Тўқлибой

Қадим замонда Ўзган шаҳрида Тўйдибой деган бир одам ўтган экан. У одам жуда бадавлат экан. Аммо тирноққа зор экан. Хотинлари туғмас экан. Ўша шаҳарда Салимбойвачча деган бир одам бор экан. Салимбойваччанинг Қумрихон номли оқила қизи бор экан. Кўп чиройли қиз экан. Тўйдибой шу қизга ғойибона ошиқ бўлибди. Унинг кетидан бир қанча совчи кампирларни қўйиб, кўп пуллар сарф қилиб, унга уйланибди.
Ойдан ой, кундан кун ўтиб Қумрихоннинг бўйида бўлибди. Тўққиз ой, тўққиз кун ўтганда бир бола туғибди. Отини Қўлдош қўйибди. Орадан икки-уч йил ўтгандан кейин у яна бир ўғил туғибди. Унга Йўлдош деб от қўйибди. Тўйдибой қариганда икки ўғилнинг отаси бўлгандан боши осмонга етиб, эл-юртга карнай-сурнай қўйдириб, одамларни ош-нонга тўйдириб, улоқни чоптириб, тўй-томошалар қилиб берибди. Қўлдош билан Йўлдош бирин-кетин ўсаверибди. Каттаси еттига, кичиги бешга кирибди.
Тўйдибой бир куни ўғилларимга бир нарса олиб келай, деб Ўзган бозорига чиқибди. Шу куни ҳаво булут бўлиб, бир дамда қаттиқ ёмғир ёға бошлабди. Тўйдибой ўғилларига кийим-кечаклар олиб, энди уйимга кетай, деб бозордан чиқиб келаётганида Ўзган дарвозаси олдида, девор тагида эски-туски нарсаларга бурканган бир бола совуқдан тишлари такиллаб йиғлаб ётганини кўрибди. Тўйдибойнинг болага раҳми келиб сўрабди:
— Ҳой, бола, сен кимнинг боласисан, бу ерда нима қилиб ётибсан, нимага йиғлайсан?
Бола жавоб берибди:
— Ота-онам ўлган, кўчада қолдим, қорним оч!
Тўйдибой болани уйига олиб борибди. Уни ювинтириб, янги уст-бошлар кийдириб, овқат едириб, қорнини тўқлаб:
— Сенинг отинг нима? — деб сўраганда, бола:
— Менинг отим Тўқли, — деб жавоб берибди. Тўқли Тўйдибойга ўғил бўлибди. Бой ҳам уни ўз ўғилларидай кўриб, тарбия қилибди.
Тўқли кўп эсли бола бўлиб, Тўйдибойнинг айтган ҳамма ишларини бажараркан. Бундан Тўйдибой хурсанд бўлиб, ҳар куни қўлига бир тангадан пул берар экан.
Тўқли отаси берган пулларни тўплаб кўпайтирибди. Шу пулга от олмоқчи бўлиб, бозорга борибди. От бозорида эртадан кечгача юриб, кўнглидагидек от кўрмабди. Унга даллоллар, жаллоблар яхши отларни кўрсатса ҳам ҳеч қайсиси ёқмабди.
Кечки пайт бир кампир от олиб келиб қолибди. Бу от ниҳоятда ориқ, қовурғалари саноғлиқ экан. Қоқ суяк, ётган еридан туролмас экан, турғизиб қўйилса, қадамини санаб босар экан. Тўқлига шу от ёқиб қолибди. Шу отни олмоқчи бўлганда ҳамма кулибди. Даллоллар:
— Сиз катта бойвачча бўлсангиз, сизга шу от ярашадими? — дейишибди.
Тўқли:
— Майли, ола бераман, — дебди. Кампирдан отни ўн тиллага сотиб олиб, уйига зўрға олиб келибди. Отхонага киргизиб боқа берибди.
Тўйдибой Тўқлига ҳар куни бир дўппидан майиз берар экан. Тўқли шу майиздан озгинасини ўзи еб, қолганини отига бераркан. Яхши бедалар, емлар ҳам бериб тураркан. Ҳар куни устини қашлаб, ювиб-тараб юраверибди. Шу тахлитда отини олти ой боққандан кейин, от семириб, туппа-тузук бўлиб, ўйноқлайдиган бўлиб қолибди.
