Тадбирли бола

Бир бор экан, бир йўқ экан, ўтган замонда бир камбағал чол билан кампир ва уларнинг уч ўғли бор экан. Улар жуда қашшоқ яшар экан. Кунлардан бир кун чол касал бўлиб, қазо қилибди. Болаларнинг тарбияси ёлғиз кампирга қолибди. Кампир қийинчилик билан болаларини боқибди. У одамларнинг уйида кир ювибди, ҳовли тозалабди, хуллас, нима иш тўғри келса, барчасини қилиб кун ўтказибди.
Йиллар ўтиб, болалар ҳам вояга етишибди. Бир куни кампир ўғилларини чақириб:
— Ўғилларим, энди мен қариб қолдим, сизлар ҳам катта бўлиб қолдинглар. Энди бирор юмуш топсаларинг бўларди, — дебди.
Шунда тўнғич ўғли:
— Менга рухсат беринг. Бойникига бориб хизмат қиламан, — дебди.
Кампир ва икки ўғли уни кузатиб қолишибди. Бола бир бойникига бориб:
— Сизга хизматкор керакмасми? Қандай иш бўлса ҳам, қилавераман, — дебди.
Бой болани кўриб:
— Майли, сени ишга оламан. Фақат битта нарсага келишиб олсак, кимда-ким бир-биридан хафа бўлса қулоғини кесиш, — дебди.
Бола рози бўлибди.
— Энди анави кучукни дарвоза ёнига олиб бориб боғлагин, ўрнида сен ётасан, — дебди.
Бола бунга ҳам рози бўлибди.
Бола ҳар куни ҳаммадан эрта туриб, икки ҳўкиз, бир қоп буғдой ва битта қотган нонни олиб, далага чиқиб кетар экан. У ерни ҳайдаб, шу буғдойларни экиши керак экан. Бола ҳар кунги ишини ошиғи билан бажарар экан. Бой эса кундан-кун ундан янада кўпроқ меҳнат талаб қилаверибди, битта берадиган нонини ҳам озайтириб қўйибди.
Бир куни боланинг жуда ҳам жаҳли чиқиб кетибди, у бойга қараб “сиз золим экансиз”, дебди. Бой, “мендан хафа бўлибсан-да” деб, ёнидан пичоғини чиқариб, унинг қулоғини кесиб олибди. Бола додлаганича уйига қайтиб келибди. Кампир ва укалари уни юпатишибди. Шунда ўртанча ўғил акасининг ўрнига бориб ишламоқчи, унинг ҳаққини ҳам ундириб келмоқчи бўлибди. У ҳам ўша бойнинг ёнига борибди.
— Мен иш қидириб юрибман. Сизга хизматкор керакмасми? — деб сўрабди бола.
Бой:
— Майли, мен сени ишга оламан. Лекин битта шартим бор. Бир-биримиздан хафа бўлмаслик, кимки хафа бўлса, қулоғини кесиш, — дебди.
Бола рози бўлибди. У ҳам акаси бажарган юмушларни қилибди. Бойнинг уйида иш кундан-кун ортиб бораверибди. Аммо берадиган битта нони ҳам яримтага айланибди. Қорни нонга тўймай, куни билан иш қилаётганидан аччиқланган бола “сиз ноинсоф экансиз”, дебди. Бой, “мендан хафа бўлибсан-да”, деб ёнидан пичоғини чиқариб, унинг ҳам қулоғини кесиб олибди. Бола додлаганича уйига қараб югурибди. Кампир, акаси ва укаси уни юпатишибди.
Кенжа ўғил:
— Энди менга рухсат беринглар. Мен ўша бойникига бориб ишлайман. Сизларнинг иш ҳақларингни ҳам мен ундириб келаман, — деб туриб олибди.
Бунга кампир рози бўлмай, “Йўқ, сенинг ҳам қулоғингни кесиб олади”, деб туриб олибди.
Бола “йўқ” дейишларига қарамай, ўша бойникига қараб йўлга тушибди. Бойникига бориб, иш ахтариб юрганини айтибди. Бой рози бўлиб, уни хизматкорликка олибди, лекин ўзининг аввалги шартини бунга ҳам айтибди. Бола шартга кўнибди. Унга ҳам акаларидек кучук ётган жойни кўрсатибди. Тонг отмасиданоқ унга ҳам бой иккита ҳўкиз, бир қоп буғдой ва битта суви қочган нон берибди. Ерни ҳайдаб, шу буғдойларни экиши кераклигини айтибди.
