Ит билан мушук можароси

Бир бор экан, бир йўқ экан, бир подшоҳ кампир бор экан. Унинг оламда ягона сеҳрли тилла узуги бор экан. Бошқа бир подшоҳ шу узукни олмоқчи бўлиб кўп уринибди, ола олмабди. У узукни оғзига солиб ётар экан. Шунда у: “Ким шу узукни олиб беради”, — деганида, бир ит билан бир мушук: “Биз олиб келамиз”, — дейишибди. Подшоҳ уларни жўнатибди.
Мушук тегирмонга бориб бир каламушнинг думини узиб олиб, йўлга тушибди. Улар бориб қарашса, подшо кампир беланчакда ётибди, қолган мулозимлар уни терватиб туришганмиш. Шунда мушук билдирмай бориб каламушнинг думини подшоҳ кампирнинг бурнига тиқибди. Подшо кампир “апшу”, деб акса урибди. Тилла узук анча нарироққа бориб тушибди. Шунда ит билан мушук уни олиб қочиб кетибди. Қочиб боришаётса, бир дарёга тўғри келишибди. Ит:
— Узукни мен олиб ўтаман, — дебди. Мушук:
— Йўқ, сув ичаман деб, сен узукни тушириб юборасан, — дебди. Ит:
— Йўқ, туширмайман, — дебди.
Хуллас, ит узукни олиб мушук билан дарёга тушибди. Дарёнинг ярмига борганда, ит сув ичаман, деб узукни тушириб юборибди. Узукни битта наҳанг ютиб кетибди. Ит билан мушук дарёдан ўтиб, уришиб икки ёққа кетишибди. Ит бир жойга бориб қараса, балиқчилар битта катта наҳангни тутиб олиб сўйишибди. Ит бир чеккада қараб турибди. Балиқчилар балиқнинг ичак-чавоғини бир чеккага олиб бориб ташлашибди. Шунда ит бориб ичакларни ағдарса, ичидан узук чиқибди. Уни олиб бориб подшоҳга берибди. Подшоҳ уни дўст билиб, саройда олиб қолибди. Шундан бери ит билан мушук дўстликдан ажралиб, бир-бири билан чиқишмас экан.