Бир куни Тўйдибой узоқ бир сафарга кетибди. Уйда уч бола билан Қумрихон қолибди. Тўйдибой боқиб олган ўғли Тўқлини ўз ўғиллардан ҳам яхши кўрар экан. Шунинг учун Қумрихон болани йўқотиш ниятида бир жодугар кампир олдига бориб, Тўқлини қандай йўқотишнинг йўлини сўрабди. Жодугар кампир унга йўл-йўриқлар кўрсатибди:
— Менга учта олма олиб кел, бири катта ва яхши, иккитаси ёмон бўлсин, — дебди. Қумри жодугар кампир айтгандай учта олма келтирибди. Жодугар кампир у олмалардан энг яхшисини заҳарлаб, Қумрига бериб, унга:
— Сен шу олмаларни уйингга олиб бор, мана бу катта, яхшисини Тўқлига бер. У шу олмани еб ўлади. Ёмон олмаларни ўз ўғилларингга бер, — деб тайинлабди. Бола онаси келгунча отдан хабар олиш учун отхонага кирса, оти йиғлаб турган эмиш. Бола отдан:
— Ҳа, жонивор, нимага йиғлайсан? — деса, от тилга кириб:
— Сени бугун онанг ўлдирмоқчи. Учта олма олиб келади. Энг каттасини сенга, кичкиналарини укаларингга беради. Сен олмани есанг, ўласан. Шунинг учун олмани ема, укаларингни алдаб, кўчага олиб чиқиб, у олмани катта укангга бер, — дебди.
Энаси етиб келиб, болаларини чақирибди.
— Болажонларим! Мана, мен сизларга олма олиб келдим. Мана бу каттасини Тўқлижон есин. У ҳаммаларингдан катта, — деб заҳарланган олмани унга берибди. — Мана буларни сизлар енглар, — деб биттадан ўз болаларига берибди. Тўқли олмани емасдан: “Юринглар, укалар, кўчада ўйнаймиз!” деб уларни кўчага олиб чиқиб, олмани укаларига кўз-кўз қилиб:
— Сизларникидан менинг олмам яхши! — дебди. Укалари унинг олмасини талашибди. Шунда Тўқли ўз олмасини катта укаси Қўлдош билан алмаштирибди. Қўлдош олмани ебди-ю, тирракдек қотиб ўлибди.
Тўқли югуриб, онасининг олдига кириб, укасининг ўлиб қолганини айтибди. Қумри югуриб чиқса, ўғли бояги заҳарланган олмани еб, ўлиб қолибди. Йиғлаб, дод-фарёд қилиб, боласини кўмибди. Қумри яна жодугар кампирнинг олдига борибди. Бу сафар жодугар кампир мана бундай деб гап ўргатибди:
— Сен катта дарвозанинг олдига бир чуқур қаздиргин. Унинг устига иккита қилич қўйиб, устига бўйра ётқизиб, озгина тупроқ тортиб қўйгин. Тўқли ўғлинг ўтганда шу чуқурга тушиб ўлади. Устидан тупроқ тортиб кўмиб юборасан.
Шу пайт Тўқли отдан хабар олгани отхонага кирса, оти яна йиғлаб турган эмиш. Тўқли отдан сўрабди:
— Эй, жонивор, мен бир фалокатдан қутулдим, яна қандай фалокат бор? — дебди. Оти шунда:
— Онанг яна сени ўлдиришга қасд қилди. Сени тушиб кетсин, деб дарвозанинг остини ковлаб, устини ёпиб қўйди. Сен у ердан бир амаллаб унинг ўз ўғлини юргизгин. У чуқурга тушиб кетсин, — дебди.
