Бир бор экан, бир йўқ экан, Бойсун томонда Мурод бобо деган анча ёшга бориб қолган бир киши яшар экан. Мурод бобонинг учта ўғли бўлиб, куч-қувватда ҳеч ким уларга баробар келолмас экан. Улар ақл-фаросатда ҳам ҳаммага ибратли бўлиб ўсишган экан. Уларнинг каттаси — қўйчибон, ўртанчаси — деҳқон, кенжаси овчи экан.
Кунлардан бир куни шаҳарлик бир киши Мурод бобоникига меҳмон бўлиб келибди.
Кечга бориб ҳаво айниб, қор ёға бошлабди. Эрталаб туришса, азбаройи қор кўп ёққанидан томнинг тўсинлари қирсиллаб, оғирликни кўтаролмай қолибди.
— Енгил пар қор ёғмай, муз аралаш қор ёғибди. Ҳали-замон ҳаво очилиб қуёш чиқса, қор эриб сувга айланади. Тўсинлар кўтаролмай синиб кетиб, том босиб қолиши мумкин. Тезроқ томга чиқиб қорни кураб ташлаш керак, — дебди Мурод бобо ўғилларига.
Ўғиллари чурқ этишмабди. Мурод бобо гапини яна қайтарибди. Ердан садо чиқса чиқибдики, ўғилларидан садо чиқмабди. Жуссасидан куч ёғиб турган, тоғни урса талқон қиладиган ўғилларни арзимаган ишни бажаришдан бош тортишларини кўриб, меҳмон ҳайрон бўлибди.
— Отанинг амрини бажармоқ ҳам қарз, ҳам фарз. Отанинг гапини қайтариш ўта гуноҳ, ундай фарзанд дўзахда куймоққа маҳкум, — дебди меҳмон Мурод бобонинг фарзандларига қараб.
— Йўқ, отамизнинг айтганларини бажара олмаймиз. Бўлмайди, — дебди Мурод бобонинг тўнғич ўғли. Қолганлари ҳам уни маъқуллаб, бошларини силкитишибди.
Меҳмон “Булар тарбиясиз беодоб болалар экан” деб кўнглидан ўтказибди. Мурод бобо меҳмонни ташлаб ташқарига чиқай деса, уни ранжитиб қўйишдан чўчибди, уйда ўтираверай деса, том босиб қолишидан қўрқибди.
— Арслонларим, мен рози. Учовингдан бировинг томга чиқиб қорни кураб тушгин, — дебди яна Мурод бобо ўғилларига қараб.
Катта ўғил кенжасига “Сен томга чиқ” деса, кенжа ўғил ўртанча акасига нуқул “Сиз томга чиқинг” дермиш.
Ўғилларидан биронтаси томга чиқмаслигини билиб турган Мурод бобо “Бўлмаса, ҳовлини қордан тозаланглар”, дебди.
Оталарининг гапи тугар-тугамас уч ўғил бирдан куракка ёпишиб, эшикка отилишибди. Бир нафас ўтар-ўтмас ҳовлини қордан тозалашибди.
— Меҳмон, ҳовлига чиқиб бир айланиб келмайсизми? — дебди Мурод бобо.
Уч ўғилнинг қилмишларидан ҳайрон бўлиб, боши қотиб ўтирган меҳмон “Хўп бўлади” деб жавоб берибди. Улар уйдан чиқишлари биланоқ уч ўғил “Мен чиқаман”, “Йўқ, мен чиқаман” деб тортишиб қолишибди.
Жуссаси кичикроқ кенжа ўғил лип этиб томга чиқибди-да, бир чой қайнаши ўтмасдан томдаги қорни кураб тушибди. Мурод бобо кенжа ўғлига раҳмат айтибди. Кейин учала ўғлини ҳам алқаб, юмушларига жўнатибди. “Ўғиллари гапига кирмади-ю, яна уларни дуо қилади-я”, — деб баттар ҳайрон бўлибди меҳмон. Дастурхон устида Мурод бобо меҳмоннинг фикрини уқиб:
— Меҳмон ҳайрон бўлманг. Одатимиз шунақа, — дебди.
Ҳеч нарса тушунмаган меҳмоннинг баттар хуноби ошибди.
Кеч кирибди. Мурод бобонинг ўғиллари бирин-кетин уйга қайтишибди. Катта ўғил келиб аввал меҳмонга салом берибди, кейин отаси билан кўришиб, олиб келган бир даста нонни унинг олдига қўйибди. Ўртанча ўғил ҳам аввал меҳмон билан кўришиб, сўнгра отаси билан сўрашибди-да, қўлидаги гўшт-ёғни отасининг ёнига қўйибди. Кейин кенжа ўғил келибди. Меҳмон билан кўришиб, отаси билан ўпишиб, отган ови — олҳорни уларнинг олдига қўйибди.
Дастурхон устида меҳмон Мурод бободан:
— Боя ўғилларингизнинг томдаги қорни курашдан бош тортишларининг боиси не? — деб сўрабди.
— Бунинг сабабини ўзларидан сўранг, — дебди Мурод бобо. Шунда меҳмон:
— Эрталаб, аввалига отангизнинг айтганларини қилмадинглар, яъни томга чиқиб корни курамай, биз ташқарига чиққач, укангиз кураб тушди. Нега ота гапидан бош товладинглар? Шунинг боиси не? — деб сўрабди.
— Йўқ, меҳмон, ундай деманг, — деб жавоб қайтарибди катта ўғил, — отамизнинг ҳар бир сўзи биз учун муқаддас бўлганидек, у кишининг ўзи ҳам биз учун энг улуғ зот. Том устига чиқмаганимизнинг боиси шу эдики, уй ичида отамиз ўтирган эдилар. Қишлоғимизда азал-азалдан шундай одат бор: ота уйда экан, бола том устига чиқмайди.
Меҳмон Мурод бободан сўрабди:
— Шундай яхши одатларингиз бор экан, нега энди сиз ташқарига чиқиб тура қолмадингиз?
— Сабаби, сиз ёнимда эдингиз. Меҳмонни ёлғиз қолдириш одобдан эмас. Бекорга халқимиз “Ота улуғ — отадан меҳмон улуғ” деб айтмайди, — дебди Мурод бобо.
Бундай меҳмондўстликка ва одобга қойил қолган меҳмон Мурод бобо билан унинг ўғилларига қуллуқ қилиб хайрлашибди.