Шерзод ва Гулшод

Ўтган замонда бир шаҳарда Ҳуршод деган подшоҳ ўтган экан. Ўнта хотин олган экан-у, лекин ҳеч фарзанд кўрмаган экан. Ҳуршод фарзанд кўриш учун яна бир марта уйланишни ихтиёр қилибди. Шаҳар уламоларини чақириб, шу тўғрида маслаҳат қилибди. Уламолар ҳам подшоҳнинг сўзини маъқуллаб фотиҳа берибди. Қирқ кеча-ю қирқ кундуз тўй-томоша қилиб уйланибди. Икки ойдан кейин оқсоч подшоҳ олдига келиб, хотини ҳомиладор бўлганлигини айтибди. Ҳуршод хурсанд бўлганидан оқсочга бир ҳовуч тилла бериб жўнатибди. Подшоҳ вазирлари ва сарой аҳлларини чақириб, туғилажак фарзанд шарафига уч кеча-ю уч кундуз тўй-томоша, улоқ берибди. Кунлардан бир куни лашкарларини олиб овга кетибди. Ов қилиб юрганда тўқайдан бир шер чиқибди. Ҳуршод шерни кўриб лашкарларига:
— Бахтимизга овимиз ўнгидан келди. Ҳаммангиз каманд ташлаб шу шерни тириклайин тутинглар. Кимда-ким шу шерни ушлай олмай, олдидан ўтказиб қочириб юборса, жазолайман, — дебди.
Подшоҳнинг ўзи ҳам лашкарлари қаторида туриб каманднинг бир учини ушлабди. Лашкарлар каманд тутиб шерни ўртага олибдилар. Бечора шер ўртада нима қилишини билмай, жон талвасасида югуриб юриб, каманднинг бир учини ушлаб турган Ҳуршод подшоҳни бир уриб ағдариб, қочиб кетибди. Аскарларига: “Агар қочирсангиз жазолайман” деган Ҳуршод подшоҳ нима қилишини билмай ғазаб билан отига миниб, шерни қувлаб кетибди. Лашкарлари бир қанча вақт кутиб, подшоҳ қайтиб келмагандан кейин орқасидан қидириб кетибдилар. Бир қанча йўл юриб, бир тоғлик жойда тўхтаб, ғорнинг оғзида бир нарсанинг қимирлаганини кўришибди. От чоптириб ғорга бориб қарасалар, Ҳуршод подшоҳ бир шер билан олишиб ётган эмиш. Шер лашкарларнинг келаётганини кўриб ғор ичига кириб кетибди. Лашкарлар подшоҳ ёнига келиб қарасалар, шоҳнинг баданлари тирналган, ўзи ҳолдан кетиб ётибди. Лашкарлари Ҳуршодни шаҳарга олиб келибди. Подшоҳнинг ҳоли оғирлашиб вазир уламоларини чақириб: “Мен энди дунёдан ўтаётибман. Қариган чоғимда худо менга фарзанд берган эди. Фалокат менинг ҳаётимни барбод қилиб, шу қувончли кунни кўра олмай кетяпман. Мамлакат, тож-у тахтимни вақтинча ўнг қўл вазирим Нодирбекка топшираман. Эй дўстларим, фарзандим дунёга келгандан кейин яхши тарбия қилинглар. Балоғатга етгандан кейин ўғил бўлса ўрнимга шоҳ қилинглар, қиз бўлса малика бўлсин. Хотинимни ўкситманглар”, деб васият қилиб жон берибди.
Кунлар, ойлар ўтиб Маликанинг туғиш вақти яқинлашиб қолибди. Тож-у тахтга эга бўлган Нодирбекнинг кўнглига қора ният тушибди. Унга кайф-у сафолар, тож-у тахтлар қўлидан кетаётгандек бўлиб кўринибди. Вазирини чақириб:
— Эй вазир, марҳум шоҳимиз хотинининг ой куни яқинлашибди. Туғилган бола балоғатга етгандан кейин албатта бу тахт-у бахтлар сен билан менинг қўлимдан кетади. Қандай бўлса ҳам бир иложини қилиб хотинни йўқотиш лозим, — дебди. Нодирбекнинг қора мақсадларига вазир ҳам қўшилиб Ҳуршод подшоҳнинг ҳомиладор хотинини йўқотиш чорасига киришибдилар.