Бир вақт онаси келибди. У кечаси жодугар кампир айтган чуқурни қаздириб, тайёрлаб қўйиб, энди Тўқлининг шу чуқурга тушишини пойлабди. Тўқли укаси Йўлдошга:
— Ука, кўчага айиқ келибди, чиқиб кўрамиз, сен томорқадан айланиб чиқ, мен дарвозадан чиқаман, — дебди. Шунда укаси:
— Ҳа… а! Сиз ўзингиз яқин йўлдан чиқиб, мени узоқ йўл билан чиқади, дейсизми? — деб дарвоза билан чиқмоқчи бўлиб, чуқурга тушиб кетибди, устидан қилич тушиб иккига бўлиб ўлдирибди. Тўқли “дод!” деб онасига кириб, воқеани билдирибди. Қумри чиқиб қараса, ўзи ковлаган чуқурга ўз боласи тушиб ўлиб ётибди. Буни ҳам йиғлаб-сиқтаб кўмибди.
Бир куни у яна жодугарнинг олдига борибди. Воқеани унга айтса, жодугар кампир айтибди:
— У боланинг битта тилсим оти бор экан. Ҳамма нарсани билиб турар экан. Сен қилган нарсаларни ўша от билиб болага айтиб қўйган экан. Сен олдин отни ўлдир, отни ўлдирмасанг болани ўлдириб бўлмайди, — дебди. Қумри:
— Отни қандай ўлдираман? — дебди. Жодугар кампир айтибди:
— Яқинда эринг келади. Ўзингни касалликка солиб ёт. Эринг “Нимага касал бўлдинг, нима қилса тузаласан?” деб сўраса:
— Мен жуда қаттиқ касалман, табиблар уч яшар от гўштини кабоб қилиб есанг, тузаласан, дейишди. Мана ўғлингизнинг боқиб қўйган тойи уч яшар бўлди. Шунинг жигарини кабоб қилиб беринг, дегин. Шунда эринг отни сўйдиради, сен ундан қутуласан, — дебди.
Хотин жодугар кампирнинг олдидан чиқиб, уйига жўнабди. Шу вақтда Тўқли отидан хабар олиш учун кирса, оти йиғлаб турган экан. Тўқли:
— Эй жонивор! Сен мени икки ўлимдан қутқардинг, энди яна қандай фалокат бор, нимага йиғлайсан? — дебди. Шунда от:
— Менга берган тузингдан рози бўл! Онанг жодугар кампирнинг гапи билан мени ўлдирмоқчи бўлиб келяпти, — дебди. Бола:
— Сен мени ўлимдан қутқаришнинг иложини топдинг, ўзингни қутқаришнинг иложини тополмайсанми? — деса, от айтибди:
— Иложи бор, онангнинг буйруғи билан мени сўйиш учун отанг қассобни олиб келганда, мени отхонадан олиб чиқиш учун ечаётган вақтида бир кишнайман, отхонанинг эшигидан чиқаётганда иккинчи марта кишнайман, сўйиш учун оёғимни боғлаётганда учинчи марта кишнайман. Агар менинг кишнаганимни эшитиб келсанг, отангга: “Отажон! Шу отни кўп боқдим, бирор марта ҳам минганим йўқ. Энди сўядиган бўлсангиз, устига миниб, бироз юрай, армонда қолмайин, кейин сўйсангиз ҳам майли!” дейсан. Шунда у рози бўлади. Сен устимга минасан-да, ҳовлини бир айланасан, кейин: “Отажон, кўчани ҳам бир айланиб келайин!” дейсан. У рухсат беради. Сен кўчани бир айланиб қайтганингда, дарвозага икки қадам қолганда, мени қамчи билан яхшилаб икки марта урасан, қолганини ўзим биламан, — дебди.
Орадан бир қанча вақт ўтгандан кейин Тўйдибой сафардан қайтиб келибди. Хотини касал бўлиб ётиб олибди.
Буни кўриб, Тўйдибой хотинига:
— Касалингга нима дори? — деб сўраса, хотини:
— Табибларнинг айтишича, менга уч яшар отнинг жигари дори. Мана, ўғлингизнинг оти уч яшар бўлди. Шуни сўйдириб, жигарини едиртирсангиз тузалар эдим! — дебди. Тўйдибой хотинининг ҳийласини тушунмасдан қассобни чақириб келибди. Тўқлининг боқиб қўйган отини сўйишни буюрибди. Шу вақт Тўқли мактабда ўқишда экан. Бир вақт отининг қаттиқ кишнаган овози эшитилиб, Тўқлининг юраги ўйнаб кетибди. Домласидан сўраб:
— Менинг онам қаттиқ касал эди. Шундан хавотирдаман, жавоб беринг, бир бориб келай, — дебди. Домла жавоб бермабди.