Бола “хўп” дебди-ю, лекин ўз билганини қилибди. У қопдаги буғдойни яшириб қўйибди, ўзи эса кечгача ухлаб, қоронғи тушганда қайтиб келибди. Унинг акалари даладан қайтишда иккита бўшаган қопга ўтин териб келишган экан. Бу бойнинг буйруғи экан. Бола эса омочни синдириб, уни қопга жойлабди. Буни кўрган бой мийиғида кулиб қўйибди. Бола ундан:
— Мендан хафа эмасмисиз? — деб сўрабди.
Бой бўлса, ичидан зил кетиб турса ҳам, “йўқ ўғлим, хурсандман”, дебди. Иккинчи куни бой унга янги омоч, бир қоп буғдой берибди. Бола иккита ҳўкизни ҳам эргаштириб, яна далага кетибди. У буғдойларни яна яшириб қўйибди. Узи кечгача ухлаб дам олибди. Кетиш олдидан ҳўкизлардан бирини сўйиб, қопга жойлабди. Омочни эса бузиб, иккинчи қопга жойлабди. Бу ҳолни кўрган бой, яна индамабди.
— Бой ота, мендан ранжимадингизми? — деб сўрабди бола.
Бой:
— Йўқ, ўғлим, — деб, ичидан ўтганларини сездирмай тураверибди.
— Унда ота, мен эртага далага барвақтроқ кетмоқчиман. Менга янги омоч билан яна битта ҳўкизни эрталабгача тайёрлаб қўйсангиз, — дебди.
Бола уйқуга кетибди. У ҳар куни кундузи ҳам, кечалари ҳам ухлаётгани учун анча тўлишиб қолибди, ранг кирибди. Эрталаб туриб қараса, янги омоч, ҳўкиз турибди. У яна далага қараб йўл олибди. Бола яна буғдойларни яшириб қўйибди, ўзи эса кечгача ухлабди. Кетиш олдидан иккита ҳўкизни сўйиб, қопга солибди. Омочни эса бузиб, далада қолдирибди. Бу ҳолни кўрган бойнинг жуда жаҳли чиқиб кетибди, лекин боланинг сезиб қолишидан қўрқиб, яна индамабди. Ўша куни кечқурун бой хотинига:
— Энди бу ердан кетмасак бўлмайди. Бўлмаса, иккаламизнинг ҳам қулоғимизни кесади, — дебди.
Улар энг қимматбаҳо тақинчоқларни, тилла ва пулларни битта сандиққа жойлаб, тонг ёришганда йўлга чиқмоқчи бўлишибди. Буларнинг ўзаро суҳбатларини бола эшитиб турган экан. Улар уйқуга кетишлари билан бола сандиқдаги барча нарсаларни олиб ташлаб, сандиққа ўзи кириб олибди.
Тонг ёриши билан бой хотини билан йўлга тушишибди. Бой арқонни сандиқнинг белидан ўтказиб, кўтариб олган экан. Улар йўл юришибди, йўл юрса ҳам мўл юришибди. Бир тоғ оралиғига етиб келгач, улар дам олишмоқчи бўлишибди.
Бой хотинига қараб:
— Битта чой дамласанг бўларди, — дебди. Хотини эса:
— Чойни қандай дамлайман? Чойнак бўлгани билан, сув топиб келишга, ўтин териб келишга хизматкор йўқ-ку! — деб нолибди.
Шунда бой:
— Ҳа, тўғри айтасан. Хизматкорсиз қийин, — дебди. Шу пайт секин сандиқ очилиб, ичидан ҳалиги бола чиқибди ва:
— Мен сизларни хизматингларни қиламан. Мен яна шу ердаман, — дебди. Болани кўрган бойнинг эси чиқиб кетиб, “дод” деб бақириб юборибди. Шунда бола ёнидан пичоғини чиқариб, бойнинг қулоғини кесиб олибди. Бола бойникига келиб, унинг уйидаги қимматбаҳо нарсаларини, пулларини ва ўзи яшириб, тўплаб юрган буғдойларни олиб, уйига йўлга тушибди.
Боланинг қулоғи билан қайтганини, бунинг устига шунча бойлик билан келганини кўрган кампир ва акалари жуда хурсанд бўлишибди.