Ношуд бола

Сағир бўлиб момомнинг қўлида қолдим. Момомнинг учта бузоғини боқиб юрдим. Унинг биттасини бўрига олдириб юбордим. Момом урди, қочиб бориб Боймоқли деган қишлоқда бир кампирнинг эчкисини боқдим. Бир кун кампир:
— Эчкилар сут бермай қолди, мен боқайин, сен улоқларни боқиб, сув олиб келиб юргин, — деди.
Бир кун кампир йўғида битта патир қилиб, бетига мой суркаб ейман деб туриб эдим, кампир эчкини ҳайдаб келиб қолди. Патир билан мойни қўйгани жой тополмай, телпагимнинг ичига солиб бошимга кийдим.
Улоқлар эмиб қўйди, кампир бошимга бир муштлади. Мой телпакнинг тагидан тирқираб чиқиб кетди. Вой миям чиқиб кетди, деб калламни маҳкам ушлаб ётдим. Кампир эчкини ҳам боқди, улоқни ҳам боғлади, сувни ҳам ўзи олиб келди. Мен ҳеч бир иш қилмай ётдим. Бир кун кампир хафа бўлиб:
— Болам, сен эчкини боққин, мен кувни пишиб олай, — деди.
Мен хайр деб эчкини боққани чиқиб кетдим. Далага бориб ухлаб қолибман, бир вақт турсам, ярим кеча бўлибди. Қулоғимга: «болаю-болаю» деган товуш келади. Қарасам эчкилар йўқ. Эчкиларнииг барисини бўри еб кетибди. Оббо, кампир мени ўлдиради деб, қочиб бориб, Жарқўрғонда ётдим. Тонг отгандан сўнг сой бўйига тушиб бордим. Бир одам арпа хирмонида қирқта товуқнинг жўжасини боқиб ўтирибди.
— Бобожоним, мен оч қолдим, нониигиз бўлса беринг, — дедим.
— Ҳув ўша уй меники, борсанг нон беради, — деди.
— Танимасни сийламас, менга бермайди, ўзингиз бориб менга бир оз нон олиб келиб беринг, мен товуқларни боқиб турай, — дедим.
Товуқларни боқиб ўтирган эдим, уйқу боса берди. Бобойнинг товуқларини қуш олиб кетмасин деб, барини бир ипга бир оёғидан боғлаб, учидан ушлаб ётдим. Бир қуш келиб қирқтасини олиб кетибди. Бобом меии уради, деб у ердан ҳам қочиб кетдим. Саъди Воққос деган қишлоққа бордим. Бир Бегмат овчи деган қушбоз бор экан. Далада унинг хизматини қилиб юрдим. Бир кун уйига жўнар экан, қўлимга бир мири бериб:
— Қушга овқат олиб бер, — деди.
Мен қушга нима овқат олиб бераман, деб сўрамабман. У кетгандан кейин қарасам қушнинг тагида оқ нарса турган экан. Бу қатиқ ичар экан, деб қишлоқма-қишлоқ юриб, бир хурма қатиқ олиб келиб бердим. Қатиқни ичмади. Бу нимага ичмайди, деб калласини хурмага тиқдим. Қуш хурмага бошини суқиб индамасдан қолди, мен симириб ётибди десам, ўлиб қолибди. Қушнинг ўлигини олиб, эгаси келгунча қараб турдим. У:
— Қушни нима қилиб ўлдирдинг, —деди.
— Мен қатиқ бердим, симириб ётибди десам, ўлиб қолибди, — дедим.
— Э, чорвадор боласи экансан. Куш тилиии билмас экансан, — деди.
Яна овчининг хизматини қилиб юра бердим.
Кундан-кун ўтди, овчи мени ўзи билан бирга овга олиб чиқди, қўлимга бир қуш, бир халта берди, бир този, бир пўстин берди. Пўстинни кифтимда кўтариб, тозини етаклаб, халтани қўйнимга солиб, қушни бир қўлимга олиб бир қирга қараб ўрладим.
Овчи менга:
— Тулки чиқса тозини қўйиб юбор, каклик чиқса қушни қўйиб юбор, — деб тайинлади.
Овчи отлиқ, мен эса яёв тоққа чиқдик. Пўстинни кўтариб чарчадим, тозининг устига ёпдим, пўстин турмади, бир енгини тозининг калласига боғлаб, тозининг белига айлантириб ўраб қўйдим. Қушни кўтариб қўлим толди, халтага солиб кўтариб олдим. Бораётиб эдим, олдимдан тулки чиқиб колди. Пўстинни олгунча бўлмай, този тулкини қувиб кетди. Пўстин парча-парча бўлиб тошларга илиниб қола берди. Шу яқиндан бой каклик учириб: «Қушни қўйиб юбор», деб товуш қилди.
Қушни чиқариб учирсам, қуш бориб тўп этиб йиқилди, учолмади, қаноти қайрилиб қолибди-да, деб олиб кўрсам, қуш димиқиб ўлиб қолибди. Овчи мени ўлдиради деб қочиб кетдим.
Юриб-юриб бир бойникига бордим, Унинг хизматини қилиб юрдим. Бу бойнинг бир хачири, бир йўрғаси бор экан. Бир кун йўрғаси касал бўлди.
— Ўғлим, мол ҳаром ўлмасин, — деди.
Мен олдимга чироқ ёқиб, пичоқ қўйиб ётдим. Бир вақт туриб қарасам, «патир-патир» бўлиб ётибди. Чироқ ўчиб қолибди. Бориб чироқни ёқмасдан, бошини шартта кесиб юбордим. Чироқни ёқиб қарасам, хачирнинг бошини кесиб қўйибману, касал от турибди. Бой мени эртага ўлдирадн, деб бундан ҳам қочиб кетдим.
Тонг отганда Янгиқўрғон бозорига бордим. Кўчада оралаб юрдим. Бир аёл:
— Нима қилиб юрибсан, болам? — деди. Мен:
— Ўғли йўққа ўғил, қизи йўққа қиз бўламан, — дедим.
— Ундай бўлса сен менга ўғил бўлгин, — деб қўлидаги боласини қолдириб, — бозордан савдо-сотиғимни қилиб келиб боламни ва сени олиб кетаман, — деди.
Онаси кетгандан кейин болага узум-пузум олиб бериб ўтирдим, Онасининг дараги бўлмади. Қидириб-қидириб, бояги аёлни топиб олдим.
— Юр, болангни олгин, — дедим. Аёл:
— Менинг болам эмас, сени танимайман, болани ҳам танимайман, — деди.
Болани кўтариб икковимиз ушлашиб, қозининг олдига бордик. Қозига:
— Мана бу аёл боласини мендан олмаяпти, — дедим.
Қози аёлга: «Болани ол», деди. Аёл: «Менинг болам эмас», деди.
Қози: «Болани ўртага ўтқазиб қўйинглар, чақиринглар, бола кимга борса ўшаники», деди.
Онаси: «Оҳ бераман», деса, бола бормади. Мен: «Кел укажон узум берай», десам бола менга қараб келди. Қози болани сен ол», деб менга ҳукм қилди. Болани кўтариб кетаётсам, кампир ёнимга келиб: «Болам, қўй, хафа бўлма, иккимиз она-бола бўлиб қўя қолайлик, деб уйига олиб борди. Мен уникида юрдим. Орадан бир неча вақт ўтгандан кейин момомни ҳам топиб олиб, бирга яшадим.