Хўжамурод

Бор экан, йўқ экан, оч экан, тўқ экан, бўри бакавул экан, тулки ясовул экан, қарға қақимчи экан, чумчуқ чақимчи экан, ғоз карнайчи экан, ўрдак сурнайчи экан, товуқ қақ этди, билмадим қаққа кетди.
Ўтган замонда бир чолу бир кампир бўлган экан. Чолу кампир оз эмас, жуда кўп — роппа-роса ўн беш фарзанд кўришибди. Улар ўлиб-ўлиб, биттагина фарзанди қолибди. Чол-кампир ўйлаб-ўйлаб, боланинг отини Хўжамурод қўйишибди. Бола кўп қийинчиликларда оч қолиб, тўқ қолиб, ўн етти ёшга борибди. Не-не умидлар билан ўстирган энаси ҳам ўлиб кетибди. Отаси ёш, чиройли бир қизга уйланибди. Тирикчиликдан жуда ҳам қийналишгач, ота-бола иккаласи бир бойнинг зиғирини баҳолаб олишибди. Кунлардан бир куни зиғир ғарқ пишганини кўрган ота-бола уни ўришга чиқишибди. Зиғир ўримининг учинчи куни бир ўқ теккан тувалоқ осмонда учиб келиб, тўппа-тўғри Хўжамуроднинг олдига думалаб тушибди.
Хўжамурод дарров тувалоқнинг калласини узиб ташлаб, зиғир дастасининг тагига беркитиб қўйибди. Ўзи ҳеч нарсани кўрмагандек бўлиб, ўришни давом эттира берибди. Бир вақт узоқдан осмонга чанг кўтарилибди. Ота-бола бундоқ қўлларини пешоналарига қўйиб тиклаб қарашса, бир мерган от чоптириб, булар томон келаётган эмиш. Мерган Хўжамуроднинг олдига келиб, «ҳорманглар!» дебди.
Хўжамурод:
— Ҳа, ўзимоқ турибман, — дебди. Мерган:
— Ҳой бола, шу томонга яраланган бир тувалоқ учиб келдими? —  дебди.
Хўжамурод:
— Ҳа, зиғирни икки чоракка баҳолаб олганмиз. Шу арзонми, қимматми? —  дебди.
Мерган тутақиб:
— Зиғирни сўрамадим, бир тувалоқ ўтдими, деб сўраяпман, — дебди.
— Отам чарчаб қолди, ўзим ўряпман, — деб жавоб берибди Хўжамурод.
Мерган бир сўкиниб, отини чоптирганича кета берибди.
Кечқурун Хўжамурод ҳалиги тувалоқни қўйган жойидан олиб, кўтариб онасининг олдига келибди. Хўжамурод энасига қараб айтибди:
— Мана бу тувалоқни қайноқ сувда ивитиб, патини юлиб, ош қилиб, устига босиб беринг.
Хўжамуроднинг иккинчи энасининг учта ўйнаши бор эди. Энаси ўйлаб туриб: «Тувалоқни худо олгур Хўжамуродга пишириб бергунча, уни алдаб, ўйнашларимга тайёрлайдиган ошимнинг устига босганим яхши эмасми», деб тувалоқни яхшилаб пишириб, беркитиб қўйибди. Кейин: «Пишт, ҳай пишт, ер ютгур, пишт», деганича қичқириб, қарғаб томнинг орқасига югуриб қолибди. Хўжамурод чопиб келиб:
— Ҳа, эна, нима бўлди? —  деб сўрабди.
— Тувалоқни пишириб қўйсам мушук ўлгур опқочиб кетди, ҳар қанча қилсам ҳам унга ета олмай қолдим. Ҳаром-ўлгур, қўшнининг ола мушуги жуда ярамас чиқди, — деб жавоб берибди энаси.
Энасининг тувалоқни беркитиб қўйиб, ҳийла-найранг қилаётганлигини Хўжамурод пайқаган экан:
— Ҳа, майли, эна, тувалоқ кимга буюрган бўлса, ўша ейди-да. Мушукка насиб қилган экан, у ея қолсин! —дгб енасини тинчлантирган бўлибди.
Ота-бола жуда чарчаганлигидан, ўша куни ҳар кунгидан кўра эртароқ ётишибди. Азон палласида туришиб, чала-чулпа чой ичишиб яна зиғир ўроғига жўнашибди. Бнр оз юришгач, Хўжамурод отасига:
— Ота, мени ичим оғриб қолди. Сиз кета беринг, бир оздан кейин етиб оламан, — деб орқасига қайтибди.
