Подшо билан вазир

Кунлардан бир куни подшо билан вазир йўлда кетишаётган экан. Йўл четида бир кекса чол жуда қариб, букчайиб қолганига қарамай, қўш ҳайдаб юрган экан.
Подшо билан вазир унга яқинлашиб қолганларида отларини тўхтатибдилар. Подшо чолга:
— Ҳорманг, бобо, ёшлигингизда ғамингизни емаган экансиз-да, — дебди.
— Бор бўлинг. Ёшлигимизда ғамимизни еган эдик, аммо таратдим, — деб жавоб берибди. Подшо яна сўрабди:
— Иккингиз уч бўлганига қанча бўлди?
— Икким уч бўлганига олти-етти йил бўлди, — дебди чол.
— Ундай бўлса, мен сизга битта ғоз юбораман. Ўзингиз патини тозалаб оларсиз, — дебди подшо.
— Хўп, майли. Кутаман, — дебди чол.
Шундан кейин подшо билан вазир ўз йўлларида давом этишибди. Йўлда вазир:
— Мен сизни чол билан қилган суҳбатингизни ўйлаяпман, — дебди.
Подшо:
— Сен менинг вазирим бўла туриб, бир қўшчи чолчалик ҳам бўлолмабсан-да, — дебди.
Вазир кўп ўйлаб, бу жумбоқни билолмай, боши қотибди. “Бирорта кексароқ одамни топсам, балки айтиб берар”, деб ўйлабди. Вазир кўп ахтариб, охири бир хароба уйда яшаётган қари чолни топибди. У 90 ёшга кирган экан. Вазир чолнинг аҳволини сўраб, келишдан мақсади нима эканлигини айтибди. Подшо билан чол ўртасидаги суҳбатни айтиб берибди. Шунда чол:
— “Мен ғамимни еган эдим, лекин ҳаммасини таратдим”, деганининг маъноси уч-тўрт қизларим бор эди, ҳаммасини куёвга чиқардим дегани. “Икким уч бўлганига олти-етти йил бўлди”, деб жавоб берганида, у икки оёғи ишдан чиқиб, олти-етти йилдан бери ҳасса тутаётганини айтган. “Бир ғоз юбораман, патини ўзингиз тозалаб оларсиз”, деганининг маъносини айтмайман, кимдан сўрасанг сўрай бер, — дебди.
Вазир ноилож яна ўша чолни ахтариб топибди. Ундан подшонинг ғоз ҳақида айтган гапларининг маъносини сўрабди. Шунда ҳалиги чол:
— Бу гапнинг маъносини билмоқчи бўлсанг, мен билан бирга бориб, подшо ёнида эшитасан, — дебди. Шунда вазир подшодан уялишини, уни изза қилишидан қўрқишини айтибди.
— Агар сен уялсанг, қиёфангни ўзгартиргин. Мен сенга деҳқонлар усти бошини бераман, уни кийиб мен каби бир деҳқонга айланиб қоласан. Шунда сени подшо танимайди, — дебди чол.
Вазир дарров деҳқон либосини кийиб, чол билан бирга подшо ҳузурига келибди. Чол вазирни кўрсатиб подшога шундай дебди:
— Қандай беҳиммат подшосиз. Менга яхши ғоз ваъда қилиб, мана шу ориқ ғозни юборибсиз.
Шунда подшо кула-кула чолга бир ҳамён олтин берибди. Подшонинг одамлари эса бориб, унинг ерларини чопиб берибдилар.