Камбағал қурандоз

Бир подшо бор экан, унинг биттаю битта ўғли бор экан. У ёшлигидаи бировга қўшилмас, ҳеч ким билан гаплашмас экан. Катта бўлиб, балоғатга етгач, ёш йигитлар билан далаю даштга чиқиб, ов қилиб юрадиган бўлибди. Кунлардан бир кун подшо тўрт юз қурандозни чақириб, уларга шундай дебди:
— Ўғлимнинг тақдирини кўринглар-чи, қандай экан? Қурандозлар китоб кўриб қуръа ташлабдилар. Қанча қуръа ташласалар ҳам ҳеч нарса чиқмабди. Подшога:
— Қуръа чиқмади, — деб хабар берибдилар. Подшонинг ғазаби келиб:
— Мен шунча йиллардан бери сизларга нон, ош, кийим-кечак, пул берсаму, биттаю битта ўғлимнинг тақдириии тополмасаларинг! Қирқ кун муҳлат, топсаларинг топганларинг, топмасаларинг бошларинг ўлимда, молларинг талонда, — дебди.
Қурандозлар кеча-кундуз китоб кўриб, шаҳзоданииг тақдирини билолмабдилар. Қирқ кун ҳам ўтай деб қолибди. Тонг отса, қирқ кун бўлар экан. Яна барча қурандозлар йиғилиб маслаҳатлашибдилар: «Қани, яна бир китоб кўрайлик-чи, зора шаҳзоданинг тақдири чиқиб қолса», деб хўп уринишибди, лекин қуръага ҳеч нарса чиқмабди.
Энди гапни бошқа ёқдан эшитинг:
Узоқ бир шаҳарда бир камбағал қурандоз бор экан. У юриб-юриб шу шаҳарга келиб қолибди. Тўрт юз қурандознинг дарагини эшитиб, уларнинг ёнига келибди. Қараса қурандозлар йиғлар эмиш.
У сўрабди:
— Йиғлашингизнинг боиси нима?
Улар айтибди:
— Йиғлашимизнинг боиси подшо бизларга ғазаб қилган. Шунча қурандоз бўлиб битта шаҳзоданинг тақдирини билолмадик. Тонг отса подшо бизларни ўлдиради, молимизни талон қилади, шу сабабдан фиғонимиз чиқиб ўтирибмиз.
Шунда ғариб, камбағал қурандоз уларга:
— Менда ҳам битта кичкинагина қуръа бор. Шуни бир кўрсам, мумкинми? — деб сўрабди. Қурандозлар севиниб:
— Яхши бўларди, — дебдилар. Камбағал қурандоз қуръани очиб кўриб:
— Унинг тақдири подшо қизидан экан. Подшонинг ўғлига Машриқдаги подшо қизининг тақдири тушган экан, — дебди. Қурандозлар маслаҳатлашиб: «Эртага эрталаб подшонинг олдига борамиз. Подшо: «Қани топиб келдиларингми?»—деса: «Топиб келдик, мана шу киши жавоб беради, деймиз», дейишибди. Камбағал қурандоз ҳам рози бўлиб:
— Мени кўрсата беринглар, — дебди.
Эртаси эрта билан подшонинг олдига боришибди. Салом-аликдан кейин подшо:
— Қани топдиларингизми? —  деб сўрабди.
— Топдик, тақсир, мана шу одам жавоб беради, — дейишибди.
Подшо камбағал қурандозга қараб:
— Сиз жавоб берасизми? —  деб сўрабди. Қурандоз:
— Хўп, мен жавоб бераман, мендан сўранг! — дебди. Подшо:
— Менинг биттаю битта ўғлим бор, шу балоғатга етди. Шунинг тақдири қаерда экан? Шуни билмай ҳайрон бўлиб турибмиз, — дебди.
