақтини билиб овқатларни подшоҳга киргизиб турибди.
Эртасига катта ошпазнинг ўзи овқат тайёрлабди.
Тушки овқатдан кейин Санобаршоҳ ошпазни чақириб ундан:
— Кечаги овқатларни ким пиширган эди? — деб сўрабди. Қўрқиб кетган ошпаз:
— Ўзим, подшоҳи олам, — дебди.
— Ростини айт!
— Ўзим пиширдим, — дебди.
— Ёлғон айтма, кечаги ошпаз бошқа!
— Подшоҳи олам, бир қошиқ қонимдан ўтсангиз айтаман, — дебди ошпаз.
— Айт, ўтдим! — дебди шоҳ.
— Шоҳим, бир йилча бўлди, ёшгина бир болани ошхонага ишга олганмиз, ҳозир у мен билан ишлайди, ўзи жуда уддабурон, қўл-оёғи чаққонгина, тиришқоқ, серҳаракат йигит.
— Илгари у сенга шогирд бўлган бўлса, энди сен унга шогирд бўлишинг керак. Овқатни у сендан яхши қилар экан, бор, шу йигитни менинг олдимга юбор, — дебди. Ошпаз подшоҳга уч мартаба таъзим қилиб чиқиб кетибди. Ошхонага келиб йигитга:
— Укам, омадинг келган экан, шоҳ сени чақиряптилар. Агар сени менинг ўрнимга бош ошпаз қилиб тайинласалар, мени эсингдан чиқарма, укам, ҳар ҳолда сени ошпазликка мен ўргатдим-ку, — дебди.
— Уста, хотирингиз жам бўлсин, мен яхшилигингизни унутмайман, — дебди йигит.
Йигит подшоҳ саройига борибди, ойболта кўтарган сарбозлар, ўнбоши ва юзбошилардан, ҳашаматли қасрлардан ўтиб, Санобаршоҳнинг даргоҳига кирибди. Подшоҳ олдига борибди. Санобаршоҳ олтин тожини кийиб тахтида ўтирган экан.
Йигит подшоҳга уч марта таъзим қилиб, ер ўпиб, бошини эгиб турибди.
— Ошпаз йигит сенмисан? — дебди шоҳ.
— Шундай, тақсирим! — дебди йигит.
— Отанг-онанг борми?
— Бор, шоҳим.
— Улар қарими?
— Қариб қолган, шоҳим.
— Сен бизга яхши хизмат қилдинг.
— Шоҳим, мен фақат ўз вазифамни бажардим, ҳеч қандай жонбозлик кўрсатмадим, — дебди.
— Мендан тилагингни тила! — дебди шоҳ.
— Шоҳим, ҳозир ёшман, дунёнинг аччиқ-чучугини тотмаганман, нима ҳам тилагим бўлар эди.
— Камтарлик қилмасдан тила, одам боласида, албатта, турли орзу-ҳаваслар бўлади, тила тилагингни! — дебди шоҳ.
— Ўзим ёш бўлганим учун мол-дунёга ҳозирча эҳтиёжим йўқ, агар сизга оғир келмаса, сиздан бир воқеани сўрамоқчи эдим, — дебди йигит.
— Қандай воқеа экан? — дебди шоҳ.
— Хотинингиз Гулни қафасда сақлаш воқеасини…— дебди йигит.
— Ҳой йигит, бўлмағур нарсалар билан бошингни қотириб нима қиласан, мендан мол-дунё сўрасанг-чи.
— Агар лозим топсангиз, тилагим шу эди, бошқа тилагим йўқ, шоҳим, — дебди йигит. Сизнинг ошхонангизда ишлаб юришим ҳам менга катта давлат, — дебди.
Санобаршоҳ бир ясовулбошини чақириб:
— Бу йигитга “Ибрат” саройини кўрсатиб кел! — деб буюрибди.
Ясовулбоши йигитни эргаштириб подшоҳнинг гулбоғи томон юрибди. “Ибрат” саройи гул боғининг нарёғида бўлиб, боғ орқали борилар экан.
Боғда ҳар хил гуллар чаман бўлиб очилиб турар, гуллар шохида булбуллар, қумрилар, тўтилар сайраб, шохдан-шохга учишиб, бир-бирлари билан баҳслашгандек галма-гал сайрашар ва ўйнашар экан. Бу қушлар одамга шундай ўрганган эдики, ҳатто ўтиб кетувчиларнинг бошларига, елкаларига қўнишарди. Ариқлардан зилол сувлар шилдираб оқар, бу шилдирашлар қушчаларнинг сайрашига жўр бўлар эди.
Гулбоғ шундай хушҳаво, хушманзара ва кишига роҳат бахш этар эканки, ҳатто шу гулбоғга кирган ўлик тирилади, — деб ўйлаш мумкин экан.
Ясовулбоши йигитга қараб:
— Ҳаёт қандай яхши, бу боғни қара, қандай чиройли. Шу боғда бир кун юрсанг, беш йилча ёшариб кетасан, — дебди.
Боғдан ўтиб “Ибрат” саройига келибдилар. Сарой дарвозасидан кириш билан йигитнинг бадани титраб, юзи буришиб кетибди, саройнинг ичи даҳшат экан. Саройнинг ҳамма томонида кесилган бошлар осилиб ётган эмиш.
— Амаки, бу бошлар кимларнинг боши? Уларни ким, нима учун кесган ва нимага осиб қўйибдилар? — деб сўрабди.
