Жонон пиёла

Ўтган замонда Қўқон шаҳрида бир подшо яшаган экан. Бу подшонинг битта-ю битта жонон пиёласи бор экан. Ер юзини минг марта айланиб чиқсангиз ҳам бунақанги пиёлани тополмас экансиз. У шу қадар чиройли эканки, қоронғи тунни ой нури каби ёритар экан.
Подшо пиёлани тилла сандиқнинг ичида сақлар экан. Пиёла турган уйнинг атрофида бир қанча қўриқчилар турар экан. Агарда подшонинг чой ичкиси келса, ишончли одамини юбориб, жонон пиёласини олдиртирар экан. Хизматкор тилла сандиқни очиб, унинг ичидан жонон пиёлани олиб бориб подшога топширар экан. Подшонинг қўлидаги пиёлага канизаклар ҳурмат билан чой қуйиб турар эканлар.
Подшо ҳар чой ичаётганда пиёлани айлантириб томоша қилар экан. Кунлардан бир куни подшо хизматкорига пиёлани келтиришни буюрибди. Хизматкор пиёлани олиб келаётганида қоқилиб кетиб, қўлидаги жонон пиёла чил-чил бўлиб синибди. Хизматкор эса подшодан қўрқиб, қочиб кетибди. Подшо қанча кутса ҳам хизматкор келмабди. Уни топиб келгани бир неча одам юборибди. Улар ҳам қайтмабди. Подшо вазирини юборибди, вазир кетаётиб йўлда синиб ётган жонон пиёлани кўрибди. “Ҳа, гап бу ёқда экан, нега шу чоққача кетган одамлар қайтиб келмайди десак, пиёлани синдириб қўйиб, подшодан қўрқиб қочиб кетишган экан. Агар қочмаганларида подшо уларни тўхтовсиз ўлдириб юборар эди. Мен ҳам подшога бориб бу сирни айтсам ўлдириб юборар, кел, бўлганча бўлар”, — деб вазир пиёла синиқларини ердан териб олиб, подшонинг олдига борибди-да:
— Подшоҳим, ғазабланманг, бир ҳодиса рўй берибди, — дебди.
Подшо:
— Қандай ҳодиса, тез айт! — деган экан, вазир:
— Бир қошиқ қонимдан кечсангиз айтаман! — дебди. Подшо:
— Кечдим, айт! — дебди. Вазир:
— Тақсир, жонон пиёлангиз синибди. Хизматкор пиёлани олиб келаётганда қоқилиб кетиб синдириб қўйибди. Хизматкорингиз қўрқиб қочиб кетибди. Қолган одамлар ҳам қўрқиб ғойиб бўлибдилар. Мана сизнинг жонон пиёлангиз! — деб пиёла синиқларини подшога топширибди.
Подшо жуда хафа бўлибди. Хафалигидан бир неча кунгача овқат емай озиб кетибди, ниҳоят касал бўлиб ётиб қолибди. Орадан қирқ кеча-ю қирқ кундуз ўтгандан сўнг подшо ўзига келиб, Қўқон вилоятидаги бутун кулолларни чақиртирибди. Кулоллар йиғилгандан кейин подшо уларга қараб шундай дебди:
— Эй, кулоллар, ер юзига машҳур, энг чиройли, жонимдан ҳам қиммат бўлган жонон пиёлам синиб қолди. Кимда-ким шу жонон пиёламни илгариги ҳолига келтирса, истаган нарсасини бераман, агарда тузатиб бераман деб, тузатиб бера олмаса, у кишининг боши ўлимда, моли талонда. Қани, ўзига ишонган кулоллар бўлса чиқа берсин.
Кулоллар маслаҳатлашиб қирқ кун муҳлат сўрабдилар ва синиқ жонон пиёлани олиб кетибдилар.
Орадан қирқ кун ҳам ўтибди. Кулоллар кўп бошларини қотириб, қанча уринсалар ҳам пиёлани тузата олмабдилар. Шунда подшо дарғазаб бўлиб уларнинг ҳаммасини қиличдан ўтказибди.
Бир томондан пиёлани тузатиш учун кулоллар кела берибдилар. Бир томондан тузата олмаганларини подшо ўлдира берибди.