Орадан бироз ўтгач, отнинг иккинчи марта кишнаган овози эшитилибди. Тўқли домладан яна сўраб:
— Тақсир, жавоб беринг, онамдан кўп хавотирдаман, юрагим ўйнаб кетяпти, бориб келай! — дебди. Домла яна жавоб бермабди. Сал туриб, оти яна бир кишнабди. Шунда Тўқли домладан жавоб сўрамасдан чиқиб қочибди. Тўқли чопганича, уйига етиб борса, қассоб отини йиқитиб оёғини боғлаб, сўйиш учун тараддуд қилиб турган экан. Тўқли отасига арз қилиб:
— Отажон, шу отни уч ой боқиб бирор марта минмадим. Рухсат берсангиз, устига миниб ҳовлини бир айлансам, кейин сўйсангиз армонда қолмас эдим, — дебди. Отаси рухсат берибди. Шунда бола дарров пичоғини чиқариб отнинг оёғидаги арқонни кесиб ташлаб, уни минибди, ҳовлини бир айланибди, кейин: “Кўчани ҳам бир айланиб келсам”, дебди ва отни кўчага миниб чиқиб, бир айланиб қайтибди. Дарвозага икки қадам қолганда қамчи билан отни яхшилаб икки марта урибди. Шунда отдан қанот чиқиб, осмонга кўтарилиб учиб кетибди. У ердагиларнинг оғзи очилиб қола берибди. От шу учганча бориб бир яйловга тушибди. Нарироқда бир боғ кўринибди. От болага айтибди:
— Энди мен кетаман, сен ўша боғга кириб, шунда яшайсан. Сендан ким гап сўраса жавоб бермай, “Небилай” дея берасан, — деб от кўздан ғойиб бўлибди. Тўқли ҳайрон бўлиб, отнинг айтганини қилиб, ўша боғга борибди. Бу боғ жуда катта экан. Боғнинг бир тарафи олмазор, бир тарафи узумзор, бир тарафи гулзор, ўртада катта ҳовуз, ҳовузда ўрдаклар сузиб юрар, атрофида гуллар очилган, ҳар хил қушлар сайраб юришган экан. Мевалар пишиб, тагига тўкилиб ётган экан. Тўқли боғга кирибди. Мевалардан еб қорнини тўқлаб, битта гулнинг тагига кириб ухлаб қолибди. Уйқудан турса боғда ҳеч ким кўринмабди. Тўқли бекор тургиси келмай, гулларнинг тагини ўтаб, гулларга сув қуйиб юра берибди. Икки кундан кейин боғбон келибди. У Тўқлини кўриб:
— Сен кимсан? — дебди. Тўқли:
— “Небилай”, — деб жавоб берибди. Боғбон:
— Қаердан келдинг! — деса, “Небилай” дебди. “Небилай” деганинг нима деганинг, деса ҳам “Небилай” дебди. Гап сўраса, “Небилай” дея берибди. Бу боғ шу мамлакат подшоҳи Маҳмудшоҳнинг боғи экан. Боғбон подшога бориб:
— Эй, тақсири олам, боғимизда бир бегона бола юрибди. “Кимсан?” десам, “Небилай” деб жавоб беради. Нима қиламиз? — дебди. Подшо: “Ундай бўлса бориб ўзим кўрай!” деб вазир-у вузаролари билан боғга борибди. Қараса, бир бегона бола гулнинг орасида гулларни парвариш қилиб ўз-ўзидан куйиб-пишиб ишлаб юрган эмиш. Подшо бирдан:
— Ҳой, бола, сен кимсан, қаёқдан келдинг? — дебди. Бола “Небилай” дебди. Нима гап сўраса “Небилай” дея берибди. Подшо ҳайрон бўлибди.