Вазир зиндонга бориб маҳбусларга:
— Икки кундан кейин ўрмонзорга борасиз. У ерга бир хотинни олиб боришади. Шу хотинни ўлдирсангиз зиндондан озод бўласиз, — дебди.
Маҳбуслар рози бўлибди. Икки кундан кейин маҳбусларни зиндондан олиб чиқиб, қўлларига пичоқ бериб ўрмонга юборишибди. Маккор вазир хотиннинг ёнига кирибди, ҳол-аҳвол сўрагандан сўнг:
— Бугун сизни бир саёҳат қилдириб келмоқчимиз. Марҳум шоҳимиз сизни тез-тез саёҳат қилдириб туришни васият қилган эди. Агар қаршилик қилмасангиз бир томоша қилдирсак, — дебди. Хотин жуда хурсанд бўлиб, аравага чиқиб ўтирибди. Вазир хотинни ўрмонзорга олиб бориб: “Шу ерда бироз дамингизни олиб туринг, мен бир ов қилиб келай” деб уни ёлғиз қолдириб кетибди. Шу вақт маҳбусларнинг баъзилари хотинни ўлдиришга ботинмай, ачиниб четлашибди. Бир нечаси вазирдан қўрқиб хотинни пичоқлабди. Хотиннинг дод-войига қарамай қорнини ёрибди. Вазир келиб хотиннинг ўлганига хурсанд бўлиб, маҳбусларнинг ҳаммасини озод қилибди.
Маҳбуслардан бири дарахт орқасига беркиниб олган экан. Ҳамма кетгандан кейин қип-қизил қонга беланиб ётган хотин олдига келиб қараса, хотиннинг ёнида бир бола йиғлаб ётибди. Маҳбус болани онасига эмиздирибди. Бола йиғидан тўхтаб онаси бағрида ухлаб қолибди. Маҳбус Нодирбекнинг зулмини кўриб хотинга қаттиқ ачинибди. Бўлган воқеани тасвирлаб бир қоғозга ёзибди. Бир латтага ўраб, боланинг бўйнига тақиб кетибди. Маҳбус кетиши билан ўрмондан бир шер чиқиб келибди. Қонга беланиб ётган хотин ёнига келибди-да, болани тумшуғи билан итариб юбориб хотинни ея бошлабди. Яна орқасидан бир шер чиқиб келиб қараса, хотиннинг ёнида бир бола ётибди. Бу она шер болани ўз болалари ёнига олиб борибди. Урғочи шер ўз болаларини қандай боққан бўлса, бу болани ҳам шундай яхши тарбиялабди. Бола катта бўлиб юра бошлабди. Бир куни шер болани елкасига миндириб юрганда бир тўда карвонлар учрабди. Карвонлар шер устидаги одам боласини кўриб ҳайрон қолиб, шерни тутмоқчи бўлишибди. Карвонлар каманд ташлаб шерни ўртага олиб болани олмоқчи бўлишибди. Бола қўрқиб шерга чирмашибди. Шер ҳам болани беришни истамай олишибди. Ахири карвонлар шерни боғлаб, болани ажратиб олишибди. Болани ўз бошлиқлари Саидкарвонга олиб келиб беришибди. Саидкарвон боланинг бўйнидаги хатни ўқиб, бўлган воқеани англабди. Бу сирни ҳеч кимга айтмабди.
