Шер

Бир бор экан, бир йўқ экан, бир ўрмонда бир шер яшар экан. У шундай паҳлавон эканки, ҳатто уни кишилар таърифлашга ожизлик қилар эканлар. Ундан ҳамма қўрқар экан. Шунинг учун ҳам ўрмондаги барча ҳайвонлар, барча жониворлар йиғилиб, маслаҳат қилишибди, шерни ўзларига шоҳ қилиб олишибди. Шер ҳам ўзининг ҳурмати нақадар катта эканлигига хурсанд бўлибди.
Шернинг жуда ёмон бир феъли бор экан. Унинг одати бўйича кунига битта ҳайвонни емаса, туролмас экан. Ҳайвон бечоралар сира тинчлик кўришмабди. Кундан кун, ойдан ой ўтаверибди. Шернинг маконида бир сичқон пайдо бўлибди. Сичқон бир одат чиқарибди. У шер кечаси ухлаганда тумшуғини қитиқлаб, уйқудан уйғотар экан. Шунда шер бўкириб юборар экан. Шернинг бу бўкириши бутун ўрмонни ларзага келтирар экан. Бир куни шернинг бўкирган овозини ўрмондаги барча ҳайвонлар эшитиб: “Ие, бу шоҳимизга нима бўлди, бирор нарса бўлдими?”, — деб шернинг олдига келишибди, ундан ҳол-аҳвол сўрашибди. Шер ўрнидан туриб, ҳайвонларга:
— Ҳурматли ҳайвонлар, бизнинг маконимиз, ўрмонда мендан ҳам қўрқмас, жасур паҳлавон пайдо бўлибди. Сизларга фотиҳа бераман. Кимки, мана шу махлуқдан мени қўриқлаб турса, ажойиб овқатлар билан боқаман. Кейинчалик хизматни яхши бажарса, менга сидқидилдан хизмат қилса, уни ўзимга вазир қилиб оламан, — дебди.
Шундай қилиб ўрмондаги барча йиртқич ҳайвонлар биттадан шерни қўриқлашга тушибди.
Бироқ ҳеч қайси ҳайвон “паҳлавон” сичқонни ушлаш у ёқда турсин, лоақал, кўра олмабдилар. Ахири шернинг куч-қуввати қолмабди. Шерни қўриқлаш навбати тулкига келибди. Тулки навбатчи бўлса ҳам шер тинч ёта олмабди.
Тулки бир нарсани сезиб қолиб, шерга қараб:
— Одамлар билан яшовчи мушукни олиб келсак яхши бўлар эди. Рухсат этсангиз, — дебди. Шер:
— Нимага? — дебди. Тулки:
— Сизга ёрдам берадиган махлуқ мушукдир. Ундан бошқа ҳайвон ҳеч қачон сизга ёрдам бера олмайди, — дебди. Шер тулкига рухсат берибди.
Шундай қилиб, тулки сичқондан қўрқмайдиган мушукни излаб йўлга тушибди. Тулки жуда кўп йўл юрибди, йўл юрса ҳам мўл юрибди. Охири у мушукни учратиб қолибди. Тулки рўй берган воқеаларнинг ҳаммасини мушукка оқизмай-томизмай айтибди:
— Агар сен шоҳимизга яхши қарасанг, ўзига вазир қилиб тайинлайди, — дебди. Буни эшитган мушук:
— Мени дарров шоҳнинг олдига олиб бор, — дебди. Тулки билан мушук йўлга тушибдилар. Кўп юриб, охири бир неча кун деганда шернинг олдига етиб келишибди. Шер мушукни яхши кутиб олибди, унга яхши овқатлар берибди. Шу кундан бошлаб мушук шерни сичқондан ҳимоя қила бошлабди. Мушук келган кундан бошлаб сичқон инидан чиқмай қўйибди. Шер тинчланибди. Маза қилиб ором олиб ухлабди. Шундай қилиб, мушук шернинг вазири бўлибди.
Кунлар кетидан ойлар, ойлар кетидан йиллар ўтаверибди. Мушук барча ҳайвонларга зулмини ўтказа бошлабди. Ўрмондаги айиқ, бўри ва бошқалар мушукнинг парчалаб ташлашига ишонар эканлар. Шу билан бирга ҳайвонларнинг барчаси шердан ҳам ҳайиқар эканлар.
Шер мушукни еб қўйиши мумкин экан-у, лекин сичқондан қўриқлаб турганлиги учун индамас экан. Мушук ўрмондаги ҳайвонларга кўп зулм ўтказавергандан кейин шер уни олдига чақириб:
— Нега сен ҳайвонларга бунчалик жабр ўтказасан. Сен жуда ҳам бераҳмсан, — дебди. Мушук:
— Сизни сичқондан халос этдим-ку. У энди сизга ҳеч қачон зиён етказмайди. Сичқонни мен ўша заҳотиёқ еб қўйганман, — дебди. Буни эшитган шер мени ҳам еб қўймасин, деб мушукни тутиб еб қўйибди.
Шундай қилиб, ўрмондаги ҳайвонлар ҳам мушукнинг зулмидан озод бўлишибди.