— Бу меҳнаткаш бола экан, ўзи тентакроққа ўхшайди. Боғда юрса юраверсин, — деб қайтиб кетибди. Маҳмудшоҳнинг учта қизи бор экан. Каттасининг оти Гултожи, ўртанчасининг оти Гулнора, кичигининг оти Гуллола. Ҳалиги гап қизларга ҳам эшитилибди. Қизлар отасига айтибди, “Отажон, биз ҳам боғга бориб, ўша болани кўриб, гапга солайлик-чи, балки бизга гапирар”. Маҳмудшоҳ жавоб берибди. Қизлар боғга келибди. Боғга келиб қарашса, бир гулнинг тагида бир йигит ухлаб ётганмиш. Қизларнинг кўнглига аллақандай хаёллар келиб, бир-биридан тортиниб, охири Тўқлини уйғотишибди. Булар ҳам гап сўраса, ”Небилай” деб жавоб берибди. Шунда биттаси: Юринглар, кетамиз, ўла қолсин “Небилай” демай, жиннига ўхшайди! — дебди. Шунда биттаси: Ҳе, ўл, йигит бўлмай, “Небилай” дегунча, мана бу олмага чиқиб бизга олма узиб берсанг ўласанми? — дебди. Бола пишиб турган олмага секингина чиқибди. Битта пишиб ўтиб, ярми чириган, битта пишиб ўтиб, энди чириётган, битта жуда пишиб, етилиб турган олмани узиб тушиб, ярми чириганини Гултожига, энди чириётганини Гулнорага, пишиб етилиб турганини Гуллолага берибди. Қизлар ҳайрон бўлиб, ўнг қўл вазири Ойхон, чап қўл вазири Кунхонни ча-қиришибди. Уларга воқеани айтганда, доно вазир Ойхон подшо ҳузурига бориб воқеани баён қилиб:
— Эй, подшоҳи олам, у бола катта қизингизнинг вақти ўтибди, ўртанча қизингизнинг вақти ўтяпти, кичиги етилиб турибди, деб ишора қилибди. Шунинг учун қизларни эрга бериш керак, — дебди.
Подшо қизларини чақириб:
— Сизларни энди эрга бераман, — дебди. Қизлар:
— Бизни эрга берсангиз, бир майдонга дарвоза қурдиринг, ҳамма йигитларни чақиртириб, шу дарвозадан ўтказдиринг. Биз дарвозанинг тепасига чиқиб турамиз. Кимни ёқтирсак, шуни олма билан урамиз. Бизни ўшанга берасиз, — дебдилар. Подшо қизлар айтгандай бир жойга дарвоза қурдириб, мамлакатдаги ҳамма йигитларни шу дарвозадан ўтказдирибди. Катта қизи Гултожи билан ўртанча қизи Гулнора шошилиб, биттадан йигитга олма отишибди. Кичик қизи Гуллола ҳеч кимга олма отмабди. Ҳеч кимни ёқтирмабди. Подшо ҳайрон бўлиб:
— Яна ўтмаган одам қолдими? — деб сўрабди. Бир жойда бир қўйчивон қолган экан. Шуни ҳам айтиб келиб ўтказдирибди. Гуллола унга ҳам отмабди. “Энди ким қолди?” деганда, одамлар: ”Боғдаги Небилай қолди”, дейишибди. Подшо:
— Уни ҳам айтиб келиб ўтказинглар! — дебди. ”Небилай”ни айтиб келибдилар. У дарвозадан ўтаётганда Гуллола унга олмани отибди. Подшо “Келиб-келиб “Небилай” жиннини хоҳлади”, деб, Гуллоладан хафа бўлибди. Қизларини тўй-томошалар қилдириб, эрга берибди. Гултожи билан Гулнора куёвлари билан яхши уйларга кирибдилар. Гуллола билан ”Не-билай”ни отхонага туширибди. Улар яхши уйларда, булар отхонада туриша берибди. Тўқли ҳамон “небилай” дан бошқа гапни айтмас экан.
Гуллола Тўқлини жуда севаркан. У билан гаплашгиси келаркан. Тўқли ҳам уни яхши кўриб гаплашгиси келаркан-у, аммо гапиролмас экан. У бошқа одамларга ҳам аралашмас экан. Охири жуда зерикибди. Нима қиларини билмай боши қотибди. Хафа бўлиб, отхонанинг бир бурчагига бориб йиғлай бошлабди.
