Шeр билан дуррож

Тўқайда бир йиртқич шер бор эди. Ваҳшатда осмон шеридек қўрқмас эди. У болалари билан ўйнаб, завққа тўлганда, чумолилар унинг боласини талаб қийнарди. У ўзининг ажралмас бу бойлиги — фарзандини оғзига тишлаб асрар эди.
Ўша тўқайда бир дуррож (каклик) ҳам бўлиб, бу йиртқич шернинг ваҳмидан доим қўрқувда эди. Шер бўлса боласини оғзида тишлаб, дам-бадам тўқайнинг гоҳ у ёғига борарди, гоҳ бу ёғига. Шўрлик қуш унинг тепасида ногаҳон пирр этиб учса, шер қўрққанидан сесканиб кетар, боласига ҳам тиши ботиб кетарди. Тиши билан ўз боласини, ўз жигарпорасини ярадор қиларди.
Доим унга шу ғам ичида шам, ғам эмас, мотам устига мотам эди. Бу ташвишдан кўнгил озор топиб, у каклик билан ўртоқ бўла бошлади. У деди:
— Менинг сенга ҳеч қасдим, душманлигим йўқ. Хотиржам бўлиб, мени ўзингга ишончли дўст деб бил. Қўрқишни йиғиштир, ҳамдамим, сирдошим бўл, айш ва хурсандлик вақтида бирга куйлашадиган бўл. Мен ҳам сенинг куйларингни эшитиб шод бўлай, нағмаларинг билан қайғудан озод бўлай. Шарт шуки, сенга бир зиён етса, фалак сени хийла билан бандга солса, марҳамат қўлини сенга ёрдам учун чўзай, бош панжам билан душманни ерга баробар қилай. Садоқат масаласида ўзимни кўрсатиб, сени душман тузоғидан халос айлай.
Шер кўп сеҳр билан ўз фикрини тушунтиришга киришди. Ҳам садоқатли бўлишга аҳд қилди. Ораларида бир-бирларига шундай муҳаббат пайдо бўлдики, бунга осмоннинг ўзи ҳам ҳасад қиларди. Қаерда йиртқич шер дам олиб ётса, атрофида каклик бемалол учиб юрарди. Султоннинг тепасида ҳумо қуши айлангандай, шер бошида каклик айланиб парвоз қиларди. Шер унинг сайрашини эшитиб, куйида ёлғон борлигини фаҳм қилиб дер эди:
— Ёлғон гапирма, ёмон бўлади. Тўғри одамлар олдида ёлғон қораланади.
Каклик пандни эшитмас, ўзи билан ўзи маст, атайлаб фиғонини ҳеч пасайтирмас эди. Бир куни бир овчи уни тутиш учун ўз тузоғини ёйган эди, у дон билан сувни кўриб, унинг олдига боргач, овчи унинг устига тузоқни тортди. Тузоқда у бахтсиз қичқириб, бир неча бор:
— Дод мени тутдилар! — деди.
Бу сўз шер қулоғига эшитилди, лекин унинг бу ашуласини ҳар галгидек ёлғон деб ўйлади. Бунақа ёлғонларни кўп эшитгани учун чин қичқириғини ҳам ёлғон деб гумон қилди. У қанча ростакамига қичқирмасин, ростини ҳам ёлғон ҳисоблади. Уни қутқариш учун илтифот кўрсатмади, натижада унинг ҳаёти қирқилди. Кимки, беихтиёр рост гапирса ҳам, халқ уни ёлғон дейди.