Бир кампир: «Шақолнинг дастидан дод!» дебди:
Шақоллар келади ҳар ёқдан хезлаб,
Товуғимнинг ётган жойини излаб.
Патини юлади, гўштини тузлаб,
Бу шақоллар мени ҳароб айлади.
Кечалар қаерда юради улиб.
Товуқларнинг ётган жойини билиб,
Олиб қочар даштга томоғин бўғиб,
Бу шақоллар мени хароб айлади.
Қандай бўлса товуғимни билмаса,
Ўзим кампир, кўзим кўрмай қолмаса,
Келганини кучуклар ҳам билмаса,
Бу шақоллар мени хароб айлади.
Товуғимга хўп пана ер этмасам,
«Шақол келди», — деб мерганга айтмасам,
Бу сабилнинг келганини билмасам,
Бу шақоллар мени хароб айлади.
Шақол томнинг орқасига келиб, кампирнинг дод деганини эшитиб турган экан. Шақол ҳам кампирга жавоб берибди:
Э момо, кампир, пирағар
Таққа жойингда турабор.
Ғайратим сендан зўрабор —
Хўрозингни мен едим,
Макиёнинг тағин нечта бор?
Ўзлари қари шақол-а,
Излари лойга ботар-а,
Чақириб кел мерганингни
Чангалзорнинг ичида-я
Шақоллар улиб ётар-а.
Кампир айтибди:
Мерганим ботир, шокамон,
Ботирларга бир айтаман,
Йиғилиб бориб устингга
Ўзим ҳам мингинг отаман.
— Қурма, кампир, машмашангни,
Еймиз очган бор жўжангни.
Сен бўласан бизга боқим,
Бизга берасан болангни.
Шунда ишингни тиндирай,
Емасам бўғиб ўлдирай.
Туққан тухуминг синдириб,
Ичинг аламга тўлдирай.
Кампир айтади: — Мен турай,
Мерганларга хабар берай,
Устларингга ёвлаб бориб
Биттангни қўймай ўлдирай.
Берди хабар мерганларга
Жонидан кўп тўйганларга.
Босиб юрди чангалзорга,
«Келдик, чиқ!»— деди майдонга!
Кўринг энди мард кампирни
Мерганлари гирдин олди,
Шақол, бўриларни қирди
Элни баридан қутқарди.