— Бу бошлар сенга ўхшаган аҳмоқларнинг боши, шу даҳшатли саройга бир кирсанг, ўн йил қарийсан. Бу бошлар сенга ўхшаган оддий кишиларнинг боши эмас, шаҳзода, бекзодалар ва катта амалдорларнинг бошлари. Булар ҳам худди сенга ўхшаб Санобаршоҳ билан Гулнинг сирини биламан, деб ўлиб кетган. Ука, ёш жонингга раҳминг келсин, бекорга Санобаршоҳ билан Гул воқеасини биламан деб ўлиб кетма, агар сен шоҳдан сўраган бўлсанг, у айтади, лекин айтиб бўлгач, бошингни кесдиради-да, мана бу ерга осиб қўяди, — деб осиб қўйилган бошларни кўрсатибди. Шу бошлардан ибрат олсин, ниятидан қайтсин, бекорга ўлиб кетмасин, деб сени бу ерга юбордилар.
Йигит “Ибрат” ёки даҳшат саройидан қайтиб чиқибди, яна гулбоғ ичи билан Санобаршоҳ саройига қайтиб, подшоҳнинг олдига келиб таъзим қилиб турибди.
— Йигит, мен сенга ачинаётирман, ёшсан, бекорга ўлиб кетма, мендан бойлик тила! —деб насиҳат қилибди шоҳ.
— Подшоҳи олам, хоҳламасангиз айтманг, лекин мен сиздан бошқа нарса тиламайман, — дебди йигит.
— Мен сенга ваъда қилдим, мендан фақат бир тилак тилашга ҳаққинг бор, масалан, давлатимнинг ярмини тиласанг ҳам бераман. Агар ҳақиқатан ҳам мақсадинг Гул воқеасини билиш бўлса, унда сенга воқеани айтиб бераман-у, бошингни кестираман. Шу шартга рози бўлсанг, майли, ўзинг биласан-у ўласан: менинг сирим оламга ёйилмасин!
— Мен сизнинг шартингизга розиман, лекин бир илтимосим бор, ҳикоянгиз тамом бўлгандан кейин бир пиёла чой ичгунча менга муҳлат берасиз, дунё билан хайрлашаман, шундан кейин бошимни олишингизга розиман, — дебди йигит. Санобаршоҳ бу шартга кўнибди.
— Мен Гул деган хотинимни етти яшарлик вақтида яхши кўриб, ота-онасини рози қилиб олдим, унга саройда энагалар ва бошқа тарбиячилар тайинладим. Уни катта отинларга топшириб ўқитдим. Катта бўлиб бўйи етгач, қирқ кеча-ю қирқ кундуз бутун шаҳарга тўй бериб, ўзимга хотин қилиб олдим. Мен уни жуда яхши кўрар эдим. Кўп вақтимни Гул билан ўтказар эдим, бирор кун давлат иши билан овора бўлиб, уни кўролмасам, девоналардек бўлардим, ҳатто овга чиққанимизда ҳам иккаламиз бирга чиқар эдик. Овга минишга иккита алоҳида отим бор эди.
Уйланганимга уч йил бўлганда, эртага овга чиқсак, деб хаёлимдан ўтказдим-у, отхонага бориб кўрсам нима учундир отларим озиб қолган, юнглари ҳурпайган, чарчоқ кўринади. Отбоқарни чақириб:
— Аблаҳ, нима учун бу отлар мунча озиб кетган, чарчаган кўринади? — деб сўрасам: —”Шоҳим, ҳар куни минилгандан кейин, албатта чарчайди, озади-да”, — деб бепарво жавоб берди. Буларни мендан бошқа ким минади, деб бақирган эдим:
— Ўзлари ҳар кун кечаси келиб миниб кетадилар-ку, — деди.
— Аҳмоқ, ёлғон гапирма! — дедим.
— Бир кеча унисини, бир кеча бунисини эгарлаб қўйгин деган эдингиз-ку! Мен ҳар куни эгарлаб қўяман, ҳар куни келиб миниб кетасиз, эрталабга яқин келасиз-у, яна мендан сўрайсиз-а, — деб жавоб берди.
Ўйлаб туриб ҳайрон қолдим ва отбоқарга:
— Бугун отларнинг иккаласини ҳам эгарлаб қўй, ўша одам келиб отнинг бирини миниб кетгандан кейин, мени уйғотгин! — дедим.
Эрталаб қарасам ўринда ётибман. “Нима учун уйғотмадинг, нимадан қўрқдинг”, деб отбоқардан сўрасам: “Шоҳим, бориб уйғотган эдим, турмадингиз, уйқингиз жуда қаттиқ экан, эшикни қаттиқ-қаттиқ тепсам ҳам уйғонмадингиз”, — деди.
— Бугун ҳар қандай бўлса, ҳам уйғотгин, — дедим.
Мен хотинимдан ҳеч қандай шубҳа қилмас эдим. Кечаси отбоқар уй эшигини бузиб, мени кўтаргандан кейин уйғондим, шу вақт кўкрагимдан бошбармоқнинг тирноғидек юмалоқ нарса тушди, уни олиб чўнтагимга солдим-у, отга миндим ва отбоқардан қайси томонга қараб кетганини сўраб, отимнинг бошини қўйдим.
Кечаси ойдин эди.
Мендан олдин кетган отлиқ одамга кўзим тушгач, отнинг жиловини тортиб қорама-қора кетавердим. Шаҳарнинг кунботар томонида чорбоғим бор эди. Ёз вақтларда кўнгил очиш учун бориб, икки-уч кун дам олиб келар эдим. Ҳозирги йўлимиз худди ўша чорбоғга борар эди.
