Тўрт жинс дўст

Бор экан-да, йўқ экан, оч экан-да, тўқ экан, бўри баковул, тулки ясовул, ғоз карнайчи, ўрдак сурнайчи экан, қарға қақимчи, чумчуқ чақимчи экан.
Ўтган замонда бир қарға дарахтнинг устида ўтирар экан. Шу дарахтга бир гала каптарлар келиб қўнишибди ва дам олиб бўлишгандан кейин қорнилари очганлиги ҳақида сўзлашибди. Улар ерга қарасалар, бир тўр тузоқнинг тагида донлар сепилганини кўрибдилар. Каптарлар бирма-бир тушиб, тўр тузоқ тагидаги донларни емоқчи бўлибдилар. Шу гала каптарларнинг ичида бир доноси бор экан. У ҳарчанд донларни емасликни айтиб, бу ишни охири хайрсиз деса ҳам, каптарлар унинг сўзига парво қилмасдан, ерга тушибдилар ва тузоқ тагидаги донларни емоққа бошлабдилар. Охири дарахтдаги доно каптар бир ўзи ёлғиз қолибди. У ўзига-ўзи: “Булар менинг сўзимга кирмасдан, тўр тузоқ тагидаги донни емоқдалар, буларни ҳозир овчи тутиб олади. Кел, мен ҳам тушиб ўз ўртоқларим ёнида турай, уларнинг бошига бир мушкул иш тушса ёрдамлашай”, деб каптарлар ёнига тушибди.
Каптарларнинг ҳаммаси бирма-бир тушиб бўлгач, узоқдан кузатиб турган овчи тузоқни кўтариб турган ёғочнинг ипини тортиб юборибди ва тўр тузоқ ёпирилиб келиб, каптарларни ўз ичига қамабди. Бу ҳолни кўрган каптар шоҳ ўртоқларига қараб:
— Мен сизларга бу донларни еманглар, деб айтган эдим. Мана, оқибатда ҳаммамиз қамалдик. Ҳали ҳам қутулишнинг бир иложи бор? — дебди. Каптарлар ундан қутқаришни илтимос қилишибди. Каптар шоҳ:
— Ҳаммамиз бир бўлиб, тўр тузоқнинг бир тарафига қараб учсак, шояд, тўр тузоқ осмонга кўтарилиб кетиб, ҳаммамиз бу тутқинликдан қутулсак, дебди.
Каптарларга каптар шоҳнинг маслаҳати маъқул тушиб, тезлик билан ҳаммалари бир бўлиб, бараварига бир тарафга қараб учган эканлар, тўр тузоқни ўзлари билан осмонга кўтариб кетибдилар.
Овчи эса тузоқни осмонда кўриб, каптарларнинг орқасидан қува бошлабди. Каптар шоҳ овчининг ўз орқаларидан қуваётганини кўриб, каптарларга:
— “Йўлни дарё устидан олинглар”, — дебди. Улар каптар шоҳ айтганини қилиб, дарё устидан ўтиб кетибдилар.
Овчи каптарларнинг дарё устидан учиб ўтиб кетганини кўриб, ўзича: “Аттанг, ҳам каптарлардан, ҳам тўр тузоқдан айрилдим”, деб ноумид ҳолда қолибди.
Энди гапни дарахтда ўтирган қарғадан эшитинг. Қарға каптарларнинг келиб қўнганидан бошлаб, то тузоқни кўтариб учгунларига қадар кузатиб турар эди. У каптарлар ақлига қойил қолиб, энди уларни ким қутқарар экан, деб орқасидан учиб борибди.
Каптар шоҳнинг бир сичқон шоҳ деган жуда яхши оғайниси бор экан. Каптар шоҳ ўз галаси билан ўша оғайнисининг ини ёнига бориб тушибди ва сичқон шоҳни чақира бошлабди. Сичқон шоҳ чиқиб, бир тўр тузоқ тагидаги бир гала каптарларни кўрибди. У каптар шоҳни кўриб, озод қилмоқ учун тўрнинг бандларини қирқмоқчи бўлибди. Каптар шоҳ дўсти сичқон шоҳга:
— Эй ўртоқ, мени озод қилишдан олдин мана бу каптарлар ўралган тўр бандини қирқиб ташла, — дебди. Сичқон шоҳ ўртоғидан бу сўзни эшитиб, инига кирибди ва бир қанча сичқонларни бошлаб чиқибди.