Камбағал қурандоз:
— Сиз Мағрибдаги подшо экансиз. Сизнинг ўғлингизга Машриқдаги подшо қизининг тақдири тушган, — дебди. Подшонинг аччиғи келиб:
— Битта одамнинг умри етиб борганда етмишга, саксонга, юзга борар экан. Машриқ билан Мағрибнинг ораси беш юз йиллик йўл бўлса, энди наинки, мен Мағрибнинг подшоси бўлсаму, менинг ўғлимга ўша Машриқ подшоси қизининг тақдири тушадими?! Сен буни хато гапирдинг! Жаллод! — дебди.
Икки жаллод пайдо бўлибди. Подшо камбағал қурандозни кўрсатиб: — Буни олиб бориб ўлдир! — деб буюрибди.
Подшонинг доно ўнг қўл вазири бор экан. У ўрнидан туриб:
— Шу кишининг умрини бир соат тиладим, беш-олти оғиз гапирсин, — дебди.
Подшо:
— Майли, гапира қолсин, — дебди.
Доно вазир камбағал қурандозга қараб:
— Айтганингиз неча йилда мавжуд бўлади, — дебди. Қурандоз қуръага қараб:
— Кечикса беш йил, бўлмаса тўрт йил, шу йиллар ўртасида мавжуд бўлади, — дебди.
Вазир подшога қараб:
— Буни зиндонга солайлик, тўрт йил, беш йил ҳеч нарса эмас, ўтиб кетади. Айтгани бўлмаса ўлдирайлик, — дебди. Камбағал қурандозни зиндонга солишибди.
Энди у зиндонда тураверсин. Гапни бошқа ёқдан эшитинг. Подшонинг ўғли икки юз йигити билан овини овлаб, довини довлаб, томоша қилиб юрган экан. Кунлардан бир кун бир тоғнинг тагига бориб, ўша ерда ётиб қелишибди. Ҳамма ухлаб қолибди. Шахзоданинг уйқуси келмабди. Бир четроқда ўт қалаб, гулхай ёқиб ўтирибди, ярим кеча бўлибди, юқорига қараса, тоғнинг ичидан машъал сингари ёруғ чиқиб, тоғнинг дамонасига  уриб турган эмиш. Шаҳзода таажжубланиб, ўрнидан турибди, отига минибди, юқорига қараб йўл олибди. Бориб ёруғ чиқаётган тарафга қараса, жуда баланд тоғ экан. Ёруғлик тоғнинг пастида ҳам эмас, юқорисида ҳам эмас, қоқ ўртасида бир тандирнинг оғзидай тешикдан чиқиб турган экан. Ўша томонга бораверибди, қанча юрса ҳам ёруғлик чиқиб турган тешик ёнига етолмабди. Тонг отибди. Шаҳзода қайтиб аскарларини эргаштириб, кечаси ёруғлик чиққан ерга олиб борибди. Қарашса пастдан чиқишнинг иложи йўқ эмиш. Подшонинг ўғли аскарлардан:
— Тоғнинг тепасига олиб чиқадиган йўлни биладиган одам борми? —  деб сўрабди. Бир одам:
— Мен кўрганман, — дебди. У шаҳзода ва йигитларни тоғнинг тепасига олиб чиқибди. Кечаси ёруғ чиқиб турган тешикка қарасалар, тешик жуда чуқур экан. Улар от арқонлари ва тизгинларини йиғишибди-да, ҳаммасини бир-бирига улаб, бир одамнинг белидан бойлаб тешикка туширишибди. Бу одам охирига етолмабди. Уни тортиб олишибди. Яна бошқасини туширишибди, у ҳам ета олмабди. Яна бошқасини туширишибди, у ҳам етолмабди. Шундай қилиб, икки юз одамнинг ҳаммасини ҳам тушириб кўришибди, ҳеч қайсисига ҳам бирор нарса рўпара келмабди. Ҳеч бири унинг поёнини билолмабди. Шаҳзода:
— Бутун отнинг думини ўзагидан пастини кесиб келинглар, — деб буюрибди. Ҳамма отнинг думини кесиб келишибди. Бир йўғон аргамчи қилиб, эшибдилар. Шаҳзода арғамчини белига боғлабди. Йигитларга қараб:
— Мени туширинглгр, — дебди.