Уйга келиб, томнинг устига чиқиб олибди. Буни ҳеч ким пайқамабди. Хўжамурод томнинг тепасида мўридан уйнинг ичини кузатиб, пойлаб ёта берибди. Бир вақт энасининг уч ўйнаши ҳайбат билан кириб келибди. Энаси уларни икки букилиб, хурсандчилик билан кутиб олибди. Кайф-сафо, маишат бошланиб кетибди. Базм авжига чиққанда аёл ўйнашларига қараб:
— Шошманглар, азизларим! Ҳалиги дарбадар Хўжамурод бир тувалоқ уриб келган экан. Эна, пишириб, ошга босинг, деган эди, мен уни алдаб бекитиб қўйдим. Ҳозир ош қилиб тувалоқни ош устига босиб олиб келаман, — дебди.
Шунда ўйнашлари:
— Йўқ, бизнинг вақтимиз йўқ. Зангдаги зиғирларни ўргани кетаётибмиз, — дейишибди.
Хотин хиралик қилиб:
— Борадиган жойларингни айтинглар. Мен ошни пишириб, ўша ерга олиб бораман, — дебди.
— Биз дўконга чиқиб учта қовун олиб, қовунни сўйиб карч қилиб еб, пўчоғини ташлаб кета берамиз. Сен ўша пўчоққа қараб бизни қаерда эканлигимизни топиб оласан, — дебди ўйнашларидан бири.
Учта ўйнаши кўчага чиқиб, учта катта қовун олиб, карч қилиб еб, пўчоғини ташлаб кетаверибди.
Хўжамурод бу гапни эшитиб олган экан, уларнинг орқасига тушиб, ташлаган пўчоқларини этагига териб бу ҳам кетаверибди. Хўжамурод чопонини этак қилиб пўчоқни териб олибди-да, кейин отаси ишлаётган зиғирпояга қараб кетибди. У йўл-йўлакай бирма-бир пўчоқ ташлаб кетаверибди.
Бир вақт Хўжамуроднинг иккинчи онаси серёғ ошни қилиб, устига тувалоқни босиб, товоқни бошига қўйиб кўчага чиқибди. Кўчада онда-сонда ташлаб кетилган қовун пўчоққа қараб кетаверибди-кетаверибди, бир вақт қараса, ўзининг эри билан Хўжамуроднинг олдидан чиқиб қолибди. Хўжамурод энасини кўриб:
— Ҳў, баракалла, энажон. Ўзи ҳам вақтида келдингиз. Қоринлар жуда очган эди. Нима овқат олиб келдингиз? Ошми, қатламами? —  дебди.
Энаси ноилож ошни олиб келиб, ота билан боланинг олдига қўйибди. Хотин бундоқ ён-атрофга қараган экан, булардан узоқда зиғир ўраётган уч ўйнашини кўриб қолибди. Хотин уларни таниб, Хўжамуродга:
— Ия, ўғлим, ҳу анави учта кишини ҳам овқатга айтиб келсанг бўлмайдими. Ош катта; ҳаммангизга етиб-ортиб ҳам қолади, — деб қистайверибди.
Энаси ҳадеб қистайверганидан кейин Хўжамурод ола отини миниб, чоптириб, энасининг уч ўйнашининг олдига жўнабди. Уларнинг олдига бориб:
— Ҳой одамлар, санлар учовинг менинг энамнинг ўйнаши экансизлар. Буни отам билиб қопти, ҳозир энамни боплаб адабини беряпти. Кейин бу ерга келиб учалангни бирдан сўяр экан. Менинг сизларга раҳмим келиб, огоҳлантиргани от чоптириб келдим. Отам чопқир отини миниб, шу томонга юриб қолса, ўлдим деяверинглар. Яхшиси, отам келмасдан олдинроқ жонларингни сақлаб қолинглар, — дебди.
Хўжамурод отини чоптирганича қайтиб энасининг олдига келибди. Энасига қараб шундай дебди:
— Эна, ўроқчиларнинг олдига бориб, ошга юринглар десам, унашмади.
Энаси унга бир хўмрайиб қўйиб, энди отасини қистабди:
— Боринг ошга айтиб келинг. Улар у ерда ишлаб турсину, сизлар бу ерда уялмай овқатланасизларми? Уялишаётгандир, қистасангиз, албатта келишади.
Чол ҳам ола отга миниб, ўроқчиларнинг олдига жўнамоқчи бўлиб турганда, Хўжамурод:
— Ота, мен қайтаётганда ана у ерда бедани кўрдим, ўшани ҳам ўриб олиб келинг деб отасининг қўлига катта бир паншаха берибди. Отаси паншахани қўлига олган замон боласи отни қамчи билан бир-икки савалабди. Қамчининг зарбига чидай олмаган от чолни олиб қочибди. Ог тўппа-тўғри ҳалити ўроқчилар томонга қуюндек учиб кетаверибди. Буни кўрган уч ўроқчи «боланинг айтгани тўғри экан, отаси паншаха кўтариб бизни ўлдиргани келяпти» деб, қочиб қолишибди. Буни кўриб чол орқасига қайтибди:
— Тавба, ошга деса қочади-я! Ҳайронман. Хўжамурод у ёққа ағанабди, ошдан олибди, бу ёққа ағанабди, ошдан олибди. Қорнини роса тўйғазиб, товоқни энасининг қўлига бераётиб шундай дебди:
— Баракалла, энажон. Ошни роса боплабсиз, мазза қилиб едик.
