Навоий ва Ҳусайн

Алишер Навоий Ҳусайн Бойқаро саройида бош мунший экан. Подшо ҳамма вақт Навоийнинг деганларига қулоқ солар экан. Кунлардан бир куни Ҳусайн Бойқаро эрталаб саройга кириб кетаётиб, Навоийга қарабди-да, кўрсатгич бармоғи билан бошини кўрсатибди. Навоий ҳам шу бармоғи билан тилини кўрсатибди. Ҳусайн Бойқаро бошини чайқабди-да, саройга кирмай қайтиб кетибди.
Бу воқеани кузатиб турган Навоийнинг шогирдлари имо-ишоранинг сабабини сўрабдилар. Навоий:
— Ўзларинг ўйлаб топинглар, — деб айтмабди. Шогирдлар ўйлаб-ўйлаб ҳеч топишолмабди. Улардан бири Навоийни сўзлатиш мақсадида сиёҳдонни ағдариб юборибди.
Шунда Навоий:
— Абдуллатиф, нега бунча хаёл паришон бўлмасангиз. Сиёҳдон ағдарилди-ку, — дебди.
— Кечиринг устоз, — дебди шогирди.— Ҳалиги муаммонинг сабабини ўйлаб, хаёлим қочибди.
Навоий айтишга мажбур бўлибди:
—Ҳусайн Бойқаро: «Бошга балони нима келтиради?» — деб сўради, мен «тил» деб жавоб бердим.
Шогирдлар Навоийнинг зийраклигига яна бир марта қойил қолибдилар.