Йигитлар шаҳзодани чуқурга тушира бошлашибди, Секин-секин, бориб-бориб, ҳалиги арғамчи ҳам тамом бўлибди-ю шаҳзода ҳам тешикнинг бошига етибди. Мундоғ қараса, бир нарса у ёқдан-бу ёққа юриб турганмиш. У шаҳзодага яқин келмасмиш. Шаҳзода бир илож қилиб уни маҳкам ушлаб олибди. Қараса бир қиз экан, уни чопонига ўраб, қўйнига солиб арғамчини қимирлатибди. Арғамчининг учини тутиб турган йигитлар тортиб олишибди. Шаҳзода қизни қўйнига солганича отга миниб кета берибди. Ўрдага етибди. Ичкаридаги бир энагага: «Буни парвариш қилинглар», дебди. Энагалар уни бир қоронғи уйга олиб кириб қарашса, у шунақанги чиройли эканки, қоронғи уйни ёруғ қилиб юборибди. Уни парвариш қилибдилар. У бир неча вақт ўтгач, гапирадиган бўлибди. Одамга эликиб қолибди, унга яхши либос — атлас-кимхоблар кийгизишибди. Кунига бир яшар ўсиб, кундан-кунга чиройи оша борибди. Шаҳзода кунлардан бир кун қиз турган хонага кирганда унга кўзи тушиб, ошиқ бўлиб қолибди. Бу вақтда подшо ўғлини уйлантириш тўғрисида ўрдадагилар билан маслаҳат қилар экан. Бу маслаҳат шаҳзоданинг қулоғига етибди. Подшо бир кишини юбориб: «Ўғлимдан сўраб кел, кимни оларкин!» дебди.
Борган кишига шаҳзода:
— Мен бошқа ёқдан хотин олмайман, ўзимнинг овдан олиб келган сайитим  бор, шуни оламан, — деб жавоб берибди.
Подшо ўғлининг жавобини эшитиб, бир неча кун карнай-сурнай чалдириб, томошалар қилдириб, юртга қанча нону ошлар бердириб, тўй қилибди. Ўғлини уйлантирибди.
Шаҳзода ва қиз беш-ўн кун эру хотин бўлиб юришибди. Бир кун кечаси шаҳзода гапга кириб:
— Сиз қаердан келган эдингиз, у ерга ким сизни олиб бориб қўйган эди? — деб сўрабди.
Қиз:
— Мен Машриқ подшосининг қизиман. Бир куни ҳовлида ўйнаб юрувдим, бир қуш келиб мени кўтариб олиб кетди. Ўша сиз олиб келган жойга қўйиб мени асради. Қуш ёз бўлса, иссиқласам қаноти билан елпиди, қиш бўлса, қанотининг тагига олиб иситди. Шу билан бир неча вақт ўтди. Охирида сиз мени ўша ердан, ёлғизликдан қутқариб бу ерга олиб келдингиз, — дебди.
Шаҳзода бу сўзларни ёру биродарларига айтибди. Бу сўз подшонинг қулоғига ҳам етибди. Доно вазир буни эшитиб, подшога айтибди:
— Келинингиз Машриқдаги подшонинг қизи экан. Қурандозни зиндондан олиб чиқаринг.
Подшо зиндонбонни чақириб:
— Қурандозни олиб чиқ! — деб буйруқ берибди. Қурандозни олиб чиқиб, иззат-икром қилиб, яхши жойга ўтқазибдилар. Подшо қанча узр-маъзурни айтибди. Қанча инъом-эҳсон берибди. Хирожини сўраб еб ётгин, деб бир катта шаҳарни ҳам унга ҳадя қилибди. Қизнинг воқеасини қурандоздан сўрабди. Қурандоз:
— Ҳеч бир одамзод Машриққа бориб, бу қизни олиб келолмайди. Хумо деган бир қуш бор, у йилдан-бу йилга Машриқдан Мағрибга бир келади. Ўша Хумо қуш олиб келган. У Хумо қушнинг салқини кимга тушса, унинг авлод-аждоди подшо бўлади. Агарда кимда-ким ўша қушнинг товушини эшитса етти пушти қутли замон бўлиб ўтади, — дебди.