Энаси ичида: «Ош емай заҳарни егин!» дебди-да, жаҳл билан товоқни олибди. Кеч киргач, учовлари уйга қайтишибди. Ота-бола ўз жойларига ётишибди, эртан-азонда ўринларидан туриб наридан-бери чой ичиб тағин зиғир ўргани жўнашибди.
Бир оз юрганларидан кейин Хўжамурод яна:
— Ота, менинг ичим оғриб қолди, сиз бораверинг, мен ичим босилгач, етиб бораман, — дебди.
Отаси: «Хўб, болам», деб кетаверибди. Хўжамурод тўғри уйига келиб, томга чиқибди-да, мўрининг ёнида уй ичига қулоқ солиб ўтирибди. Хўжамуроднинг бу ишини бу гал ҳам ҳеч ким пайқамабди. Бир пайт эшикнинг секин-секин тақиллагани эшитилибди. Энаси бориб эшикни очибди. Ичкарига яна ҳалиги уч одам кириб келибди. Энаси уларни иззат-икром билан кутиб олиб, тўрга солинган қалин кўрпа-тўшак ўриндиққа ўтқазибди. Чой қайнатиб, дастурхон ёзибди. Дастурхон устида турли нозу неъматлар, ширин-шакар мевалар бор эмиш. «Ҳа, лаънати, — дебди Хўжамурод, — биз ота-бола йил ўн икки ой бундай ширинликларни кўрмаймиз. Қани, бу ёғини кузатай-чи, нима бўлар экан».
Энаси ўйнашларининг бирини тиззасида ўтириб, эркаланиб, ййғламсираб:
— Кеча, ошни қилиб тувалоқни устига босиб, пўчоқни белги қилиб, адашиб Хўжамуродларнинг олдига бориб қолибман. Сизлар ҳам ўша ерда экансизлар. Хўжамурод ер ютгурдан айттирсам, нимага келмадинглар. Сизларга тайёрлаган паловимни, ажалингдан беш кун аввал ўлгур чол билан унинг етимча ўғли мазза қилиб еди қўйди, — дебди.
— Э, нимасини айтасан, — дебди улардан бири, — Хўжамуродинг олдимизга келиб, «юринг, ошга!» демади-да. Бизни қўрқитиб: «Сенлар менинг энамга ўйнаш экансизлар. Отам буни пайқаб қолибди. Шунинг учун ҳам эрталабдан бери сизларни қидириб юрибди, башарти отам сизлар томон юриб қолса, қочиб қолинглар, бўлмаса учаланг ҳам ўласан», деди.
Хўжамуроднинг энаси: «Вой шўрим, Хўжамурод пайқаб қолибди-да, сизлар ташлаган қовун пўчоқни ўша териб олиб, ўзи томонга ташлаб кетган экан-да. Шу Хўжамурод етимчани ўлдириб бўлармикин. Худо шунга ҳам ўлимни юборармикин», дебди.
— Қибла томондаги Лагалага ота мозорида бир гумбаз бор. Шу гумбазнинг ичига кириб, «Лагалага ота!» деб уч марта чақирса, «Лаббай!» деган овоз келар эмиш. «Фалончи қачон ўлади» деб сўраса, «фалон куни, фалон сабаб билан ўлади», деб айтиб берармиш. Ўша ерга бориб, Хўжамуроднинг қачон ўлишини билиб келса бўлар! — дейишибди ўйнашлари.
Энаси ўйнашлари билан кайфу сафони тугаллагандаи кейин, учта ўймани қилиб олиб, Лагалага ота мозори қайдасан, деб жўнаб қолибди.
Бу гапларни эшитиб турган Хўжамурод томдан сакраб тушибди-да, энасидан олдин Лагалага ота гумбазининг орқасига бориб кичик бир тешикчадан гумбазнинг ичига қараб ўтираверибди. Бир вақт энаси келиб, ўзини гумбазнинг ичига урибди. У «Лагалага ота, Лагалага ота, ҳо, Лагалага ота», деб уч марта чақирибди. Аёл учинчи бор чақирганида гумбаз томидан «Ҳооо…» деган овоз келибди. Шунда аёл:
— Менинг бир Хўжамурод деган етимчам бор. Шунга ҳам ўлим борми? — деб бақирибди.
Хўжамурод:
— Ҳа, унга ҳам ўлим бор! —дебди.
— Нима қилсам ўлади? —  дебди аёл.