Олдинги номаълум отлиқ чорбоғга кирди-ю, отини боғлаб меҳмонхонага қараб юрди. Мен ҳам отимни боғлаб унинг кетидан юрдим.
Боғни Қаҳратон деган занжи бошчилигидаги қирқ нафар қулларим қўриқлаб ётар эдилар.
Катта меҳмонхонада Қаҳратон бошлиқ қирқ нафар қуллар кўзаларга шаробларни тўлдириб, Гулни пойлаб ўтирган эканлар.
Гул меҳмонхонага кириши билан Қаҳратон қичқириб уни ёмон сўзлар билан сўкди. Гул эса ялиниб:
— Зўрға Санобарни ухлатдим, хаёлимда худди орқамдан келаётганга ўхшайди, — деди. Шунда Қаҳратон:
— Санобарнинг кўкрагига мен берган муҳрани қўйган бўлсанг, баданини бурда-бурда қилиб тилсанг ҳам уйғонмайди. Ўтир, шаробни қуй! — деди. Аллақандай шубҳаларга тушган Гул:
— Шу бугун хавотирдаман, Санобар келиб қолади деб қўрқаётирман, — деди.
— Қуй шаробни, Санобаринг келса, минг жони бўлса ҳам тирик қолмайди, агар келса, уни ажал ҳайдаб келади.
— Қўрқаётирман, баҳодир.
— Ўтир дейман сенга, қуй шаробни.
Гул тўрга чиқиб Қаҳратоннинг ёнига ўтирди-ю, шаробни қуйиб аввал унга, кейин бошқаларга ноз-у карашма билан узата бошлади.
Қиличимни яланғочлаб эшикда пойлаб тайёр бўлиб турдим.
Гул ҳар замонда: “Бугун қўрқаётирман” деб қўярди. Қаҳратон йигитлардан бирига: Эшикка чиқиб кел, буни хотиржам қил, — деди. Йигитлардан бири даҳлиздан бошини чиқариши билан унинг бошини кесиб ташладим. Эшикка чиққан қул қайтиб кирмагани учун Гулнинг қўрқуви ошди;
— Чиққан йигит келмади-ку? — деди. Қаҳратон иккинчи йигитни чиқарди, унинг ҳам бошини кесдим, учинчиси чиқди, тўртинчиси чиқди, бешинчи чиқди, чиққанининг бошини кесавердим ва бориб-бориб Қаҳратон билан Гулдан бошқа меҳмонхонада ҳеч ким қолмади. Фақат Гул эмас, Қаҳратон ҳам менинг эшикда турганимни билган эди. Унинг ҳам кайфи тарқаган эди.
— Ҳой Санобар, қани кир, бахтимизни бир синаб кўрайлик! — деб чақирди Қаҳратон. Мен кирдим. Иккаламиз талашиб кетдик. Курашимиз анча давом этди. Гоҳо мен уни суриб борар эдим, гоҳо у мени суриб келар эди, иккаламиз ҳам бир неча жойимиздан ярадор бўлдик. Кўп олишувлардан кейин мен фурсатни қўлдан бермай, Қаҳратоннинг бошини кесдим. Гулни шаҳарга олиб келдим ва темир қафасга солиб қўйдим. Гулни қафасга солишимнинг сабаби шу, қани энди дунё билан хайрлашгин, жаллодни чақираман, — деди.
Йигит чўнтагидан рўмолчани олиб дуосини ўқиб, чолнинг ҳурмати, деб бир қоққан эди, гиламчага айланди, гиламчанинг устига ўтириб:
— Эй гиламча, чолнинг ҳурмати, мени эгарчининг олдига етказ! — деган экан, гиламча ҳавога кўтарилиб ғойиб бўлибди. Йигит эгарчининг олдига “Ассалому алайкум”, деб кириб келибди ва у билан кўришибди.
Эгарчи йигитнинг олдига дастурхон ёзиб, нон қўйибди ва чой дамлаб келибди. У ёқ-бу ёқдан гаплашиб ўтирибдилар.
Йигит эгарчига Санобар билан Гул воқеасини айтиб берибди.
— Ўғлим, сен Санобарнинг қўлидан қандай қилиб қутулдинг, уни ҳеч кимга сир айтмайди, мабодо айтса, эшитганнинг бошини ўшал замониёқ кестиради, — дейишарди-ку!
— Отажон, шартингизга мувофиқ буйруғингизни бажариб келдим, менинг қандай қилиб Санобаршоҳ қўлидан қутулганим билан ишингиз бўлмасин-у, ўзингизникини, яъни нима учун эгарни синдиришингизни айтиб беринг! — дебди.
— Хўп, ўғлим, энди айтмасдан иложим йўқ, айтаман, сиз бугун менга меҳмон бўлинг, ҳасратлашиб ётамиз, — дебди. — Менинг асли ота касбим эгарчилик, бу ишни отамдан ўрганганман. Ота-онамдан бир синглим билан қолдим, синглим уй ишини қилар, мен эгарчилик қилиб, рўзғоримизни ўтказар эдик. Ота-онамиздан кейин уч йил шу аҳволда кун кечирдик.
Кунларнинг бирида кечқурун уйга қайтсам, чиройли, хушбичим, келишган одамлар билан ҳовлимиз тўла. Ҳайрон бўлдим. Кимдан сўрашимни билмайман. Ичкари ҳовлига кириб хотинлар орасидан синглимни топиб, ундан: — Нима гап, булар ким, қаердан келишди? — деб сўраган эдим:
— Бугун сизнинг тўйингиз, сизни уйлантиришяпти, — деди.
