Шум тулки

Товуқлар тулкининг устидан арз қилгани айиқнинг олдига боришибди.
— Айиқ полвон, — дебди улар, — тулкивой дастидан бизга кун йўқ. Ҳар куни кечаси товуқларни қийратгани-қийратган. Ҳеч кимдан ҳайиқмайди.
— Тулки-я… оббо муттаҳам-ей. Мен унинг жазосини бераман, — дебди айиқ.
У тулкини чақирибди. Тулки келиб, думини силкитибди.
— Айиқ ҳазратлари… Мен, сиз азизнинг биқинингиз тошга ботмасин деб, ёстиқ келтирдим, — деб у айиққа юмшоқ ёстиқ берибди. — Булар бўлса сизнинг ғамингизда юрганимни билишмайди.
— Аҳмоқлар, боринглар, иккинчи бемаъни гаплар билан араз қилманглар, — деб товуқларни қувиб юборибди айиқ.
Шу кеч яна саккизта товуқнинг шўри қурибди. Товуқлар энди бўрига арзга борибдилар.
— Дод, тулкининг дастидан, — дейишибди улар.
Бўри тулкини тирқиратиб ҳайдаб келтирибди.
— Бўри жаноблари, — дебди тулки думини ликиллатиб, — мен биқинингиз ерга ботмасин, деб ёстиқ келтирдим, — У бўрининг қўлтиғига юмшоқ ёстиқ қўйибди.
— Бу попукли аҳмоқлар сизнинг ғамингизда юрганимни билишмайди, — дебди тулки.
Бўри ёстиққа суяниб, роҳат қилибди ва товуқларга дўқ уриб:
— Кўзимдан йўқолинглар, бадбахтлар! Тулки ишини билиб қилади. Бундан кейин хайрли иш қилганлар устидан арз қилиб келманглар! — деб бақириб берибди.
Товуқлар жонларини ҳовучлаб, уйларига қайтишибди. Шу кечаси яна уч товуқ тулкига ем бўлишибди.
Эртасига товуқлар йўлбарсга арзга боришибди. Тулки йўлбарсга ҳам ёстиқ бериб:
— Сизнинг ғамингизни еб юрган эдим, — дебди. Йўлбарс ёстиққа қарамабди.
— Бу айёр тулкини яхшилаб калтакланглар! — деб буюрибди йўлбарс итларга.
Итлар тулкини ўртага олиб, роса таъзирини беришибди.
— Энди чўлга ҳайдаб юборинглар уни, — дебди йўлбарс. — Бўлмаса товуқларнинг гўштини еб, пати билан яна кўпларни алдайди бу айёр.
Шум тулкини чўлга қувиб юборибдилар.