У сичқонларга:
— Мана бу тўрни қирқинглар, — деб буюрибди. Сичқонлар бирпасда тўр тузоқни тишлари билан қирқиб, пора-пора қилиб, каптарларни банддан халос қилибдилар.
Шундан сўнг, каптар шоҳ сичқон билан кўришиб, ҳол-аҳвол сўрашибди, дўсти каптар шоҳдан қандай қилиб, бу ҳолга тушиб қолганини айтиб беришни сўрабди. Каптар шоҳ бўлган воқеани батафсил сичқон шоҳга айтиб берибди. Сичқон шоҳ дўсти каптар шоҳнинг саргузаштини мароқ билан эшитгач, уни барча каптарлар билан бир кеча меҳмон бўлишини илтимос қилибди. Каптар шоҳ ҳам дўсти сичқон шоҳнинг сўзини ерда қолдирмай, меҳмон бўлибди.
Каптарларнинг орқасидан кузатиб келган қарға сичқон шоҳнинг каптар шоҳга қилган яхшиликларини кўрибди: “Эй дариғ, менинг ҳам шу сичқон шоҳга ўхшаш дўстим бўлса, шу каптарлар сингари менинг ҳам бошимга мушкул иш тушса, кунимга ярар эди”, деб ўйлабди. Дўсти йўқлигидан афсус қилибди. Унинг кўнглида шу сичқон шоҳ билан ўртоқ бўлиш хаёли пайдо бўлибди.
Сичқон шоҳ дўсти каптар шоҳ учун яхши таомлар тайёрлатибди, шоҳона машқлар чалдириб, катта базм қилиб берибди. Каптар шоҳ дўсти сичқон шоҳдан иззат-икромлар кўрибди, хафагарчиликлари тарқалибди. Эртасига у дўсти билан хайрлашиб, ўз юртларига учиб кетибдилар. Сичқон шоҳ дўсти каптар шоҳни кузатиб, энди уйига қайтганди ҳам, ҳалиги қарға чақириб қолибди.
Сичқон шоҳ қарғадан ҳол-аҳвол сўрабди. Қарға ҳам сичқондан ҳол-аҳвол сўрагандан кейин ўзининг сичқон шоҳ билан бир умрлик дўст бўлиш учун келганини айтиб берибди. Сичқон шоҳ қарғанинг илтимосини қабул қилиб, икковлари чин дўст бўлишибди. Бир куни улар дунёни томоша қилиш учун сафарга чиқибдилар. Қарға сичқон шоҳни оғзида тишлаб учибди. Сичқон шоҳ билан қарға томоша қилиб юриб, бир жойга тушибдилар. У ерда бир кийикнинг беҳуш ётганини кўрибдилар. Унинг сонидан қон оқаётган эди. Сичқон шоҳ қарғага доривор ўтлардан юлиб келишни буюрибди. Қарға доривор ўтлардан юлиб келиб, сичқонга берибди. Сичқон шоҳ ўтлами кийик сонига маҳкам қилиб боғлаб қўйибди.
