Навоий билан чўпон

Навоийнинг ёшлигида отаси ўлиб кетган экан. Отаси ўлгандан сўнг ўз шаҳрида туролмай, Самарқандга бориб, мадрасада ўқибди.
Кўп қийинчиликлар билан ўқишни тамомлаб яна ўз шаҳрига қайтибди. От-уловсиз пиёда юриб, бир неча кун деганда бир тоққа келибди. Бу жойда бир мўйсафид чўпон билан учрашибди.
Навоий чўпонни дарров танибди. Чўпон ўзини кўтариб катта қилган, отасининг қўйбоқари экан. Чол ҳам Навоийни таниб: «Тушимми, ўнгимми?» деб кўришибди. Дарров белбоғидан иккита нон чиқариб, Навоийни сут билан меҳмон қилибди.
Навоий чўпондан:
— Бу қўйлар кимники? — деб сўрабди. Чол:
— Болам, бу қўйларнинг ҳаммаси сизники, сиз у ёқдалигишизда отангиздан қолган моллар ҳар кимнинг қўлида қолиб эди. Отангиз ҳаёт вақтида 200 қўйни сизга атаб менга топширган эди. Бу қўйлар болалаб ҳозир 700 дан ошди. Отангизнинг васиятини ўз ўрнига қўйганим учун курсандман, бу қўйларни энди сизга топшираман, — дебди.
Навоий бир кеча чўпоннинг уйида меҳмон бўлибди. Эртаси қўйлардан икки юзини ажратиб чолга берибди: — Ота, сиз ҳам бола-чақали одамсиз, мана бу қўйларни хизмат ҳақингиз учун олинг!
Чўпон Навоийдан жуда хурсанд бўлибди. Шундан сўнг, Навоий қолган беш юз қўйни ҳайдаб бозорга олиб кетибди. Бу қўйлар жуда семиз бўлгани учун атрофини харидорлар ўраб олибдилар. Одамлар Навоийдан: — Қўйингиз неча пул? — деб сўраганларида, Навоий: — Мен қўйимни насияга сотаман. Шу шарт биланки, пулини подшо ўлган куни берасизлар. Шу шартимга кўнган киши биттадан етаклаб олиб кетаверсин! — дебди.
Бозордаги одамлар дарров талашиб, қўйларни биттадан етаклаб олиб кетибдилар. Шу куни подшонинг амалдорлари подшога бу хабарни етказибдилар.
— Эй, подшоҳи олам, нима дейсиз, бугун бозорга бир қаландарсифат йигит келиб беш юз қўйни халққа насияга тарқатиб юборди. Пулини подшо ўлган куни берасизлар, деб сизга ўлим тилади, — дебдилар. Шунда подшо ғазабланиб:
— Боринглар, ўша қаландарни менинг ҳузуримга ҳозир қилинглар, — деб буюрибди. Амалдорлар дарров бозорга бориб Навоийнинг қўлини орқасига боғлаб, подшонинг қошига олиб келибдилар, подшо қараса, ёшлигида бирга ўқиган дўсти Навоий экан. Подшо Навоийга:
— Нима учун шунча қўйни халққа бериб юбордингиз, менинг ўлимимга шунақа розимисиз? — дебди. Шунда Навоий:
— Эй подшоҳим, мен чакки иш қилганим йўқ. Сизнинг подшо бўлганингизни эшитиб, қўйларни талатиб юбордим. Шундай ҳам бериб юборишим мумкин эди. Бироқ баьзи бир одамлар текин молдан ҳазар қилишади. Шунинг учун қўйнинг пулини подшо ўлган куни берасизлар деб айтдим. Энди қўйларни олиб кетган одамлар: «Ишқилиб подшоҳимиз ўлмасин. Подшо ўлса Навоий пулини қистайди», деб сизни дуо қилиб юришади, — дебди.
Навоийнинг бу донолигига подшонинг завқи келиб уни ўзига вазир этиб олибди.