Бир бор экан, бир йўқ экан. Қадим замонда бир илон билан ари болган экан. Илон ўша замонларда барча жониворларнинг подшоси экан.
Бир куни илон арига:
— Сен бориб ҳамма жониворларнинг гўштидан тотиб кўр. Қайси жониворнинг гўшти ширин экан? — дебди. Ари:
— Хўп бўлади, подшоҳим! — деб йўлга тушибди. Ари барча жониворларнинг гўштидан тотиб кўрибди-да, орқасига қайтибди. Қайтиб келаётган экан, қалдирғоч йўлиқибди. Қалдирғоч гап нимада эканини англаб:
— Қайси жониворнинг гўшти ширин экан, — деб сўрабди. Шунда Ари:
— Одамнинг гўштидан ширин нарса йўқ экан, — деб жавоб берибди. Қалдирғоч:
— Шуни билиб келганинг учун мен сенинг тилингдан бир ўпиб олай, — дебди. Ари тилини чиқарибди. Қалдирғоч арининг тилидан тишлаб олибди. Ундан кейин қалдирғоч билан ари илоннинг олдига боришибди. Илон сўрабди:
— Қайси жониворнинг гўшти мазали экан? “Ари қурбақанинг гўшти ширин экан, деб айтаётир”, — дебди қалдирғоч. Шундан кейин илон қурбақанинг гўштига ўч бўлиб қолибди. Шу-шу бўлибди-ю, одам боласи қалдирғочни ўзига дўст тутибди.