— Кимлар мени уйлантиришади?
— Бу ёққа келинг, — деб синглим мени бир уйга олиб борди, мени кийинтиришди, чимилдиққа олиб киришди, чимилдиқда жуда ҳам чиройли келинчак турган эди.
Бу келинчак шундай чиройли эдики, унинг таърифига тил ожиз эди, умримда шундай чиройли қизни кўрмаган эдим. Кўзларимга ишонмас эдим, дунёда шундай чиройли қиз ҳам бўладими? — деб ўзимдан ўзим сўрар эдим.
Тўй маросимлари ўтди, ҳовлидаги одамларнинг кўпчилиги кетди, биз билан хотинимнинг иккита канизи ва бир қули қолди. Шундай қилиб, хотиним билан яхши кун кечира бошладик.
Бир йилдан кейин хотиним ўғил туғди. Эр-у хотин чақалоқни қўйишга жой тополмас эдик.
Турмушимиз яхши ўтар, уриш-жанжалимиз йўқ, роҳат ва фароғатда яшар эдик. Ўғилчамиз икки ёшга тўлганда хотиним яна бир ўғил туғди.
Катта ўғлим тўрт ёшга, иккинчиси икки ёшга кирди. Бир кун арзимаган нарса устида эр-у хотин уришиб қолдик. Гапимни кўп қайтара берганидан жаҳлим чиқиб кетди-ю, бир тарсаки уриб, чиқиб кетдим.
Кечқурун ҳовлига келсам, ҳеч ким йўқ, синглим уйнинг бир бурчагида йиғлаб ўтирибди.
— Ҳа, нима учун йиғлайсан, янганг қаёқда, болалар қани, нима учун уйда ҳеч ким йўқ? — деб сўрадим.
— Акажон, уриб нима қилардингиз, қаердан келган бўлса, ўша ёққа кетди, — деб ҳўнграб йиғлаб юборди.
У қўшнидан сўрадим, бу қўшнидан сўрадим, маҳалламизнинг оқсоқолларидан сўрадим, шаҳарнинг амалдорларидан, ясовулбошиларидан сўрадим, хуллас, биров кўрдим демайди, шу йўқ бўлганича ҳозиргача йўқ.
Шундан буён куним ўтсин, шу билан овунай, эрмак бўлсин деб эгар ясайман. Эгарни сотиб, пулни олишим билан хотиним, ўғилларим, хотиним билан кечирган кунларим кўз олдимдан ўта бошлайди-ю, ярам янги бўлади, ярага туз сепгандек бўлади-ю, рангим ўзгариб кетади. Пулни эгасига қайтариб, эгарни синдириб ташлаганимдан кейин ҳоврим босилиб, бироз тинчланаман, — деб эгарчи ўз саргузаштини тамом қилибди.
Йигит эгарчи билан хайрлашиб, гиламчага ўтириб, новвойнинг олдига борибди. Новвойхона эгаси билан саломлашиб, унга эгарчининг саргузаштларини айтиб берибди.
— Укам, сиз эгарчини қандай эритдингиз, у жуда ўжар чол эди-ку?— дебди.
— Нима қилсам ҳам айттирдим, энди сиз ҳам айтинг! — дебди йигит.
— Отам жуда қашшоқ яшар эдилар, тирикчилигимиз жуда ҳам қийинчилик билан ўтар эди. Отам ўлгандан кейин уйда ҳеч нарса қолмади. Ҳеч қандай ҳунарим бўлмаганидан мардикорчиликдан бошқасига ярамадим.
Бир кун эрталаб мардикор бозорида турган эдим, бозорга қора қашқа от минган бир бойвачча келди. Бойваччанинг бошида сувсар телпак, эгнида кимхоб тўн, белида олтин камар, оёғида яхши этик бор эди. От анжомларига ҳам олтин-кумуш ва ҳар хил жавоҳирлар қадалган эди.
Бойвачча оёғини узангига тираб туриб: “Менга бир йилча ишлаш учун бирорта одам керак, ишим оғир эмас. Ўн бир ой мен унга хизмат қилиб боқаман, ўн иккинчи ойда бир ой у менга ишлаб беради. Шунақа одам борми? — деб сўради.
Мен ирғиб ўрнимдан туриб, унинг олдига бордим.
— Мана мен бораман, хўжайин, — дедим. Башарамга тикилиб турди-да, юринг! — деб йўл бошлади, йўл-йўлакай мендан ҳар хил гапларни сўраб борди.
Хўжайиннинг уйига етиб келдик. Отини отхонага боғлаб, меҳмонхонани очиб, мени олиб кирди-да, “Мана шу уй сизники, эрталаб ширчой, тушда палов, кечқурун шўрвани ичиб, бемалол ётаверасиз”, деб ичкари ҳовлига кириб кетди.
Ичкаридан аввал дастурхон билан нон олиб чиқди, дастурхонни ёзиб, нонни ушатиб қўйди-ю, бир коса сарёғ солинган ширчой олиб чиқди, ўзи эса ичкарига кириб кетди.
Ширчойга нонни тўғраб едим, қоринни тўйғазиб, дастурхонни йиғиб қўйдим. Хўжайин чиқиб менга иш буюрар, деб ишга тайёр бўлиб турдим, лекин хўжайин тушгача чиқмади.
Тушда хўжайин бир лаган палов кўтариб келди, менинг олдимга қўйиб, ўзи кириб кетди, кечгача яна чиқмади.
