Осма сават

Қадим замонда бир савдогарнинг эрка ўғли бор экан. Бола отаси ҳаёт вақтида уйдаги яхши-яхши нарсаларни кўчага чиқариб, ўзининг дўстларига берар, уларни кунда зиёфат қилиб юрар экан. Қазо ажал ўқини отиб, савдогарни олиб кетибди. Ҳовлида савдогарнинг кўча кезар ўғли онаси билан қолибди. Лекин бу аҳмоқ бола кап-катта йигит бўлгунча савдогар отасидан қолган дунёни қирқ дўстига ва бир бойга едириб, охири на уйида, на қўлида бир чақаси қолмабди. Кунлардан бир кун онаси:
— Болам, бир ишнинг бошини тут, уйдаги нарсаларни кул супургандай супуриб бўлдинг, отангдан қолган дунёларни палапартиш сарфлаб битирдинг. Энди кап-катта йигитсан, рўзғорга қараш, — дебди.
— Эй, она, менинг қирқ жўрам бор, ҳар қайсисиникига бериб бир кундан меҳмон бўлсам, қирқ куним, икки кундан меҳмон бўлсам саксон куним ўтади, ишлаб нима қиламан? —  дебди ўғли.
— Майли, болам, бориб кўр-чи, қайси ошнанг яхши кутиб олар экан, — дебди онаси.
Эртаси куни савдогарвачча бир дўстининг уйига бориб меҳмон бўлмоқчи бўлган экан, унинг қўлида ҳеч нимаси йўқлигини билган дўсти уйига келиб хотинига: «Агар мени сўраб фалон киши келса, уйда йўқ, ўзи келганда келарсиз, деб айт», дебди.
Бир маҳал савдогарвачча келиб эшикни қоққан экан, дўстининг хотини эшикни очиб:
— Уйда йўқлар, ўзлари келганларида келарсиз, — деб, эшикни қаттиқ ёпиб кириб кетибди. Савдогарвачча эса тилини тишлаб қолаверибди. Юриб-юриб яна бир дўстиникига борса, бундан ҳам баттар аҳволга дуч келибди. Хуллас, бирма-бир қирқ дўстининг уйига борган экан, ҳеч қайсиси уни бу ёққа кел демабди. Савдогарнинг ўғли оч, тинкаси қуриб уйига қайтибди. Онаси ўғлининг аҳволига ачиниб, отасидан қолган-қутган пулларини йиғиб берибди-да:
— Болам, энди бор-йўқ пулимни бердим. Бошқа ҳеч нарсам йўқ, ақл билан сарфла, беҳуда юрма, — дебди.
Бола севиниб, пулни чўнтагига солиб, яна кўчага чиқиб, қирқ жўрасини топиб зиёфат қилибди. Қолган-қутган пулини ҳам йигитларнинг бошлиғи — бой алдаб-сулдаб олибди. Шундай қилиб, савдогарнинг ўғли яна икки қўлини бурнига суқиб онасининг олдига борибди. Онасининг унга беришга сариқ чақаси ҳам қолмаган экан.
Бой ҳар куни хотинига келиб аллақайси йигитни алдаб пулини олганини айтар экан. Бойнинг хотини бир куни савдогарнинг ўғлини уйига чақириб, бундай дебди:
— Сен мени ўзингга хотин қилиб ол, мен сени бой қиламан.
Бу гапни эшитиб савдогарваччанинг оғзи қулоғига етибди.
— Бор энди кетавер, эртага шу маҳал яна кел, — деб бойнинг хотини бир лаган тилла бериб жўнатибди.
Савдогарвачча тиллани олиб тўғри бойнинг олдига борибди-да:
— Мана тилла, яна маишат қиламиз, — дебди. Йиғилишибди қирқ йигит, қурилибди катта базм, бўлибди ҳангома, жаранглабди гулкоса, ичилибди шароб, итлар кетибди кўписининг оғзи-бурнини ялаб.
Эртаси куни савдогарвачча яна бойнинг хотини олдида ҳозир бўлибди. У йигит билан ўйнабди, кулибди, вақтини хушлабди ва йигит кетиши олдида яна бир лаган тиллани бериб:
— Эртага яна шу маҳал кел, — деб йигитни кузатиб қўйибди.
