Ўтган замонда бир чол билан кампир яшаган экан. Уларнинг битта эшаклари бор экан. Бу эшакни суғориш, овқатлантириш сансалор бўлиб, доимо улар бир-бирлари билан уришар эканлар. Бир куни чол зерикиб кампирга:
— Ҳадеб можаро қилиб уришгандан кўра, сенга айтадиган бир гапим бор. Уч кунга муҳлат қўямиз. Кимки уч кунга қадар гапирса, эшагимизни суғориш, овқатлантириш ўшанинг бўйнига тушади, —дебди.
Бу гап кампирга маъқул тушибди. Улар икки кун бир-бирлари билан гаплашмай қўйишибди. Учинчи куни кампир зерикиб қўшнисиникига чиқиб кетса, уйларига ўғри кириб ҳамма ёқни шип-шийдам қилиб кетибди, шунда ҳам чол индамабди. Кампир келиб кўрса аҳвол шундай, у қўшнисиникига чиқиб, унга бутун бўлган воқеаларни айтибди.
Қўшнисининг раҳми келиб, қизидан бир коса иссиқ шўрва чиқариб беришни сўрабди.
Қиз бир коса шўрвани кўтариб чиқса, воқеа ҳалигидек эмиш. Қиз чолга:
— Ҳа, тоға, нимага бундай қилиб ўтирибсиз? — деса, чол бошини кўрсатиб, “То наматгача олиб кетишди”, деб ишора қилибди, қиз шўрвани бошимга тўк деяпти, деб ўйлабди-да, иссиқ шўрвани бошига қуйиб, бошини куйдириб қўйибди. Буни эшитиб кампир чиқибди:
— Ҳа, нимага бундақа қилиб ўтирибсиз? — деганда, чол:
— Ана, ютқиздинг, кампир, энди эшак суғориш, овқатлантириш ўзингнинг бўйнингга тушди, — дебди. Шундай қилиб, улар бор-йўғидан ажралишиб қолган эканлар.