Шу кундан бошлаб болани Шерзод деб атабдилар. Саид Шерзодни фарзанд қилиб олиб, шаҳарга келибди. Шерзод Саидкарвоннинг оиласида яхши тарбияланиб етти ёшга тўлибди. Тўрт йил ўқиб оқ-қорани танийдиган бўлибди. Севиб ўйнайдиган ўйини қиличбозлик, уруш ўйини бўлибди. Саидкарвон ўғлига жанг қилиш ҳунарини ўргатибди. Шерзод катта бўлгандан кейин шу шаҳарнинг номи чиққан қаҳрамонлари қаторига кирибди. Ҳатто ўргатган устозлари ҳам Шерзоднинг ҳунарини кўриб қойил қолибди. Бир куни шу шаҳар подшоҳи Саидкарвон билан Шерзодни ўз саройига чақирибди. Подшоҳ уларни яхши қабул қилиб, Шерзодни ўзига лашкарбоши қилмоқчи бўлганлигини айтибди. Бу таклифни Шерзод ҳам қабул қилибди. Шу билан Шерзод лашкарбоши бўлиб яхши хизмат қила бошлабди. Кунлардан бир куни Шерзод ўз лашкарлари билан овга чиқибди. Ов қилиб юрганда ўрмонзордан бир шер чиқиб булар томон кела бошлабди. Шерзод шер билан ёлғиз ўзи олишмоқчи бўлиб, қиличини яланғочлаб шер томонга юрибди. Шер ҳам писанд қилмай яқинлашиб келаверибди. Иккови бир-бирига яқин келиб олиша бошлабди. Шерзод қиличи билан шерни иккига бўлиб ташлабди. Қараса, олдидан яна бир шер ерга суркалиб, бошини тебратиб кела берибди. Шерзод буни кўриб ҳайрон бўлибди. Урғочи шер ҳеч қандай ҳужум қилмасдан кўзидан ёшини тўкиб ерга суркала-суркала келибди. Шерзод ҳам қўлидаги қиличини қинига солиб ёлғиз ўзи шернинг олдига борибди. Шер ҳам Шерзод ёнига келиб кифтини оёғига суркай бошлабди. Шерзод ўзининг ёшлигида шер устида юрганини эслаб, шернинг нима демоқчи бўлганини фаҳмлаб, шернинг устига чиқиб олибди. Шер хурсанд бўлиб майдонни бир айланиб чиқибди. Шерзод ҳам овидан хурсанд бўлиб, шерни ўзи билан бирга шаҳарга олиб кетибди. Саидкарвон ўғлининг бу ишини кўриб жуда хурсанд бўлибди. Саидкарвон ҳамма лашкарларини ўз олдига чақирибди. Шерзод ҳам келибди. Саидкарвон ҳамманинг олдида Шерзоднинг саргузаштини гапириб берибди. Сўзининг охирида “Мана шу шер сени боқиб ўстирган онанг бўлади. Биз сени шу шердан олиб кетган эдик. Шунинг учун сени Шерзод деб атагандик”, деб Шерзоднинг болалик вақтида бўйнига осиб қўйилган хатни унинг қўлига берибди. Шерзод хатни ўқигандан кейин, ўрнидан туриб, она шерни қучоқлаб йиғлабди. Кейин отаси Саидкарвонни қучоқлаб раҳмат айтибди. Шер ҳам Шерзоднинг юзига юзини суркаб эркаланибди.
Шернинг бундай қилиши “Ўғлим, нега онангни ўлдирганлардан ўчингни олмайсан?”, дегандек бўлибди.
Шерзод кечаси ухлаб туш кўрибди. Тушида ўз онаси Шерзодга қараб “Болам, берган сутимга рози эмасман”, дебди.
Шерзод чўчиб уйғонибди. Ирғиб ўрнидан туриб подшоҳнинг розилиги билан аскарларини тўплабди. Аскарларга бош бўлиб Нодирбекка қарши юриш қилибди. Бир неча кун йўл юриб шаҳарга келибди. Нодиршоҳ Шерзодга элчи юборибди. Шерзод келган элчига:
— Нодиршоҳ яхшилик билан тож-у тахтини топширсин, бўлмаса жанг қилиб тахтини оламан, — дебди.
— Элчи Нодиршоҳга Шерзоднинг мақсадини келиб айтибди. Нодиршоҳ аскарларини тўплаб жанг бошлабди. Узоқ вақт жанг бўлибди.
Охири Шерзод Нодиршоҳни асир олибди. Шерзод Нодиршоҳнинг олдига келиб:
— Умрингда гуноҳ қилганмисан? — дебди. Нодиршоҳ Шерзоднинг гапига ҳайрон бўлибди. Шерзод яна:
— Менинг онамни ким ўлдирган? — дебди. Нодиршоҳ индамабди.
Шунда Шерзод чўнтагидан хатни олиб отаси Саидкарвонга бериб:
— Шу хатни халқ олдида ўқиб беринг, — дебди. Саидкарвон хатни ўқиб берибди, ундан кейин халқ Нодиршоҳга қарши талпинибди. Нодиршоҳ Шерзоднинг оёғига йиқилиб, гуноҳини кечиришни сўрабди.