«Ақлсиз бугунини, ақлли эртасини ўйлар», деган гап жуда ҳам тўғри экан. Савдогарвачча бир лаган тиллани кўтариб яна йигитларнинг жўрабошиси — бойнинг олдига борибди. Бугун ҳам кечагидек, қурилибди гурунг, бўлибди васваса, алжирабди оғиз, сўйилибди қўй семиз. Ҳаром пулнинг қадри йўқ экан, қирқ йигит савдогарвачча топиб кела ётган пулларни бебилиска сарфлашаверибди. Кунлардан бир куни бой савдогарваччага:
— Сен қандай қилиб бунча пулни топиб келаётибсан, ахир пулинг тугаб қолган эди-ку? —  дебди, йигит:
— Мени бир хотин яхши кўриб қолди, ҳар куни у мени меҳмон қилади-да, қайтишимда бир лаган тилла бериб, яиа шу маҳал кел, дейди, — дебди. Бой қизиқиб хотиннинг ранг-рўйини, ҳовли-жойини сўраган экан, савдогарвачча ҳаммасини, рўйирост айтиб берибди. Бой нима деярини билмай ҳайрон қолибди.
Бой савдогарваччани «алдаб пулини олиб юрибман», деса, алданиб юрган экан. Бу гапни сир тутибди, савдогарнинг ўғли билан хотинини бир ерда тутиб ўлдиришга қасд килибди ва йигитга:
— Яна қачон борасан севгилинг олдига? —  деб сўрабди.
— Шу бугун кечқурун бораман, — дебди у. Бой бу гапни ичига тугиб қўя берибди.
Савдогарвачча хотин айтган маҳалида унинг ёнида ҳозир бўлибди. Бойнинг хотини уни ичкари киритиб, у билан роса ўйин-кулгилар қилиб ўтирганларида, эшик тақиллаб қолибди. Бойнинг хотини йигитни тўрда турган темир аржа га солиб қўйибди-да, бориб эшикни очиб, эрини иззат-икром билан кутиб олибди. Бой хотинига билдирмай ҳамма ерни қараб чиқибди, лекин ҳеч ерда ййгитни кўрмай яна қайтиб кетибди. Эри кетганидан кейин бойнинг хотини йигитга бир лаган тилла бериб, яна эртага келишини айтиб, жўнатибди.
Савдогарвачча бугун ҳам бир лаган тиллани олиб бориб бойга берибди ва:
— Бугун бир худо асради, нақ қўлга тушай деб қолдим, — дебди.
— Қандай қилиб қутулдинг? —  дебди бой.
Йигит ҳаммасини гапириб берибди. Бой ичидан зил кетиб йигитдан сўрабди:
— Энди қачон борасан?
— Яна ўша вақтда, — дебди йигит.
У бойнинг хотини айтган маҳалда яна борибди. Бой ҳам унинг изи билан бораверибди. Хотин йигитни уйига киритиб, энди вақтихушлик қилмоқчи бўлиб турганида бой эшикни қоқибди. Хотин йигитни сув кадига солиб ҳовузга оқизиб қўйибди-да, эшикни очиб бойни кутиб олибди. Бой ҳамма ерни тинтиб чиқибди. Аржани ҳам очиб қарабдн. Бироқ, йигитни топа олмай хуноб бўлиб, яна базмга кетибди. Бой кетганидан кейин хотин йигитни ҳовуздан чиқариб олиб, кетар вақтида яна бир лаган тилла бериб жўнатибди.
Савдогарвачча бу гал ҳам бир лаган тилла билан бойнинг олдига келиб бўлган воқеани сўзлаб берибди. Бой бўлса роса дарғазаб бўлиб, сув кадини қарамаганига мингда бир пушаймон бўлиб, гурунгни бузмасдан ўтираверибди. Охири чидай олмасдан:
— Эртага яна борасанми? —  деб сўрабди.
— Ҳа, бораман, — дебди йигит.
Савдогарнинг ўғли келишилган маҳалда яна борибди. Хотин уни роса иззат-икром билан кутиб олиб, кўигли тўйгунча ўйнашибди. Йигитни энди кузатай деб турганида эри эшикни қоқибди. Хотин йигитни осма саватга солиб, осиб қўйибди.
