Подшо ва деҳқон қизи

Бир подшо бор экан, унинг бир вазири бўлар экан, уни подшо жуда яхши кўрар экан. Подшо вазирини уйлантирмоқчи бўлибди, аммо қизларнинг биронтаси унга ёқмабди.
Кунлардан бир куни подшо вазири билан саёҳатга чиқибди. Улар бир қишлоққа яқинлашиб қолганида учта бўйи етган қиз ўтин кўтариб кела берибди. Шу пайт бирданига жала қуйиб қолибди. Қизлардан иккитаси ўтинини кўтариб қишлоққа кета берибди, биттаси эса ўтинини ерга қўйиб, ўтин устига чопонини ёпибди-да, ўзи ўтиннинг панасида ўтирибди. Ёмғир босилгач, ҳалиги қиз ўтинни кўтариб қишлоққа қараб жўнабди. Подшо уни тўхтатиб:
— Нега сен бу ерда қолдинг-у, икки шеригинг тўхтамай қишлоққа кета берди? — деб сўради.
— Икки шеригим тўхтамай кетди-ю, устидаги кийимлари ҳам, ўтини ҳам ҳўл бўлди. Менинг эса тўним ҳўл бўлди-ю, ўтиним ҳўл бўлмади. Мен уйга бориб ўтинни ёқиб, тўнимни қуритаман-да, яна ишга кета бераман. Уртоқларимнинг эса тўни ҳам, ўтини ҳам ҳўл бўлди, улар энди ўтин тергани чиқиша олмайди, — деб жавоб берибди қиз.
Қизнинг бу гапи подшога маъқул тушибди ва унга қараб:
— Уйларингизга меҳмон бўлиб борсак, бизни нима билан меҳмон қиласизлар? — дебди.
— Сизлар бораверинглар, топсак битта сўямиз, топмасак иккита сўйиб меҳмон қиламиз, — дебди қиз.
Қизнинг бу гапига подшо ўзича ажабланиб: “Бу қанақаси бўлди, топса битта, топмаса иккита сўйиб меҳмон қилармиш” — дебди ва вазирни бошлаб ҳалиги қизникига меҳмонга борибди. Уй эгалари подшога сўйиш учун қўни-қўшниларидан бирорта қўй топиша олмабди, ноилож эрта-индин туғай деб турган бир қўйлари бор экан, ўшани сўйиб подшо билан вазирни меҳмон қилишибди. Шунинг учун доно қиз подшога, “Топсак битта сўямиз, топмасак иккита сўямиз”, деган экан. Подшо қизнинг ақлига ва эслилигига қойил қолиб таҳсинлар ўқибди ва ота-онасини чақириб, улардан қизини вазирга беришга розилик сўрабди. Ота-онаси рози бўлиб, қизини вазирга эрга беришибди.
Подшо вазирини уйлантиришга уйлантириб қўйибди-ю, кейин унинг хотинига ўзи ошиқ бўлиб қолибди. Энди у вазирни йўқотиш пайига тушибди, ўйлаб-ўйлаб вазирга қирқта қўчқор бериб:
— Шу қўчқорларни қирқ кун ичида биттадан туғдириб саксонта қилиб менинг олдимга олиб келасан, агар шу ишни бажармасанг, ўлдираман, — дебди.
Вазир нима қилишини билмай, қирқта қўчқорни ҳайдаб уйига борибди. Унинг аҳволини кўрган хотини:
— Нега мунча хафасиз, нима иш бўлди? — деб сўрабди. Вазир бўлган гапни хотинига айтиб берибди.
— Хафа бўлманг, бунинг чораси осон, — деб хотини вазирни юпатибди.
Вазир хотинининг айтганини қилиб, ҳар куни биттадан қўчқорни сўйибди, Эр-хотин маишат қилиб еб ётаверишибди. Қирқ кунда қўйларни еб тугатишибди. Подшонинг берган муҳлати тугабди, вазирнинг кўнглини ғам босибди, “Подшога энди нима жавоб қиламан”, деб ўйланиб турган экан, хотини:
— Ғам еманг, жавобини ўзим бераман, — дебди. Қирқ биринчи куни вазирнинг уйига подшонинг ўзи келибди. Вазирнинг хотини эрига:
— Сиз ичкари кириб туринг, подшога жавобини ўзим бераман, — дебди. Подшо вазирини чақирган экан:
— Ҳа, — дебди хотини.
— Вазир қани? — дебди подшо.
— Подшо бўлмай қолинг. Вазирингизни куни билан тўлғоқ тутиб, энди туғдилар. Ичкарига кириб болаларини йўргаклаб олинг, — дебди хотини.
— Сен қандай аҳмоқ хотинсан, эркак киши ҳам туғадими? — дебди подшо.
— Эй подшоҳим, сизнинг эркак қўйларингиз туққандан кейин, вазирингиз ҳам туғади-да, — деб жавоб берибди вазирнинг хотини.
Хотиннинг бундай жавобига подшо нима дейишини билмай:
— Эй, айб менда экан. Вазир эртага саройга борсин, — деб қайтиб кета берибди.
Подшонинг вазирнинг хотинига бўлган муҳаббати кундан-кунга кучайиб бора берибди. Подшо вазирни узоқ сафарга жўнатибди-да, кечқурун ўзи унинг уйига борибди. Вазирнинг хотини ҳам уни жуда яхши кутиб олиб, меҳмон қилибди.
— Мен сенга ошиқ бўлиб қолдим, сени эрингдан ажратиб оламан, бугун сен билан шу ерда қоламан, — дебди подшо.
— Хўп майли, подшоҳим, сиз айтганча бўлсин. Бўлмаса, сиз чой ичиб туринг, мен ясаниб чиқай, — деб хотин бошқа бир уйга кириб кетибди-да, подшонинг ёнига ясаниб-тусаниб чиқибди.
— Мана мен тайёрман, лекин сизга аввал айтиб қўядиган қиёматли қарзим бор. Уйда эрим бўлмагани учун ўзим ейман-ку, деб онамнинг сутидан таом пиширган эдим, сиз улардан татиб кўрибсиз. Энди сиз менга оға, мен эса сизга сингил бўлиб қолибман. Агар шариат лозим кўрса, мен билан ишрат қилсангиз майли, — дебди.
Подшо нима қилишини билмай, чиқиб кета берибди.
Вазир сафардан қайтгач, қўшнилари унга ўзи йўқ вақтида уйига подшонинг келганини айтиб қўйишибди. Буни эшитган вазир сафардан қайтган бўлса ҳам уйига, хотинининг ёнига бормабди. Буни эшитиб қизнинг отаси тўғри подшонинг олдига борибди. Подшо вазир билан бирга ўтирган экан.
— Боғни боғбонга топшириб эдим-у, лекин боғбон боққа қарамай қўйибди, — дебди қизнинг отаси подшога.
— Боғбон уни парвариш қилар эди-ю, боққа ўғри оралабди, — дебди вазир подшога шама қилиб. Бу сўзни эшитган подшо:
— Тўғри, боққа ўғри оралаб қўйди-ю, аммо ҳеч нарсага тегмай, баргини ҳам узмай чиқиб кетди, — дебди ва бутун бўлган ишларни чол билан вазирга айтиб бериб, улардан узр сўрабди. Шу куниёқ вазир уйига бориб хотинидан узр сўрабди. Вазир билан унинг севикли хотини даври-даврон суриб, муроди мақсадларига етишибди.