Кечқурун иккита нон билан бир коса шўрва олиб чиқди. Шу зайлда кунлар, ойлар ўтаверди. Мени ўн бир ой яхшилаб боқди, ҳеч қан-дай иш буюрмади. Ўн иккинчи ой бошланиши билан эрталаб хўжайин чиқиб:
— Қани, энди сизнинг ишлайдиган вақтингиз келди, туриб аравани қўшинг! — деб буюрди. Аравани қўшдим, намат, кўрпача, идиш-товоқ ва битта катта мешни аравага ортдик, ўзи аравага чиқиб ўтирди-ю, менга:
— Отга миниб ҳайданг! — деб буюрди.
Хўжайин кўрсатган кўчалар билан шаҳар дарвозасидан чиқдик, катта йўл билан кетавердик. Ярим манзил юрганимиздан кейин денгиз бўйига чиқдик. Отни аравадан чиқариб, эски бир қозиққа боғладик.
Денгиз бўйига жой солдим, кўрпача тўшадим, аравадаги нарсаларнинг ҳаммасини туширдим.
Ўша ерда бир эски ўчоқ бор экан, қозонни шу ўчоққа осдим.
Хўжайин ўзи пиширган ошни сузиб келди-ю, косани менга узатиб, битта сув олинг! — деб буюрди. Мен сув олгани денгизга энгашганим-да, менинг ошимга беҳуш қиладиган дори сепиб қўйибди.
Ошни “олинг-олинг” қилиб едигу, мен ўзимдан кетиб қолдим. Ўзи бемалол ошни ебди, мени мешга солибди, мешнинг оғзини боғлаб, денгизга оқизиб юборибди.
Сув тўлқини мени денгизнинг нариги қирғоғига ташлабди. Бир вақт ўзимга келсам, бир нарсанинг ичида сиқилиб ётибман. Бир кучанган эдим, мешнинг оғзидаги ип ечилиб кетди-ю, бошим мешдан чиқди. Қарасам, мешнинг ичида эканман. Мешдан бир амаллаб чиқиб олдим. Қарасам, атрофим тўла қимматбаҳо тошлар. Кўзимга яхши кўринганини териб, мешга сола бошладим. Мешни тўлдириб, оғзини чилвир билан маҳкам боғладим. Чўнтакларимни ҳам тошларга тўлдирдим.
Бир вақт қарасам, осмондан катта бир туяқуш учиб келди-ю, мешни кўтариб учиб кетди. Мен кўп азоблар чекдим. Денгиздан балиқ тутиб, тошларга ёпиб еб юрдим.
Шу аҳволда олти кеча-ю олти кундуз юрдим, еттинчи куни кечаси йиғлаб ухлаб қолибман. Туш кўрибман. Тушимда бир оппоқ соқолли нуроний чол олдимга келиб:
— Тур, болам, мана бу кўприкдан ўтиб кетгин! — деди. Чўчиб уйғондим. Кўзимни очиб қарасам, денгиз устида баланд кўприк пайдо бўлибди.
Ирғиб ўрнимдан турдим-у кўприкка қараб югурдим. Кўприк жуда узун эди. Зўр машаққатлар билан денгизнинг нариги томонига ўтиб олдим. Орқамга ўгирилиб қарасам, денгиз устидаги кўприк бузилиб, балиқ бўлиб сувга тушиб кетди.
Ўшанда: “Агар бахтим чопиб, давлат топсам, топганимни балиқларга бераман” деб ният қилган эдим.
Шу куни денгиз бўйида ухладим. Уйқудан туриб, шаҳарга жўнадим. Йўлда кела туриб тупроқда мешнинг изини кўрдим.
Кейинчалик билсам, хўжайин ҳар йили менга ўхшаган бир бечорани денгизга оқизар экан. Ўша одам ҳам менга ўхшаб асл тошларни мешга солиб тайёрлаб қўйганда, туяқуш келиб мешни чангаллаб учар ва денгизнинг бу томонига олиб ўтиб ташлар экан. Буни пойлаб турган хўжайин мешни аравага ортиб уйига олиб келар экан.
Шаҳарга етиб келдим. Ёнимдаги тошлардан бирини сотиб кийимларимни янгиладим, бир саройга келиб ётдим. Эрталаб мардикор бозорига бориб, хўжайиннинг келишини пойлай бошладим.
Бешинчи куни хўжайин келиб, одам сўраган эди.
— Мен бораман, хўжайин, — дедим.
Юзимга, кийимларимга узоқ тикилиб қарагач, орқасидан эргаштириб жўнади.
Хўжайин ҳовлисига келиб, яна аввалгича яшайвердим. Ниҳоят аравани қўшиш куни етиб келди. Бу гал мен ҳам беҳуш қиладиган дори олиб қўйган эдим.
Бултургидек денгиз ёқасига етиб бордик. Отни аравадан чиқазиб боғладим, ўлтирадиган жойимизни супуриб намат ва кўрпачаларни солдим. Хўжайин менга ош қилишни буюрди.
Бу гал хўжайин мени алдай олмади. Аввал косага сув олиб қўйдим-у, кейин ошни суздим ва хўжайиннинг ошига дорини сепиб аралаштириб қўйиб: “Қани, хўжайин, олинг!” — деб ошни тушира бошладим. Хўжайин қовоғини солиб ош ейишга тушди, беш-олти ошам еганидан кейин ўзидан кетди.
Мен ошни еб бўлиб ўлгудек қотиб қолган хўжайинни мешга солдим ва мешнинг оғзини боғлаб, денгизга оқизиб юбордим, ўзим айланиб юравердим.