Қўқон вилоятидаги кулолларнинг ҳаммаси подшонинг қиличидан ўтибди. Подшо йиғилган халойиққа қараб:
— Яна ҳеч қаерда кулол қолдими? —деб сўрабди.
Шунда оломон ичидан бир киши чиқиб:
— Тақсир, фалон қишлоқда қирқта кулол бор, лекин улар ҳали яхши кулоллар қаторига қўшилмаган. Шунча номдор кулоллар нима бўлди-ю, энди улар нима бўлар эди. Улардан умид қилмасангиз ҳам бўлади, — дебди.
Подшо уларни ҳам чақиртирибди.
Навкарлар зўрға тирикчилик қилиб юрган қирқ кулолни подшо ҳузурига келтирибди.
Подшо уларга синиқ пиёлани кўрсатиб:
— Мана шу пиёлани тузатсангиз ҳам тузатасиз, тузатмасангиз ҳам тузатасиз! — дебди. Кулоллар:
— Бу иш бизнинг қўлимиздан келмайди, — дебдилар. Бироқ подшо мажбур қилгач: ”Хўп бўлмаса, бир бош қотириб кўрамиз”, деб пиёлани олиб қишлоққа жўнаб кетибдилар. Улар йўлда:
— Ўзига инонган уста кулоллар нима қилди-ю, биз нима қилар эдик, — деб сўзлашибдилар.
Улар қишлоққа боргач, маслаҳатлашибдилар, лекин пиёлани тузатиш чорасини қанча ўйласалар ҳам тополмабдилар. Қирқ кулолнинг ичида Носир кал деган шогирд бола бор экан. Кулолларнинг сўзлашиб, тортишиб турганлари устига келиб қолибди:
— Эй, усталар, нега диққат бўлаётибсизлар, нима гап? — деб сўраса, улар:
— Бор, тошингни тер, ишинг бўлмасин. Қулоғингнинг тагида шавла қайнатмасимиздан жўнаб қол! — деб уни ҳайдаб юборибдилар.
Орадан ўн беш кун ўтибди, кал яна усталарнинг хуноб бўлиб қовоқ-тумшуқларини солиб, хаёл суриб ўтирганини кўрибди: “Ажабо, буларга нима бўлди экан, жин тегдими, қиладиган ишларининг тайини йўқ-ку, бекордан-бекорга ғижиллашади. Жинни-пинни бўлиб қолишдимикан, ҳар куни бир жойда ўтириб олиб, оч қолиб бўлса ҳам ўйлашади, тортишади. Нима учун бу сирни менга айтишмайди”.
— Эй, устозларим, ўзи нима гап, ўйлайсизлар, тортишасизлар, сабабини менга айтмайсизлар, менга айтсангизлар, балки бирорта чора топарман, — дебди.
Улар шунчалик хаёлга чўмган эканларки, калнинг келганини ҳам сезмай қолибдилар. Улардан бири кални кўриб қолибди-ю, чўчиб ўрнидан туриб, кал болани яна ҳайдаб юборибди. Кал яна келибди.
— Яна нега келдинг. Бизнинг ишга аралашма, тезроқ кет, калтакдан ўласан, — деб ўшқирган экан, иккинчиси:
— Оғайнилар, ҳар каллада ҳар хаёл, кал шогирдимиз диққат бўлиб ўтирганимизни кўриб ёнимизга икки марта келди, биринчисида ҳайдаб юбордик. Энди ҳайдамайлик. Ахир у кал бўлгани билан эс-ҳуши жойида-ку, неча йилдан бери биз билан ишлаб келади. Иши ёмон эмас-ку. Мана, ўттиз кун ўтиб, ўн кун қолди. Ўйлаб бир фикрга келолмаётибмиз. Бу калга ҳам билдириб, маслаҳат солиб кўрайлик, балки бундан бирор фойдали фикр чиқиб қолар, — дебди.
Бошқа кулоллар бу фикрни маъқуллабдилар. Улардан бири:
— Эй, кал, подшо бизни чақириб, мана шу синиқ пиёлани қўлимизга бериб, ”Тузатсаларинг ҳам тузатасанлар, тузатмасаларинг ҳам тузатасанлар”, деди. Биз қўрққанимиздан рози бўлиб қирқ кун муҳлат олдик. Мана бугун ўттиз куни ўтди. Кўп кулоллар бу пиёлани тузата олмай, подшонинг қиличи дамидан ўтди. Энди навбат бизга келди, шуни тузата олмай, ҳайрон бўлиб турибмиз. Бу аҳволда қирқ кунда эмас, қирқ йилда ҳам тузата олмайдиганга ўхшаймиз, — дебди.
