Мусофирбек

Қадим замонда Урганч томонда Қўлдош деган бир подачи яшар экан. Йил ўн икки ой Қўлдошнинг қиладиган иши ўз қишлоғидаги аҳолининг молини боқиш экан. Қўлдошнинг бир Йўлдош деган ўртоғи бор экан. Унинг қиладиган иши мардикорчилик экан.
Қўлдош билан Йўлдош кичкина бир уйчани бировдан ижарага олиб, иккаласи шу ҳужрада турар эканлар.
Ҳар куни Қўлдош подачиликка, Йўлдош эса мардикорчиликка борар, кечқурун ҳужрага келиб бир-бирига кўрганларини айтиб берар эканлар.
Кунлардан бир кун Йўлдош бир туш кўрибди ва тушини Қўлдошга айтибди. Тушида осмондан иккита жуда катта ёруғ юлдуз ва битта юлдузча тушиб, Йўлдошнинг қўйнига кирган эмиш. Қўлдош ўйлаб туриб Йўлдошга:
— Шу тушингни менга сотгин! — дебди. Йўлдош эса:
— Майли сотай, нима берасан, — дебди. Қўлдош:
— Шунча йилдан бери подачилик қилиб орттирган бир ғунажин ва бир яшар тойим бор, мана шу иккисини берай, бисотимда бор орттирган бойлигим шу, ўзинг ҳам биласан. Сендан бекитадиган ҳеч қандай молим йўқ. Иккимиз сирдошмиз-ку, ўртоқ қолганига қуллуқ, — дебди.
Йўлдош ҳам ўртоғининг илтимосини қайтара олмабди, фақат:
— Агар бахтинг чопиб, ишинг юриб кетса, мени эсингдан чиқармагин, — деб ундан ваъда олибди.
Кечқурун қишлоқнинг катта-кичик одамлари гузарда йиғилиб турган вақтида икки ўртоқ уларнинг олдига борибди.
— Оталар, амакилар, акалар, мен сизларнинг шунча йил молларингизни боқдим, ҳеч кимнинг молига хиёнат қилмадим, ўғил-қизларингизга ёмон кўз билан қарамадим, ҳаммангизнинг тузларингизни ичганман, берган нон-тузларингизга рози бўлинглар, менга оқ фотиҳа беринглар, мен сафарга кетмоқчиман, агар муносиб кўрсаларингиз ўрнимга мана бу ўртоғим Йўлдошни подачи қилинглар, менга қандай ишонган бўлсангиз, бунга ҳам шундай ишонишингиз мумкин, — деб халққа таъзим қилибди Қўлдош.
Йиғилган халқ ўзаро маслаҳат қилиб, Қўлдошнинг гапини маъқул топишиб, Йўлдошга подачиликка фотиҳа беришибди. Қўлдошга оқ йўл тилаб, фотиҳа беришибди.
— Биз сенга берган нон ва тузимизга мингдан-минг розимиз, сен бизга кўп хизмат қилдинг, сендан ҳеч қандай хиёнат кўрмадик, сен ҳам бизга қилган хизматингга рози бўлгин! — дейишибди. Қўлдош ҳам қилган хизматларига рози бўлиб, халққа ўз миннатдорчилигини айтибди. Йиғилган халқ ўзаро унча-мунча пул йиғиб, Қўлдошга беришибди ва хайр-хўшлашиб, уй-уйларига қайтишибди.
Эрталаб Йўлдош пода боқишга, Қўлдош эса, ўртоғи билан хайрлашиб номаълум томонга сафарга кетибди.
У йўл юрибди, йўл юрса ҳам мўл юрибди, кўп чўл ва саҳролар кезиб, тоғ ва тошлар ошиб, қанча катта ва кичик дарёлардан ўтибди. Қанча азоб-уқубатлар тортиб оёқлари қаварган ва лаби гезарган ҳолда ўн етти кеча-ю ўн етти кундуздан кейин қош қорайган вақтда бир баланд қалъанинг олдига келибди. Қалъа жуда баланд экан. Қўлдош қалъага кириш ниятида унинг атрофини айланиб юрибди, ҳеч еридан шаҳарга кириш иложини тополмай, тун яримга бориб бир пастликка тушиб ётибди, ҳеч уйқуси келмабди, у ёнбошидан-бу ёнбошига ағанабди, бир неча марта туриб ўтирибди, яна ётибди. Ҳамма ёқ жимжит, қоп-қоронғу экан. Бир вақт узоқдан келаётган от дупурини эшитиб қолибди. Вақт секинлик билан ўтар, от борган сари яқинлашар экан. Ниҳоят отлар кўринибди, отларни кўрган Қўлдош туриб ўтирибди. Отлар тўғри Қўлдошнинг олдига келиб тўхтабдилар. Қўлдош қараса, бир киши отнинг бирига минган, иккинчисини етаклаб келиб, Қўлдошга қараб:
— Мана бу отни олиб тайёр бўлиб туринг, ҳозир ўзлари ҳам келадилар, — дебди-ю отни Қўлдошга бериб, кўздан ғойиб бўлибди.