Кун ботишига яқин бир қуш мешни чангаллаб келиб, аравадан нарироққа ташлади-ю, ўзи учиб кетди.
Мешни аравага ортдим-у, шаҳарга қараб отни ҳайдаб кетдим.
Аравадан нарсаларни ҳовлига олиб кирдим, ўрта эшикни тақиллатдим.
— Ким у,— деб овоз берди хўжайиннинг хотини.
— Бу ёққа қаранг!
— Кимсиз, нима дейсиз?
— Қўрқманг, мен икки йилдан бери сизнинг меҳмонхонангизда турган одамман, бултур ажалим етмаган экан, худо йўл берди, денгиздан эсон-омон ўтиб, иккинчи маротаба шу ҳовлига келдим.
Бу гал ўзим ва ўзимга ўхшаганларнинг ўрнига хўжайинни юбордим, у киши энди ваҳший ҳайвонларга ем бўлди.
Мен мана шу ҳовли ва ундаги бойликларнинг эгасиман, менга ўхшаган бечораларни қурбон қилган эрингизнинг гуноҳига сиз шерик бўлгансиз. Билиб қўйинг, қози, ҳоким ва бошқаларга арз-у дод қиламан десангиз, ўзингиз гуноҳкор бўласиз, чунки эрингизнинг қилмишларини билиб туриб, яшириб келгансиз.
Менга тегишга рози бўлсангиз, уй эгаси бўлиб тура беринг, агар рози бўлмасангиз, мана катта кўча, тўрт томонингиз қибла. Сизга беш-олти кун муҳлат бераман, хўп танангизга ўйланг-да, жавобини беринг! — дедим.
— Хўп, айланай, ўйлаб кўраман, эримнинг гуноҳига мени шерик қилманг, хотинларнинг иши эрининг буюрганини қилиш бўлади, — деди.
Кунлар аввалгидек ўта берди, аёл менга тегишга розилик билдирди. Аёл билан эр-у хотин бўлганимиздан кейин эридан қолган асл тошлар: ертўлада тўлиб ётган гавҳар, зумрадларни кўрсатди.
Бу битмас-туганмас бойликни асраб нима қиламан, дедим-у шу новвойхонани қурдим. Нонларни эса балиқларга едириб юрибман. Бу туганмас бойлик мендан кейин ўғил ва набираларимга ҳам етиб, ортади. Ҳозир ўша хотинимдан бир ўғил ва бир қизим бор, — деб новвой ўз саргузаштини тамомлади.
Йигит новвой билан хайрлашиб, гиламчасига ўтириб гўрков олдига келибди.
Йигит гўрков чол олдига кириб, новвойнинг саргузаштларини сўзлаб берибди.
— Мени ҳам айтишга мажбур қилдинг, болам, — деб гап бошлади гўрков чол. Менинг асли касбим савдогарлик. Савдогарчилик билан узоқ-узоқ шаҳарларга борар эдик, сафаримиз баъзи вақтларда беш-олти йилларга ҳам чўзилар эди.
Бир куни хотиним ҳомиладор бўлиб қолди. Ой куни етиб, бир қиз туғди. Эсон-омон қутулди, деб хурсанд бўлдим. Чақалоққа чилласида касал тегди-ю, аъзойи-бадани яра бўлиб кетди. Яра кундан-кунга бадтар бўла бошлади, ҳеч қандай дори-дармон таъсир қилмади.
Болани кўрсатмаган табиб, жарроҳ, дуохон, азайимхон, қасидахон, домла, отин ва фолбин қолмади.
Уйимизда фақат қиз эмас, унинг ғамида биз ота-она ҳам касалга ўхшар эдик.
Бировни кўрганимизда “Сиз бирор табиб, дуохонни билмайсизми?” деб сўрар эдик.
Орадан ўн етти йил ўтди, қизимиз ўн етти ёшга кирди. Кўклам вақти эди, жума куни қариндошимизнинг тўйига бориб, қайтишда гўристон ичидан ўтиб кетаётганимда бир бош суягига кўзим тушди. Суякнинг пешонасида “Шу калла ўн тўрт кишини ўлдиради”, деб ёзиб қўйилган эди.
Каллани қўлимга олиб, синчиклаб қарадим, қуруқ бош суяги экан.
Бу қуруқ бош суяк қандай қилиб ўн тўрт кишини ўлдирар экан деб узоқ ўйладим, каллани қўйнимга солиб уйга келдим-да хотинимга: “Хотин, шу суякни ҳовончада туйиб талқон қилиб, битта халтачага солиб қўйгин”, деб буюрдим. Хотиним калладан қўрқмасин, деб у ҳовончани олиб келгунча, тешани олиб уни синдириб қўйдим.
Хотиним суякни ҳовончага солиб, туйиб, сандиққа солиб қўйди. Шу кунларда шаҳримиздаги бир қанча савдогарлар сафарга тайёрланаётган эдилар. Мени ҳам бирга олиб кетмоқчи бўлишди.
Ўйлаб туриб розилик бердим ва сафарга тайёрлана бошладим. Карвон тайёр бўлгач, хотиним билан хайрлашиб жўнаб кетдим.
Карвонимиз билан йўл юриб, йўл юрсак ҳам мўл юриб, у шаҳардан бу шаҳарга ўтиб, савдо қилиб узоқ йил юрдик.