— Ундай бўлса, — дебди Носир кал, — мен бунинг чорасини сизларга айтаман. Шундагина қирқ кулолнинг рангига қон югурибди.
— Ростдан ҳам чораси бор дегин, айтақол, ука! — дейишибди.
— Рост! — дебди кал, қирқ кундан кейин подшонинг одамлари келганда сизлар уларга: “Мана бу калнинг отаси энг эски, машҳур кулоллардан эди. Шу жонон пиёлани ҳам ўша ишлаган. Кал отаси ҳунарининг энг нозик томонларини ўрганиб олган, жонон пиёлани шу тузатмоқчи эди”, дейсиз.
Кулоллардан бири:
— Бизга барибир, агар кал пиёлани тузата олмаса, подшо уни ўлдиради, — дебди. Бу гап ҳамма кулолга маъқул тушибди. Қирқ кун муҳлат ўтгандан кейин подшонинг одамлари келибди. Қирқ кулолнинг ҳаммаси тўпланибди:
— Пиёлани тузатдингизми? — деб сўрабди навкарлардан бири.
Кулоллардан бири айтибди:
— Эй, подшо ҳазратларининг ҳурматли кишилари, подшонинг жонон пиёласини мана шу калнинг отаси ишлаган экан. Бу кал отам ишлаган пиёлани мендан бошқа ҳеч ким тузата олмайди, фақат ўзим тузатаман, деб турибди. Отаси қанчалик уста бўлса, у ҳам шунчалик уста. Бизга ҳам кулолликни шу кал ўргатган.
— Тузатасанми, кал? —дебди подшонинг одами.
— Албатта тузатаман, — дебди кал.
— Тузатсанг, юр, олдимизга туш, подшога бориб шу гапингни айт.
— Йўқ, подшонинг олдига бормайман, — дебди кал.
— Нимага бормайсан? Бориб пиёлани қандай қилиб тузатишингни айтишинг керак, — дебди навкар.
— Буларнинг ҳаммаси отда борсин-у, мен пиёда бораманми? Борадиган бўлсам, мен ҳам отда бораман — дебди кал.
Кулоллардан бири:
— Кел, менинг отимга мингашиб ол, — дебди.
— Овора бўлманглар, бормайман дедим, бормайман. Мен бировнинг орқасига мингашиб бораманми? Кета беринглар, борадиган бўлсам, бир ўзим якка отни миниб бораман, — дебди кал.
Қирқ кулол:
— Шу кал ўлгурга биттангиз отингизни бера қолинг, — деб подшонинг одамларига ялиниб-ёлворибди. Подшонинг навкарларидан бири отига кални миндириб, ўзи унинг орқасига мингашибди. Бироз вақт ўтгач, отлиқлар саройга кириб боришибди. Подшо қараса, энг ишонган, ҳурматли кишиси қаёқдаги бир кални отга миндириб, ўзи унинг орқасига мингашиб келаётган эмиш. Подшонинг аччиғи келиб:
— Ҳа, лаънати, сени нима жин урди. Менинг обрўйимни тўкиб бу нима қилган ишинг! Бу кални нега саройга олиб кирдинг, — дебди.
— Эй, ҳурматли подшоҳим, — дебди навкар.— Кечирсинлар, бу кални бир мақсад билан олиб келдик.
— Қандай мақсад? — деб сўрабди подшо.
— Бир қошиқ қонимдан кечсангиз айтаман, — дебди навкар.
Подшо:
— Бўлди, кечдим, айт! — дебди.
— Бу калнинг отаси, — дебди навкар, — энг машҳур кулоллардан экан, сизнинг жонон пиёлангизни ишлаган киши ҳам ўша экан. Бу қирқ кулол пиёлангизни тузата олмасдан шу калга берибди.
Подшо калга қараб:
— Тузатасанми? —деб сўрабди.
— Тузатаман, — деб жавоб берибди кал.
