Мулла Таппак

Бир бор экан, бир йўқ экан, бир чол билан кампир бор экан. Уларнинг турмуши жуда ҳам хароб экан. Бир вақтга келиб чол билан кампир уч кун оч қолибди. Кампир очлигига чидолмай, қўшнисиникига чиқиб, қорнини тўйғазиб эри эсига тушиб, бир бурда нон олиб чиқибди. Нонни эрига бера туриб шундай дебди:
— Энди, сиз ишламасангиз, мен ишламасам, нима қилишимизни ҳам билмай қолдим.
Кампир ўйланиб туриб:
— Сиз ўқимаган бўлсангиз ҳам, мен сизни домла қиламан, бугундан бошлаб бошингизга салла, қўлингизга узун тасбиҳ ва битта ғиштни чорсига ўраб, сизни сандалга ўтқазиб қўяман, сиз бўлсангиз сандалда ўтириб, тасбиҳни қўлингизга олиб, оғзингизни пичирлатнб ўтира беринг, — дебди.
Кунларнинг бирида қўшнисининг боласи оғриб қолибди ва боласини кўтариб, қўшнисиникига чиқибди. У жойда, сандалда бир одам бошига оппоқ саллани ўраб, қўлига тасбиҳни олиб, ҳадеб пичирлаб ўтирган эмиш. Бола кўтарган хотин чолни кўриб қолибди-да, унинг хотинидан сўрабди:
— Қўшни, поччам домлами? —  дебди. Хотин эса:
— Вой, энди билдингизми? Менинг эрим жуда ҳам катта домла-ю, унинг домлачилигини ҳеч ким билмай юрар эди, — дебди. Шунда қўшниси туриб:
— Бўлмаса айтиб кўринг-чи, менинг боламга дам солиб қўймасмикинлар? — дебди.
Ҳалиги ўтирган домла болани олиб дам солибди. Шу иайт йиғлаб турган бола тинчиб қолибди, боланинг онаси жуда ҳам хурсанд бўлиб домлага пул бериб, чиқиб кетибди. Эртасига бу гап бутун қишлоққа тарқалибди. Шу кундан бошлаб дам солган чолга «Мулла Таппак» деб ном қўйишибди.
Эр-хотин жуда ҳам яхши турмуш кечира бошлашибди.
Кунлардан бир кун подшо қўлидаги узугини йўқотиб, вазирини чақиртириб:
— Менинг йўқолган узугимни қандай бўлмасин топиб берасан, бўлмаса бошинг ўлимда, — дебди.
Шундан сўнг вазир нима қилишини билмай, бутун домлаларни чақиртириб, подшонинг узуги йўқолганини ва уни қандай топиш йўлини сўрабди, лекин ҳеч ким узукни тополмабди. Шунда подшо шаҳарда бу домлалардан бошқа домла қолмадимикан, деб вазирдан сўрабди. Шунда вазир туриб: «Битта «Мулла Таппак» деган домла қолди, ундан бошқа ҳеч ким қолгани йўқ», дебди. Буни эшитган подшо «Мулла Таппак» домлани чақиртириб, ўзининг йўқолган узуги тўғрисида айтиб: «Агар шу узукни топмасанг, сени ўлдираман, буни топиш учуи сенга уч кун муҳлат бераман, топсанг ҳам топасан, топмасанг ҳам топасан», дебди. Шунда «Мулла Таппак» домла нима қилишини билмай: «Бўлмаса мени битта уйга олиб киринглар ва уч кун менинг олдимга ҳеч ким кирмасин», дебди. Шундай қилиб «Мулла Таппак», домла шу уйда икки кун ўтирибди. Учинчи куни домла жуда ҳам хаёл суриб: Барибир мени подшо ўлдиради, деб ўйланиб ўтирган, вазир бўлса у вақтда қани домла нима қиляпти экан, деб пойлаб юрган экан.
Домла нима қилишини билмай ўрнидан туриб, икки қўлини кўкрагига қўйиб: «Вой жон, вой жон, энди сен тутилдинг», деётганмиш. Вазир уни кўриб, қўрқиб кетибди ва: «Энди узукнинг мендалигини ва отимни ҳам топди, агарда мен унинг олдига кириб айтмасам, подшо билиб мени ўлдиради», деб ўйлаб шошилиб домланинг олдига кириб ўзини танитибди. Вазирнинг исми «Войжон» экан. Войжон бутун воқеани айтиб, узукни «Мулла Таппак» домланинг қўлига бериб:
— Энди нима қилдик, қандай қилиб узукни подшонинг қўлига берамиз, — деб маслаҳат сўраб турганда, домла хурсанд бўлганидан нима қилишини билмай: — Подшонинг товуқлари борми? Сиз менга бир белгили товуқнн олиб келиб беринг, ўзим тўғрилайман, — дебди.
Вазир бир товуқни олиб келиб, «Мулла Таппак» домланинг қўлига топширибди. Домла узукни ноннинг ичига ўраб товуққа бериб, товуқни бошқа товуқларнинг ичига қўшиб юборибди. Эртасига подшо домлани чақиртириб, узукни сўрабди. Шунда домла:
— Узугингиз паррандалар суратида ўтяпти, агарда мумкин бўлса, сиз бутун паррандаларингизни кўз олдимдан ўтказсангиз, — дебди.
Подшо бутун паррандаларини домланинг олдидан ўтказибди, шунда белгиланган товуқ келганда, домла, худди шу товуқни ушланглар, деб товуқни сўйишга буюрибди. Товуқни сўйиб, жиғилдонини ёриб, қарашсаки, подшонинг узуги чиқибди. Подшо узугини кўриб, кўп хурсанд бўлиб, «Мулла Таппак» домлага кўп пул бериб, уйига жўнатибди. Шу билан «Мулла Таппак» домла хотини билан бон бўлиб, яхши турмуш кечира бошлабди.