Уйдан кетганимдан бир йил ўтгач, хотиним мени соғинибди шекилли, сандиқни очиб кийимларимни бир-бир кўриб турган экан, кийимларим орасидан халтачадаги суяк талқони чиқибди.
Бу нима экан деб очиб кўриб, озгина ялаб кўрган экан, оддий талқондек туюлибди, шундан қизимга озгина берсам нима қиларкин, деб қизнинг оғзига солган экан, қиз яна сўрабди, яна талқондан озгина берибди. Эртаси куни қизнинг яраси бироз қотгандек кўринибди, иккинчи куни ундан яхшироқ бўлибди: кейин-кейин яранинг нишони қолмабди. Орадан уч ой ўтгач, қиз бутунлай соғайиб кетибди-ю, лекин ҳомиладор бўлиб қолибди. Ҳамма ҳайрон бўлибди.
Ой куни тўлиб, бир ўғил туғибди, туғилишининг иккинчи куниёқ бола тилга кирибди. У тез ўсар, ўзидан-ўзи ўқиш-ёзишни билар, ҳатто муллалар билмаган гапларни билар экан.
Шундай бир донишманд бўлибдики, унга ҳамма ҳайрон қолибди.
Бола тўққиз ёшга тўлганда, карвонимиз билан қайтиб келдим. Бизни қарши олиб чиққан қариндош-уруғ, ошна-оғайнилардан набирамнинг донишмандлигини эшитдим-у, менинг маслаҳатимсиз эрга берганларига жаҳлим чиқиб ҳовлига кирдим. Кўчамизга бурилишим билан неварам:
— Бобожон, — деб қучоғимга отилиши билан, юрагим меҳрга тўлди-ю, жаҳлимдан асар ҳам қолмади.
Неварамни қучоқлаб бағримга босдим. Ҳовлига кирдик, унинг гапларига оғзим очилиб қолди. У уйда бўлган ўзгариш ва янгиликларни менга сўзлаб берар, шаҳримиздаги донишмандлар билан масала талашиб, уларни мот қилганини ва бошқа бир қанча воқеаларни гапириб берар эди. Сафардан қайтганимизнинг бешинчи куни шаҳримизнинг подшоси бизни чақирди. Подшоҳнинг зиёфатига ҳамма савдогарлар ҳадялар олиб боради. Мен ҳам ўз туҳфамни кўтариб кетаётганимда неварам:
— Бобожон, мени ҳам олиб боринг, — деб ялиниб ёпишди.
— Қўй, болам, подшоҳларнинг мажлиси нозик бўлади, мен дарров келаман, — деб алдасам ҳам кўнмади. Ноилож олиб боришга мажбур бўлдим.
Туҳфаларни ясовулбоши-баковулбошиларга топшириб, подшоҳнинг меҳмонхонасига кириб ўтирдик.
Ҳар ким кўрган воқеаларини айтиб берар, ҳар хил халқларнинг урф-одатлари ҳақида гапириб беришар эди. Савдогарлардан бири ғаройиб балиқни сувга солиб олиб келган экан. Балиқни ўртага қўйди.
Бу жониворни кўрганлар ҳайрон қолдилар. Подшоҳдан тортиб, ўтирганларнинг ҳаммаси ҳам балиққа қизиқди. Ҳамма бир-бир кўриб бўлгач, подшоҳ ичкарига олиб киргин, хотин-қизлар ҳам кўришсин, деб буюрди. Маҳрам бола балиқни ҳарамга олиб кирди-ю, бироздан кейин дарров олиб чиқди.
— Ҳа, нима учун дарров олиб чиқдинг?
— Бу жонивор номаҳрам экан, эркак эмиш, — дейишди. Номаҳрам экан, деган сўзни эшитган набирам “пиқ” этиб кулиб юборди.
Ўтирганларнинг ҳаммаси болага қараб қўйди.
— Ким у кулган? — деб бақирди подшоҳ.
Менинг ёнимда ўтирган бир савдогар, мана бу бола, деб набирамни кўрсатди.
Ғазабланган шоҳ:
— Жаллод! У боланинг бошини ол! — деди. Жаллод кириб боланинг қўлидан ушлаган эди: “Подшоҳи олам, аввал сўраш, кейин сўйиш, кулишимнинг сабаби бор”, деди набирам.
— Айт сабабини! —деди подшоҳ.
— Қулоғингизга айтаман, — деди.
— Кел, айта қол! —деди подшоҳ.
Набирам подшоҳнинг қулоғига бир нима деди-ю, келиб ёнимга ўлтирди. Дастурхонлар ёзилди, неча турли таомлар ейилди, шароблар ичилди.
Зиёфатдан сўнг подшоҳ меҳмонларга инъомлар берди..
Менга қараб:
— Сизнинг набирангиз бугун бизга меҳмон бўлади, — деди.
Подшоҳга қуллуқ қилиб чиқдим. Уйга келдим-у, ақл-у ҳушим набирамда қолди. Эрталабгача мижжа қоқмасдан чиқдим. Эрталаб подшоҳ саройига қараб юрдим. Набирам подшоҳ билан чой ичиб ўтирган экан. Подшоҳ мени чойга таклиф қилди.
Ўша куни подшоҳ шундай катта инъом бердики, шунча йилдан бери савдогарчилик қилиб орттирган давлатим подшоҳ берган инъом олдида денгиздан бир қатра, офтобдан бир зарра эди.
Жуда хурсанд бўлиб уйга қайтдик. Набирам подшоҳнинг қулоғига:
— Кулганимнинг сабабини кечаси айтаман, мени бобомдан сўраб олиб қолинг! — деган экан.