Эрига эшик очиб, уни кутиб олибди, эри ҳам ҳамма жойларни тинтув қилиб, йигитни топа олмай хуноб бўлиб ўтираверибди. Иккиси ҳам сават осилган уйда аллавақтгача чурқ этмай ўтиришибди. Бир маҳалда сават узилиб кетиб уларнинг устига тушибди. Шу замоннёқ хотин: «Вой, бу на бало, болам тушадиган бўлди-ку», деб эрининг устига ўзини ташлаб, кўйлаги билан эрининг бошини бекитибди-да, йигитни қочириб юборибди. Лекин йигит бугун пулсиз кетибди. Эртаси куни бойнинг олдига йигит қуруқ борган экан, бой:
— Ҳа, иним, нима гап? —  дебди.
— Эй, сўраманг, бир ўлимдан қолдим, — деб ҳамма воқеани айтибди.
Бой осма саватни қарамаганига ва хотинининг ҳийласига ичи ёниб, ўз ёғига ўзи қоврилиб ўтираверибди. Бой ҳеч чидай олмай охири қозига бориб, хотини ва савдогарнинг ўғли устидан арз қилибди. Қози эса:
— Агар йигит бўйнига олмаса унда сен нима қиласан? —  дебди.
Бой эса:
— Агар йигит менга айтган гапларини сизга ҳам айгиб берса, менга хотинимни ҳам, йигитни ҳам шу пайт ўлдиришга гувоҳлик берасиз, агар айтмаса менинг бошим ўлимда, — дебди.
Қози бу масалага йигитнинг онаси билан хотиннинг икки акасини чақиришибди. Уларга воқеани айтишгап экан. Икки акаси:
— Агар синглимиз ҳақиқатан ҳам ёмон йўлга кирган бўлса, йигитни ҳам, синглимизни ҳам ўлдирамиз, борди-ю, бу гаплар ёлғон бўлса сени ўлдирамиз, — дебдилар бойга.
Қози муҳрланган қоғозни бойга ва йигитнинг онасига, қизнинг икки акасига берибди. Бой йигитни уйига меҳмопга чақиришини ва зиёфат вақтида йигитни сўзлатишини айтибди. Ҳаммалари рози бўлибдилар. Бой йигитни меҳмонга чақириш учун кетибди. Йигит кечқурун бойнинг олдига келган экан, бой:
— Сени бир ерга меҳмонга олиб борсам, сен роса қизиқ гаплар айтиб гурунгни қизитар эдинг, шарти шу: ҳалиги хотин билан бўлган ҳангомаларингни ҳам айтиб берасан, — дебди.
— Жоним билан айтиб бераман, олиб бораверинг, — дебди йигит.
Қоронғи тушиб, юлдузлар чиққанда бой йигитни ўз уйига бошлаб борибди. Лекин хотинини ва йигитнинг онасини бошқа уйта киритиб, чиқмасликни шарт қилиб қўйибди.
Зиёфат роса қизибди. Бой йигитга қараб:
— Энди сен бизга бир қизиқ нарсалар айтиб бер, — дебди. Йигит айтишга шайланиб, ўзининг туғилганидан то стасининг топган-тутганини сарфлаганигача айтиб бўлиб, энди ўзининг бой хотини билан бўлган воқеасини айтишга киришганида, булар ўтирган уйнинг бир тешигидан хотин йигитга кўринибди ва «айтма» деган имо-ишора қилибди. Йигит гапини шартта тўхтатиб қўйибди. Бой эса:
— Ҳа, ҳа, айт энди ўша гўзал қизнинг сенга тиллалар бериб сандиққа, сув кадига ва осма саватга солиб қўйганларини, — дебди. Йигит ҳам яхшилаб ўтириб олиб:
— Қайси қиз мени сандиққа, сув кадига, осма саватга солибди, нима, мен жинни бўлибманми сандиққа кириб, сув кадида ётиб, осма саватда осилиб, — деб бойни жеркиб ташлабди. Шу вақт икки йигит бирдан ўрнидан туриб бойнинг икки ёнидан икки пичоқ уриб ўлдириб юборибди. Бир қанча вақт ўтгандан кейин хотинни йигитга никоҳлаб қўйибдилар.