Машқ-да

Бир подшо ўз хотини билан овга чиқибди. Йўлда осмонда бир қушни кўриб, подшо хотинидан:
— Мана шу учиб бораётган қушни отиб туширайми? — деб сўрабди. Хотини розилик берибди. Шунда подшо пойлаб туриб, милтиқдан бир ўқ узиб, қушни уриб туширибди. Подшо ҳузур билан хотинига қараб:
— Қойил қолдингизми? — дебди. Хотини эса бепарволик билан:
— Машқ-да, дебди. Подшонинг жаҳли чиқиб, хотинига ҳеч сўз айтмай, уни даштда қолдириб, саройга қайтибди.
Орадан бир неча ойлар, йиллар ўтибди. Подшонинг хотини ўз яқинларига:
— Менга бир янги туғилган бузоқни келтирсангиз. Мен уни боқиб катта қилсам, — дебди. Унга бир бузоқни келтиришибди. Подшонинг хотини бир хилват жойга болохонали иморат қурдириб, ҳалиги болохонага зина орқали ҳар куни бузоқни бир неча марта кўтариб олиб чиқиб, яна кўтариб олиб пастга тушаверибди.
Бузоқ катта бўлаверибди. Ҳалиги аёл уни кўтариб болохонага олиб чиқаверибди ва тушаверибди. Подшога хабар етибди. Подшо келиб қараса, бир аёл ҳар куни бир катта буқани болохонага кўтариб олиб чиқиб, яна бир оздан сўнг олиб тушар экан. Шунда подшо хотинининг сўзини эсига олиб:
— Бу ҳам машқ-да,—деб айтган экан.