Подшо унга қирқ кун муҳлат берибди. Кал:
— Бекордан-бекорга тузатавераманми? —дебди.
— Хизматингга нима талаб қиласан? — дебди подшо.
— Менинг гапимни яхшилаб эшитиб олинг: ихтиёрингиздаги от, мол, қўй ва бошқа ҳайвонлардан, паррандалардан қирқ донадан ажратиб берасиз. Хазинангиздаги бойликлардан: тилла, кумуш, олтин ва ҳар хил қиммат тошлардан қирқ хачирдан уйимга элтиб берасиз, ана ўшандан сўнг пиёлани талаб қиласиз, — дебди.
Подшо калнинг истаган ҳамма нарсасини тайёрлаб уйига етказиб берибди. Ўлимдан қутулдик, деб севиниб юрган қирқ кулолга подшо: “Калга кафилсанлар, пиёлани тузата олмаса, сенлар ҳам ўласанлар”, деганида улар ташвишга тушиб қолибдилар.
Кал уйига боргандан кейин подшодан олган нарсаларини қирқ кулолга тақсим қилиб берибди-да, уларга шундай дебди:
— Эй, усталарим, шу олган нарсаларингизни қирқ кун ичида еб-ичиб тамом қилиб юборинглар, қирқ кун ичида пиёлани тузатиб бўламан, сўнг сизларга яна бир умр тамом бўлмайдиган бойлик олиб бераман. Хотиржам бўлинглар! — дебди.
Кал ўзининг кичик ҳужрасида яшайверибди. Пиёлани токчага ташлаб қўйганча қўлига ҳам олмабди. Уни тузатиш хаёлига ҳам келмабди, бепарво бўлиб юра берибди. Кулоллар эса, “У пиёлани тузатади, ташвишланиш керак эмас”, деб яхши кийимлар кийиб, ноз-неъматлардан еб, хурсанд бўлиб юра беришибди.
Орадан йигирма кун ўтгандан кейин кулоллар: “Кал қурғур пиёлани тузатдими, йўқми”, деб хабар олгани калнинг ҳужрасига боришибди. Ичкарига киришса, кал бемалол ёнбошлаб ётган эмиш. Пиёла эса ҳали ҳам токчада, қандай қўйилган бўлса, шундай чанг босиб ётган эмиш. Улар ҳайрон бўлишибди. Улардан бири:
— Ҳў, кал, пиёлани тузатмабсан-ку, қачон тузатасан? — дебди.
— Бир кун тузатаман-да, — дебди кал, — сизлар бемалол айшингизни қилиб юра беринглар!
Кулоллар ортиқча гапириб ўтирмай, ҳужрадан бирин-сирин чиқиб кетибдилар. Орадан қирқ кун ҳам ўтибди. Кечқурун кулоллар калнинг ҳужрасига кирибдилар. Қарасалар, кал ҳали ҳам чўзилиб ётган эмиш.
— Бадбахт кал, — дебди кулоллардан бири, — пиёлани ҳали ҳам тузатмадингми, тур ўрнингдан, тузат!
— Тузатаман-да, — дебди кал усталарига пинагини бузмай. Кал ўрнидан туриб уларга кўрпача солибди.
Кулоллар ўтиришибди.
— Хўш, — дебди кал, — одам деган бироз ўйлаши керак-да, сизлар менинг устам, мен сизларга шогирдман.— Бу гапни эшитиш билан қирқ кулолнинг юраги шув этиб кетибди. Кал сўзида давом этиб: — Ахир устаси қила олмаган ишни шогирди қандай қилсин, устаси таранг-у, шогирди гаранг-да. Ўша куни подшо олдида индамай турганимда бекорга ўлиб кетар эдинглар. Ўша кунлари қоқ суяк бўлиб қолган эдинглар. Мен сизларни ота-бобоси киймаган уст-бошларни кийсин, ҳеч ким еб-ичмаган таомларни еб-ичсин, ориқлаб ўлгунча, семириб ўлсин, дедим. Яна менинг олдимга нима деб келдингизлар? Айтинглар-чи, бундан бошқа тағин туҳматларинг борми? Мен эса, илгари қандай бўлсам, ҳозир ҳам шундайман, — дебди.
