Маккор маймун

Бир бор экан, бир йўқ экан, ўтган қадим замонда ўзлари яшаб турган жойнинг қоқ ўртасида икки киши яшаб ўтган экан. Улар бир куни ўтириб, бошқа жойларга боришни, у ерларни айланишни ва бойлик орттириб келишни маслаҳат қилибдилар. Улар биргалашиб бир жойга саёҳатга чиқибдилар. Йўл юриб, йўл юрса ҳам мўл юриб, қиру даштлардан, дарёдан ошиб, ниҳоят, бир шаҳарга борибдилар.
Бири айрон сотувчи, бири дўкон очиб дўкондор бўлибди. Айрон сотувчи айронга сув қўшиб ишни юритаверган экан. Унинг дўсти ҳам аста-секин бойлик орттираверибди. Улар емай, ичмай, киймай бир хуржун пул орттирибдилар. Шунча бойликка қаноат қилмай, улар уйларига кетиш олдидан маймун сотиб олибдилар.
Дўкондор билан айрончи кемада шаҳарларига қараб йўл олибдилар. Улар дарёда бир нимагадир машғул бўлиб ўтирганларида, кемадаги маймун хуржунни олиб оғзини дарёга қаратибди. Савдогарлар хуржун ичидаги ҳамма бойликларнинг сув бетида юрганини кўрибдилар. Шундай қилиб, бу маккор маймун иккита кишига панд берибди. Икки киши сувга сакрашибди, сувдан чиқолмай чўкиб кетибдилар. Маймун эса қирғоққа чиқиб олибди.