Очкўз бой

Бир бор экан, бир йўқ экан, қадим замонда, бир шаҳри азим четидаги катта бир кўлда жуда кўп балиқлар бор экан. Лекин бу балиқларни тутиб ейиш жуда хавфли экан. Чунки бу балиқлар баъзи кунлари заҳарли, баъзи кунлари заҳарсиз бўлиб қолар экан. Қайси куни заҳарсиз булиб қолишини ҳеч ким билмас экан.
Кунлардан бир куни очкўз бир бойнинг бу балиқларга жуда кўзи куйиб, егиси келибди. Шундан кейин ҳар қандай хавф-хатарни ҳам унутиб, ўз хизматкорларига бу балиқлардан келтириб қовуришни буюрибди. Шунда хизматкори унга эътироз билдириб шундай дебди:
— Эй тақсир, ахир, бу кўлнинг балиқларини ейиш зарарли-ку, бу балиқларни қай вақт заҳарли, қай вақт заҳарсиз бўлишини билмасак, тағин бирор фалокат юз бермасин, — дебди.
Шунда очкўз бой хизматкорини жеркиб:
— Ҳой, мияси айниган чол, нега менинг гапимни икки қиласан? Сенга нимани буюрсам, шуни гап қайтармасдан қилгин, хўпми? — дебди.
Шунда хизматкор ноиложликдан бориб, ҳалиги балиқлардан уч-тўрттасини тутиб келиб қовурибди ва ўз хўжайинининг ҳузурига келтирибди.
Иштаҳаси карнай бўлган очкўз бой балиқни дарров егиси келибди-ю, лекин яна айнаб қолибди ва ўзича ўйлабди: “борди-ю, бу балиқлар ҳақиқатан ҳам бугун захарли бўлган бўлса-чи? Оқибати ёмон бўлмасин”, деб ўзича ўйлаб турган экан, кўчадан бир гадонинг тиланган овози эшитилиб қолибди. Шунда бойнинг кўзи ёвузликдан чақнаб кетибди. “Тўхта-чи, худо гадони кўп вақтида етказди-да, пиширилган балиқлардак бирини шу гадога хайр-садақа сифатида чиқариб бераман ва аста қараб тураман. Агар балиқлар ҳақиқатан заҳарли бўлса, шу гадо ейиши билан нариги дунёга сафар қилади ва мен омон қоламан. Борди-ю, заҳарсиз бўлиб чиқса, у вақтда мен ҳам балиқни бемалол еявераман”, деб ўйлабди. Пиширилган балиқдан бирини ҳалиги гадога чиқариб беришибди. Гадо эса уни дуо қила-қила кўздан узоқлашибди.
Орадан анча вақт ўтгач, гадо ўлмади шекилли, овози эшитиляпти, деб очкўз бой қолган балиқларни паққос туширибди. Балиқларни энди еб бўлиб, оғиз-қўлларини артиб турган ҳам эканки, эшик тақиллабди.
Бой чиқиб эшикни очса, балиқ олиб кетган гадо экан. Бой унга қараб:
— Нега келдинг яна? — деб сўрабди. Шунда гадо айтибди:
— Мен сиздан пиширган балиғингизни едингизми-йўқми, билгани келган эдим. Агар балиқлар заҳарсиз бўлса, мен ҳам берган балиғингизни ердим, — дебди.
Буни эшитган бойнинг эсхонаси чиқиб кетибди ва тез орада балиқнинг заҳари таъсир қилиб, оламдан кўз юмибди, гадо эса омон қолиб, золим, очкўз бойдан ўч олганидан хурсанд бўлиб юрган экан.