Шунда оти пайдо бўлиб: ”Нимага йиғлаяпсан!” дебди. Тўқли айтибди:
— Мен ёмон кунга қолдим. Сен ким гап сўраса, “небилай” дегин девдинг, мен “небилай”дан бошқа гапни унутиб қўйдим, отим “Небилай жинни”га чиқди. Энди нима қиламан! — дебди. Оти айтибди:
— Сен шошма, эртага қайнатанг Маҳмудшоҳ овга чиқади. Куёвларини ҳам олиб чиқади. Сенга бир яғир от беришади. Сен фалон уч кўчага борганингда рўпарангда менинг от укам пайдо бўлади. Устида кийим-бошлар ҳам бўлади. Сен яғир отни толга боғлаб, қора отга миниб, подшонинг кетидан етиб бориб, ов қилиб қайтгин, йўлда яна яғир отни миниб, қора отни қўйиб юборгин, — деб кўздан ғойиб бўлибди.
Эртаси эрта билан подшо овга жўнайдиган бўлибди. Катта ва ўртанча куёвига яхши отлар бериб, “Небилай”га бир яғир отни миндириб, овга жўнабди. “Небилай”нинг оти юрмай жуда қийнабди. От айтган уч кўчага борганида кўз олдида келишган қора от пайдо бўлибди. Унинг устида шоҳона кийимлар ҳам бор экан. Тўқли хариш отдан тушиб, уни бир толга боғлаб, кийимларини алмаштириб кийиб, қора отга миниб ўйноқилатиб, подшонинг орқасидан етиб борибди. Подшо одамлари, куёвлари Тўқлини танимабди. Улар билан сўрашганда “Мен фалон подшонинг ўғлиман, овга кетяпман!” дебди. Булар ов қилинадиган кўлга етиб боришибди. Ов бошланибди. Бошқалар оз нарса отишибди. Тўқли жуда кўп ғоз, ўрдак отибди. Қайтишда хариш отнинг олдига етиб борганида отдан тушиб, ўз кийимларини кийиб, отни қўйиб юборибди, от ғойиб бўлибди. Тўқли хариш отга миниб хотинининг олдига келибди. Шу куни куёвлари подшога ош қилиб киритибди.
“Небилай” ҳам бояги ғоз, ўрдак гўштлари билан ош қилиб кирибди. Ошни товоққа солаётганида бир чеккасига бир сиқим гўнг ташлаб қўйибди.
Подшо куёвларининг ошларини еб кўриб, ёқтирмабди. “Небилай” қилиб кирган ошни ёқтириб ебди. Ошни маза қилиб еяётганда гўнг чиқиб қолибди. Подшо аччиқланиб:
— Бу нима деган гап? — деб сўраганида, доно вазир:
— Тақсир, бу кичик қизингизникидан чиққан ош. Улар отхонада туришади. Эҳтимол, ошни товоққа сузаётганида гўнг тушиб қолгандир, — деганда подшо:
—Уларни сомонхонага олиб чиқиб қўйинглар, — дебди.
Энди Гуллола билан “Небилай” отхонадан қутулиб сомонхонада турадиган бўлишибди.
