Опа-ука

Бир бор экан, бир йўқ экан, бир чол бор экан. Унинг хотини ҳар икки йилда иккитадан бола туғар экан. Орадан бир неча йил ўтибди, чолнинг болалари жуда кўпайиб кетибди. Бу болаларни боқиш жуда қийин бўлиб қолибди.
Ўзларининг ҳам қоринлари ҳеч тўймас экан. Кунлардан бир кун чол хотинига:
— Болаларни ухлатгандан кейин бир қозон атала қил, бир тўйиб ичайлик, — дебди. Хотини ярим кечада ўрнидан туриб ошга ҳаракат қилиб турса, бир қизи туриб:
— Она, мен ун элаб берайми? — дебди.
Яна бири туриб:
— Сув келтириб берайми? — дебди.
Яна бири:
— Ўтин келтириб берайми? — дебди.
Яна бири:
— Ўт ёқиб турайми? — дебди.
Шундай қилиб, болалари уйғониб ҳар томондан туриб келаверибдилар. Чол буни кўриб, зарда қилиб кўчага чиқиб кетибди. Хотини аталани пишириб, сузиш олдидан болаларига:
— Отангизга ҳам бироз олиб қўяй, — дебди-да, бир коса атала олиб қўйибди. Аталани ўчоқ бошида қолдирибди. Болалар аталани ичиб бўлгач, ётиб ухлабдилар. Болалардан бири туриб, ўчоқ бошидаги ошни топиб ичиб, ўрнига сув солиб қўйибди. Ётиб ухлабди. Бироздан кейин чол уйга кирса, ҳаммаси ухлаб қолган экан. Ўчоқ бошига бориб қараса, косада бир нарса турган эмиш. Қоронғида атала деб ўйлаб, ичиб кўрса, сув экан. Шундан чол қаттиқ хафа бўлибди. Эртаси болаларига:
— Болаларим, мен билан бирга юринглар. Бугун тоғга бориб, дўлана терамиз, — дебди. У болаларини эргаштириб, бир тоғга олиб чиқибди. Дўланани қоқиб, болаларига:
— Мен дарахтга чиқиб, дўлана қоқаман. Юқорига қараманглар, зўр бериб тера беринглар, — дебди. Болалар дўланани тераверибдилар. Чол секин дарахтдан тушиб, уйига қараб кетаверибди. Дўланани териб, еб бўлган болалар:
— Дада, яна қоқинг! — деб юқорига қарашса, ҳеч ким йўқ. Болалар йиғлашиб, ҳар томонга тарқалиб кетибдилар. Шу болалар орасидан бир қиз билан бир ўғил тоғнинг бир тарафига қараб кетибди. У ерда сув йўқ экан. Ўғил бола опасига:
— Опажон, жуда чанқадим, — дебди. Шунда бир жойда кўлмак сув кўринибди. Бола сувни ичай деган экан, опаси:
— Ичма, бу айиқнинг ичадиган суви, — дебди. Яна бироз юргандан кейин бир сув кўринибди.
Бола:
— Опа, сув ичаман, — дебди.
Опаси:
— Ичма, бу кийикнинг ичадиган суви, — дебди.
Бола:
— Ичсам нима бўлади? — дебди.
Опаси:
— Ичсанг кийик бўлиб қоласан, — дебди. Укаси опасининг сўзига кирмай, шу сувдан ичган экан, кийик суратига кириб қолибди. Қиз ҳайрон бўлиб, йиғлаб-йиғлаб кийик бўлиб қолган укасини етаклаб юрибди. Улар бориб-бориб, бир кўприкнинг тагига кириб ётибдилар.
Ўша юртнинг подшоси овга чиққан экан. У кўприк олдига келганда оти ҳуркиб, кўприкдан ўтмай қолибди.
Подшо:
— Кимсан, кўприк тагидан бу ёққа чиқ! — дебди. Қиз кийикни етаклаб чиқиб келибди. Подшо қизни кўриб ёқтириб қолибди.
Подшо навкарларига:
— Бу қизни ўрдага олиб боринглар! Кечқурун овдан қайтиб бораман. Шунгача турсин! — дебди. Навкарлари қизни ўрдага олиб борибди. Кечқурун подшо овдан қайтибди. Қиздан ҳол-аҳвол сўраб, уни парвариш қилиш тўғрисида буйруқ берибди. Подшо аввалги хотинларидан бола кўрмаган экан. Бир неча кундан кейин халққа катта тўй-томоша қилиб берибди ва қизни ўз никоҳига олибди. Қиз ҳомиладор бўлибди.
Подшонинг катта хотинлари ёш хотиннинг ҳомиладор бўлганини билиб, уни йўқотиш пайига тушибдилар. Кунлардан бир кун подшо овга кетганда, кундошлар кенжа хотинини йўқотмоқчи бўлибдилар.
Кенжа хотин подшонинг овдан қайтиш кунлари яқинлашганда ҳовуз бўйида сочларини ёйиб ўтирган экан. Канизакларидан бири келиб кенжа хотинни тўсатдан ҳовузга итариб юборибди. Қиз чўкиб кетибди.
Канизакнинг ўзи эса кенжа хотиннинг кийимларини кийиб, унга ўхшаган бўлиб ўтирибди. Подшо овдан қайтиб, тўппа-тўғри кенжа хотиннинг уйига кирибди. Қараса, хотини бошқа аҳволда.
— Эй, хотин, сенга нима бўлди? — дебди.
Канизак айтибди.
— Сизни ўйлайвериб шу кўйга тушдим, — дебди. Подшо ҳайрон бўлиб, шу кеча у билан қолибди.
Хотин эрталаб туриб:
— Менинг бошим қоронғи бўлди, менга ўша кийикни сўйиб берсангиз, — дебди.
Подшо:
— Сен бу кийикни менинг укам, сув ичиб кийик бўлиб қолган демабмидинг? — дебди.
Канизак:
— Ёлғон айтган эдим, — дебди.
Подшо навкарларига:
— Кийикни сўйинглар! — деб буйруқ берибди.
Навкарлар дарров мис қозонларни осиб, ошпичоқларни қайраб турганларида, бирдан кийик ҳовуз атрофида айланиб, тилга келибди:

Мис қозонлар осилди,
Ошпичоқлар қайралди,
Чиқмайсизми, опажон,
Ҳовузингиз тагидан, —

дебди.
Опаси:

Ўнг ёқда олтин бешик,
Чап ёқда кумуш бешик,
Тагимда зарвар гилам,
Қандай чиқай, укажон?! —

дебди.
Подшо бу сўзни эшитиб, дарҳол ҳовузнинг сувини чиқариб ташлаб, қуритишга буйруқ берибди. Ҳовузнинг сувини чиқариб, тагига қарашса, бир дарча кўринибди, дарчани очиб қарашса, бир гумбаз кўринибди. Бу гумбазнинг ичига кириб кўришса, гумбаз ўртасида подшонинг кичик хотини ўтирган эмиш. Унинг тагида зарвар гилам, ўнг ва чап тарафларида бешик. Подшо хотинининг олдига бориб сўрабди:
— Сени ким бу ерга келтирди?
— Мени бир канизак ҳовузга итариб юборди. Ҳовузга тушгандан кейин кўзимни очиб қарасам, шу уйда ўтирибман. Ўша онда туғдим. Бу илонларнинг макони экан. Улар менга ёрдам қилди. Бу ерда саломат ўтирибман, — дебди хотини.
Қиз икки ўғил туғган экан. Подшо хотини билан болаларини ҳовуз тагидаги гумбаздан чиқариб, эл-юртга катта тўй қилиб берибди.
Канизакни эса бир байтал отнинг думига боғлаб, орқасидан айғир қўйиб юборибди.
Кийик бўлиб қолган болани эса ҳакимларга кўрсатиб, даволатибдилар. Кейин бола ўз ҳолига келибди. Опа-ука, подшо ва унинг икки ўғли бирга умр кечиришиб, муродларига етибдилар.