Кулоллар ўзларини қўйгани жой тополмай “Аввал ўлмасак ҳам энди ўлдик” дейишиб жон-понлари чиқиб тарқалиб кетибдилар. Кун кеч бўлибди. Кал атрофни айланиб келиб ҳужрасига кириб ётибди. Ярим кечада кулолларнинг пири келиб кални ҳассаси билан уйғотибди. Кал кўзини очиб қараса, ҳеч ким йўқ, энди пиёлани ясамасам бўлмас экан-да, деб ўрнидан туриб, муздек сувга ювиниб келибди. Асбобларини қўлига олиб астойдил ишга киришибди. У битта пиёла ясабди. Подшо пиёласидан ўн баравар чиройли бўлибди. Лекин калнинг кўнглига ёқмабди. “Кўнглимдагидек бўлмади”, деб ерга бир уриб чил-чил қилибди-да, бошқасини ясабди. Бу ҳам калга ёқмабди, ерга уриб синдирибди. Яна бошқа бир пиёла ясабди, бу ҳаммасидан чиройли бўлибди, қараган кишининг кўзи қамашиб кетаркан. Подшонинг жонон пиёласи калнинг бу пиёласи олдида сопол косага ўхшаб қолибди. Бу пиёланинг сирти ажойиб гуллар билан безатилган, ичида эса ер юзидаги бор нарсаларнинг акси товланиб кўринар экан. Пиёла бир чертилса жаранглаган товушини ҳамма эшитар экан. Унинг бир хислати: ўнг томонга қараб айлантирилса шу хилдаги пиёладан еттита пиёла бўлиб қолар экан. Чап томонга қараб айлантирилса еттита пиёла битта бўлиб қолар экан. Пиёлани кал қўлига олиб: “Ҳа, мана бу кўнгилдагидай бўлди”, деб уни бир докага ўраб қўйибди. Тонг ҳам отибди. Подшонинг навкарлари от чоптириб қишлоққа кириб, тўғри бориб калнинг эшигини тақиллатибдилар. Кал уларни хурсандлик билан қарши олибди.
— Тузатдингми, кал? — деб сўрабди навкарлардан бири.
— Тузатдим, — дебди кал.
Навкарлар кални подшо саройига олиб кетибдилар. У саройга бориб тахт тагида отдан тушмай қараб турибди. Подшо калнинг хурсандлигини кўриб “Пиёлани тузатибди-да”, деб ич-ичидан севиниб:
— Тузатдингми, кал, ё тузатмадингми? — деб сўрабди.
— Тузатдим, подшоҳим, — дебди кал.
— Қани, бўлмаса ол-чи! — дебди подшо.
Кал отдан тушиб, докага ўралган пиёлани подшонинг қўлига топширибди. Подшо пиёлани очаётганида тирноғи тегиб кетибди. Пиёла жаранглабди, унинг товуши бутун саройга ёйилибди. Сарой аҳллари бу қандай товуш, деб ҳанг-манг бўлиб қолибдилар.
Подшо пиёлани оқ дока ичидан олиб кўриши биланоқ, унинг чиройлигига, гул билан ишланишига қойил қолибди. Боши осмонга етиб, вазиридан:
— Калга нима берсак экан? —деб сўрабди.
— Ҳеч нарса бериш керак эмас, подшоҳим, — дебди вазир.
— Ахир, — дебди подшо, — бу пиёлани айтганимиздан зиёда қилиб тузатиб келди, унга бирор нарса бериш керак-да.
— Кал бунақа пиёлани ҳар кимга қилиб бераверади, — дебди вазир.
— Нима қиламиз бўлмаса, — дебди подшо.
— Нима қилар эдик, шу пиёладан иккита эди. Бирини йўқотиб ўғрини топа олмаган эдик. Иккинчисини эса, синдириб қўйган эдик.
Ҳозир ўғри топилди. Ўғри мана шу кал экан. Бу кал биздан синиқ пиёлани тузатгани олиб, ўрнига ўғирлаб кетган пиёлани келтириб берди, деб “Жаллод, ушла!” десангиз иш тамом, вассалом, сиздан нима кетибди. Шу билан сиз ҳам тинч-у, биз ҳам тинч. Пиёлани тузатмасдан аввал ҳам бир қанча нарсалар бериб юборган эдингиз.