Бир куни Тўқлининг олдига яна оти келибди. Оти Тўқлига:
— Эртага яна овга борасизлар. Сенга яна хариш отни беришади. Энди сенинг йўлингга менинг акам саман от чиқади. Сен саман отни миниб овга борасан, овдан қайтиб келиб, қайнатангга ош қилиб киргизганингда ошга сомон солиб қўй, — дебди-да, ғойиб бўлибди. Эртасига эрталаб подшо овга отланибди. Катта куёвларига яхши отлар берибди. “Небилай”га яна аввалги хариш отни миндирибди. Подшо тантана билан овга жўнабди. “Небилай” хариш отни миниб секин-аста уларнинг орқасидан кета берибди. Яна аввалги жойга етганида битта келишган саман от пайдо бўлибди, тилла эгар, тилла юган, тилла қуюшқонлари бор экан. Устида шаҳзодалар киядиган яхши уст-бошлар, милтиқ ва ўқлар бормиш. ”Небилай” хариш отни қолдириб, уст-бошларини ечиб, янги уст-бошларни кийиб, отга миниб, шаҳзодаларга ўхшаб, отни ўйноқлатиб подшонинг орқасидан етиб борибди. Подшо қараса, ўтган сафар қора от миниб келган шаҳзода бу сафар саман от миниб, ов қилмоққа келяпти. Маҳмудшоҳ уни иззат-ҳурмат қилибди, овга бирга боришибди. Бу сафар ҳам Тўқли ҳаммадан кўп илвасин отибди. Подшо ва унинг одамлари овга жон-жаҳдлари билан киришсалар ҳам илвасинни оз отибдилар. Подшо оби таом қилиб, нотаниш “шаҳзода”ни меҳмон қилибди. Тўқли подшонинг олдида жуда одоб сақлаб, бемаъни гаплар гапирмай ўтириб, уни ҳайрон қолдирибди. Кечқурун қайтишибди. Йўлда Тўқли подшо билан хайрлашиб, бошқа йўл билан кетибди. Бояги уч кўчага бориб, саман отдан тушиб, янги уст-бошларни эскиси билан алмаштириб олибди. Саман от кўздан ғойиб бўлибди. Тўқли яна хариш отни миниб келиб, сомонхонага кириб ёта берибди. Божаларининг йўлига қанча одамлар, қизлар чиқиб кутиб олишибди. “Небилай”нинг йўлига Гуллоладан бошқа ҳеч ким чиқмабди. Кечқурун Гуллолахон эри келтирган илвасинлардан сергўшт палов қилибди. Бир чеккасига сомон солиб, бир лаган ошни подшонинг олдига олиб кирибди. Бошқа қизлари ҳам ош олиб киришибди. Подшо учала қизининг ошидан оз-оздан еб кўрса, кичик қизининг оши мазали. Шу ошдан ейишга бошлабди. Ошни иштаҳа билан еб турса, ичидан сомон чиқиб қолибди. Шундан сўнг уларни бир эски меҳмонхонага олиб чиқиб қўйишибди. Орадан бир қанча кун ўтгандан кейин Маҳмудшоҳ қаттиқ касал бўлиб қолибди. Подшо шаҳардаги ҳамма уламо-фузало, табибларни чақиртирибди. Тажрибали табиблар:
— Эй, тақсир, ғознинг ўнг қаноти гўштини қайнатиб, шўрвасини ичсангиз тузаласиз, — дейишибди. Шунда подшо чап қўл вазири Кунхонга: ”Куёвларим билан овга бориб, ғоз отиб келинг!” деб буюрибди. Кунхон катта ва ўртанча куёв билан овга жўнабди. Улар: “Бошимизга бало қилиб уни нима қиламиз деб, “Небилай”ни ташлаб кетишибди. Шу пайт Тўқлининг олдига тилсим от келибди ва унга:
— Сен тезда пиёда уч кўчага бор. Менинг катта акам — қизил от келади. Миниб овга борасан. Божаларинг ғоз отолмайди. Сен кўп отасан. Улар отган ғозларингдан беришни сўраб, сенга ялинишади.
Сен шунда мана бу муҳрни кўрсатиб: ”Бўлмаса, шу муҳрни орқаларингга биттадан босиб қўяман, кейин, биттадан оққуш бераман дегин”, — дебди.
“Небилай” югурганича уч кўчага борибди. Ажойиб бир қизил от пайдо бўлибди. Устида яхши уст-бошлар, милтиқ ва ўқлари ҳам бор экан. “Небилай” бу уст-бошларни кийиб, милтиқ ва ўқларни тақиниб, қизил отга миниб, Кунхон ва божаларининг кетидан етиб борибди. Улар буни танимасдан, иззатини қилиб, отдан тушиб кўришибдилар. Бирга кўлга борибдилар, ов бошланибди. Кунхон ва божалари шунча ўқ отсалар ҳам, бирорта ғозни уролмабдилар. Тўқли жуда кўп ғоз отибди. Овдан қайтадиган вақт бўлибди. Шунда чап қўл вазир, подшонинг катта ва ўртанча куёвлари жуда хафа бўлиб: “Энди подшонинг олдига қай юз билан борамиз!” дейишиб, ваҳимага тушишибди. Шунда куёвлари шаҳзодага ялинишиб:
— Бизга биттадан ғозингиздан беринг! — дейишибди. Шунда Тўқли:
— Майли, берсам берайин, аммо битта муҳрим бор. Шуни орқаларингга босиб қўяман! — дебди. Божалари:
— Майли, боссангиз босинг! — дебдилар. Тўқли муҳрини уларнинг орқасига босиб, биттадан ғоз берибди. Кейин ҳаммаси жўнашибди.
