Тулки билан бўри

Қадим замонда бир чол билан кампир бор экан. Уларнинг бир ола сигири бор экан. Кунлардан бир куни чол:
— Эй кампир ола қопнинг унидан, ола сигирнинг мойидан бир кўмач қил, — дебди.
Шунда кампир ола қопнинг унидан, ола сигирнинг мойидан бир катта кўмач қилибди. Кўмачни олиб келиб чол-кампир иккови ўртага қўйибдилар. Шунда кампир:
— Қани, чол, синдиринг, — дебди. Чол:
— Кампир, сиз синдиринг, — дебди. Кампир яна чолга:
— Эй чол, сиз синдиринг, — дебди.
Шунда чол «бисмилло» деб синдирмоқчи бўлган экан, кўмач қочиб қолибди. Кўмач ғилдираб қоча берибди, чол-кампир унинг орқасидан қува берибди. Қўрғонни уч айланишибди. Кўмач дарвозадан чиқиб, кўчага қочибди. Кўчага чиққанда, чол-кампир етолмай қолибди.
Кўмач қочиб бир йилқичининг уйига борибди ва уни чақирибди:
— Ҳў, йилқичи, мен ола қопнинг унидан, ола сигирнинг мойиданман. Мени е, мени е, мени емасанг, ота-онангнинг этини е, — дебди.
Шунда йилқичи кўмачни ушлаб емоқчи бўлибди. Кўмач қочибди. Йилқичи бир отини миниб, бир отини етаклаб, кўмачни қувиб қолибди.
Кўмач қочиб бир подачининг олдига борибди. Кўмач подачини чақириб:
— Ҳў, подачи, мен ола қопнинг унидан, ола сигирнинг мойиданман, мени е, мени емасанг ота-онангнинг этини е, — дебди.
Шунда подачи, кўмачни емоқчи бўлиб, унга томон юрибди. Кўмач қочибди. Подачи бир ҳўкизни миниб, бир ҳўкизни етаклаб, кўмачни қувиб қолибди, лекин у ҳам кўмачга етолмабди.
Кўмач кетаётган экан, йўлда бир тулки уя ковлаб турган экан. Кўмач тулкини чақирибди:
— Ҳў тулки, ола қопнинг унидан, ола сигирнинг мойиданман, мени е, мени емасанг ота-онангнинг этини е, — дебди.
Кўмач шу ерда туриб икки марта чақирса ҳам тулки ҳеч қарамабди, эшитмагандек бўлиб тура берибди. Шунда кўмач тулкига яқинроқ келиб:
— Ҳў тулки, мен ола қопнинг унидан, ола сигирнинг мойиданман, мени е, мени емасанг ота-оиангнинг этини е, — деб бақирибди.
Бир вақт тулки кўмачга қараб секин қулоғини қоқибди. Тулки айтибди:
— Менинг қулоғим кар, ҳеч нимани эшитмайди. Қулоғимни тутиб турай, сен гапир, шунда эшитаман.
Кўмач тулкининг ёнига келибди. Тулки унга қулоғини тутиб турибди, кўмач унинг қулоғи тагига келиб туриб:
— Эй тулки, мени е, мени е, мени емасанг, ота-онангнинг этини е, — дебди. Тулки лип этиб кўмачни ушлаб олибди.
Тулки кўмачнинг бир чеккасидан тешиб, мағзини еб олибди, кейин тешикни маҳкам қилиб беркитиб қўйибди. Тулки кўмачни кўтариб бир қўйчивоннинг олдига олиб борибди:
— Эй қўйчивон, мен сенга бир совға олиб келдим, — дебди. Қўйчивон:
— Нима берайин? — дебди. Тулки:
— Бир яхши қўзи бериб ола қол.
Қўйчивоннинг қорни оч экан, битта қўзи бериб, ҳалиги кўмачни олибди. Тулки:
— Эй қўйчивон, мен қўзини етаклаб ўша қирдан ошиб кетганимдан кейин, кўмачни синдиргин, — деб тайинлабди.
Тулки қўзини етаклаб қирдан ошиб кетибди. Қўйчивон кўмачни синдирибди, қараса, унинг мағзини тулки еб қўйган экан. Қўйчивон жуда хафа бўлибди.
Тулки қўзини етаклаб кетаётган экан, бирдан унинг олдидан ўртоғи бўри чиқиб қолибди. Бўри қўзини кўриб хурсанд бўлибди:
— Эй тулки ўртоқ, қўзини неча пулга олдинг? — деб сўрабди.
— Қўзини фалон пулга олдим, — дебди-ю, ўтиб кета берибди.
Тулки қўзини уйга олиб бориб боғлаб, ўзи қирга ўт ўриб келишга кетибди. Тулки қирдан бир тутам шувоғ ўт олиб келиб, уйда турган қўзини чақирибди:

Уйдан-уйга югурдим,
Уй шувоғин суғурдим,
Қирдан-қирга югурдим,
Қир шувоғин суғурдим.
Жониворим, қўзичоқ
Эшикни оч, эшик оч.

