Навоий кимни ёмон кўрган?

Кунлардан бир кун, Султон Ҳусайн, вазирларининг ёлғон сўзларига ишониб, Навоийни зиндонга буюрибди. Кўп вақт ўтмай, Навоийнинг гуноҳсизлиги маълум бўлибди. Султон Ҳусайн Навоийни зиндондан чиқаришларини буюрибди. Навоий чиқишга унамабди. Подшонинг қамаш ва чиқариш ҳақида берган фармонига ажабланганини билдирибди.
Навоийни зиндондан чиқариш учун уринибдилар, фойда бермабди. Энг кейин Навоийга яқин кишиларидан бирининг маслаҳати билан унинг ёнига бир аҳмоқни зиндон қилибдилар. Навоий у аҳмоқдан безор бўлиб, зиндондан чиқишга розилик берибди.