Йўлда Тўқли улар билан хайрлашиб, бошқа йўл билан кетибди. Уч кўчага бориб, отни қолдириб ўзи кетибди. Божалари ғознинг ўнг қанотини қайнатиб ичиргач, подшо тузалибди.
Подшо бир куни яна овга чиқибди. Бу сафар “Небилай” кўк от миниб борибди. Моҳирлик билан ов қилиб, подшони қойил қолдирибди”. Кечқурун овдан қайтарда Маҳмудшоҳ Тўқлига:
— Эй, шаҳзода, яқинда мени бир подшо меҳмонга чақирган, фалон куни келсангиз, бирга борардик! — дебди.
Подшонинг меҳмонга борадиган куни бўлибди. Шунда “Небилай” нинг кўз олдида тилсим от пайдо бўлиб:
— Сен яна уч кўчага бор, қора от пайдо бўлади. Миниб подшо билан меҳмондорчиликка бор. Меҳмондорчиликдан қайтганингда под-шо сени ўз уйига чақиради. Қўрқмасдан киравер, — дебди.
Улар меҳмондорчиликдан қайтишибди, подшо уни уйига таклиф қилибди. Дастурхон ёзиб, турли ноз-у неъматлар тортиб, “Небилай”ни азиз меҳмон гумон қилиб, уни зиёфат қилишибди. Ҳар хил гап-сўзлар ўтибди. Тўқли одоб сақлаб ўтирибди. Подшо бунга яна қойил қолибди. Божалари ҳам буни танимасдан югуриб-елиб хизмат қила беришибди. Бир вақт Тўқли божаларини кўрсатиб:
— Ҳув ўша икки одам менга таниш кўринади. Бир вақт иккита қулим қочиб кетган эди. Булар ўша қулларимга ўхшайди, — дебди.
Маҳмудшоҳ ҳайрон бўлиб:
— Агар сизнинг қулларингизга ўхшаса, бирорта таниғи бордир? — дебди.
Шунда “Небилай”:
— Мен уларнинг орқасига мана бу муҳримни босиб қўйган эдим! — деб муҳрини подшога берибди. Подшо куёвларини чақиртириб, орқасини очиб қараса, дарҳақиқат ўша муҳр босилган экан. Куёвлари ҳеч гап айтолмай қолишибди. Подшо ҳам жуда ҳайрон бўлиб қолибди.
Шу пайт Тўқли ўрнидан туриб, бошидаги тожини ташлабди, устидаги шаҳзодалик кийимини ечиб, “Небилай” қиёфасига кириб:
— Эй, отажон, мен шаҳзода эмасман, ўзингизнинг ”Небилай” куёвингизман. Мен сизга шунча ишлар кўрсатдим. Сиз мени танимадингиз! — дебди ва чопқиллаб чиқиб эски меҳмонхонасига кириб кетибди. Подшо ҳам, вазирлар ҳам ва бошқа одамлар ҳанг-манг бўлиб қолишибди. Шунда подшо:
— Ҳай, аттанг, бу болада сир бор экан. Биз тушунмай, уни “Небилай жинни” деб юрган эканмиз, — дебди.
Подшо куёвидан узр сўраб, дарҳол яхши данғиллама уйга кўчирибди.
Шундан кейин:
— Менинг ўрнимни босадиган ўғлим йўқ эди. Сени менга худо етказган экан. Мен билмаган эканман. Мана, мен қаридим. Энди мен подшоликни сенга топширдим. Бу куёвларим сенга хизмат қилсин. Мен сенинг дуои жонингни қилиб ётайин! — дебди. Шундай қилиб Тўқли подшо бўлибди. Шоҳнинг катта ва ўртанча куёви Тўқлига, катта ва ўртанча қизи кичик қизига хизмат қила бошлабди. Тўқли билан Гуллола фароғатда яшай бошлашибди.