Нима эксанг, шуни оласан

Бир бор экан, бир йўқ экан, қадим замонда бир чол яшаган экан. Унинг хотини вафот қилган, чол балоғатга етган ўғли билан бир ўзи қолган экан.
Отаси ўғлини икки йилдан кейин уйлантирибди. Келини ишёқмас, қўпол экан. У ҳар куни арзимаган нарсалардан жанжал кўтарар, чолнинг аҳволидан хабар олмас экан.
— Нима, мени отангизга чўриликка олганмидингиз? Кийимларини ювсам, ҳали у қилсам, ҳали бу қилсам… Менинг жоним ўнта эмас-ку, ахир? — деркан ҳар куни минғиллаб.
Чол бечора шол бўлиб қолган, эрта-ю кеч бир жойда қимирламасдан ётар экан. Ўғли охири тоқати-тоқ бўлиб, хотинига:
— Хўш, мақсадинг нима, нима қилишим керак? — дебди.
— Отангизни бу ердан йўқотинг. Иложи бўлса, гадой топмас бирор жойга ташлаб келинг! — дебди хотини.
Ўғил “шундай қилсам, бу лаънатининг жаврашидан қутуламан шекияли”, деб ўйлаб, отасини опичлаб жўнабди. Отаси ҳам, ўғли ҳам бир-бири билан уришгандай жим кетаётганмиш. Теварак-атроф жимжит, фақат чигирткаларнинг чириллаши-ю, оёқ тагидаги хасларнинг шитирлаб синишидан бошқа товуш эшитилмас эмиш.
Ўғил йўл юрибди, йўл юрса ҳам мўл юрибди, охири тоғ чўққисига етиб борибди. Тоғнинг бир томони жарлик экан. У ўзича, “Агар шу жарликка ташлаб юборсам, бу ноинсофлик бўлади. Яхшиси, ана у кўриниб турган тошнинг устига ўтқазиб қўяй-да, ўзим кетиб қолай. Кейин нима бўлса бўлар, пешонасида борини кўрар”, деб ўйлабди.
— Отажон, — дебди чолни тош устига ўтқазар экан, — сиз шу ерда бирпас ўтириб дам олиб туринг, мен ҳозир келаман.
Чол кулиб қўйибди. Бундан ажабланган ўғли тўхтаб:
— Отажон, нимага куляпсиз? — деб сўрабди.
— Йўқ, ўзим шундай, кетавер, йўлингдан қолма, — деб жавоб берибди отаси ва яна кулиб қўйибди.
Ўғли, “йўқ, айтасиз” деб, оёғини тираб туриб олгандан кейин, отаси айтишга мажбур бўлибди:
— Мени бу ерга олиб келишингдан мақсад — ташлаб кетиш. Буни билиб турибман. Хотининг шунга сени мажбур қилганини ҳам биламан. Лекин мен хафа эмасман. Чунки буни мен ҳам ўз бошимдан кечирганман. Мен ҳам отамни ойингнинг гапига кириб, худди шу харсанг тош устига ташлаб кетган эдим. Қайтар дунё экан. Хўп энди, ўғлим, хайр, бахтли бўл, — деб сўзини тугатибди чол.
Ўғли отасидан бу гапни эшитиб: “Нима эксанг, шуни оласан”, деган нақлни эслабди. У ногирон отасини хўрлаганига ўкиниб, чолни опичлаб уйига қайтариб олиб кетибди ва ўзи парваришлай бошлабди.