Бир қанча вақт ўтгандан кейин кийик ўзига келиб, кўзини очибди. У ёнида бир сичқон билан қарға ўтирганини кўрибди. У қараса, сони ўтлар билан боғланган, яраси анча тузалиб қолган эмиш. Кийик ўзича: “Бу яхшиликни, албатта сичқон билан қарға қилган”, деб ўйлабди, сўнг ўрнидан туриб, сичқон ва қарға билан саломлашибди, ҳол-аҳвол сўраб, уларга яхшиликлари учун кўп раҳматлар айтибди. Сичқон шоҳ кийикдан қандай қилиб, бу ҳолда қолганини сўрабди:
Кийик шундай ҳикоя қилибди:
— Мен бугун эрталаб мана шу тоғнинг нариги ёғида ўтлаб юрган эдим. Бирдан мени бир овчи кўриб қолиб, менга қаратиб ўқ отди, ўқ келиб, сонимга тегди. Мен жон аччиғида чопиб, бирпасда овчи кўзидан ғойиб бўлдим ва чопа-чопа мана шу жойга келдим, қоним кўп оққандан ҳушимдан кетиб йиқилдим. Мана ҳозир кўзимни очиб, сизларни кўриб турибман, дебди. Сичқон шоҳ кийикдан уйи қаердалигини ва ким билан туришини сўрабди. Кийик:
— Турар жойимнинг тайини йўқ. Дуч келган жойда тунаб кетавераман ва мен билан тургувчи киши ҳам йўқ. Шунинг учун мени бир умрлик йўлдош қилиб олишларингни сўрайман, — деб илтимос қилибди.
Сичқон шоҳнинг кийикка раҳми келиб, уни чин дўст қилиб олибди. Улар ўз сафарларини давом эттирибдилар. Сичқон шоҳ, қарға ва кийик юриб-юриб, бир ботқоқликка дуч келишибди. Қарасалар, бир тошбақа бечора ботқоққа ботиб, чиқишнинг иложини қила олмай, кўзини мўлтиратиб ётган эмиш. Сичқон шоҳ кийикдан тошбақани ботқоқликдан тишлаб олиб чиқишни сўрабди. Кийик буни бажарибди.
Сичқон шоҳ тошбақадан қандай қилиб бу ботқоқликка тушиб қолганлигини сўрабди: Тошбақа:
— Мен кеча мана шу чангалзорда бир чивинни қувлаб-қувлаб, кўзим осмонда бўлиб, бу ботқоқликка келиб ботиб қолганимни ҳам билмай қолибман. Бундай қарасам, бу “узун оёқлар”, ўзининг қисқа оёқларини кўрсатиб, ботқоқнинг ичида сайр қилади-я, ҳеч қимирлагиси келмайди. Шунча ҳаракат қилсам ҳам ўзимни ботқоқликдан халос қила олмадим. Мана, бахтимга сизлар келиб қолиб, мени ўлимдан қутқардиларинг, — дебди. Сичқон шоҳ:
— Энди қаёққа борасан, — деб сўрабди. Тошбақа:
— Мен энди сизлардан ажралмайман, бир ўзим тўқсон йилдан буён ёлғиз умр ўтказаман. Ёлғизлик жонимга тегди, — дебди.
Сичқон шоҳ, қарға ва кийик тошбақадан бу сўзни эшитиб, уни ҳам бир умрлик чин дўст қилиб олишибди ва яна сафарни давом эттиришибди. Булар юриб-юриб бир жойга етибдилар. Бу жойнинг сувлари тиниқ, ерлари кўм-кўк ўтлар билан қопланган экан. Шу жойда тўхташга қарор қилишибди ва ҳаммалари биргаликда бир уй солиб, шу уйда яшайверибдилар.
Бир кун сичқон шоҳ дўстларига:
— Энди озиқ-овқат масаласини ҳал қилишимиз керак, — дебди. Унинг фикри ҳаммасига маъқул бўлибди.
— Энди бўлмаса, — дебди сичқон шоҳ, — ҳар куни биттамиз ҳаммамиз учун етарли овқат топиб келайлик, қолганларимиз уйда дам олайлик, — дебди.
— Жуда соз, — дебди қарға.
— Яхши маслаҳат, — дебди кийик.
— Мен хурсандман, — дебди тошбақа. Шундай қилиб, бу тўрт жинсдан йиғилган дўстлар ҳар куни галма-гал озиқ-овқат олиб келиб, умр ўтказа бошлабдилар.