Қўзи:
— Ма-а-а, — деб югуриб келиб эшикни очибди. Тулки олиб келган шувоғ ўтни қўзининг олдига қўйибди. Қўзи шувоғни еб ётибди.
Кунлардан бир куни бўри тулки ўртоғини пойлаб қолибди. Бўрининг мақсади тулки ўртоғининг қўзисини ейиш экан. Бўри пойлаб ўтирган экан, тулки қирга чиқиб кетибди. Бўри тулкининг ўйига келиб, мўридан тушибди. Уйга кириб олгач, қўзини бурда-бурда қилиб ебди, қўзининг калласини ўрта устуннинг тагига қўйибди. Тўртта оёғини уйнинг тўрт бурчагига қўйибди. Кейин бўри яна мўридан чиқиб жўнаб кетибди.
Бир вақт тулки қирдан бйр боғ шувоғни кўтариб, елиб-югуриб, қизариб-бўртиб, секин-секин йўталиб, зшик ёнига келибди, қўзичоқни чақирибди:

Уйдан-уйга югурдим,
Уй шувоғин суғурдим.
Қирдан-қирга югурдим,
Қир шувоғин суғурдим.

Қўзи эшикни очмабди ҳам, товуш чиқармабди ҳам. Тулки уч марта чақирса ҳам қўзичоқнинг «ба-а» деган овози келмабди. Шунда тулки шошилиб эшикни бузиб уйга кирибди.
Уйга кирса, қўзининг калласи ўрта устуннинг тагида ётганмиш. Тўртта оёғи уйнинг тўрт бурчагида ётганмиш. Тулкининг кайфи учиб кетибди.
— Эй бадбахт бўри, йўлда етаклаб келаётганимда қўзини кўрган эдинг, «қўзини қанчага олдинг?» деб сўраган эдинг, сен сўраганингдаёқ, қўзини еб қўйишинг кўнглимга келган эди, — деб тулки кўп ачинибди.
Тулки бўрини бир боплайин деб ўйлабди, уйнинг тўрига ўра ковлабди. Ўранинг ичига тош кўмирнинг чўғидан ташлаб қўйибди, оғзига бир кичкина ёғоч қўйиб, унинг устидан бўйра ёпибди. Бўйранинг устидан бир кўрпача солибди. Шу куни қўзининг калла-почасини қозонга солиб, қайнатиб қўйибди. Кейин бўри ўртоғининг олдига келибди:
— Эй бўрибой, мен бугун сизни зиёфат қилмоқчи эдим, бизникига боринг, — дебди. Бўри айтибди:
— Эй ўртоқ, бугун менинг тобим йўқ, касал бўлиб қолдим, бошим оғриб, зўрға ётибман.
Тулки:
— Эй ўртоқ, туринг, кечаги қўзини сўйган эдим, бугун унинг калла-почасини пиширяпман, бориб иссиқ-иссиқ шўрва ичсангиз тузалиб кетасиз, — дебди.
Шундай қилиб тулки бўрини қўярда-қўймай, сургаб уйига олиб борибди. Уйга киргач, тулки бўрини тўрга таклиф қилибди. Бўри бориб кўрпачанинг чеккасига ўтирибди.
Тулки:
— Эй ўртоқ, чеккага ўтириб қолдингиз, тортинмай баҳузур ёзилиб ўтиринг, — дебди.
Бўри туриб кўрпачанинг ўртасига ўтирайин деган экан, тулки бўйранинг чеккасидан тишлаб туриб бир силкибди, шунда ўранинг оғзига қўйилган кичкина ёғоч тушиб кетибди. Бўри ҳам шу онда ўрага тушиб кетибди. Тулки кўчага қочиб чиқиб кетибди.
Бўри ўранинг ичида шошиб қолибди, ирғиб чиқаман деб сакраганида, чалқанчасига чўғ устига ағанаб тушибди. Бўрининг баданидаги ҳамма жунлари куйиб, қип-қизил гўшти чиқиб кетибди. Бўри ахири сакраб-сакраб куйган ҳолда ўрадан чиқибди. Чиқса тулки қочиб кетган экан. Бўри бир қирнинг остига келиб, бурнидан суви оқиб, ўлай-ўлай деб ётибди.
Кейин тулки бошқа тусга кириб, бўрининг олдига келибди. Ундан ҳол-аҳвол сўрабди.
Бўри:
— Менинг бир тулки ўртоғим бор эди. Унинг бир қўзиси бор эди. Шу қўзисини еб қўйган эдим. Тулки мени алдаб ўрага ташлади ва ўзи қочиб кетди. Энди азоб еб шу ерда ётибман, — дебди.
