Бир бор экан, бир йўқ экан. Қадим замонда бир жодугар кампир бўлган экан. Жодугар кампирдан озор чекмаган киши қолмаган экан. Ҳатто у экин-тикинларни ҳам пайҳон қилар экан. Одамларни ўғирлаб кетиб, қонини сўриб, ўлдириб юборар экан. Ана шу жодугардан озор чеккан кўзавой жодугарни йўқ қилиш ниятида йўлга тушибди. У кетаётса, йўлда бир игна йиғлаб бораётганмиш. Алами ичида экан. Кўзавой сўрабди:
— Сенга нима бўлди, игнажон, қаёққа кетаяпсан? — дебди. Шунда игнанинг хўрлиги келиб, кўнгли бузилибди:
— Нега йиғламай, менинг эгамни жодугар кампир ўғирлаб кетди, — дебди. Шунда кўзавой игнавойга:
— Иккимизнинг дардимиз бир экан. Менга ҳам жодугар кампирдан алам ўтган, ундан жабр кўрганман. Юр, уни иккимиз бирга излаб топиб, жазосини берамиз, — дебди. Иккиси бир бўлиб йўлга тушибдилар. Улар йўлда кетишаётганда жодугардан алам кўрган тухумвой, эшаквойлар ҳам қўшилибдилар. Булар йўл юрибдилар, йўл юрсалар ҳам мўл юрибдилар. Охири, сўраб-суриштириб, жодугарнинг уйини топибдилар. Жодугар уйида йўқ экан. Булар жодугар келгунча, уни қандай қилиб қўлга тушириб, йўқ қилишни маслаҳат қилиб олишибди. Эшаквой эшикнинг оғзида турибди, кўзавой токчага чиқибди, тухумвой ўчоқда, игнавой шолчанинг устига тўшалган кўрпачанинг тагига кириб олибди. Улар анча вақт жодугарни кутишибди. Бир маҳал жодугар чарчаб, ҳориб келиб, кўрпачанинг устига ўтирган экан, игна “порт” этиб кириб кетибди. Игнанинг зарбига чидолмаган жодугар “вой-дод” деб сапчиб ўрнидан туриб кетибди. Қўрқиб кетган жодугар токчага яширинаман, деганда кўзавой унинг бошига чиқиб олиб, чунон урибдики, жодугарнинг боши айланиб, йиқилиб тушибди, у эшикдан қочаман деган экан, эшаквой бир тепибди. Жодугар эшикдан отилиб, ташқарига тушибди. У шошиб қолиб ўчоқбошига бориб, йиқилай деганда тухумвой “пақ” этиб ёрилиб кетибди. Тухумвойнинг поқиллаб ёрилишидан қўрқиб кетган жодугар юраги ёрилиб ўлиб қолибди. Шундай қилиб, улар мурод-мақсадларига етибдилар. Кейин эгаларининг олдига бориб, қилган ишларини гапириб берибдилар. Одамлар жодугардан қутулишиб, шод-у хуррамлик билан умр кечирибдилар.