— Учта семиз дўнон қора қўйни бир кунда сўйиб, ёғини эритиб, хумга қуйиб, гўштини тузлаб, зира-кашничлаб, дорга осиб, ҳар куни бир мартаба палов, бир марта шўрва қилиб, Хўжамуродга едириб, парвариш қиласан. Бу ёғ-гўштдан бошқа киши емаслиги керак, агар еб қўйса ўша заҳоти ўлади. Ёғдан бир ошлик қолганда Хўжамуродингни кўзи оғриб ўлади.
Хўжамуроднинг энаси:
— Овозингиздан ўргилай, Лагалага ота, — деб гумбаздан чиқиб кетибди. Йўлда пойлаб турган уч ўйнашига Лагалага отанинг айтганларини бирма-бир гапириб берибди. Улар ҳам суюнишиб: «Номингиздан айланай, Лагалага ота», дейишибди. Ҳалиги ўннашларнинт ҳар бири биттадан учта катта, семиз қўчқор олишиб, аёлнинг уйига келишибди. Қўйни сўйиб, ёғини хумга, гўштини тузлаб, кашнич-зиралар сепиб, дорга осиб қўйишибди.
Энаси ҳар куни Хўжамуродга ёғлиқ палов, шўрва қилиб бераверибди. Ҳаддан зиёд меҳрибонлик қилибди. Қўйнинг ёғи билан гўштидан бошқа ҳеч кимга бермабди. Ахир, Лагалага отанинг: «Бу қўйнинг гўштидан кимда-ким еса ўша заҳоти ўлади», дегани ёдида экан-да. Хотиннинг эри ҳам ҳайрон. Нима бўлаётганлигини, хотинининг ўғлига бунчалик меҳрибонлигининг сабабини ҳеч англаб етмабди.
Хўжамурод кундан-кунга семириб, етилиб кучига куч, қувватига-қувват қўшилибди. Орадан бир кам қирқ кун ўтибди. Хўжамурод, ёғдан қанча қолдийкин, деб қараса, хумнинг тагида бир ошлик ёғ қолибди. Энаси охирги ёғни қозонга солиб доғ қилаётса Хўжамурод: «Вой эна, кўзим!» деб ўзини ҳар ерга ураверибди, ўзини қўярга жой тополмай қолган кишидек типирчиланаверибди. Энаси устида: «Вой, сизга нима бўлди, болам. Худо сақласин!» деса, ичида суюниб: «Ҳа, тезроқ ўлгин-а. Лагалага отамнинг айтганлари рост экан-а», деб гирдикапалак бўлаверибди.
Хўжамурод ёлғондан роса ўзини у ёқ-бу ёққа уриб, охири сулайиб, чўзилиб қопти.
Энаси суюнганича ўйнашларини чақириб келгани кетибди. Хўжамурод дарров ўрнидан туриб энасининг кўйлагини кийиб олибди. Битта кўрпачани одамга ўхшатиб думалоқлаб ўзининг тўнига ўраб қўйибди. Шу пайт кўча эшигидан энасининг ўйнашлари кириб кела бошлабди. Хўжамурод овозини аёлларнинг овозига ўхшатиб:
— Ҳа, келдингларми. Қани ичкарига марҳамат, — дебди.
— «Ўлдими!»—дейишибди улар. «Яшамагур, ўлди!» дебди Хўжамурод. Энасининг ўйнашларини ичкарига бошлаб кириб, ўринга ўтқазибди-да, ўзи қазноққа чиқиб кетибди. Қозондаги доғ бўлиб турган ёғни бир косага олиб, ҳалигиларни номма-ном чақираверибди.
Қазноққа кирганини, «Қани, оғзингизни очинг-чи, Хўжамуроднинг ўлгани муносабати билан оғзингизни бир ширин қилай», деб бир пиёла-бир пиёла ёғни қуйиб юбораверибди.
Учаласи доғ бўлган ёғдан тил тортмай ўлибди. Энаси роса ахтариб ҳориб-чарчаб, ўйнашларини тополмай қайтиб уйига келса, қай кўз билан кўрсин, қай тил билан сўзласин, учаласи ўлиб ётибди. Аёл, ичида зил кетиб, аслида эса билдирмай, уларни танимаганликка солибди.
— Булар ким. Нима қилиб бу ерда ётибди?
— Танимадингизми, булар сизнинг ўйнашларингиз, — дебди-да, Хўжамурод мардикор чақириб, уларни кўмдириб юборибди.
Отаси ишдан қайтгач, бўлиб ўтган бутун воқеаларни унга ҳикоя қилиб берибди. Ғазабланган ота хотинини ўроқ билан чопиб ташламоқчи бўлган экан, Хўжамурод уни тўхтатибди. Беномус аёлни уйдан қувиб ҳайдаб, ота-бола тинч-фароғатда яшай бошлабдилар.