Тулки унга ачинган бўлиб:
— Бай-бай, яхши иш қилмабди-ку, наҳотки шундай азоб берса, — дебди. Бир оздан кейин тулки яна:
— Мен табибман, бундай яраларнинг кўпини тузагганман, дориси мана шу чангал тиканларнинг орасида югура бериш, чангалзордаги тиканлар мана бу баданингиздаги зардобларни оқиза беради. Сиз уч қунда тузалиб кетасиз, — дебди-ю, кета берибди. Шунда бўри ўрнидан туриб, табиб айтганини қилиб, чангалзорнинг ичига кириб югура берибди. Бўрининг баданлари тешилиб, гўштлари юлиниб, аввалгидан ҳам кўп азобланибди, ўладиган бўлиб ётиб қолибди. Тулки бошқача турланиб, ўзини танимайдиган қилиб, бўрининг олдига келибди, ундан ҳол-аҳвол сўрабди. Бўри:
— Кеча бир тулки келиб, чангалзорда югурсанг, тузаласан, деган эди, мен елиб-югурган эдим, охири ўладиган бўлдим, — дебди. Тулки:
— Улар тоғ тулкиси, биз қир тулкиси, улар даволашни билмайди. Мен биламан, — дебди. Кейин бўрининг томирини ушлаб туриб:
— Сиз, кулга ағанай беринг, тузалиб кетасиз, — дебди-ю, яна ўз йўлига кетаверибди. Бўри ётиб, кулга ағанай берибди, баданидаги яраларга кул кириб, жуда азоб тортибди, баданининг ачишганига чидаёлмай додлаб ётибди.
Эртасига бўри яракинг аламига чидолмай додлаб ётган экан, тулки яна бошқача тусга кириб олдига келибди:
— Эй бўрибой, нима бўлди сизга? — деб сўрабди. Шунда бўри айтибди:
— Менинг бир ўртоғим бор эди, унинг бир қўзиси бор эди. У қўзини еб қўйган эдим. Ўртоғим мени зиёфат қиламан, деб уйга бошлаб борди, мени алдаб ўранинг тепасига ўтқазиб, чуқурга тушириб юборди, ўзи қочиб кетди. Ўрада чўғ бор экан, баданим куйиб қолди. Мен чидолмай йиғлаб ётсам, бир тулки келди. Бу тулки: «Мен табибман, сен чангалзорга кириб югура берсанг, тузалиб кетасан», деди. Чангалзорга кириб югурдим, тиканлар куйган баданимни шилиб юборди, ўладиган бўлдим. Оғриққа чидаёлмай ётган вдим, яна бир тулки келди. У: «Сени чангалга югуртирган тоғ тулкиси экан, мен қир тулкисиман», деб кулга ағанашга буюрди. Мен кулга ағанаган эдим, кул баданимнинг яраларига тегиб жуда ачиштирди. Оғриқнинг аламига чидолмай ундан баттар ўладиган бўлдим, — дебди.
Шунда тулки айтибди:
— Ҳе, илгариги табиб тоғ тулкиси, кейинги табиб қир тулкиси, мен уй тулкиси бўламан. Бунақа жароҳатни мен биламан, — дебди-да, бўрининг томирини ушлаб кўриб:
— Сен дарёнинг музини ўйиб, тагидан косада сув олиб тонг отгунча бошингдан қуя берсанг тузаласан, — дебди. Бир оз туркб у ҳам ўз йўлига жўнаб кетибди.
Бўри дарёнинг музини тешиб, музнинг устига ўтириб, олиб, косада сув олиб бошидан қуя берибди.
Бир оздан сўнг бўрининг бадани музлаб қолибди. Бўри бунга чидаёлмай, қочмоқчи бўлиб, турайин деса, думи ҳам, ўтирган ўрни ҳам музга ёпишиб қолибди. Ахири бўри муздан қутулолмай тиржайиб ўлиб қолибди. Тулки ўртоғидан хабар олгани келибди:
— Ўла, сен нафсингни тиймадинг, мен ёмонлигимни қўймадим. Сен нафсингни тийганингда эди, мен ёмонлигимни қўяр эдим. Бундай хор бўлиб ўлмас эдинг, — дебди тулки.