Кунлардан бир кун кийик овқат келтириш учун кетган экан. Ўз вақтида қайтавермагач, сичқон хавотир олиб, қарғага:
— Тезда учиб бориб, кийикдан хабар олиб кел, — деб буюрибди. Қарға кийикни қидириб учиб кетибди. Унинг бир боққа кўзи тушибди. Қараса, кийик бечора тузоққа илиниб ётган эмиш. Қарға бу ҳолни тезлик билан сичқонга билдирибди. Сичқон:
— Тезлик билан мени тишлаб уч, кийик турган жойга етказ, — дебди. Тошбақа эса:
— Мен ҳам кийикни қутқариш учун бораман, — дебди. Сичқон шоҳ унинг бормаслиги кераклигини айтибди. Кўнмабди. Шундай қилиб, қарға билан сичқон шоҳ учиб кетибдилар. Улар кийик тузоққа тушиб қолган ерга бориб тушибдилар. Сичқон шоҳ дарров тузоқнинг бандларини қирқа бошлабди. Тузоқ қирқилиб бўлай, деб қолганда, кийик сичқон шоҳга қараб:
— Эй, дўстим сичқон шоҳ, тўхтаб тур. Мен бу овчини алдаб кетай, токи иккинчи мартаба кийикларни овлашга тузоқ қўймасин, — дебди.
— Бу ишни қандай бажарасан, — деб сўрабди сичқон шоҳ. Кийик:
— Ҳали-замон овчи келиб, менинг тузоққа тушганимни кўради. Мен эса овчи келгунча жим тураман ва бирдан бир зарб билан тузоқнинг қолган қисмини узиб, тезлик билан чопиб, овчининг кўзидан ғойиб бўламан. Сизлар болсангиз, узоқроқда бизнинг томошамизни кўриб турингиз, — дебди. Шу маҳалда узоқдан овчи кўринибди. Қарға билан сичқон шоҳ ўзларини панароқ жойга олибдилар. Овчи келиб, тузоққа бир кийик тушиб қолганини кўриб севинибди. У дарров кийикни ушлаб олмоқчи бўлибди. Лекин кийик бир зарб билан тузоқни узиб кетибди. У бир зумда овчининг кўзидан ғойиб бўлибди. Овчи кийикнинг қўлдан кетганини кўриб:
— Аттанг, бугун уйга қуруқ қайтадиган бўлдим-да, — деб турганда, бирдан оёғининг остида бир тошбақани кўрибди. Тошбақа эндигина етиб келган экан. Овчи:
— Кел, қуруқ қайтгандан кўра мана шу тошбақани олиб кета қолай, — дебди. У тошбақани олиб, халтасига солиб, уйига қараб жўнайверибди.
Узоқроқдан қарға билан сичқон шоҳ тошбақани овчи олиб, халтасига солганини кўрибдилар. Улар тезлик билан кийикни топиб, бўлган воқеани айтибдилар. Кийик қарға билан сичқон шоҳга қараб:
— Энди мен овчининг олдидан ўтаман. Овчи мени қувлаб чарчайди. Қўлидаги халтасини қўйиб, яна қувлайди. Сизлар тошбақани озод қилиб, тўғри уйимизга жўнайверинглар. Мен овчини нарироққача алдаб бораман. Сўнгра қочиб кетаман, — дебди. Сичқон билан қарға кийикнинг маслаҳатига кириб, бир пана жойга бориб, бекиниб турибдилар.
Кийик овчининг йўлини кесиб чиқиб, чўлоқланиб ўта бошлабди. Овчи уни кўриб, қува бошлабди. Кийикни қува-қува чарчагач, овчи елкасидаги халтасини ерга қўйиб, кийикни яна қува бошлабди.
Сичқон шоҳ билан қарға тезлик билан халта ичидан тошбақани халос қилибдилар ва уйларига қараб жўнабдилар.
Кийик овчини бироз алаҳситиб, тезлик билан чопиб кетиб, овчининг кўзидан ғойиб бўлибди ва дўстларининг ёнига етибди.
Шундай қилиб, сичқон шоҳ, тошбақа, кийик ва қарғалар дўст бўлиб аҳиллик билан умр ўтказиб, тинч ҳаёт кечирибдилар.