— Гапинг тўғри, мен бунга бир кўрсатиб қўяй, — дебди подшо ва тахт атрофида йиғилган одамларга қараб:
— Бизнинг жонон пиёла аслида иккита эди, биттасини ўғирлатиб қўйган эдик. Ўғри топилмаган эди. Биттаси эса синиб қолган эди. Ҳозир ўғрини топдик, ўғри қаршимизда безрайиб турган мана шу кал экан. Синган пиёлани тузатмоқчи бўлиб олиб, ўрнига ўғирлаб кетган пиёлани келтириб берибди. Пиёла мана! Жаллод, ол ўғрининг калласини! — деб қичқирибди.
“Қиличимиз қонсираган, бормисан қурбон”, деб жаллодлар қиличларини яланғочлаб келишибди. Калнинг қўл-оёғини боғлаб, сўйиш учун ётқизишибди. Шу пайт кал:
— Эй, подшоҳи олам, султони бокарам, бир илтимосим бор, — дебди.
— Қандай илтимосинг бор, ўғрида илтимос нима қилсин, — дебди подшо. Лекин бироз ўйлаб туриб, — қани, илтимосингни айт-чи, вақт ўтмасин, — дебди.
— Илтимосим шуки, — дебди кал. — Қўлимни сал бўшатишса, барибир қочиб кета олмайман, менинг икки оғиз сўзим бор, айтсам, сўнгра ўлдирсангиз армоним йўқ.
Подшо буйруғи билан калнинг қўлини бўшатиб қўйибдилар.
— Эй, подшоҳи олам, султони бокарам, — деб сўз бошлабди кал. — Ўша қўлингиздаги жонон пиёлангизни менга берсангиз, мен ўлим олдида уни бир марта қўлимга олиб томоша қилсам, кейин ўлсам ҳам армоним йўқ.
Подшо пиёлани калнинг қўлига берибди. Кал пиёлани қўлига олиб у ёқ-бу ёғини айлантириб кўриб, томоша қилиб подшодан сўрабди:
— Эй, тақсир! Шу пиёла ўзингизникими?
— Эй, бадбахт, албатта ўзимники! — деб жавоб берибди подшо.
— Пиёлангиз нечта эди? — деб сўрабди кал.
— Иккита эди, — дебди подшо.
— Биттаси ўғирланган, биттаси синган эди, шундайми? — деб сўрабди кал.
— Шундай, — дебди подшо.
— Тағин ёлғон чиқиб қолмасин? — дебди кал.
— Ростини айтмай, ёлғонни айтаманми, рост! — деб жавоб берибди подшо.
— Тағин ёлғон чиқиб қолмасин? —дебди кал.
— Ҳой, лаънати ўғри, мен рост айтмай, ёлғон гапирармидим. Гапни кўп чўзма, пиёлам иккитадан ортиқ эмас эди.
— Эй, халойиқ, эшитинг! Подшонинг пиёласи иккита бўлиб, бири ўғирланган-у, иккинчиси синган экан, — дебди кал.
Ҳар томондан “Эшитдик, эшитдик”, деган товушлар келибди.
Шунда кал қўлидаги пиёлани ўнг томонга бурган экан, битта пиёла еттита бўлиб қолибди. Подшо, вазир ва саройга йиғилган кишилар ҳайрон бўлиб қолибдилар. Кал хотиржамлик билан подшога қараб:
— Эй, подшоҳи олам, мана бу синган пиёлангиз, буни сиз олинг! Мана бу йўқолган пиёлангиз, буни вазирингизга беринг. Мана бу пиёлани хотинингизга, бунисини қизингизга, мана буларини эса биттадан вазирингиз хотини билан қизига берсин, мана бу қолган биттасини синглингизга беринг, — деб еттита пиёлани қатор қилиб тизиб қўйибди. Буни кўрган подшонинг бетлари қизиган тандирдек қизариб, ер ёрилмабди-ю, ерга кириб кетмабди.
Халқ олдида шарманда бўлган подшо ғазабланиб, вазирининг калласини олдирибди.
— Кални озод қилиб юборинглар, — дебди у. Калга зарбоф кийимлар, қимматбаҳо нарсалар бериб, хурсанд қилиб жўнатибдилар.
Кал қишлоққа қайтиб бориб, подшодан олган инъомларини кулолларга бўлиб берибди.