Маҳмуд ямоқчи

Бир бор экан, бир йўқ экан, ўтган замонда Балх шаҳрида Маҳмуд деган бир ямоқчи қари онаси билан яшар экан. Улар камбағал яшаганликлари боис, Маҳмуд ямоқчи уйланишга қурби етмас экан. Кунлардан бир кун Маҳмуд бозорда ямоқчилик қилиб ўтирганида қаршисига бир чол келиб ўтирибди.
Чол Маҳмуддан ҳол-аҳвол сўрабди. Маҳмуд оғир аҳволда кун кечиришини, қари онасидан бошқа ҳеч кими йўқлигини айтибди. Чол Маҳмудни ўзи билан бирга саёҳатга олиб кетмоқчи бўлибди. Маҳмуд ҳам кўнибди. Маҳмуд онаси билан хайрлашиб, чол билан сафарга чиқибди.
Чол ўз даврининг билимдон кишиси экан. Чол турли китобларни ўқиб турар экан, у китобда бир сирни ўқиб қолибди. Бу сир шундан иборат экан: бир тепалик остидаги ернинг тагида аллақандай ўрада доим чироқ ёниб турар экан. “Чироқни Маҳмуд деган ямоқчи олиб чиқса, туганмас хазинага эга бўлиши мумкин”, деб ёзилган экан.
Шундай қилиб, чол билан Маҳмуд жуда кўп йўл юриб, йўл юрса ҳам мўл юриб, охири бир дашт-у биёбонга етибди. Чол бир баландликка чиқиб, ўтириб дам олибди. Чол Маҳмудга қараб:
— Қани, болам, яқинроқ келиб ўтир, — дебди. Маҳмуд чолнинг ҳузурига яқинроқ келиб ўтирибди.
Чол Маҳмудга қараб шундай дебди:
— Ўғлим Маҳмуд, онанг билан ҳамма вақт камбағалликда кун кечиргансан. Шу вақтгача уйланиб ҳам олмагансан, энди мен сенга бир сирни айтаман. Шундан кейин бахтли кун кечирасан. Ҳаётинг фаровон бўлади. Бойликка эга бўласан, уйланиб ҳам оласан. Сен ўз бахтингга эга бўлиш учун шу ўтирган жойимиздаги анави тошни кўтарасан, ерга кетган йўл бор, ўшандаги зина билан ернинг тагига тушасан, унда йўлак бор. Шу йўлакдан аста-секин юрсанг бир катта саройга чиқасан, саройда қирқта хона бўлиб, унда қимматбаҳо нарсалар, олтин-у, жавоҳирлар бор. Ўша хоналарнинг қирқинчисида бир эски жинчироқ бор. Шуни олиб чиқсанг, ана шу ердаги бойлик, хазина сеники бўлади.
Чолнинг сўзларини диққат билан тинглаб ўтирган Маҳмуд бир қанча вақт ўйлаб ўтирибди. Сўнгра, таваккал, шу чолнинг айтганини бир қилиб кўрай, деб чол кўрсатган жойда турган тошни кўтарибди.
Қараса, йўл бор. Йўлда ер тагига тушиб кетган зина бор. Зинадан пастга қараб туша бошлабди. Ундан йўлакка тушибди. Йўлакдан бир катта ёруғ саройга чиқибди. Саройда бир қанча хоналар кўрибди, ундаги хоналарни бирма-бир очибди. Улардаги қимматбаҳо тош, олтин-у кумушларни кўриб кўзи қамашибди.
У энг кейин жинчироқ ёниб турган хонага кирибди ва уни олиб чиқибди. Бутун бойлик хазинага эга бўлиб, чолга миннатдорчилик билдирибди. Бу чол Хизр бува экан. Маҳмуд шундан кейин ўз шаҳрига қайтиб бир қизга уйланибди. Шундай қилиб, яхши кун кечириб, мурод-мақсадига етибди.