Ярим кечагача набирам подшоҳ билан шатранж ўйнаб ўтирибди. Ярим кечадан кейин:
— Қани, шоҳим, қуролланинг, менга ҳам қурол беринг, — деб ўрнидан турибди. Қуролланиб бўлгач, икковлари саройга киришибди.
Набирам подшоҳни катта қизининг уйига бошлаб кирибди; унда ҳеч ким йўқ экан. Подшоҳга даҳлиздаги обрезни кўрсатиб, “Шу жойни очинг!” — дебди.
Подшоҳ обрезни очгач, унинг тагида бир зина кўринибди, зина билан яна бир даҳлизга тушибдилар. Токчада шам ёқиғлиқ. Даҳлизда бир катта ковуш ва иккита кичкина бола ковуши бор экан.
Даҳлиздаги уйнинг эшигини очиб уйга киришибди.
Подшоҳнинг қизи бир бадбашара киши билан ётар, бир томонда иккита уч-беш ёшлар чамасидаги болалар, иккинчи томондаги бешикда эса яна бир бола ётар экан.
— Подшоҳи олам, бу бадбашара маҳрам-у, тилсиз балиқ номаҳрамми? Мана кулишимнинг сабаби, — дебди бола.
Шоҳ ертўладагиларни жазолабди. Шундан сўнг подшоҳ набирамни тез-тез чақириб турадиган бўлди.
Бир кун намоз ўқиётганимда набирам келиб намозимни бузди. Болам, сен бир оз ташқарида ўйнаб юргин, мен намозимни ўқиб олай, кейин иккаламиз бир жойга борамиз, — деб алдаб юбордим. Ўзим намозимни ўқий бошлаган эдим, яна келиб номозимни бузди, алдаб юбориб намозимни бошлашим билан келиб, намозни яна бузди.
Минг ақлли бўлса ҳам, бола болалигига боради-да. Болага қўшилиб ўзим ҳам бола бўлиб қолибман. Энди бунга бир пўписа қилиб қўрқитиб қўймасам бўлмайди, дедим-у, бир шапалоқ урдим, бола икки юмалади-ю, гўристондан топганим қуруқ суяк калла бўлиб қолди.
Ўша каллани мана шу гўрга қўйганман, энди пушаймон қиламанки, нима учун мен уни урдим, намозимни юз мартаба бузса ҳам, минг марта бузса ҳам майли эди, мен нима қилиб қўйдим, — деб йиғлайман, аммо фойдаси йўқ.
Молларим ва пулларимни бир содиқ қулимга берганман, хотиним билан қизимнинг рўзғорига ўша қарайди, ўзим ўлгунимча шу гўристонда қоровул бўлиб йиғлаб ётишга аҳд қилганман, — дебди чол.
Чол билан хайрлашиб, тандирчи олдига келган йигит гўрков саргузаштини айтиб берибди. Чол болага:
— Бизнинг турмушимизда бундай ғаройиб воқеалар бўлмади. Турган жойимиз тандир бўлса ҳам ичи катта жой. Кийган чопонимиз эса битта, чунки жуда қашшоқмиз, топганимиз зўрға овқатимизга етади, — деб бу киши ҳам ўз саргузаштини сўзлаб берибди.
Узоқ сафар ва машаққатларда сарсон бўлган, ниҳоят, кўп сирларни билиб олган йигит уйга келгач, ота-онаси билан кўришиб, бутун воқеани сўзлаб берибди, эртасидан бошлаб сиёҳ, қалам ва қоғозларни ғамлаб олибди-ю, ўтган воқеаларни бир китоб қилиб, отасининг қўлига берибди ва подшоҳнинг вазирига топширишни ва жавобини олиб келишни илтимос қилибди.
Чол саройга кириб подшоҳга салом берибди.
Подшоҳ вазирга қарабди: Вазир:
— Ҳа, ота, нима хизмат, кимга арзингиз бор? — дебди.
Чол қўйнидаги китобни вазирга берибди.
— Бу нима, ота? —дебди вазир.
— Бу, ўша тандирда турувчи чол-у кампирнинг ҳикояси. Қулбаччангиз бериб юборди, — дебди чол.
— Улар китобни қўлига олиб варақлаб кўришибди; ҳар жой ҳар жойидан бир хат, ярим хат ўқиб, ота сиз кетаверинг, бу китобни ўқиб кўриб, сизни ўзимиз чақирамиз, — деб чолга рухсат беришибди.
Подшоҳ билан вазир китобни диққат билан ўқиб чиқишибди.
— Подшоҳи олам, бу йигит жуда ақлли кўринади, бу ишлар ҳар қандай одамнинг қўлидан келмайди. Бу китобда ёзилган гўрков, новвой, эгарчиларнинг сирини билиш учун кўп кишилар овора бўлиб, уларни гапиртира олмаганлар. Айниқса, Санобаршоҳнинг олдига борган одам тирик қайтмаган.
Сиз унинг камбағаллигига қараманг, давлати бўлиб, ақли бўлмаса, у давлатдан нима фойда? Бизларнинг маслаҳатимизга кирсангиз маликани шу йигитга беринг, — дейишибди вазирлар. Подшоҳ бу маслаҳатга кўнибди.
Бир ҳафтадан кейин чолни чақиртириб, унга бу хушхабарни ва тўй тайёргарлигига киришишни айтибдилар. Қирқ кеча-ю қирқ кундуз тўй-томоша қилиб, маликани чолнинг ўғлига бериб, ҳаммалари мурод-мақсадларига етган эканлар.