Қўлдош ҳеч нарсага тушунмай отнинг тизгинини ушлаганича тураверибди. Орадан бироз вақт ўтгач, яна бир отлиқ келиб:
— Отингизга мининг, кетдик! — деб Қўлдошга буюрибди. Қўлдош ҳеч нарсага тушунмай индамасдан турган экан, “Сизга айтаман, тез бўлинг, отга мининг!” деб буйруқ қилибди. Қўлдош таваккал деб отга сапчиб минибди ва номаълум киши билан жўнабди.
Икки отлиқ бир-бирларига гапирмасдан узоқ юрибдилар, қоронғулик аста-секин йўқола борибди ва ёруғлик пайдо бўла бошлабди. Ёруғлик пайдо бўлиши билан номаълум отлиқ Қўлдошга яқинроқ келиб унинг юзига тикилиб қарай бошлабди ва ниҳоят бу мўлжалланган — ваъдалашган одам бўлмай, бутунлай бошқа одам эканлигига ишонибди ва Йўлдошни билмоқчи бўлибди.
Кун ёрий бошлабди, кенг далалар, кўм-кўк кўкаламзорлар, узоқ-узоқларда отлар, туялар, қора моллар ва қўй-ечкиларнинг ёйилиб юргани кўрина бошлабди.
Деҳқонлар ҳўкизларининг бўйнига омоч-бўйинтуруқларни осиб от ва эшакларда уруғлик арпа, буғдой юклаб келар эканлар.
Номаълум киши Қўлдошдан:
— Беш-олти жуфт ҳўкиз қилиб ер ҳайдаб деҳқончилик қилса, буғдойлар майса бўлиб чиққанда ёки бошоқ тортиб шамолда ҳилпиллаб турганда, кишида бир завқланиш пайдо бўлса керак-а? — деб савол қилибди. Қўлдош индамабди. Номаълум одамга Қўлдошнинг деҳқон эмаслиги маълум бўлибди.
Номаълум киши шаҳарли савдогарлар, косиблар, аравакашлар, туякаш карвонлар, туя, от ва қўй боқувчи йилқичи чўпонларни ҳам юқоридаги савол йўсинида сўраган экан, Қўлдош индамабди. Ниҳоят отлиқлар бир пода қора молнинг ёйилиб юрганини кўриб қолибдилар, уларни бир подачи боқиб юрар экан.
Номаълум отлиқ Қўлдошга савол назари билан қараб:
— Шу қорамоллардан бир подасини боқиб семиртириб юрса, шунинг ҳам бир гашти бордур-а? — деб сўраган экан, Қўлдош тилга кириб, булбулдек сайраб:
— Айланай мулло, сиз мендан касбим бўлмаган ишларни сўрадингиз, у ишларни билмаганим учун индамадим, мана бу охирги сўроғингизга жавоб бераман, дунёда пода боқмабсиз, оламга келмабсиз, бу иш шундай лаззатлики, асти қўя беринг! Боққан молларингиз семириб ялтираб кетса, ўз қўлингизда сигирлар бузоқласа, бузоқлар семириб ўйноқилаб кўз олдингизда катта бўлиб яйраб юрса, молларнинг семирганини кўрганлар сизни — умрингдан барака топ, униб-ўсгин! — деб дуо қилишса, жуда ҳам севинасан киши,— дебди.
Номаълум отлиқ, “Ҳимм” деб қўйибди ва ўзича “Хайр, майли, бўлар иш бўлди, қайтиш йўқ”, дебди-да, отига қамчи бериб Қўлдошга: “Тез ҳайданг!” деб хитоб қилибди.
Отлиқлар узоқ юрибдилар. Улар қоринлари очганда отдан тушиб овқатланар, отларини ҳам тўйғизиб яна отланишар, гоҳ отларни йўрғалатиб, гоҳ йўрттириб, гоҳ секин юришар, номаълум киши Қўлдошга ҳар хил саволлар берар ёки ҳар хил кичкина ҳикоялар айтиб берар экан.
Номаълум отлиқ жуда хушмуомала, чиройли, келишган йигит экан. Унинг гапларига Қўлдош диққат билан қулоқ солар, мазмунли сўзлардан завқланар, бутун вужудини қулоқ қилиб унинг сўзларини тинглагиси келар экан. Бу сафарнинг оқибати нима бўлишини билмаса ҳам, Қўлдош бу сафардан ва йўлдошидан жуда мамнун экан.
Номаълум отлиқ бу ҳикояларини йўлни яқин қилиш ва йўлдошининг ақл-идрокини, виждонли, мард ёки виждонсизлигини билиш учун айтар, шунинг учун у Қўлдошни ҳар томонлама синаб кўрар экан.
Номаълум отлиқ Қўлдошга:
— Агар менинг гапирган гапларимдан зерикмаган бўлсангиз, сизга кичкина ҳикоя айтиб берар эдим, — дебди.
Қўлдош унга:
— Жоним билан эшитаман, сизнинг сўзларингиз менга билим бераётир, жонимга роҳат бераётир, — деб жавоб берибди.