Шерзод:
— Мен бугун онамни рози қилмоқчиман, сендан ўчимни оламан, — деб Нодирни жаллодга топширибди. Отаси Саидкарвонни шу шаҳарга подшоҳ қилиб қўйибди. Ўзи Саидкарвон шаҳрига — она шер олдига кетибди.
Шерзоднинг ғайрати, ботирлиги бошқа мамлакатларга ҳам ёйилибди. Ҳатто бошқа шаҳар подшоҳлари Шерзодни ўзларига куёв қилмоқчи бўлиб элчи юборибди. Кунлардан бир куни Шерзоднинг энг яқин ўртоғи Батталғози деган бир шоҳнинг Гулшод деган қизини мақтабди. Шерзод буни эшитиши билан ғойибона ошиқ бўлибди. Шерзод Батталғозининг қизини сўраб элчи юбориш тўғрисида подшоҳ билан маслаҳатлашибди. Подшоҳ:
— Батталғози жуда кучли подшоҳ. Сенинг севгинг орқасида бошимизга кўп фалокатлар келиши мумкин. Ҳатто кўп шаҳарлардан элчилар келганда уларнинг бошини кесиш, жанг қилиш билан жавоб берган. Унинг билан баравар келиш қийин, — дебди. Шерзод подшоҳга ялиниб, жанг бўлган вақтда ҳам ўзининг ғолиб келишига инонтирибди. Шоҳ ноилож рози бўлибди. Гулшодни сўраб Батталғозига элчи юборибди. Батталғози келган элчиларнинг ҳаммасини ўлдирибди. Бу ишга шоҳ билан Шерзоднинг ғазаби келиб, Батталшоҳга “Яхшилик билан қизинг Гулшодни бер, агар бермасанг, жанг қилиб оламиз”, деб хат ёзибдилар. Батталғози хатни олиб жавоб хат ёзибди. Хатда: ”Менинг ҳайвон тарбиясини олган одамга берадиган қизим йўқ. Жанг қилишга тайёрман”, дебди.
Шерзод лашкарларини тўплаб, она шер билан бирга Батталғозининг жанг майдонига борибди. Шерзод шер ва лашкарларини қолдириб, отига миниб қалъа яқинига келибди. Девор ёқалаб бораётганида қалъа ичидаги баланд аркка кўзи тушибди. Арк жуда чиройли безалган, атрофида гуллар ўсиб ётарди. Гулшод ҳам Шерзоднинг таърифини эшитибди. Отасининг золимлигидан ноҳақ нобуд бўлиб кетган йигитларга, шу қаторда Шерзоднинг нобуд бўлиб кетишига ачинибди. Қандай бўлса ҳам Шерзодни кўришни орзу қилиб, кечаси билан ухламай ўтирган экан, секин жойидан туриб, сочларини орқасига ташлаб, аркнинг саноқсиз зиналаридан тушаётиб, девор ёнида от устида турган Шерзодни кўрибди. Шерзод ҳам Гулшодни кўриб нима дейишини билмай, унга қараб кулибди. Гулшод пастга тушиб девор ёнига келибди-да, бир чиройли гулни узиб Шерзодга ташлабди. Шерзод ҳам девор ёнига келиб, ўзининг унга ошиқ бўлиб қолганлигини, исми Шерзод эканлигини айтибди. Гулшод жангда Шерзодга ёрдам беришини ваъда қилибди.
Эртаси куни тонг ёриши билан жанг бошланибди. Бир қанча жанглардан кейин Шерзод аскарлари енгила бошлабди. Шунда Шерзод бирдан шерни қўйиб юборибди. Шер орқасидан аскарлари билан Шерзод ҳам жанг майдонига кирибди. Шерзод от устида туриб тўрт томондан келганни чопиб ташлайверибди. Шер эса наъра тортиб дуч келганни бўғиб ташлабди. Шу пайт Шерзод аркда томоша қилиб турган Гулшодни кўриб қўлини кўтарибди. Гулшод бир пиёла шарбат олиб тушиб, Шерзодга берибди. Шерзод шарбатни ичиши билан ғайратига ғайрат қўшилиб, душманга омон бермай ҳайдабди. Охири Батталғози енгилиб таслим бўлибди. Халқ Шерзодни подшоҳ қилиб кўтарибди. Шерзоднинг енгганини Саидкарвон эшитиб келибди. Шерзод бир неча кун тўй-томоша қилиб, Гулшодни олибди. Шу билан мурод-мақсадига етибди.